Қайднома

Қидирув

Мушт зарби оёққа ҳам кўчсин ёхуд Муроджон Аҳмадалиев футболимиздаги хатони такрорламади

Мушт зарби оёққа ҳам кўчсин ёхуд Муроджон Аҳмадалиев футболимиздаги хатони такрорламади

  05.02.2020 10:36
  0
  528
Мушт зарби оёққа ҳам кўчсин ёхуд Муроджон Аҳмадалиев футболимиздаги хатони такрорламади

Осмон ҳар доим қора булут билан қопланиб туравермайди. Само узра, барибир, Қуёш чарақлайди ва Ер юзи Офтоб нурларидан яйрайди. Изтироб билан ёш тўккан кўзлар бир кун, албатта, кулади. Мағлубиятлардан кўнгли зада мухлиснинг ғалабадан кайфияти кўтарилади, яъни унинг ҳам «кетмони учади». Хуллас, ойнинг ўн беши қоронғи бўлса, ўн беши ёруғ. Ана, Муроджон Аҳмадалиев профессионал боксдаги икки йўналишда жаҳон чемпиони сифатида эътироф этилгач, юқоридаги мулоҳазалар онгу шууримизни чулғади. Ҳа, чустлик чапдаст жангчи, ёвқур бокс­чи улуғ аждодларига муносиб авлод вакили эканлигини исботлади. У кучли рақиби - амалдаги чемпион Романни енгиб, жаҳон бокси тарихидаги янги ғалаба романини ёзди. Олимпиячиларимиз оёқлари билан ёзолмаган романни у муштлари воситасида тарихга муҳрлади. Шу тариқа бир ҳафта аввал, яъни Любинко Друловичнинг дўмбираси ёрилгач, кўзига дунё тор кўринган мухлис олис-олислардаги виқорли тоғларга мағрур-мағрур боқди, дунё нақадар кенглигидан ҳайратланди. Албатта, Президент Шавкат Мирзиёевнинг мард ўғлон - «Ўзбекистон ифтихори» унвони соҳибига йўллаган миннатдорчилик мактубидан боши осмонга етди. Майли, футболда бўлмаса, боксда жаҳонда тенгсизмиз-да. Не-не қудратли давлатлар вакиллари Ўзбекистон мушт­лари, залворли зарбалари қаршисида ожизлар. Бунга ҳам етганлар бор, етмаганлар бор.

 

Хўш, Муроджоннинг ютуғи нимада эди? Барчамиз кўрдик, кузатдик. У жангнинг авж нуқтасида рақибини уриб қолди, очколарни йиғиб олди. Якунда эса хотиржам ҳимояланди ва ҳисобда ғалаба қозонди. Эътибор беринг, ўта муҳим жанг ва кичик ҳисобли ғалаба! Жанубий Корея, Саудия Арабистони, Австралия олимпиячилари шундай кичик ҳисобда ғалаба қозониш эвазига Токио-2020 йўлланмасини қўлга киритишди. Минимал фарқли устунлик «Ал-Айн»ни ҳам ОЧЛ гуруҳ босқичига олиб чиқди. Карим Бенземанинг биргина голи эса «Мадрид дербиси»да «Реал»га ғалаба келтирди ва Зайниддин Зидан жамоаси етакчиликни мустаҳкамлади. Қаранг, кучлилар бир гол уриб, ғалаба нашидасини суришмоқда. Бизнинг футбол эса битта гол қўйиб юбориб, алам билан ер муштламоқда. Муроджоннинг тактикасидан ўрнак олинмас экан, футболимизни шу армон қийнайверади, назаримизда.

Любинко Друлович шогирдлари Саудия Арабистони ва Австралия олимпиячиларига қарши кечган муҳим учрашувларнинг биринчи бўлимида ўта қулай вазиятлардан фойдаланишмади, урилиши шарт голларни уришмади. Агар ўша вазиятлардан самара чиқарилиб, лоақал 2тадан гол уришганида, қўйиб юборилган 1тадан тўп натижага таъсир кўрсатолмасди. Муроджон шу хатоларни кўрди ва уларни такрорламади, яъни очко йиғишни якунга сурмади.

Футболда ҳам, боксда ҳам ёзилмаган шафқатсиз қонун бор: баҳс ниҳоясида ҳужум қилишга кўзинг етмайдими, рақиб босимини қайтаришга қийналасанми, марҳамат, гол уриш ёки очко йиғишни аввалроқ уддала. Ана, «Сассуоло» анча кучли «Рома»ни шу усулда жазолади. Агар камтарин клуб ўйиннинг қизиғида 3та гол уриб олмаганида, кейин «бўрилар» босимига бардош беромасди. «РБ Лейп­циг» иккинчи бўлимда қутуриб кетишини билгани учун ҳам «Боруссия» М. илк 45 дақиқаликдаёқ 2та гол урди ва бир амаллаб дуранг натижани таъминлади. Ўйиннинг пасту баландини олдиндан ҳис қиладиганлар одатда шундай йўл тутишади. Футболимиз эса доим шу каби маромни белгилашда адашади, вазиятни бошқаролмайди. Ҳаттоки, Вадим Абрамов шундай муаммо сабаб, ўз майдонимизда Саудия Арабистони термасига ютқазди. Демак, футболимиз бошини эгаётган ва етмай қолаётган «бир қадам» муаммосидан қутулишнинг ягона йўли - рақибдан аввал икки қадам ташлаш. Аёнки, буни мураббийлар ҳам, футболчилар ҳам яхши билишади. Фақат амалга оширишолмайдилар, холос.

Хўш, боксчиларимизнинг бу борадаги устун жиҳатлари нимада? Бизнингча, боксчиларимиз мулоҳаза юритиш, фикрлаш масаласида футболчиларимиздан анчайин устундирлар. Айтинг-чи, қайси футболчимиз нутқ маданияти ва тафаккур, таҳлил бобида Шоҳжаҳон Эргашевга тенг келади?! Кескин хулоса учун узр, лекин аччиқ ҳақиқатни тан олиш лозим. Рингда ёввойи эҳтироси ва ҳайқириғи билан рақиби юрагига қўрқув солгувчи енгилмас боксчи мулоқот чоғи журналистларнинг олқишига сазовор. Таиланд турнири жараёнида кўзга ташландики, «ойнаи жаҳон»га таклиф қилинган футболчи ва мураббий борки, нуқул чайналди, дудуқланди. Бунинг сабаби шуки, аслида пишиб етилмаган, ўзи йўқ фикр-мулоҳаза тилга кўчмайди ва бир хил «пластинка» айланаверади. «Яхши ўйнадик! Мағлубиятга лойиқ эмасдик!» қабилида асабни бузувчи жумлалар такрорланаверади.

Остон Ўруновни олимпия терма жамоасига жалб қилмаган Любинко Друлович ҳам шу жумлаларни такрорлади-ю, юртига жўнаб қолди. «Навбаҳор» авангардига айланиб, пойтахтдаги учрашувда «Пахтакор» лидерларини довдиратган, кейин эса адашиб, «Локо» «тузоғи»га тушган футболчи эса «Уфа»га ўтди. Бир истеъдод йўлини топгани рост бўлсин! Ғайрат, навқиронлик, лидерликка интилиш жамоада ғалаба кайфиятини белгиламайдими?! Нимага белгиламас экан?! Албатта, белгилайди. Шу сабабга кўра, Эрлинг Холанд 3та учрашувдан буён гол уриб, «Боруссия» Д. ўйинига ўзгача шукуҳ бағишламоқда. Остон Ўруновда шундай шукуҳ бор эди ва бу хислат олимпия терма жамоамизга етишмади. Йўқ, умуман, футболимизга етишмаяпти. Акс ҳолда, ПФЛ аллақачон қуръа маросимини ташкиллаштирган бўларди...

Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz