Қайднома

Қидирув

ФИФА ҳисоботи: Янги рекорд

ФИФА ҳисоботи: Янги рекорд

  03.02.2020 03:01
  0
  329
ФИФА ҳисоботи: Янги рекорд

Халқаро трансферлар бозоридаги олди-сотдилар ҳар қачонгидан қизғин тус олмоқда. Soccer.ru эса ушбу жараёнда рўй бераётган энг қизиқарли воқеаларни тўплаб, уни алоҳида мақола сифатида мухлислар ҳукмига ҳавола этди.

2019 йили барча халқаро трансферларнинг умумий нархи бўйича янги рекорд ўрнатилди. 12 ой мобайнида муайян футболчиларнинг бир мамлакатдан бошқасига ўтишлари учун жами 7,35 миллиард доллар тўланди. Тарихда илк бор 7 миллиардлик кўрсаткич забт этилди - аввалги йилги натижа 6,94 миллиард бўлганди.

Профессионал футболда 18 042та трансфер амалга оширилди (сон бўйича ўсиш 9,1 фоизга тенг), уларда 178та мамлакатдаги 4 162та клубдан жами 15 463 нафар футболчи қатнашган. Мазкур ҳолатда футболга йўналтирилган пулларнинг 80 фоизи атиги 100 клубга тааллуқли бўлган. 15 357та трансферда бир жамоадан бошқасига тўғридан-тўғри тўлов қилинмаган.

Бир вақтлари Жан-Марк Босман судларга бежиз қатнамаган экан, бунинг натижасида дастлаб Европа, кейин эса жаҳондаги трансфер тизими ўзгартирилди. Энди клублар ўзаро келишиб олишса бўлгани, футболчи кетаверади. Бундай келишувлар йил сайин ортмоқда, трансферлар эса тобора қимматламоқда.

Аммо унутмаслик керакки, 2019 йилда амалга оширилган ўтишларнинг атиги 4,6 фоизида трансферлар ҳужжатида 1 миллион доллардан юқорироқ маблағ қайд этилган. Гап 10 миллион ва ундан баландроқ бўлган сумма ҳақида борганда, бунақаси 0,98 фоиз ҳолатда кузатилган. 1 фоиз ўйинчилар йирикроқ кўрсаткич бўйича баҳоланган, аммо бирданига 10 фоиз трансферлар 1 миллион доллардан арзонроққа тушган.

Шу сабабли ҳам 18 042та келишув «атиги» 7,35 миллиард долларга баҳоланган. Агар бу рўйхатдан эркин агентлар ва текин ижара шартномалари (бутун дунёда бундай ўтишлар 85,1 фоизни ташкил қилган) олиб ташланса, у ҳолда ҳар бир шартноманинг ўртача нархи 2,74 миллион еврога тенг бўлади - катта сумма.

Бу борада Европа футболининг улуши катта, зеро УЕФАга аъзо минтақаларнинг 1 914та клуби келишувларда бевосита қатнашишган. 53та ассоциация атрофида 12 290та трансфер амалга оширилган. Жами келишувларнинг 68,1 фоизи айнан «кўҳна қитъа» ҳиссасига тўғри келмоқда. Айнан УЕФА ҳудудида клубсиз ўйинчилар билан шартнома тузиш ҳолати ўртача кўрсаткичдан пастроқ бўлган - бор-йўғи 57,3 фоиз. Айрим қитъаларда натижа 83-92 фоизни ташкил этган.

Трансферларнинг энг оммалашган йўналишлари - Бразилиядан Португалия­га (228та), Англиядан Шотландияга (163) ва Португалиядан Бразилияга (149). Эътиборлиси, 2019 йили Испаниядан Англияга 93 футболчи йўл олган бўлса, аксинча йўналишдаги кўрсаткич 72 нафарга тенг. АПЛ ва Ла Лига ўртасида айирбошлаш йўлга қўйилгани кўриниб турибди. Дарвоқе, энг оммалашган йўналишлар ўнлигида Россияга тегишли маршрут ҳам бор - руслар ўлкасида тўп сурган 92 нафар футболчи Арманистон лигасига ўтган.

Қизиғи, англияликлар халқаро трансферлар ҳажмини 22 фоизга қисқартиришган, шунга қарамай, сумма борасида биринчи ўриндалар - 1,5 миллиард доллар сарфлашди. Демак, бозордаги 20 фоиз кўрсаткич бир мамлакат ҳиссасига тўғри келмоқда. Бунга Испаниядан ўтказилган 1,28 млрд.ни, Италия сарфлаган 873 миллионни, шунингдек, Германия ва Франциянинг трансферларга ажратган 700 млн. долларга яқин пулларини қўшиб ҳисобласак, футболчилар хариди асосан бешта лигада амалга оширилаётганига гувоҳ бўламиз.

7,35 миллиарддан 5 миллиарди Европанинг бешта давлатидаги харидларга алоқадор. Бразилия билан солиштирадиган бўлсак, халқаро келишувлар бозорининг қандай кўринишда эканлигини аниқлаб оламиз. Тушунарлики, тескари трансфер баланси ҳам етакчи лигалар билан боғлиқ. Аммо бир истисно мавжуд - французларнинг хорижга сотган ўйин­чилари суммаси қилинган харажатлар умумий суммасидан 251 млн.га кўпроқ.

Демак, жаҳон чемпионларида кўрсаткич ижобий - Португалия (384 млн. доллар плюсда), Бразилия (299 млн. доллар фойда) ва Нидерландия (273 млн. доллар ишлади). Бельгия ҳам ўзини ёмон сезмаяпти - фарқ 113 млн. долларга тенг, шунингдек, Авс­трия ҳам футболчи сотишни тўғри йўлга қўйган, айниқса, Бундеслигага - ижобий баланс 81 млн. доллар. Транжирлар бўйича эса Европада Германия бешинчи ўринда - 146 млн. доллар зиён, кейинги поғонадаги Россияда бу кўрсаткич 185 млн.га тенг, зеро сотув деярли йўқ. Италияда - 346 млн., Испанияда - 373 млн., «чемпион» сифатида эса кутилганидек Англияни кўрсатиш мумкин. Туманли ўлка вакилларининг халқаро трансферларга ажратган пуллари четдан кириб келган маблағлардан 549,9 млн. долларга кўпроқдир.

Таъкидлаш жоизки, мазкур рўйхатда фақат Россия бундай дисбалансга эришолмайди, лига ва клублар даромади бунга йўл қўймайди. Ҳатто грекларда ҳам рационаллик нисбатан баландроқ - йўқотиш бор-йўғи 14,2 млн. евро, қолган федерациялар эса ёки плюсда (бундайлар УЕФА зонасида 36та) ё Украина клублари сингари 700 минг доллар атрофида зиён кўрган. Россия футболи топ-5дан андоза олмоқда, ваҳоланки, Австрия ёки Бельгия­дан ўрганишга интилса, яхшироқ бўларди.

Футбол бозорида қайси миллат вакилларига талаб катта? Бразилияликлар 1988та келишувда қатнашишган, аргентиналиклар - 946та, британияликлар иштирокидаги трансферлар сони 801та, французларники - 725та, бешинчи ўринда эса колумбияликлар - 633та битим. Кейинги ўринларда испанлар, нигерияликлар, ганаликлар, серблар ва уругвайликлар боришмоқда. Айниқса, Уругвай вакилларининг кўрсаткичи ажабланарли - аҳоли сони 3,4 миллион киши бўлган мамлакат футболчилари иштирокида 423та халқаро трансфер амалга оширилган.

Алоҳида миллат вакилларига сарфланган умумий пуллар ҳисобланса, французларнинг бразилияликларга яқинлашиб олишгани ойдинлашади - 826 млн.га қарши 925 млн. Агар Неймар ҳеч қаерга кетмаса, биргина Мбаппенинг трансфери ёрдамида етакчини қувиб етиш мумкин. Португалларнинг ҳам бозор нархи баланд - 544 млн. евро, бельгияликларнинг кўрсаткичи ҳам деярли шунча - Эден Азар трансферини қўшиб ҳисоблаганда, 500 млн. доллар. Юқори ўнликдан, шунингдек, испанлар, аргентиналиклар, голланд­лар, британияликлар, хорватлар ва итальянлар ҳам жой олишган.

Бу ерда ҳаммаси де Йонг, де Лигт, Азар ёки Лукаку сингари футболчиларнинг мавжудлигига боғлиқ. 2012-2019 йиллар мобайнида халқаро трансферлар бозоридаги кўрсаткич 2,66 млрд. доллардан 7,35 млрд. долларгача ошганини инобатга олган ҳолда, хулоса чиқариш мумкин - футбол хавф остида. 4,69 млрд.лик ўсиш мухлислар чўнтагидан қопланмоқда, чунки улар абонемент ва чипталарга янада кўпроқ пул сарфлашмоқда. Шунинг­дек, футбол учрашувларини бутун дунё бўйлаб томоша қилаётганлар ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Трансляцияларни кузатиш илинжида бўлганларнинг кўплиги ҳам миллионлар ўйинига даромаднинг «оқиб келиши»га замин яратмоқда.

Рекламалар ҳамма ерда бор, жумладан, интернетда ҳам. Клублар даромадининг мунтазам ўсиб бориши шундан, аммо бу соф фойданинг кўпайганлигидан далолат бермайди. Қолаверса, футболчилар маоши ва ўртачиларга тўланадиган пуллар ошяпти.

Амалдаги тизимни ажойиб деб бўлмайди. Мабодо, глобал иқтисодиёт билан нимадир юз берса, клублар оғир аҳволга тушиб қолишади, ахир уларнинг аксариятида кредитлар ва қимматбаҳо лойиҳалар бор, айримлар стадионни реконструкция қилишни режалаштиришмоқда. Ҳозирча, ФИФА футболчилар нархини пасайтиришни ўйламаётган экан, шунчаки, сарҳисоб қилиш билан чекланамиз. Европа - жаҳон футболи локомотиви. Атиги 100та клуб 5,9 миллиард долларга тенг келишувни амалга оширмоқда - бу жаҳондаги жами клублар трансферининг 80 фоизи демакдир.

Футболдаги келишувларнинг катта қисми эркин агентлар иштирокида амалга оширилди, яъни 7 млрд.лик кўрсаткич 2 685та трансфер самарасидир. Эътибор беринг, бу ҳолатда халқаро келишувлар, ички ўтишлар инобатга олинмаган, ваҳоланки, Шу даврда сайёрамизда 15 мингдан анча кўпроқ футболчи клубини алмаштирган. Аммо ФИФА муайян лигалардаги трансфер сиёсати қандайлигини кўрсатишга одатланган. Россиянинг халқаро келишувлардан кўрган зиён бўйича Европада тўртинчи, жаҳонда эса бешинчи ўринни эгаллаганига қараб хулоса чиқариш мумкин.

Руслардан юқорида фақат катта харажатларга қурби етадиган Англия, Испания, Италия, шунингдек, маҳаллий лигасига муносабатини ўзгартирган Хитой бор. Бундан кўринадики, молиялаштириш ҳажми бўйича Россия футболи етакчилар орасида, аммо пулни тўғри сарфлаш ва даромад орттириш бўйича аутсайдерлар сафида. Руслар 2019 йилда халқаро келишувлар учун 185 млн. доллар сарфлашди, лекин 18 йилда илк марта еврокубокларнинг баҳорги бос-қичига чиқа олишмади. Россия футболи вакилларининг 2020 йилда қандай йўл тутишларини кузатамиз, ахир пулдан унумли фойдаланишни ўрганиш вақти етди.

Жаҳон бозорида АПЛ ёки Ла Лигадагидек даромадларга эга бўлмай туриб, катта пул сарфлаш ҳатто хитойликларни ҳам қийнаб қўйди. Россия футболи ўз стратегиясини ўзгартириши, бельгияликлар, французлар ёки голландлардан намуна олиши керак. Футболчи тарбиялаб, уни четга сотиш, бу орқали келган пулларга янги хорижий ўйинчиларни харид қилиш - энг мақбул вариант.

Ҳ.АТАВУЛЛАЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz