Қайднома

Қидирув

Эҳ, «Палермо» бўлиб кет-е ёхуд ТУРКИЯ ФУТБОЛИДАН ШОУ...

Эҳ, «Палермо» бўлиб кет-е ёхуд ТУРКИЯ ФУТБОЛИДАН ШОУ...

  04.02.2020 10:30
  0
  349
Эҳ, «Палермо» бўлиб кет-е  ёхуд ТУРКИЯ ФУТБОЛИДАН ШОУ...

Дарвозабон қаторасига 2та пенальтини бартараф этди, кейин қизил карточка олиб, майдондан чиқиб кетди. Унинг ўрнини эгаллаган майдон ўйинчиси ҳам рақибнинг 11 метрли жарима зарбасидан гол уришига йўл қўйгани йўқ!

Туркия футбол пирамидасининг учинчи даражали дивизиони икки қисм­га бўлинган - «Қизил» ва «Оқ» гуруҳи. «Қизил» гуруҳнинг навбатдаги турида икки ўртамиёна клуб - «Усак» ва «Эрген» ўртасидаги оддий учрашувда мухлислар ўта ноёб воқелик гувоҳига айланишди. Мезбон жамоа - «Усак» 2:0 ҳисобида олдинда бораётган паллада «Эрген» пенальти тепиш ҳуқуқини қўлга киритди. Бу вақтда ўйин якунига яқинлашиб ҳам қолганди.

** Биринчи зарбадан кейин голкипер Эрсин Ойдин тўпни қайтаришга муваффақ бўлди. Бироқ бош ҳакам дарвозабон зарба берилишидан аввал чизиқдан олдинга чиқиб кетганига ишора қилиб, уни огоҳлантирди, меҳмонларга пенальтини қайта тепиш имкониятини берди.

** Ойдин иккинчи зарбани ҳам бартараф этди - қойил! Аммо ҳакам яна ўша сабаб туфайли ўйинни тўхтатиб, дарвозабонни иккинчи сариқ карточка билан «сийлади». Натижада Эрсин майдондан чиқиб кетди ва захира лимити тугагани сабаб, унинг ўрнини ҳимоячи Левент Актюг эгаллади.

** Қарангки, майдон ўйинчиси рақибнинг учинчи зарбасини йўққа чиқарди! Асосийси, у барчасини қоида асосида уддалади.

Энг қизиғи, 3та уринишни ҳам «Эрген»нинг бир футболчиси амалга оширди. Оқибатда ўйин шарҳларида ҳамма беихтиёр аргентиналик машҳур ҳужумчи Мартин Палермо билан юз берган машҳур воқеани эсга олди. Чунончи, у Америка кубоги доирасида Аргентина ва Колумбия миллий жамоалари ўртасида кечган учрашув давомида нақ 3та пенальтини кўкка совурганди. Фарқи шуки, Мартин бирданига эмас, маълум вақт фарқи билан 3 марта адашган эди.

Энди «Усак» бош мураббийи Ҳасан Эркин Шимшир бу ўйинни узоқ вақт унутмаса керак. «Бизда учрашувни йирикроқ ҳисобда ўз фойдамизга ҳал қилиш имкони ҳам бор эди. Бироқ охирида бироз бўшашдик. Муҳими, ўйин чиройли тарзда хотима топди: дарвозабонимиз кетма-кет 2та пенальтини бартараф этди, кейин ҳимоячимиз ҳам унинг бу ишини такрорлади. Тўғриси, футболда ҳеч қачон бундай воқеани кўрган эмасдим», - деди Эркин Шимшир учрашув якунлангач.

 

 


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz