Қайднома

Қидирув

Олимпия терма жамоамизда ҳаммаси жойида-ми?

Олимпия терма жамоамизда ҳаммаси жойида-ми?

  14.01.2020 05:46
  0
  454
Олимпия терма жамоамизда ҳаммаси жойида-ми?

Ўзбекистон олимпия термаси Осиё чемпионати 2-турида айнан биз кутган ўйинни намойиш этиб, дастлабки ғалабани қўлга киритди. Муҳими, ҳар икки бўлимда урилган 1тадан гол гуруҳдаги умумий ҳолатимиз ва турнирдаги истиқболимизни яхшилади. Энг қувонарлиси, футболчилар биринчи ўйинга нисбатан олганда, анча уюшқоқлик билан ҳаракатланишди.

2та ПЕНАЛЬТИ, ҲИСОБСИЗ ВАЗИЯТЛАР...

Бу сафар Любинко Друлович жамоаси ўйинни фаол бошлади ва тезкор гол уришга ҳам эришди, аммо VAR аралашуви билан у инобатга олинмади - Азиз Ғаниев зарбасидан кейин дарвозабондан қайтган тўпни ўз «жойи»­га йўллаган Ҳусниддин Алиқулов ҳужум бошида ўйиндан ташқари ҳолатда тушган экан. 18-дақиқада Хитой термаси дарвозабони Санжар Қодирқулов ва Жасур Яхшибоев томонидан кетма-кет тарзда берилган зарбаларни бартараф этди. Кейин Азиз Ғаниев уринишидан сўнг тўп дарвоза устуни билан «ўпишди». Умуман, вакилларимиз бутун биринчи бўлим давомида ҳужум уюштиришдан, вазиятлар яратишдан чарчашмади, аммо голни қўшимча вақтга қадар кутишга тўғри келди. Бунда аввалги учрашувда бўлгани каби яна пенальти қўл келди: Ойбек Бозоров жарима майдони ичида йиқитилгач, ҳакам «нуқта»га ишора қилди ва Ислом Қобилов ҳисобни очди.

Иккинчи бўлимда майдондаги ҳолат ўзгармади, ҳисоб. Тўғри, хитойликлар бироз фаоллашишди. Ўзи 48-дақиқадаёқ ҳисобдаги устунликни оширишимиз ҳеч гап эмасди - Илҳом Алижонов узатмасидан кейин рақиб футболчининг автогол муаллифига айланишига оз қолди. Кейинги 2та ҳужумда Жасур Яхшибоев - Бобур Абдухолиқов боғлами яхши ҳаракатланди, аммо «Насаф» ҳужумчисининг биринчи зарбаси бироз хато кетди, иккинчисида дарвозабон тўпни ушлаб олди. 65-дақиқа - яна пенальти! Эътиборлиси, VAR бу сафар жамоамиз фойдасига ишлади - Бобур Абдухолиқов боши билан зарба йўллаган пайт тўп хитойлик ҳимоячининг қўлига теккан экан. Бироқ штатли пенальтичи - Ислом Қобилов турнирнинг бош тўпурари бўлиб олиш имкониятидан фойдаланолмади. Шу вазият таъсиридами, хитойликлар ўйиннинг якуний қисмида ташаббусни ўз томонларига оғдиришга уриниб, қатор ҳужумлар ташкил этишди. 80-дақиқага келиб, захирадан майдонга тушган Нурилло Тўхтасинов жамоамизнинг ўйин ҳолатидан урган биринчи голига муаллифлик қилиб, асабий якун олдини олди. Финал ҳуштаги янграши арафасида эса Миржаҳон Мираҳмадов ҳисобни йириклаштириши мумкин эди, аммо унинг дарвозабон олдига ёлғиз чиқиб бориб берган зарбасига аниқлик етишмади. Муҳими, кутилган ўйин самараси - кутилган ғалаба.

Жанубий Корея ва Эрон олимпиячилари тўнашувида корейслар иккинчи ғалабани тантана қилиб, «плей-офф» масаласини ҳал қилишди (турнирда биринчи бўлиб). Ўзбекистон олимпия термаси эса 4 очко билан жадвалда 2-ўринга чиқди. Демак, 3-турдан ўрин олган ўзаро баҳсда корейсларни енгсак, чорак финалга 1-ўрин орқали йўл оламиз. Дуранг қайд этилган тақдирда 2-ўринда қоламиз. Лекин мағлубият чигал ҳолатни юзага келтириши мумкин. Ҳар ҳолда, эронликлар 3-турда кейинги босқичга чиқишдан умид узган Хитой термасини имкон қадар йирикроқ ҳисобда енгишга уриниб кўришади. Шундай экан, мағлубият ҳақида гапирмаган маъқул. Муҳими, ҳаммаси жойида, ҳаммаси ўз қўлимизда.

Ўйиндан кейинги фикрлар

Хао Веи (Хитой олимпия жамоаси бош мураббийи): - Рақибимиз жуда чиройли ўйин намойиш этди. Биринчи ўйиндан кейин таркибда йўқотиш бор эди. Асосий ҳужумчимизнинг жароҳатлангани бугунги ҳаракатларимизга ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Афсус, шу ўйин билан Олимпиада йўлланмасини қўлдан бой бердик. Энди кураш Осиёнинг топ-жамоалари ўртасида кечади. Бу турнир ўз устимизда ишлашимиз зарурлигини кўрсатиб берди. Сўнгги сўз сифатида бизни қўллагани келган барча мухлисларга ташаккур изҳор этаман.

Любинко Друлович (Ўзбекистон олимпия жамоаси бош мураббийи): - Учрашув давомида кўплаб вазиятларни қўлдан чиқардик. Шу маънода айтсам, биринчи гол жуда муҳим эди. Бугун Бозоров жуда яхши тўп сурди. Умуман, жамоамдан кўнглим тўлди. Хитойликлар ҳам чакки ўйнашмади. Эрон термасига қарши баҳсдан кейин тезда тикланишимиз талаб этилди. Ўзи бугун 3 очко олмасак, бўлмасди. Қайсидир маънода бу 3 очко ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Футболда ҳиссиёт катта ўрин тутади. Муҳими, йигитларни вақтида тинчлантирдик. Мана, вазифалар бажарилди. Эндиги мақсад - Ж.Корея термаси билан ўйинга тайёргарлик кўриш.

Ҳа, кўп пенальти тепяпмиз, яна ҳаммасида гол уролмаяпмиз. Йўқ, жамоам ўйин ҳолатидан ҳам голлар уришга қодир. Дейлик, бугун рақиб дарвозабони ишончли ҳаракатланди. Асосийси, ўйин боришини тўлиқ назорат қилдик. Бизнинг ютуғимиз шу. Кейинги учрашувни янада яхшироқ ўтказишга тайёрмиз. Тўхтасинов аслида асосий таркиб футболчиси, жуда кучли йигит. Унга мутлақо ишонамиз. Бу сафар шунчаки, Бозоровни синаб кўрдик. Унда мобиллик кучли.  Мана, бугун катта ҳажмда иш бажарди. Умуман, иккисидан ҳам кўнглим тўқ. Ҳаммага раҳмат.

2-тур. 12 январь

ЭРОН - Ж.КОРЕЯ -1:2 (0:2)

Сонгкхла. «Тинсуланон» стадиони.

Ҳакам: Адҳам Муҳаммад (Иордания).

Голлар: Р.Шекари (54) - Ли Донг Жун (22), Чо Гуе Сун (35).

Эрон: Ҳ.Аббоси, М.Нажариан, М.Каримзода, О.Нурафкан, А.Агаси, М.Меҳдихани, А.Сайядманеш, Р.Деҳгани, М.Моҳебби (А.Шожаи, 42), Р.Шекари (А.Ҳусайнзода, 81), М.Гаеди (Ж.Салмони, 76).

Ж.Корея: Сон Беом Кун, Ли Хюн Ю, Ли Сан Мин, Чон Таэ Вук, Ким Жин Я, Чун Ву Юн (Ким Даэ Вон, 61), Ли Донг Жун (О Сен Хун, 90}3), Чон Син Вон (Ким Жин Гю, 61), Маен Сеон Вун, Вон Дю Жэ, Чо Гуэ Сун.

Огоҳлантиришлар: М.Меҳдихани (45), А.Сайядманеш (47), О.Нурафкан (60), Р.Шекари (74, Э.).

ХИТОЙ - ЎЗБЕКИСТОН - 0:2 (0:1)

Сонгкхла. «Тинсуланон» стадиони.

Ҳакам: Абдулраҳмон ал Жассим (Қатар).

Голлар: Ислом Қобилов (45}3-пен.), Нурилло Тўхтасинов (80).

Фойдаланилмаган пенальти: Ислом Қобилов (65, Ў.).

Хитой: Чен Вей, Вей Чжен, Чжу Ченцзэ, Чжао Цзяньфэй, Фэн Босюань, Хуан Чжэньюй, Хуан Конг (Чжан Линфэн, 57), Ху Цзинхан, Ян Лиюй, Дуан Лиюй (Тиан Хин, 60), Чэн Бинбин (Чжоу Цзюньчэнь, 74).

Ўзбекистон: 1. Абдувоҳид Неъматов, 2. Ислом Қобилов, 3. Ҳожиакбар Алижонов, 19. Илҳом Алижонов,

20. Ҳусниддин Алиқулов, 4. Абдулла Абдуллаев, 6. Азиз Ға-ниев, 9. Жасур  Яхшибоев (18. Достон Иброҳимов, 90}2), 22. Санжар Қодирқулов, 10. Бобур Абдухолиқов,

23. Ойбек Бозоров (8. Нурилло Тўхтасинов, 76).

Огоҳлантиришлар: Дуан Лиюй (52) - Илҳом Алижонов (23).

 

1 Ж.Корея                               2              2             0              0             3-1                6

2 Ўзбекистон                     2              1             1              0             3-1                4

3 Эрон                                        2              0             1              1             2-3                1

4 Хитой   2                     0                     0                     2                     0-3                  0

3-тур. 15 январь (чоршанба)

15:15 Ўзбекистон - Ж.Корея

15:15 Хитой – Эрон


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz