Қайднома

Қидирув

Football Money Legue – «Барселона» янги етакчи!

Football Money Legue – «Барселона» янги етакчи!

  24.01.2020 10:33
  0
  256
Football Money Legue – «Барселона» янги етакчи!

Нуфузли Deloitte эълон қилган, Football Money Legue номи билан машҳур рейтинг, яъни топ-клубларнинг йиллик даромадларига оид сўнгги ҳисоботда бир қатор сенсациялар қайд этилди.

Жумладан, рейтинг жорий этилганидан бери илк бора етакчилик «Барселона»га ўтди. Одатий пешқадамлар бўлмиш «Реал» ва «МЮ» Каталония грандидан анча ортда қолиб кетишди. «Қироллик клуби» «Барса»га нисбатан 100, «қизил иблислар» эса 140 млн. евро камроқ даромад олишди.

Бундан ташқари, янги пешқадамнинг 2019 йилдаги тушуми ўтган йилдаги пешқадам - «Реал»никидан анча кўп. Мадридликлар 2018 йилда 750 млн. билан ўз мавқеларини сақлаб қолишганди, ҳисобот йилида даромадлари 7 млн.га ўсди. Аммо «Барселона» 840 млн.ли кўрсаткич билан 1-ўринга кўтарилди.

Навбатдаги кутилмаган ҳодиса - сердаромад 20таликдан Франциянинг 2 жамоаси жой олганлиги. Лекин «Лион»нинг даромадида маркетинг ва тижорат бўлимининг улуши йўқ, жамоага Менди ва Ндомбеленинг трансфери 100 млн.дан кўпроқ маблағ келтирди.

«Арсенал» етакчи 10таликни тарк этди: «тўпчилар» молиявий инқирозни четлаб ўтишди, аммо жамоанинг спортдаги натижалари даромаднинг камайиб кетишига сабаб бўлди. «Ливерпуль» бу борада сезиларли ўсишга эришиб, аввалги йилдагидан 90 млн. кўпроқ (513 ва 603) тўплади. Бу Англиядаги энг юқори кўрсаткич, «МЮ» ва «Манчестер Сити»нинг тушумлари 50 млн.данга ошди. Бу эса, аксинча, айни кутилган натижа.

Ҳисоботнинг энг эътиборли жиҳати - учрашувлар эвазига олинадиган тушумларнинг йил сайин камайиб кетаётганлиги. Яъни, аввалги ҳисобот йилида у даромаднинг 17 фоизини ташкил этган бўлса, энди 16 фоизга тушиб қолди. Бир қарашда, пасайиш сезиларли эмасдек. Аммо бу бир неча йилдан бери кузатилаётган анъана. Айниқса, у бадавлат клубларда рўй бермоқда.

10 йил аввал «Реал» бир йилда 400 млн. даромад олган дастлабки клуб сифатида футбол тарихидан жой олганди. Маблағнинг 25 фоизини ўйин куни чипталар сотувидан олинган тушум ташкил этганди. Тўғри, чипталардан ташқари, атрибутика, клуб музейига ташриф, озиқ-овқатлар савдосидан келган маблағлар ҳам ҳисобга олинган. Мазкур банд бўйича «Барселона» 26, «МЮ» эса 39 фоиз натижани қайд этишган.

Ҳисобот жорий этилган дастлабки йилларда телетрансляциялар, ҳомийлик келишувлари ва стадионлардан олинадиган тушумларнинг улушлари нисбатан яқин бўлиши соғлом ва бар­қарор даромад деб ҳисобланарди. Бироқ воқелик йил сайин ўз таъсирини кўрсата бошлади.

Мувозанат 2010 йилга қадар озми-кўпми ўзгаришлар билан сақланиб турди. Лекин кейинчалик телеконтракт­лар баҳосининг кескин қимматлашуви ва ижтимоий тармоқларнинг оммавий ривожланиши вазиятни ўзгартириб юборди.

Мухлисларнинг жамоалар кундалик ҳаётига бўлган қизиқишлари ижтимоий тармоқлар туфайли кучайиб кетди. Номдор жамоалар эса бундан унумли фойдаланиб, улкан брендларга айланиб олишди - халқаро Чемпионлар Лигаси, «МЮ» ва «Реал»нинг Хитой сафарлари миллионли аудиториялар эшикларини очди.

Биринчи навбатда, Осиё ва АҚШ назарда тутилмоқда. Халқаро оммавийликнинг иккинчи оқибати - ҳомийлик шартномаларининг қимматлашуви. Бу жиҳат барча келишувларга тааллуқли: либослар ишлаб чиқарувчилар, бош ҳомийлар ва логотиплари либосларда акс этган бошқа ҳамкорлар.

10 йил аввал суперклуб мақомида барча мусобақаларда фаворит саналган «МЮ» Nike фирмасидан ҳар мавсум 23 млн. фунт оларди. Бир неча йиллик омадсизлик ва ЕЧЛдаги иштирокдан жудо бўлгач, ҳамкорликни Adidas билан давом эттиришга қарор қилди ва 3 баравар кўпроқ даромад ола бошлади.

«Арсенал» ўз стадиони номи ҳуқуқини 15 йиллик муддатга «Эмирейтс» компаниясига сотди ва йилига 6,5 млн. фунт олмоқда. «Манчестер Сити» эса ўз стадиони пештоқидаги «Этиҳад» ёзуви учун 3 баравар кўпроқ ҳақ олади. Ҳамкорлик нафақат муайян мухлатга мўлжалланган, балки бир марталик бўлиши ҳам мумкин. «ПСЖ» Қатарнинг сайёҳлик жамғармаси билан имзоланган айёрона келишув ёрдамида молиявий «фэйр-плей» қоидасини четлаб ўтиб, аввал Неймар, кейин Мбаппени ўз сафига қўшиб олди.

Телетрансляциялар ҳуқуқининг баҳоси барча мамлакатларда кескин кўтарилди. Масалан, Испанияда қарийб икки бараварга ошди - 600 млн. ўрнига 1,1 млрд., бошқа мамлакатларга сотишни қўшиб ҳисоблаганда, 1,7 млрд. оладиган бўлди. Италия ва Францияга оид маълумотлар ошкор этилмаган, аммо ўсиш етакчи футбол давлатларидаги баҳога яқин.

Бундеслига теленамойишлар ҳуқуқини харид қилган 3та компаниядан жами 1,1 млрд. олди. Англия эса бу борада ҳам яққол етакчи. 2000 йилда битта учрашувнинг ТВ орқали намойиш этилиши 0,6 млн. фунт турарди. 10 йилдан кейин нарх 4 млн.га, энди 12 млн.га етди. 2019 йилнинг ёзига қадар муомалада бўлган 3 йиллик шартноманинг баҳоси 5,1 млрд.га тенг эди.

Жорий мавсум арафасида кучга кирган келишув баҳоси сал арзонроқ - 4,5 млрд. Нима бўлганда ҳам, бу ҳаммаси эмас: хорижий давлатларга сотилган ҳуқуқлар ички бозордан келадиган даромадни икки карра оширади.

АПЛ ижрочи директори Ричард Мастерс уч мавсум (жорий йилдан 2022 йил баҳоригача) қийматини 4,2 млрд. кўринишида эътироф этди. Англия Премьер-лигасининг 20 жамоасига мавсумлар якунида бериладиган мукофот пуллари эса 2,5 млрд.га тенг.

МУХЛИСЛАРДАН КЕЛАДИГАН ТУШУМЛАР-ЧИ?

10 йил муқаддам «Арсенал»нинг йиллик абонементи (азалдан Англиядаги энг қиммат чипта) ўртача 1000 фунт турарди. Ўтган йилнинг ёзида баҳо 2000га чиқди. Чипталар нархи кўтарилди, аммо тезлиги соҳанинг умумий қимматлашувидан паст. Чипталар нархи инфляция ва харид қилиш имконияти билан боғлиқ.

Шу сабабли уни пулнинг қадрсизланиши ва бошқа соҳалардаги қимматлашиш билан солиштириш мумкин. Чипталари нисбатан қимматроқ бўлгани учун «Арсенал» узоқ вақт давомида бошқа жамоаларга нисбатан манфаатлироқ ҳолатда бўлди.

2010 йилда «тўпчилар» рейтингнинг етакчи бешлигида эдилар. Учрашувлардан тушган маблағ 117 млн.га тенг бўлиб, умумий даромаднинг (263 млн.) 45 фоизини ташкил этганди. 5 йилдан кейин даромад 359 млн.га етиб, жамоа 8-ўриндан жой олди.

Стадионнинг улуши эса 33 фоизга (120 млн.) тушиб қолди. Сўнгги ҳисоботда жамоа энг паст натижани қайд этиб, етакчи 10ликни тарк этди. Сабаб - «Арсенал»нинг ЕЧЛга чиқа олмагани ва абонементлар савдосининг пасайиб кетганлиги. Табиийки, стадион улуши ҳам 24 фоизга (116 млн.) тушиб кетди.

«Вест Хэм»нинг кўрсаткичи янада ачинарли: стадион тушуми 30 млн. бўлиб, йиллик даромаднинг 14 фоизини ташкил этди. Ваҳоланки, «бол-ғачилар» ТВ ҳуқуқи савдосидан 144 млн. еврога (67 фоиз) эга бўлишганди. Агар ТВ бозорининг улуши яна 10 фоизга камайса, жамоа стадионга қулф осиб, бўм-бўш трибуналар гувоҳлигида тўп суришга мажбур бўлади. Лекин «Вест Хэм»дан мураккаброқ вазиятдаги жамоалар ҳам йўқ эмас.

Масалан, «Эвертон»нинг стадиондан оладиган тушуми янада пастроқ. 2018|2019 йиллар мавсумида жамоа 213 млн.га эга бўлди. Шунинг атиги 16 «лимон»и мухлислар ҳиссасидир. Бу маблағ нари борса Пикфорд, Коулмэн ва Делфнинг иш ҳақларига аранг етади. ТВ ҳуқуқи эвазига жамоа 150 млн. евро (71 фоиз) олди.

Стадион улуши борасида «Барселона» (160 млн.), «Реал» (145) ва «МЮ» (120) етакчилик қилишмоқда. Тўғри, фоиз кўринишида у анча камтарин: «Барса» ва «Реал»да 19, «МЮ»да 17 фоизга тенг. Тинимсиз куйловчи «Энфилд»нинг ҳиссаси ҳам камтарона: 95 млн. (16 фоиз). «Манчестер Сити»нинг натижаси янада пастроқ - 62 млн. (10 фоиз).

ТВ шартномаларидан олинадиган даромадлар мамлакатларда турлича тақсимланади. Шу боис, клубларнинг манфаатдорлиги бир хил эмас. Испанияда «Барса» ва «Реал»нинг улуши ўта юқори. 2018|2019 йиллар мавсумида чемпион 166 млн.га, элитани тарк этган «Уэска» 44 млн.га эга бўлди.

Англияда ўзгача манзара: жамоалар натижасига боғлиқ бўлмаган ҳолда белгилаб қўйилган минимал қиймат юқори, натижа учун бериладиган бонус эса озроқ. Шу сабабли элитани тарк этган «Хаддерсфилд» 99, ғолиб «Сити» эса 151 млн. олди. Шу тариқа етакчи 6ликка кира олмаган жамоалар тушумларининг 2|3 қисми ТВ ҳуқуқларига тўғри келади.

Умуман, лиқ тўлган трибуналар таъсири аста-секин, лекин мунтазам равишда камайиб бормоқда. 15 йил аввал деярли барча клублар ўйин кунларидаги чипталар сотувидан 30 фоиздан кўпроқ маблағ олишарди. Энди бу кўрсаткич 16 фоизга тушиб қолди. Клублар йил сайин глобал брендларга айланишмоқда.

Етакчилик эса суперклублар ва мавжуд ўзгаришлардан самарали фойдаланишни ўрнига қўя оладиган жамоалар қўлида. «Рома» маркетингдаги, «Интер» Хитой бозоридаги тажовузкор сиёсатлари эвазига, «Боруссия» Дортмунд ва «Атлетико» эса яшил майдондаги муваффақиятлари эвазига мўмай даромадни қўлга киритишмоқда.

Абдуллохон ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz