Қайднома

Қидирув

Марк Клаттенбург: «Ҳакамлар микрофон тақишсин, овозни бошқалар ҳам эшитсин»

Марк Клаттенбург: «Ҳакамлар микрофон тақишсин, овозни бошқалар ҳам эшитсин»

  19.01.2020 01:10
  0
  330
Марк Клаттенбург: «Ҳакамлар микрофон тақишсин, овозни бошқалар ҳам эшитсин»

Сўнгги пайтларда VAR омма эътиборида турибди. Ҳаттоки, АПЛдан ушбу тизимни олиб ташлаш бўйича онлайн-петиция уюштирилди. Унинг остига кўплаб мураббий ва футболчиларнинг имзо чекишига ишонсак бўлаверади. АПЛ баҳслари, Европа чемпионатлари, Англия кубоги, Чемпионлар Лигаси каби мусобақалар финалларини бошқарган рефери Марк Клаттенбург яқинда хорижлик ҳамкасбларимизга берган интервьюсида VAR тизимининг ҳозирги фаолияти ва уни яхшилаш вариантлари ҳақида гапирди.

 - Биринчидан... нима, чиндан ҳам VARдан воз кечиш вақти келдими?

- Бундай бўлмаслиги аниқ. Бу тобора ривожланиб бораётган лойиҳа, унга фақатгина кичик ўзгаришлар киритиш керак. Жорий мавсум VAR аввалгидан анча аниқроқ ишлаётганини унутмайлик. Аммо АПЛда ўйинлар тезкор ўтишини тушуниш лозим. Масалан, Хитойдаги ўйинларни бошқараман, у ерда VAR ишлатилади, лекин офсайдлар бўйича баҳсли вазиятлар кузатилмайди, чунки футболчилар унчалик тезкор эмаслар, ҳужумчилар эса рақиб дарвозаси томон анча ортдан туриб интилишади. Туманли ўлкада, дейлик, Серхио Агуэро сингари форвардлар ҳакамларга ҳақиқий «бошоғриқ» туғдиришади, чунки улар сўнгги ҳимоячи билан бир чизиқда ҳаракатланишади. Шундай экан, гап айнан Премьер-лигага мос тушадиган технология ҳақида бор-япти ва бу иш ҳали охирига етказилганича йўқ. Келинглар, ушбу тизимдан ҳозир воз кечмайлик, яхшиси, уни янада мукаммаллаштириш, керакли ўзгаришларни амалга ошириш ҳақида ўйлайлик. Чунки ҳозир VAR ёрдамида жуда кўп ҳолларда муҳим қарорлар чиқариляпти. Агар бундай вазиятлар аввалги мавсумларда кузатилганда, ҳакамлар кескин норозиликларга сабаб бўладиган муаммоларга йўлиқишлари аниқ эди.

- Ўзингизга қолса, VARга қандай ўзгаришлар киритардингиз?

- Ушбу тизимни яхшилаш бўйича бешта таклиф бор. Уларни дарҳол амалга ошириш ёки келгусида босқичма-босқич қўллаш мумкин...

1. VAR офсайдни аниқламаслиги керак.

- Ўйиндан ташқари ҳолатни аввалгидек ён чизиқ ҳаками аниқлаши лозим. Ҳа, хатолар кузатилади, лекин миллиметрлар сабабли бекор қилинган 5-6та гол кўпчиликка оғир таъсир кўрсатмаслиги турган гап. Қолаверса, бу гол урган футболчилардаги иккиланишнинг олдини олади. Агар байроқ кўтарилганини кўрсангиз, дарҳол тўхтайсиз. VAR авваллари биз кўриб ўрганган миллиметрли офсайдларни аниқлаш мақсадида татбиқ этилмаган.

2. Қўлланмани аниқ белгилаб олиш лозим.

- VARни қайси ҳолатларда қўллаш кераклиги бўйича фикрлар бир жойдан чиқиши муҳим. Бу қийин, албатта, вақт ўтгани сари мазкур тизимга мурожаат этиладиган вазиятларга мослашамиз, лекин айни пайт мутаносиблик йўқлигини таъкидламоқчиман. Масалан, АПЛ доирасидаги сўнгги ўйинларнинг бирида, «Эвертон»га қарши баҳсда «Ньюкасл» ҳужумчиси Энди Кэрроллнинг ортидан туртишди. Бу майдоннинг бошқа бирор қисмида қоидабузарлик ҳисобланарди, аммо VARга мурожаат этилмади, чунки ҳакамлар буни 100 фоиз пенальтига тортадиган ҳолат деб ҳисоблашмади. Кейинги ўйинда, ўйлашимча, VAR худди шундай вазиятда жарима зарбаси белгиланишини кўрсатиши мумкин, демакки, қўлланмаларни аниқлаштириб олишга эҳтиёж бор.

3. Жамоа сардорларига VARни қўллашни сўраш бўйича иккитадан имконият бериш керак.

- Масалан, аввалги якшанба куни ўтказилган ўйинда «Ливерпуль» «Вулверхэмптон» томонидан урилган шубҳали голга эътироз билдирмади. «Қизиллар» сардори Жордан Хендерсон тўпни майдон маркази томон тепди. У ўша вазиятда гол ҳисобланди, деб ўйлаганди. Шу тариқа жамоалар зиммасига ҳам масъулият юкланади. Шундай қилиш керакки, футболчилар ўзлари шубҳали деб топган ҳар қандай қарор бўйича баҳслашиш имкониятига эга бўлишсин. Фақат ўйин пайти бундай ҳуқуқдан 2 ёки 3 марта фойдаланадилар, холос.

4. Бош ҳакамлар такрорий вазиятни ўзлари кўриб, қарор чиқаришсин. Ахир, улар майдонга шунинг учун тушишади-ку!

- Якуний қарор майдондаги ҳакамга боғлиқ бўлиши керак. Жаҳон чемпионати пайти ITVда ишлаганимда, уларда таҳлиллар асосида энг яхши тасвирни топиб, бизга етказиш мақсадида 20 киши меҳнат қиларди.

5. Ҳакамлар микрофон тақиб юришлари керак, овоз эса стадион ва телетрансляциялар пайти эшитилиб турсин.

- Бу чиқарилаётган қарорларда шаффофликни таъминлайди.

- Ушбу рўйхатдан кўриниб турибдики, VARнинг ишламаётганини ҳис қиляпсиз, лекин нега ундан воз кечмаслик керак, деб ўйлайсиз?

- VARга алоқадор баҳсли вазиятларга эътибор беринг. Гап унинг фойдаланилиши эмас, балки қарорлар нотўғри бўлаётгани ҳақида боряпти. Ушбу тизимга ишонаман, чунки кўплаб қарорларда мутлақ аниқлик кўзга ташланяпти. Масалан, VAR бўлмаганда декабрь бошида ўтказилган Манчестер дербисида «МЮ» ғалаба қозонмаслиги ҳам мумкин эди. Чунки ҳакамлар видеотакрорлар ёрдамида пенальти белгилашди. Бошқа бир ёрқин мисол сифатида яқинда Садио Маненинг «бўрилар» дарвозасига урган голини кўрсатса бўлади. Ўша вазиятда ҳакам Энтони Тейлор адашиб, тўп қўл билан ўйналди, деб топганди. Ўз навбатида, VAR босиқликни таъминлашда асқотаётганини тушуниш даркор. Жорий мавсум тирсак ва оёқ ёрдамида амалга оширилган қанчадан-қанча жиддий қўполликларни кўрдик? Эндиликда футболчилар «ифлос» ҳаракатлардан осонликча қутула олмасликларини тушунишмоқда. Бу каби эпизодлар тобора камаймоқда.

- Жейми Реднапп чизиқларни ҳимоячилар елкаси эмас, футболчининг оёғига қараб чизиш керак деди. Грэм Сунесс эса ўйинчи гол уриши мумкин бўлган бирор-бир аъзоси тўғри ҳолатда турса, голни ҳисоблаш лозим, деган фикрни илгари сурди. Мазкур таклифларга нима дейсиз?

- Бундай қилиш имконсиз. Ушбу ҳолатда офсайд қоидалари мураккаблашади, у Англия учун бошқа, дунёнинг қолган қисми учун бошқача бўлиб қолади. Нимадир қилиш кераклигини тушуниб турибман, аммо футбол - бу завқли бизнес ва у голларни талаб этади - авваллари офсайд қайд этишда устунлик ҳужум уюштираётган томонга берилганининг сабаби ҳам шунда. Эндиликда бундай қилинмаяпти. Устунлик мудофаа вакилларига бериляпти, шунинг оқибатида ўйиндан роҳат ва завқ олиш ҳолатлари камайди. Эътирозлар билдириш жараёнида ҳакамлар аввалгидек яхши эмаслигини эътибордан четда қолдиришяпти.

Бизда Евро-2020 баҳсларини бошқариши кутилаётган Энтони Тейлор бор, аммо унинг кўплаб хатоларга йўл қўяётганини кўряпмиз. У Маненинг «Вулверхэмптон» дарвозасига урган голини дастлаб бекор қилди, «Тоттенхэм» - «Челси» учрашувида Пауло Гассаниганинг Маркос Алонсога қарши каратэ услубини қўллаганини кўрмади. Менимча, Тейлор аслида нима бўлганини тахмин қилаётгандек. Шу тариқа давом этаверсангиз, тез орада футболчилар хатога мойил рефери эканлигингизни пайқаб қолишади. Тўғри, VAR ўзгаришларга муҳтож, лекин у жиддий эътирозларни келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳолатларда тўғри ечим беряпти.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz