Қайднома

Қидирув

Муросани ёқтирмас футбол ёки АПЛдаги ғалати трио

Муросани ёқтирмас футбол ёки АПЛдаги ғалати трио

  01.01.2020 10:59
  0
  590
Муросани ёқтирмас футбол ёки АПЛдаги ғалати трио

Мана, 2019 йил ҳам тарихга айланмоқда. Умримизнинг бир парчаси бизни ташлаб кетмоқда. Уни кузатиш осон эмас. Ахир якунланаётган йил бағрида қувончларимизу ташвишларимиз, ғалабаларимиз ва армонларимиз айқаш-уйқаш бўлиб ётибди. Хўш, 2019 йил футболимизда қандай из қолдирди? Барча жиҳатларни умумлаштириб айтсак, футбол-2019га «муроса йили» таърифи муносиброқдек. Ваҳоланки, футбол муросани асло ёқтирмайди. Муроса - миллионлар ўйини табиатига бегона тушунча. Ҳаттоки, жанговар дуранг ҳам мухлисларни қувонтирмайди аксарият ҳолларда. Ҳолбуки, дурангнинг ижобийлиги муросадан кучли...

Хуллас, йил бизни таъкидлаётган мана шу муроса билан бошланиб, шу кайфиятда якунламоқда. Шу сабаб «Динамо» ва «Сурхон» Суперлигада ўйнади, Самвел Бабаян «Локомо­тив»га қайтди. У кетгач, Андрей Фёдоров яна ўз лавозимини эгаллади. Андрей Канчельскис «Навбаҳор»дан бўшатилди ва яна жамоага чорланди. Муросани қаранг, муросани! О, футболимизнинг бағри нақадар кенг-а... Айтаверадиям, қайтаверадиям! Яхши ташвишда ҳам, муаммо чоғи ҳам, барибир, муроса йўлини танлайверади. «Инсон омили мендан устун!» дейди-да футболимиз бундай пайтлар. Акс ҳолда, Вадим Абрамовнинг бир ўзини йилнинг энг яхши мураббийи сифатида тан оларди ва бу эътироф Суперлигага ҳам тегишли бўларди. Йўқ, Шота Арвеладзенинг кўнглини авайлашди ва бу йўлда мантиқсизлик юз беришини ҳам ўйлашмади. Айтдик-ку, футболимизда инсон кўнгли устун. Қарабсизки, Вадим Абрамов 3 ойлик ва натижаси ҳозирча мавҳум фаолияти учун «Йил мураббийи» мақомига муносиб кўрилди. Худо берса, якуний натижасиз ҳам 3 ойда йиллик эътирофга лойиқ бўлиш мумкин экан-да! Шундай хулоса чиқаришга мажбурмиз. Чунки аслида Суперлиганинг энг яхши мураббийи - Шота Арвеладзе!

Бўлар иш бўлди! Иккисига ҳам эътироф муборак. Фақат бир илтимос: 2020 йилга ўтмасин шу муроса. Ҳайтовур, Драган Черанни Ўзбекистон футболи-2019нинг энг яхши футболчиси, деб эълон қилиб юборишмади. У шундай эътирофга муносиб эди, тўғрими? Сезиб турибмиз, кўпчилик шу саволни ўқир экан, беихтиёр «Муносиб эди!» дейиши аниқ. Лекин бунақада юксак эътирофнинг қадри йўқолади. Футболда ҳамма кучлилар кўнглини олиш қийин. Кимдир ютқазади ва мард бўлса, ҳақиқат қошида бош эгади, ғалаба онларини сабр билан кутади. Ана, муросасиз «Ливерпуль» чемпионлик унвони учун қачондан бери курашмоқда?! Кутса, курашса ва аҳдидан қайтмаса, омад бир кун боқиши муқаррар. Ҳар қанча мақтовга сазовор бўлмасин, «тулки» фалсафаси Юрген Клопп китоби олдида ожиз. Минг бор «тулки»лик қилмасин, иккала гранддан ҳам, барибир, енгилган «Лестер» жамики аламини «Вест ­Хэм»дан олди. Ҳаттоки, Вардисиз ғалаба қозонишни уддалади. Тан олиш керак, «Лестер»даги ирода ва илҳом «Ливерпуль» ҳамда «Манчестер Сити»даги имкониятни енгишга қодир эмас...

Куч - имконият бобидаги устунлик сабаб, «МЮ» охирги икки турда «Ньюкасл» ва «Бернли»ни қон қақшатди. «Иблис»лигига борди-да. Бундан клубнинг ашаддий мухлиси Дониёрбек, унинг ўғли  Иброҳимжон ва қизи Умида ҳам бағоят шод. Стивен Жеррарднинг «МЮ» аввалгидек эмас!» деган сўзлари бу оила ишончини сўндиролмади. «Қизил иблислар» устидан қозонилган ғалаба эса «Уот­форд»ни илҳомлантирди ва жамоа «Шеффилд Юнайтед» билан баҳсда дуранг­га имзо чекиб, «Астон Вилла»ни мағлубиятга учратди. Гоҳо шундай бўлади ўзи, яъни илҳом бир ёпирилиб келади ва маълум муддат сақланиб туради. «Саутгемптон» ҳам шу йўлдан бориб, охирги 3та турда 7 очко олди. Ҳаммаси ўша ғалати трио - имконият, ирода ва илҳом туфайли. Мазкур учликсиз АПЛдаги қизғинлик ва кураш руҳини тасаввур қилиш қийин. Англия чемпионати шахмат тахтаси кабидир гўё. Қайси клуб қачон от юриш қилишини билмайсан киши. Карло Анчелоттининг бир сакраб, «Наполи»дан «Эвертон»га ўтиб қолиши - чинакамига кутилмаган юриш. Бу хулоса одатда натижаси залворли юришларга нисбатан ишлатилади. Шу маънода «Эвертон»­га дон Карлони қадами ёқди. Фақат ҳозирча якуний хулосага шошилмаймиз. Зеро, таркиби бундайроқ «Эвертон» янги мураббий тажрибаси ва маҳоратига, ирода ва илҳомига суянади. Куч ва имкониятлар эса «Ливерпуль» ва «Манчестер Сити» томонида.

Умуман олганда, ғалати трио АПЛ клублари аро навбати билан айланаверади. Кетма-кет мағлубият аламини тотган «Ньюкасл» ва «Бернли» эрта-индин ғалаба қозона бошласа, сира ажабланмаймиз. АПЛнинг табиати шунақа. Ўз майдонида «Борнмут» ва «Саутгемптон»­дан енгилган «Челси» сафарда «Тоттенхэм» ва «Арсенал»ни енгишга қодир. Бусиз «Лондон дерби»сини дерби аташ мумкинмиди?! Ҳа, муросани ёқтиришмайди Англия томонларда...

Футболимиз 2020 йилда муросасиз курашларга бой бўлсин! Янги йилингиз муборак!

Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz