Қайднома

Қидирув

Филиппо Инзаги: «Милан»га янги «қон» даркор»

Филиппо Инзаги: «Милан»га янги «қон» даркор»

  31.01.2020 01:29
  0
  374
Филиппо Инзаги: «Милан»га янги «қон» даркор»

«Кальчополи можароси»дан кейинги мавсумни «Ювентус» «B» серияда ўтказган ва унинг таркибида 4 нафар жаҳон чемпионлари - Жанлуижи Буффон, Алессандро дель Пьеро, Мауро Каморанези ҳамда Давид Трезеге, шунингдек, Павел Недвед, Клаудио Маркизио, Жоржо Кьеллини ҳам тўп суришганди. Ўшанда туринликлар мавсум якунига 19та тур қолганида, жарима очколарини чиқариб ташлаганда, 44 очко тўплашга муваффақ бўлишганди. «В» сериянинг 2019|2020 йиллар мавсуми 1-даврасида эса «Беневенто» клуби 46 очко йиққан ҳолда, рекорд ўрнатди. Италиялик ҳамкасбларимиз ушбу воқеа баҳонасида мазкур жамоа бош мураббийи Филиппо Инзагидан интервью олишди.

 

- Филиппо, «Беневенто» «Ювентус»дан яхшироқ кўрсаткич қайд этди. Буни қандай изоҳлайсиз?

- Жамоамиз савияли, ҳамжиҳат, жиддий, ажойиб президентга эга. Клуб раҳбари Вигорито барчамизга ота каби қадрли. Албатта, унинг ёрдамисиз кучли футболчилар етишиб чиқишмаган бўларди. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам ўша пайтдаги «Ювентус» ўзга сайёраликлардан тузилгандек эди.

- Мураббий бу рўйхатга кирмайдими?

- Энг яхши мураббий - кам зарар келтирадигани. Баъзан биз - мураббийлар футболни ўйлаб топганмиз, деб ўйлаймиз. Аслида эса, футболчиларга ўз имкониятлари даражасини максимал тарзда намойиш этишлари учун шунчаки шароит яратиб бериш керак. Мен шуни амалга оширишга интиламан.

- Футболчилик пайтингизда гол уриш ҳақида ўйлагансиз. Аммо «Беневенто» кучли ҳимояга эга жамоа. Нима, принципларингизни ўзгартирдингизми?

- Йўқ. Менимча, ҳужум учун энг яхши шароит тўпнинг рақибда бўлишидир. Юқори прессинг, тўпни олиб қўйиш, ҳужумга ташланишни ҳеч ким кутмайди. Аслида, жамоамизнинг олдинги чизиғи ҳам жуда яхши.

- «С» серияда «Венеция»ни, кейин эса «А» сериядаги «Болонья»-ни бошқаргансиз. Энди эса «B» сериядаги «Беневенто»да ишлаяпсиз. Бундан кўра, телевидениедаги иссиқ студияда, стресслардан холи тарзда фаолият юритганингиз яхши эмасмиди?

- Бу таклифни иккита сабабга кўра рад қилганман. Биринчидан, шарҳловчилар сингари мураббийларни танқид қилолмайман. Чунки уларнинг ишлари мураккаблигини жуда яхши биламан. Қолаверса, мени жуда ақлли деб ҳисоблашларини хоҳламайман.

- Иккинчи сабаби-чи?

- Футболни жуда яхши кўраман, миллионлар ўйинидаги барча нарсани ёқтираман. Қайси дивизионда ишлаётганим мен учун аҳамиятсиз. Ахир, севган касбим билан шуғулланяпман-ку! «Венеция»да, шунингдек, қийинчиликларга қарамай, «Болонья»да ҳам жуда бахтли эдим. Айни пайт «Беневенто»да ҳам ўзимни яхши ҳис қиляпман.

- Футболчилик даврингизда кўплаб мураббийлар билан бирга ишлагансиз. Улардан қайси бири сизда ёрқин таассурот қолдирган?

- Карло Анчелотти - коллективни бошқариш бўйича биринчи рақамли мураббий. Ўзимни эса ҳозирча майдонда бўлаётган жараёнларга таъсир кўрсатувчи мураббий деб ҳисоблайман, холос.

- Футболчи сифатида укангиз Симонега ўрнак бўлгансиз. Энди у мураббийликда сизга ўрнак бўляптими?

- Симонедан нафақат мен, балки кўплаб ҳамкасбларимиз ибрат олишса арзийди. У Европанинг энг яхши мураббийларидан бири. Симоненинг натижасини яна ким қайд этган? У ҳамиша ўйин услуби устида ишлайди - чинакам замонавий футбол мутахассиси. Биз Симоне билан ҳар куни суҳбатлашиб турамиз.

- «Лацио» жорий мавсум чемпион бўлиши мумкинми?

- Айни пайт бу жамоа учун Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритиш ҳам катта натижа ҳисобланади. Боиси, «Ювентус»нинг захира кучи етарли. Менимча, бунинг ҳам фарқи бор. Шунингдек, «Интер» ҳам кучли клуб. Бироқ орзу қилишга ҳеч ким халақит беролмайди.

- «Милан»нинг инқирози борасида нима дея оласиз?

- Афсуски, бу ёқимсиз ҳолат. Лекин мен Паоло Мальдинини яхши биламан ва унга ишонаман. Бобан билан биргаликда ушбу қийин ҳолатдан чиқиб кетишади, деган умиддаман. Бунинг учун жамоани қайта шакллантириш, йилига 2-3 нафар «Милан»га мос футболчи харид қилиш ва айниқса, сабр-тоқатли бўлиш лозим. Бир сўз билан айтганда, жамоага янги «қон» керак.

- Ибрагимович - «Милан» учун яхши ғоями?

- Ҳа, жамоага шундай футболчи зарур эди. Златан билан бирга ўйнаганман ва уни қадрлайман. Ибрагимовичга пул ва шон-шуҳрат керак эмас. У «Милан»га ўйинни ўзгартиришга ишончи борлиги учун қайтиб келди. Менимча, Златаннинг иштирокидаги дастлабки ўйинлар буни исботлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz