Қайднома

Қидирув

"Ҳакимбой" Зиеш – мисоли «ракета» ва...

"Ҳакимбой" Зиеш – мисоли «ракета» ва...

  31.12.2019 05:53
  0
  466

Ёзда Френки де Йонг ва Маттейс де Лигтдек етакчилар «Аякс»ни тарк этишгач, кўпчилик жамоа янги мавсумни талаб даражасида ўтказа олмаслигини тахмин қилишганди. Фақат бир футболчи - амстердамликлар жамоаси ярим ҳимоячиси Ҳаким Зиеш бу масалада ўта хотиржам эди. Чунки у жамоада бу йўқотишлар ўрнини муносиб тўлдира оладиган ворислар мавжудлигини яхши биларди.

Иқтидорли плеймейкернинг «Барселона»га йўл олиши марокашлик касбдошини катта саҳнага чиқишга мажбур этди. Зиешнинг жорий мавсумдаги ўйинлари де Йонгникидан ёрқинроқ бўлса бодирки, асло кам эмас. «Аякс» эса, одатдагидек, турнир жадвали етакчиси. Муваффақиятга сезиларли ҳисса қўшишдан чарчамаётган Ҳаким учун бу «қизил-оқ» либосдаги сўнгги мавсум бўлиб қолса, ажабланмаймиз.

Янги роль

Марокашлик футболчи жорий мавсумни ҳужумкор ярим ҳимоячи позициясидан ҳам олдинроқда, аниқроғи, иккинчи ҳужумчи мақомида ўтказмоқда. Бундан ташқари, бош мураббий Эрик тен Хааг Ҳакимга марказий чизиқнинг бошидан охиригача ҳаракатланиш имкониятини берган.

Натижада Зиеш эркинликдан унумлироқ фойдаланиш учун Душан Тадичдан ташқари бошқа жамоадошларига ҳам яқиндан ёрдам бермоқда. Яъни плеймейкер ролини аъло даражада адо этмоқда. Табиийки, жамоадаги тактик ўзгаришлар ўз самарасини бермоқда. «Қизил-оқ»лар Эредивизиондаги 18 учрашувда 58та гол уриб улгуришди ва албатта, сермаҳсулликда Зиешнинг улуши салмоқли бўлмоқда.

Эътиборли жиҳати, қайси пози­цияда ўйнашидан қатъий назар, Ҳаким доимо жамоа манфаатини юқори қўяди, ўзи дарвозани нишонга олиши мумкин бўлган вазиятларда ҳам тўпни Хунтелаар ёки Тадичга узатади. Шу сабабли, унинг самарали узатмалари голларидан кўпроқ.

Тезлик

26 ёшли хавбек Голландия чемпионатида ўз позициясининг энг тезкор вакилларидан бири ҳисобланади. Оғирлик марказининг нисбатан паст эканлиги, нафис ва чаққон ҳаракатлари эвазига у қанот ҳимоячиларини осонликча ортда қолдиради. Қанотда таъқибчисини алдаб ўтгач, марказга силжиш ва у ердан тўпни қайсидир ҳужумчига йўллаш - Зиешнинг суюкли услуби. Айниқса, «Ден Хааг»га қарши баҳсда бу усулни чиройли тарзда амалга оширди ва Хунтелаарнинг голига ассистентлик қилди.

Бундан ташқари, айрим ҳолларда Ҳаким қанотдан сўнгги маррагача рейд уюштириб, тўпни жарима майдончаси марказига узатишни хуш кўради. У ерда ҳужумни Хунтелаар ёхуд Нерес якунига етказишади. Муҳими, хавбек тўғри қарорни жуда тез топа олади. Марокашлик шогирди хусусида бош мураббий жумладан шундай деди: «Агар сиз футбол ишқибози бўлсангиз, Зиешнинг ўйинига «беш» кетасиз. У жуда тезкор, моҳир ва ҳаракатчан. Ҳар қандай қарори, албатта, кескин вазиятга олиб келади. Аввалги мавсумни Эредивизионнинг энг яхши футболчилари сафида якунлагани бежиз эмас».

Ҳаким ҳимоячиларни алдаб ўтиш режасини тўпни қабул қилишдан аввалроқ тузиб улгуради. Ана шу топ­қирлиги унинг устунлигини таъминлайди.

Айни жиҳати билан Зиеш Арьен Роббенни эслатади: чап қанотнинг қудратли вакили, марказ сари интиладиган дриблинг устаси. Бироқ ҳужумларни ташкил этиш бобида Ҳаким афсонавий голланддан тезкорроқ.

Зарба

Марокашлик футболчининг чап оёқда йўллаётган зарбаларини «фантастика» иборасидан бошқаси тўлиқ таърифлай олмайди. Сўнгги йиллардаги тинимсиз машқлар эвазига яратилган услубда йўлланган тўп дарвозабонга умуман имконият қолдирмай, «тўққизлик»дан жой олмоқда. Бундай жавоҳир голлардан кейин беихтиёр кўнглингиздан «Зиеш тўпни пульт орқали бошқармаяптимикан», деган ҳадик ўтиши турган гап. ЕЧЛ доирасидаги «Валенсия» дарвозасига киритган тўпини «Аякс»нинг собиқ посбони Яспер Силлессен таажжубдан қўл силтаган ҳолда кузатишдан ўзга чора топа олмаганди.

Даниялик фахрий Ласс Шёне «Женоа»га йўл олгач, жарима зарбаларининг расмий ижрочиси вазифаси айнан Зиеш зиммасига юкланди. Унинг зарбаларидаги ранг-баранглик нафақат Ҳаким, балки Амстердам клубининг ҳам даҳшатли қуролига айланган.

Жарима зарбаларини Зиеш оёғининг кафти билан тўпнинг пастки қисмига беради. Оқибатда тўп айланма ҳаракат ва тобора ошиб борадиган тезликка эга бўлади. Бундай зарбаларни қайтариш осон эмас. Жарима зарбаларини амалга ошириш услуби Роналду усулига яқин.

Майдонни ҳис этиш

Ҳозир номинал ҳужумчи сифатида тўп сураётган бўлсада, Зиешни соф ҳужумчи дея олмаймиз. Ҳаким ўз ҳаракатларини марказдан бошлашни ёқтиради. Ўша ерда тўпни эгаллаб, олдинги чизиқдаги «аяксчилар»ни тўп билан таъминлаш чораларини қидиришга киришади. «Аякс» спорт директори Марк Овермарс уни «Арсенал» ярим ҳимоячиси Месут Озилга таққослаган, лекин кучлар нисбати немис футболчиси фойдасига ҳал бўлмаганди: «Менимча, Зиеш йил сайин яхшироқ ўйнамоқда. Статистика борасидаги устунлик ҳам унинг томонида».

Кейин Марк «тўпчилар»га хуфёна таклиф йўллади: «Мен учун Зиеш Озилдан афзалроқ. Сизга Озилни сотиб юбориш ва маблағнинг 50 фоизига Ҳакимни харид қилишни таклиф этаман».

Тўғри, лондонликлар бу таклифга қизиқиш билдиришмади ва марокашлик футболчини рад этишди.

Танланган тактик схемага кўра, ҳужум чизиғининг маркази Нерес, Тадич ёки Хунтелаарга берилиши мумкин. Шу боис, Зиешга 3та вариант учун алоҳида топшириқ белгиланган. Марказни баҳайбат Клаас-Ян эгаллаган схемада Ҳакимнинг вазифаси - қанот ҳимоячилари қаршилигини енгиб, тўпни бўйдор жамоадошига етказиш.

Марокашлик футболчининг сербиялик жамоадоши билан ҳамкорлиги каттароқ ҳажмдаги ҳаракатларга асосланган Бу вариантда Зиеш марказдаги тезкор дриблинг эвазига Душанга яқинлашиб, «девор» услуби ёрдамида олға интилади ва тўпни рақиб ҳимоячиларидан ўзиб кетган Тадичга узатади.

Ниҳоят, учинчи вариантда Ҳаким ўзи каби тезкор Нерес билан чап қанотдаги тўсиқларни бартараф этиб, Тадич ёки Хунтелаарни қулай вазиятга олиб чиқади.

Тадич

Жорий мавсумда Зиеш-Тадич жуфтлиги сермаҳсул ўйин кўрсатмоқда. Боиси, дуэт аъзоларининг вазифалари тамоман ўзгарди. Авваллари Ҳаким Душанни тўп билан таъминлаган бўлса, энди ассистентлик ролини сербиялик ҳужумчи бажармоқда. Охирги учрашувларда яратилган имкониятларнинг аксариятида марокашлик футболчи 30 ёшли жамоадоши узатмаларини голга айлантирди. Жуфтлик жорий мавсумнинг дастлабки 9та ўйинида 13та «ассист»ни амалга оширган, ана шу маҳсулдорлик «Аякс»га ички чемпионат ва ЕЧЛ гуруҳида етакчилик мақомини берганди. Ҳозир Голландия лигасида ишлар маромида кетмоқда, аммо «Аякс»га сўнгги паллада Чемпионлар Лигасида омад кулиб боқмади ва жамоа «плей-офф»дан четда қолди. Энди амстердамликлар еврокубоклардаги юришни ЕЛда давом эттиришга маҳкумлар.

Техника

Ҳакимнинг асосий фазилати - тезкор ҳаракатлар. Дриблингни ҳам юқори суръатда амалга оширади. Агар рақиблари уни тезлик олаётганда тўхтатиб қолишмаса, кейин умуман етолмайдилар. 26 ёшли хавбек ҳаракатни ўз ярим майдонида бошлайди. Марказдан ўтгач, тезлиги икки баравар ошади. Тўпни моҳирлик билан қабул қилиш, мунтазам равишда ўзгариб турувчи оғирлик маркази, гавдадан унумли фойдаланиш қобилияти эвазига Зиеш ҳужумлар суръатини таъминлайди.

Лекин рақибларини боши берк кўчага киритиб қўядиган асосий қуроли сифатида доимий тарзда позицияларини ўзгартириб туришини кўрсатиш мумкин. Ташкилотчилик масъулиятини ўз зиммасига олган футболчи кўпинча кутилмаган нуқталарда пайдо бўлади. Агар чап қанотда ҳужумкорлик сусайиб қолса, дарров ўша томонга ошиқади ёки аксинча. Умуман, ярим ҳимоячининг асосий вақти асосан марказда ўтади. Бу ҳудуддаги самарали ҳаракатларда Зиешнинг «Твенте»да тўплаган плеймейкерлик тажрибаси қўл келмоқда.

Бу ёғи нима бўлади?

Яшил майдонда турли юмушларни талаб даражасида адо этаётган универсал жангчи сўнгги йилларда топ-клублар диққат марказида эканлиги табиий ҳол. Ёзда Зиешга «Бавария» жиддий қизиқиш билдирди, бир йил муқаддам эса «Рома» «Аякс» етакчисини 30 млн. евро эвазига ўз таркибига қўшиб олишга жуда яқин келганди. Бироқ Ҳаким ўз жамоаси билан шартномани узайтиришни афзал кўрди. Янги келишув муддати 2022 йилнинг 30 июнида тугайди. «Ҳозирча ўзимга ёқадиган клубдан таклиф олганим йўқ. Шу сабабли «Аякс»даги фаолиятимни давом эттиришга қарор қилдим», - деди футболчи.

Универсализм замонавий футболда энг харидоргир бўлиб турган фазилат ҳисобланади. Зиеш ана шу хусусиятни мукаммал даражада намо­йиш этмоқда. «Аякс» ярим ҳимоячисининг серқирра фаолияти тез орада уни ўзига маъқул келадиган гранд­га рўпара қилишига шубҳа йўқ. Ҳозирча Зиешнинг трансфер баҳоси 40 млн. еврони ташкил этмоқда. Лекин шартноманинг қайта имзоланиши баҳонинг сезиларли ўсишини таъминлаши аниқ. Шундай харажатни кўтара олган топ-клуб ёзда ўз таркибини универсал жангчи билан кучайтириб олиши мумкин.

Бошқа томондан, харидорга имтиёз берувчи жиҳат ҳам йўқ эмас: марокашлик «ракета» 26 ёшда, яъни фаолиятининг энг ёрқин босқичини бошлашнинг айни пайтида. Агар бу имкониятдан фойдаланиб қолмаса, топ-клублар Ҳаким учун армон бўлиб қолиши ҳеч гап эмас... 

ЗИЕШ ЗАРГАРОНА УЗАТМА УСТАСИ

Голландия Эредивизионининг охирги 10 мавсуми давомида кимнинг неч­та голга ассистентлик қилгани ҳисоблаб чиқилди. Аниқланишича, бу даврда «Аякс» вакили Ҳаким Зиеш нақ 87та голга ҳаммуаллифлик қилган ва бу энг юқори кўрсаткичдир. Маълумот учун айтиш керак, Марокаш миллий жамоаси футболчиси «Аякс» сафига 2016 йили қўшилган. У бундан олдин «Твенте» шарафини ҳам ҳимоя қилганди.  Зиеш ортда қолган вақтда бир бора Нидерландия чемпиони бўлишдан ташқари, ЧЛ-2018|2019 рамзий терма жамоасига кирди.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz