Қайднома

Қидирув

Мислсиз юксалиш

Мислсиз юксалиш

  04.01.2020 05:57
  0
  546
Мислсиз юксалиш

The Guardian нашри жорий мавсумнинг биринчи ярмида кенг жамоатчилик назарига тушган 23 ёшдан кичик 11 нафар футболчини алоҳида эътироф этиб, уларни ўзига хос рамзий терма жамоа таркибига киритди. «Йил юксалиши» мақомига муносиб ушбу виртуаль жамоадан жой олган 5 нафар футболчи Франция чемпионати вакилидир. Шунингдек, АПЛдан 3 нафар, «А» сериядан 2 нафар ва Бундеслигадан 1 нафар футболчи бор. Хуллас, The Guardian шакллантирган жамоада Испания Ла Лигасидан ҳеч ким йўқ.

Дарвозабон: Готье ЛАРСОННЕР («Брест») - Лига 1

Бунга қадар 2 мавсум давомида Лига 2да «Брест» шарафини ҳимоя қилган Ларсоннер Франция футболи элит дивизионига осонгина мослашди. Дебютант жамоа 19та турда 24та гол қўйиб юборди. Таққослаш учун айтсак, «Монако»да минус белгиси бор голлар сони бундан кўпроқ - 26та.

Ўнг қанот ҳимоячиси: Фабьен ЦЕНТОНЗЕ («Мец») - Лига 1

23 ёшли Центонзе катталар футболида 4та жамоа учун ўйнашга улгурди. Мана, оёқларида мустаҳкам турувчи ҳимоячи Лига 1да ҳам йўқолиб қолаётгани йўқ. У жами 53та яккакурашда устун келдики, бу чемпионат бўйича 6-яхши кўрсаткичдир. Фабьен тўпни олиб қўйиш борасида 3-ўринда боряпти (37 марта муваффақиятли уриниш). Бундан ташқари, рақиблар мавсумнинг биринчи ярмида Центонзени атиги 13 марта алдаб ўтишди, холос.

Марказий ҳимоячи: Фикайо ТОМОРИ («Челси») - АПЛ (суратда)

Шиддат билан юқори савияга интилиш намунаси. Фикайо ўтган мавсум «Дерби»да Фрэнк Лэмпард билан ишлаб, ёш мураббий ишончига кирганди. Мана, энди «Челси»нинг мудофаа қўрғонида катта роль бажармоқда. Томори айниқса, яккакурашларда кучли. Асосийси, 21 ёшли йигитча Англия миллий жамоасида дебют қилишга улгурди, қолаверса, Лондон клуби билан янги 5 йиллик шартнома тузди. Қаранг, Томори АПЛдаги ҳимоячилар орасида рақиб дарвозасига зарба йўллаш (1та ўйинда ўртача ҳисобда 2,3та) бобида иккинчи бўлиб турибди. Қолаверса, у 1та ўйинда 79,5та узатма амалга оширмоқда(аниқлик даражаси - 88 фоиз).

Марказий ҳимоячи: Чаглар СЕЮНЖЮ

(«Лестер») - АПЛ

Туркиялик ҳимоячи «Лестер»да иккинчи мавсумни ўтказмоқда. «Тулкилар» истиқболли ҳимоячини «Фрайбург»дан 20 миллион еврога сотиб олишганди. Мана, Сеюнжю «МЮ»га кетган Гарри Магуайр ўрнини ортиқча муаммосиз ўзиники қилди. Туркия миллий жамоасида ҳам чакки ўйнамаётган 23 ёшли Чаглар кейинги трансферлар давридаёқ топ-клублар ўртасида талаш бўлса, ажабмас. Дарвоқе, турк йигити узатмалар аниқлиги борасида АПЛ ҳимоячилари орасида 2-ўринда бормоқда (ундан биргина даҳшатли Виржиль ван Дейк олдинда).

Чап қанот ҳимоячиси: Альфонсо ДЭВИС

(«Бавария») - Бундеслига

Эҳтимолки, ёш канадаликнинг кескин юксалишга эришганида, «Бавария»да юзага келган жароҳатлар «довули»нинг ҳам ўрни бордир. Факт шуки, Альфонсо имкониятдан максимал даражада фойдаланди. У айниқса, яккакурашларда Бундеслиганинг унча-мунча ҳужумчиларига «нон» бераётгани йўқ. Дарвоқе, Дэвис аслида ҳимоячи ҳам эмас, у позиция бўйича чап қанот вингери ҳисобланади. Ҳозир эса орқа чизиқда бемалол ҳаракатланяптими, демак, универсаллик хусусиятлари ҳам зўр.

Марказий ярим ҳимоячи: Эдуардо

КАМАВИНГА («Ренн») - Лига 1

17 ёшли ўсмир Лига 1га гўёки, қуюндек ёпирилиб кирди. Эдуардонинг 87,5 фоиз узатмаси аниқ чиқаётгани, Франция чемпионатида яккакурашларда ҳаммадан кўпроқ устун келаётгани нималардандир далолат. Шу кетиш бўлса, Франция паспортига эга анголалик «болакай» «Ренн»да узоқ ушланиб қолмайди.

Марказий ярим ҳимоячи: Гаэтано

КАСТРОВИЛЛИ («Фиорентина») - «А» серия

2 мавсум «В» серия вакили «Кремонезе»да ижара муддатини ўтаган Гаэтано бир уринишда элитада ҳам элит ижрочилар қаторига қўшилди. У ҳар бир ўйинда ўртача ҳисобда 3,6 марта дриблинг ишлатмоқда ва уларнинг 75 фоизи муваффақиятли чиқмоқда. Айни пайт кўплаб грандлар скаутларининг Кастровиллини диққат билан кузата бошлашганига шубҳа йўқ.

Марказий ярим ҳимоячи: Скотт

МАКТОМИНЕЙ («МЮ») - АПЛ

Мактоминей «МЮ» футболкасини Жозе Моуриньо давридаёқ кийганди, лекин айнан Оле-Гуннар Сульшер раҳбарлигида сифатли юксалишга юз тутди. Статистикага мурожаат қилсак, Скотт 1та ўйинда ўртача ҳисобда 2,4та зарба йўлламоқда, 0,9та кескин узатма ва 1,5та дриблингни амалга оширмоқда.

Ўнг қанот вингери: Деян КУЛУСЕВСКИ

(«Парма»|«Аталанта») - «А» серия

Деян «Парма»да тажрибали Ян Карамо ва Маттиа Спрокати билан рақобатда устун келди. Ҳозирга қадар 4та гол ва 7та самарали узатмага муаллифлик қилгани барчасига исбот. Асосий факт: Кулусевски жорий мавсум 35та хавфли вазият яратдики, бу Европанинг кучли 5та чемпионатида 2-юқори натижадир (биргина Кевин де Брюйне кўпроқ вазият ҳосил қилмоқда). Швед йигитининг кескин узатмалар (1та ўйинда 2,5та) ва дриблинг (1та ўйинда 2,3та) бўйича статистикаси ҳам яхши.

Чап қанот вингери: Мунир ЧУЯР

(«Дижон») - Лига 1

Камтарин Лига 1нинг яна бир вакили. Мунир аввалги мавсум Лига 2 майдонларини «ёндирганди»Энди навбат элит дивизионга! Эътиборли томони, Чуяр сентябрь ойи охирига келибгина майдонга туша бошлади ва ўзини кўрсатишни пайсалга солмади. 1та ўйинда ўртача 4 марта дриблинг - ёш йигитча учун муносиб натижа. «Дижон» айнан Чуярнинг фаоллиги билан «ПСЖ» ҳамда «Ренн» каби кучли рақибларни доғда қолдирди.

Ҳужумчи: Виктор ОСИМХЕН («Лилль») -

Лига 1

Ҳа, охирги турларда Осимхеннинг маҳсулдорлик кўрсаткичи анча пасайди, шунга қарамай, унга жаҳоннинг энг истиқболли ҳужумчиларидан бири сифатида қарашмоқда. Виктор Нигерия миллий жамоасида ҳам иқтидорини намойиш эта бошлади. Дейлик, ўртоқлик ўйинида украиналик ҳимоячиларни чинакамига қийнади. Жисмоний қувват, абжирлик ва тезкорлик - булар Лига 1 доирасидаги 17та ўйинда 10та гол урган Осимхеннинг энг устун жиҳатлари.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz