Қайднома

Қидирув

Эден Азар: «Зидандаги хуш кайфият футболчиларга илҳом беради»

Эден Азар: «Зидандаги хуш кайфият футболчиларга илҳом беради»

  02.02.2020 05:51
  0
  459
Эден Азар: «Зидандаги хуш кайфият футболчиларга илҳом беради»

«Реал»нинг бельгиялик ярим ҳимоячиси Эден Азар яқинда Sport|Foot Magazine наш-рига интервью бериб, мадридликлар сафида дастлабки ойдаги фаолияти, жамоа устози Зайниддин Зиданнинг машғулотлари жараёни борасида тўхталиб ўтди.

- «Реал» либосида тўп суриш сиз учун нимани англатади?

- «Мадрид»да ўйнаш орзум эди. Уйимиз атрофида футбол ўйнаб юрганимдаёқ «Реал»га мухлислик қилардим, Зидан эса кумирим эди. Телевизор орқали «Сантьяго Бернабеу» стадионини кўрганимда, мазкур арена менга сеҳрлидек туюларди. Айниқса, оқ либос мен учун ўзгача аҳамиятга эга. Таътил пайти оиламиз билан кўпроқ Испанияга борардик, лекин Мадридга эмас, боиси, Бельгиядан Испания пойтахтига автомашинада бориш анча узоқлик қиларди. Ўшанда барча «Реал» тўғрисида гапирарди, таътил вақтида футбол ўйнаганимизда, мадридликлар иштирокидаги ўйинларни томоша қилардик.

- «Мадрид»да ўйнамаганингизда ҳам ушбу жамоа учун қайғурармидингиз?

- Йўқ, чунки фаолиятим давомида тўп сурган кўплаб клубларда яхши шароитларга эга эдим. Бироқ қачонлардир «Реал» билан шартнома имзолашим аниқ эди. Айтганча, бу ишнинг эртароқ амалга ошиши ҳам эҳтимолдан холи эмасди.

- Нима учун бу амалга ошмай қолганди?

- «Лилл»да ўйнаётганимда, «Реал»да ўйнаш имкониятига эга бўлгандим. Аммо ўз кучимни Англияда синаб кўришга қарор қилдим. Чунки мен учун туманли ўлкада тўп суриш нисбатан осонроқ эди. Боиси, ўшанда эндигина 21 ёшга тўлгандим. Бундай пайтда эса Испанияда ўйнаш қийин.

- Лекин «Реал» таркибига икки йилдан сўнг ҳам қўшилишингиз мумкин эди. Шундайми?

- Ҳа, ўша йиллари барча менинг бу жамоага ўтишим борасида гапирарди. Аммо мен ҳам, атрофимдагилар ҳам ўшанда клуб билан алоқага чиқмагандик. Мадридликлар билан илк мулоқот 2 йил олдин, Бельгия термасида жароҳат олганимда юз берди. «Реал» таркибига 2018 йилги жаҳон чемпионатидан сўнг ўтишни хоҳлагандим. Бироқ «Челси» бунга кўнмаган, чунки Сарри қўл остида бир йил ўйнаб беришим лозим эди.

- Аммо Зидан сизни ўз жамоасида кўришни астойдил хоҳлаганда, «Реал» таркибидан ўшандаёқ ўрин олишингиз мумкин эди, шундайми?

- Билмадим. Лекин «Челси»ни норози қилиб кетишни хоҳламадим. Умуман, доимо ўзим ўйнаган клубларга яхши муносабатда бўлганман. «Лилл»да ўйнаганимда ҳам шундай ҳолат юз берганди. Сўнгги мавсумимда (2011|2012 йиллар) мазкур клуб сафида ўйнагим келмай қолганди. Лекин атрофимдагилар менга қолишимни таъкидлашганди. «Челси» билан ҳам айни ҳолат юзага келганди. 2018 йилнинг ёзида менга Марина Грановская («Челси» бош директори) қўнғироқ қилиб, шундай деди: «Ҳеч қаёққа кетмайсан, Сарри сени шуғуллантиргани келади». Ўшанда вазиятни чигаллаштиришни хоҳламадим.

- Энди «Реал»дасиз. Таассуротлар қандай?

- Ушбу клуб таркибидан ўрин олганингда, сенда доимо умид бўлади. Жамоа улкан машғулотлар марказига эга. У ерга илк марта автомашинада борганимда, машғулотлар марказига боргунча анча айланишимга тўғри келганди. Майдонларни кўрдим, лекин уларнинг нечталигини ҳеч қачон санамаганман. Чунки футболчилар учун ажратилган отелда бўламан. У ер жуда шинам. Энг яхши футболчилар, тарих... Кийим алмаштириш хонасига кириб, барча футболчиларнинг «Мадрид»га ғалаба қозониш ниятида келишганини англайман. Шунингдек, доимо Чемпионлар Лигасида зафар қучиш лозимлигини таъкидлайдиган мухлисларни учратаман. Бу ерда маданият шундай.

- Зидан сиз учун ўрнак бўлганми?

- Бизнинг ўйин услубларимиз турлича. Техник тарафдан бир хилмиз. У ҳар доим қувноқ юргандек таассурот уйғотади ва бу менга ёқади. Бундай кайфият бошқаларга ҳам илҳом бағишлайди. Футбол бўйича тушунчам Зиданники билан бир хил. Унга қараганимда, ўзим ҳақимда умуман ўйламайман, дриблинг қилишни хоҳлаб, фақат шунинг учун ўйнашни истайман, шуҳрат қозонишга эса ўч эмасман. Албатта, ёрқин ўйин намо-йиш этадиган бўлсам, бундан хурсанд бўламан. Лекин бу менинг асосий мақсадим эмас.

- Зиданга ўхшашга ҳаракат қиласизми?

- Унинг ўйин услубини такрорлаш қийин. Бироқ тўпни назорат қилиши, узатмаларни қай тарзда амалга оширишини кўриб завқланганман. Шунингдек, Тьерри Анри ҳам шундай ўйин намойиш этган. Бизнинг авлод YouTube орқали кўп видео томоша қилган ва шундан сўнг, ака-укаларим билан кўчамизга бориб, Зиданнинг ҳаракатларини такрорлашга интилардик. Ўша пайт ўзимни худди унинг ёнида тургандек ҳис этардим.

- Бу кучли муносабат...

- Зидан билан кам мулоқот қилганман. Биз биринчи марта Евро-2016 мусобақаси пайтида суҳбатлашгандик. У менга қўнғироқ қилиб: «Жамоамиз таркибига қўшилсанг, яхши бўларди», деди. Бу эса жиддий таклиф!

- Яъни ўзгача чорловми?

- Тўғрисини айтсам, унинг сўзларидан гап нимадалигини сезса бўларди. Гарчи Зидан шунчаки ўйинларимни кузатаётганлигини таъкидлаб: «Мадридга келсанг, кўришамиз», деган бўлсада, Евро-2016 пайтида унинг айтганларини миямдан чиқара олмадим. Ушбу ибора хаёлимда тинмай айланаверарди.

- Зидан қандай мураббий?

- У кам гапиради, оддийликка интилади. Учрашув олдидан Зидан ўзингни эркин ҳис этишинг учун қисқа иборани айтади. «Реал»даги дастлабки 2-3 ой вақт ўзим хоҳлагандек ўтмади. Шунда Зидан менга хотиржамликни сақлашни уқтириб, «Ўзингни қўлга ол», дея кўп маротаба такрорлади. У ҳеч қачон ҳеч нарсадан шикоят қилмай, тезда ишга шўнғиб кетади, ўз шогирдларини яхши кўради. Барчанинг ҳис-туйғуларини қўллаб-қувватлайди ва футболчилар, ҳаттоки, кам майдонга тушадиганлар ҳам уларнинг устозлари Зидан бўлганлиги учун бахтли эканликларини ҳис этадилар. Бу мураббий ўйинчилар нимани ҳис этишаётганини жуда яхши билади. Чунки ўзи ҳам бир пайт­лари футболчи бўлган.

- Зиданнинг иш жараёни қандай?

- Машғулотларимиз доимо тўп билан ўтади. Аввало, биз ўйиндан, машқдан, машғулотлардан ҳузур оламиз. Италиялик мураббийлар билан ишлаганингда эса шуғулланиш жараёнида кам завқланасан. Чунки улар машғулотлар давомида кўпроқ дарвозалар билан, шунингдек, вазиятларни такрорлаш бўйича ишлашади. Бундай мураббийлар билан фаолият олиб борганингда, ғалабалардан кўпроқ завқ оласан. Уч йил давомида итальянча тизим асосида шуғулландим. Шу сабабли, машғулотлар пайти роҳатланиш мен учун жуда ёқимли ҳолат.

- «Реал» таркибига 100 млн. евро эвазига қўшилдингиз. Шу боис, тақдимот пайтида адреналинни ҳис этдингизми?

- Бу бошқача олам эди. «Челси»да, яъни жаҳоннинг энг яхши клубларидан бирида бўлиб ўтган тақдимот маросими оддий тарзда кечганди. Ўшанда ака-укаларим билан самолётда парвоз қилаётганимда, улар мендан тақдимотда нима қилишим ҳақида сўрашди. «Ўзингни одобли тут ва йиқилиб тушма. Чунки ҳамма сенинг устингдан кулади», - деганди ўшанда Торган. Яна «Челси»да шундай ҳам дейишганди: «Биз сенинг ўйинларингга эмас, фақат тақдимот маросимингга борамиз». Шунингдек, ўшанда мендан бир неча ибора айтишимни сўрашганди.

- Сиз эса ҳеч нарса тайёрламадингиз. Шундайми?

- Ҳа. Испанчада бирор нарса де-йишни ўйлагандим, лекин бу тилни яхши билмайман-ку! Барчаси табиий ҳолда бўлишини хоҳладим ва яхшиси французчада гапираман, дедим. Барибир, «Челси»даги тақдимот маросимидан яхши хотиралар қолган.

- Жароҳатингиз борлиги сабаб жорий мавсумнинг илк ўйинларида майдонга тушолмадингизми?

- Мавсумолди ўйинларини жуда яхши ўтказдим. Аммо Вигодаги расмий учрашувга 2-3 кун қолганида мушакларимда оғриқ сездим. Одатда, ўйинлар олдидан мушакларим оғриб турарди. Шу боис, бу ҳам ўтиб кетади, деб ўйладим. Лекин эртасига ва кейин ҳам оғриқ давом этди. Зидан рентгенга тушишимни тавсия қилди ҳамда шифокорга буни таъкидлади. Рентгенда эса кичик жароҳат борлиги ойдинлашди. Шунинг учун мураббий мавсум бошидаёқ таваккалчиликка қўл уришни хоҳламади. Жароҳатимдан фориғ бўлишим билан майдонга тушишимни айтди. Бироқ мен уч ҳафтага сафдан чиққан эканман. Ритмга тушиб олишим зарур эди ва «ПСЖ»га қарши кечган илк баҳс мен учун осон ўтиши кутилганди. Аммо амалда бундай бўлмади.

- Вазнингиз борасида ҳам турли миш-мишлар тарқалди...

- Таътилдаманми, уни кўнгилдагидек ўтказиш лозим. Шунинг учун ёзда вазним 5 кг.га ортди. Мен тез семириб, тез озадиганлар тоифасиданман. «Лилл»да ўйнаганимда, 18 ёшлигимда, вазним 72-73 кг. эди. Мускулларимни бақувват қилиш учун машқлар бажарганимда эса вазним 75 кг.га чиққанди. Ёмон формада бўлсам, вазним 77 кг.ни ташкил этади. Ўтган ёзда эса ҳаттоки, 80 кг.гача семирдим. Аммо ортиқча вазндан 10 кундаёқ халос бўлдим.

- Мавсум стартини ўзингиз учун қандай баҳолайсиз?

- Асосий ёқмайдиган нарса - бу статистика. Бор-йўғи битта тўп киритган ҳолда, битта голга ассистентлик қилдим ва жамоамиз дарвозасига пенальти белгиланишига сабабчи бўлдим. Мухлислар фақат шуни эслайдилар, холос. «Реал»даги дастлабки 2 ой ичидаги фаолиятимдан қониқиш ҳосил қилмадим. Шунда ўзимга бундан яхшироғига қодирлигимни таъкидладим. Кўп ўтмай, ўзимни яхши ҳис қила бошладим. Тўпни назорат қилган ҳолда, рақибдан устунлик қилдим, тезлигимни оширдим ва жамоадошларимга ёрдам бердим. Албатта, буларнинг барчаси идеал кўринишда бўлмади, аммо мен шунга интилдим. Дастлабки икки ой давомида ўзимга-ўзим: «Сен янгисан, оддий бўл», дея уқтирардим. Жамоа­дошларимга кўпроқ узатма беришга ҳаракат қилдим. Лекин мухлислар мендан дриблинг кўрсатишимни кутишарди...

- «Мадрид»нинг кийим алмаштириш хонасида муҳит ўзгачалиги борасида кўп гапиришади. Ҳақиқатданам шундайми?

- Муаммо излайдиган футболчи эмасман ва очиқкўнгилман. Жамоадошларим мени Франция ҳамда Анг­лияда намойиш этган ўйинларим сабабли ҳурмат қилишади. «Реал» таркибига худди «Челси»да бўлгани каби, 21 ёшимда ва ниманидир исботлаш учун қўшилмадим. Ахир ҳозир мени ҳамма яхши танийди.

- «Мадрид»да 7-рақам остида тўп суряпсиз. Бу рақамда эса олдин Криштиану Роналду ўйнаганди...

- Уни менга Мариано берди. Ўзим мазкур рақамни сўрашни хоҳламагандим. Чунки бу услубимга тўғри келмайди. «Реал»да «10» Лука Модричга тегишли эканлигидан хабардор эдим. «Челси»да «17»ни танлагандим. «Мадрид»да эса ушбу рақам остида Лукас Васкес тўп суради. «16» бўш экан, лекин уни олишни истамадим. «Менга 50-рақамни беринглар», дедим. Аммо клуб раҳбарияти Марианога «Азарга «7»ни беришинг керак», деди.

- «Реал»да ким сизга кўпроқ ёрдам берди?

- Албатта, Куртуа. Шунингдек, жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий Грег Дюпон ҳам. Жамоага осон киришиб кетдим. Чунки кўплаб футболчилар, жумладан, Варан, Менди ва Бензема худди мен каби француз тилида гаплашишади. Мен учун бу идеал ҳолат.

У.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz