Қайднома

Қидирув

Милинкович «Сўғдиёна»да қолмоқчи ва...

Милинкович «Сўғдиёна»да қолмоқчи ва...

  02.01.2020 03:02
  0
  463
Милинкович «Сўғдиёна»да қолмоқчи ва...

Жиззахнинг «Сўғдиёна» жамоаси якунланган мавсумда Суперлига турнир жадвалида 4-поғонани эгаллаб, мухлисларга ўзининг ёрқин дамларини эслатди. Муҳими, жамоа ижросидаги ўйин сифати кўпчиликда ижобий таассурот уйғотди. Дарҳақиқат, Улуғбек Бақоев Жиззахда қисқа вақт ичида ажойиб жамоа шакллантирганини исботлади. Ҳарқалай, унинг шогирд­лари деярли ҳар бир турда мухлисларга ҳужумкор ва томошабоп футбол тақдим этишга уринишди. Жамоанинг олға қадам ташлашида легионерларнинг ҳам ҳиссалари катта бўлди, албатта. Хусусан, дарвозабон Милан Митрович ­ўйинларда кўп бора жасорат кўрсатиб, «Сўғдиё­на»ни қатор муқаррар голлардан қутқариб қолган бўлса, Никола Милинкович жамоани ҳаракатга солувчи «мотор»га айланди. Яқинда ижтимоий тармоқларда бу футболчининг «Сўғдиё­на» билан хайрлашгани ҳақида хабарлар тарқалди. Биз шу вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Николанинг ўзи билан боғландик.

 

- Никола, «Сўғдиёна»дан кетганингиз ростми? Ижтимоий тармоқлардаги хабарларга изоҳ берсангиз...

- Клуб билан тузган шартномам 30 ноябрь куни якунланди. Лекин жамоада қолмоқчиман, бинобарин, «Сўғдиёна» кейинги йил совринлар учун курашишни мақсад қилган. Асосийси, Ўзбекистонда ҳаммаси менга жуда ёқди, ҳаёт тарзи ҳам маъқул. Хуллас, ўзимга қолса, «Сўғдиёна»да яна 5-6 йил ўйнаб, футболчилик фаолиятимни айнан Жиззахда якунламоқчиман. Ҳозирги кунда Сербиядаман, таътилни ўз юртим, оилам даврасида ўтказмоқдаман. Тўғри, айни паллада Ўзбекистонга қайтиш-қайтмаслигим масаласида аниқ гап айтолмайман. Барчаси клуб позиция­сига боғлиқ. Фақат ўзим «Сўғдиёна»да қолиш борасида сира иккиланмаётганимни айтишим мумкин. Чунки жамоа қисқа вақтда мен учун қадрдон бўлиб улгурди.

- «Сўғдиёна» якунланган мавсум миллий чемпионатни 4-ўринда якунлади. Хуллас, Осиё Чемпионлар Лигасига чиқишингларга бир қадам қолди. Хўш, шахсан ўзингиз мавсумга қандай баҳо берасиз?

- Билишимча, 4-ўрин «Сўғдиёна»нинг яқин йиллардаги энг юқори натижаси экан. Муҳими, биз сўнгги турга қадар совринли ўринлар учун курашдик. Ўйлайманки, қайд этилган натижа ҳам, жамоа ижросидаги ўйин­лар ҳам мухлисларни бефарқ қолдирмади. Оддий айтганда, клубимиз кўпчилик ҳурматини қозонди. Шахсий фикримча, биз ОЧЛга муносиб эдик. Жамоада ҳамма юқори савияда ишлади. Клуб президенти, мураббийлар, футболчилар, ходимлар ва мухлислар ягона мақсад йўлида бирлашишди. Гарчи охирги учрашувда «Бунёдкор»га ютқазиб, ОЧЛга чиқиш имкониятини қўлдан чиқарган бўлсакда, якуний натижа ва умумий ҳолатдан мамнунман.

- Сизни Жиззахга Сергей Лушан таклиф қилганди. Орада катта ўзгариш кузатилди - бош мураббий алмашди. Улуғбек Бақоев ва Сергей Лушан ўртасидаги фарқ нималарда яққол кўринди? Ҳарқалай, жамоа икки мураббий қўл остида турлича ўйин намойиш этди...

- Қарангки, менга икки ажойиб мураббий билан бирга ишлаш насиб қилди. Ҳа, гап турлича услуб ва фалсафага эга мутахассислар ҳақида кетмоқда. Муҳими, ҳар иккиси қўл остида жамоада ўз ўрнимга эга бўлдим. Қолаверса, зиммамдаги вазифалар ўзгаргани йўқ. Энди Лушаннинг омадсизликка юз тутганига келсак, бу шунчаки, вазият тақозоси. Умуман, Лушан менда худди Бақоев каби кучли таассурот қолдирди.

------------------------------------------------

Биз шунингдек, «Сўғдиёна»нинг асосий дарвозабони сифатида гавдаланган Милан Митровичнинг фикрларига ҳам қизиқдик.

- Ўтган йил ёздан буён Ўзбекистондасиз. Шу давр ичида нималар ўзгарди?

- Кўп нарса: мураббийдан тортиб, футболчиларгача, жамоа ўйинидан тортиб, ўз ҳаракатларимгача. Бир йил олдин жамоага келганимда, тезда киришиб кетолмагандим. Бошқа иқлим, бошқа мамлакат, ўзгача маданият ва таомлар... Хуллас, ўшанда роса қийналган эдим. Мана, энди барчасига кўникиб, ўз ўйинимни кўрсатдим. Бу ажойиб, албатта. Зеро, биз мавсум давомида илиқ таассурот уйғота олдик. Баралла айтишим мумкин - мавсум давомида ўз ўйиним ҳам анча яхшиланди.

- Кўрганларингиздан келиб чиқиб, кимни Ўзбекистондаги энг кучли дарвозабон сифатида эътироф эта оласиз?

- Юртингизда тажрибали киперлар қатори истиқболи баланд ёш киперлар ҳам кўп. Хўш, айнан кимни алоҳида ажратиб кўрсатишим мумкин? Масалан, «Пахтакор»да 2 нафар ажойиб дарвозабон бор экан - Қувватов ва Суюнов. «Динамо» голкипери Ботирали Эргашев ва «Навбаҳор» вакили Ўткир Юсупов ҳам чакки эмаслар.

- Суперлиганинг охирги туридан ўрин олган Тошкентдаги ўйинга Жиззахдан жуда кўп мухлис ташриф буюрди. «Сўғдиёна» тарафдорларига қандай таъриф берасиз?

- Уларга гап йўқ. Бизни ҳамиша чинакамига қўллаб-қувватлаб туришди. Ҳаттоки, мағлубиятлардан кейин ҳам. Қисқаси, мухлислар ҳар қандай ҳолатда жамоа билан бирга бўлишди. Уларни «Сўғдиёна»нинг чин 12-ўйинчиси сифатида таърифлаш учун асослар етарли. Ўз ўрнида бизни нафақат стадион, балки телевизор орқали қўллаб-қувватлаб турган барча мухлисларимизга миннатдорчилик билдираман.

- Футболдаги бош орзунгиз...

- Ёшлигимда телевизорда футбол томоша қила туриб, хориж клубида ўйнашни, Сербия миллий жамоаси сафига киришни орзу қилардим. Буларга қайсидир маънода эришдим. Яъни Сербия ёшлар термаси дарвозасини қўриқладим, ҳозир хориж клубидаман.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz