Қайднома

Қидирув

«Челси»нинг бизнес сабоғи ёки ОРТИҚЧА ФУТБОЛЧИЛАР ОРТИДАН ПУЛ ТОПИШ ЙЎЛИ

«Челси»нинг бизнес сабоғи ёки ОРТИҚЧА ФУТБОЛЧИЛАР ОРТИДАН ПУЛ ТОПИШ ЙЎЛИ

  06.02.2020 09:26
  0
  514
«Челси»нинг бизнес сабоғи ёки ОРТИҚЧА ФУТБОЛЧИЛАР ОРТИДАН ПУЛ ТОПИШ ЙЎЛИ

«Челси» мураббийларни истеъфога чиқариш оқибатида кўп пул йўқотади, лекин жамоанинг алоҳида трансфер сиёсати мақтовга лойиқ. Лондонликлар таркибдаги кераксиз футболчилар воситасида қўшимча маблағ топишни яхши ўзлаштиришган. Мана, «аристократлар» шу аснода ёшларни тараққиёт сари йўналтириш баробарида трансферлар бўйича тақиқ даврини хотиржам ўтказишди. Тўғри, бош мураббий Фрэнк Лэмпард янги ижрочиларга эҳтиёжи борлигини яширмаяпти, барибир.

«Челси» айни пайт АПЛ турнир жадвалида 4-ўринни эгаллаб турибди. Бу ЕЧЛ йўлланмасини таъминлайдиган поғона. Асосийси, кўпчилик Лэмпард ишидан қониқмоқда: ёш мураббий унча кучли саналмаган таркиб максимал даражада ўйнашини таъминлаяпти, қолаверса, ёш йигитларни қойилмақом спорт формасига киришларига туртки бермоқда. Муҳими, «Челси»нинг майдондаги муваффақияти клубнинг иқтисодий юксалишига ҳамоҳанг бўлмоқда. Ҳар ҳолда, лондонликлар ортиқча футболчиларни вақтида сотиш ёки ижара асосида бошқа клубларга юбориш асносида барқарор тарзда пул топишяпти. Рақамларда айтсак, «Челси» охирги 2,5 мавсумда жами 125 миллион еврога футболчи сотибди.

2015 йили «Челси» ихтиёридаги нақ 32 нафар футболчи бошқа жамоа­ларда ижара муддатини ўтаётганди. Жумладан, Жереми Бога, Марио Пашалич, Андреас Кристенсен, Марко ван Гинкель, Виктор Мозес, Хуан Куадрадо, Натан Аке, Муҳаммад Салоҳ ва Доменике Соланке. Ўша вақтдаги бош мураббий Жозе Моуриньо барча ижарачиларни танишини таъкидлаган эди: «Ҳа, жамоага тегишли ҳар бир йигитни яхши биламан. Бироқ сеҳргар эмасман, уларга лоақал келажакда асосий таркибдан жой олишлари хусусида кафолат беролмайман. Ҳар бир футболчи аввало, «Челси»да ўйнашга муносиб эканлигини амалда исботлаши керак. Тўғри, ўйлашимча, клуб раҳбарияти яқин вақт ичида айрим йигитлар шартномасини қайта кўриб чиқади». Энг қизиғи, ўша гуруҳдаги футболчилар орасида биргина Андреас Кристенсен кейинчалик «Челси» асосий таркибидан муқим жой олди. Клуб қолганларни ўзига манфаатли шартлар асосида сотди. Иккинчи даражали футболчиларни сотиш кампанияси айниқса, мавсум-2017|2018 бошида юқори нуқтага кўтарилди. «Аристократлар» шундан буён 20 нафардан кўп футболчи билан хайрлашишди.

Planet Football портали маълумотларига қараганда, «Челси» охирги 2,5 мавсум давомида захира футболчилари сотувидан нақ 125 миллион евро топган. Бунда Эден Азар, Тибо Куртуа, Неманья Матич ва Диего Кос­та каби етакчи ўйинчилар трансфери инобатга олинмаган. Тўғри, Planet Football рўйхатга айрим кучли футболчиларни ҳам қўшган - Натан Аке, Бертран Траоре, Хуан Куадрадо, Сеск Фабрегас, Асмир Бегович. Энг асосий факт: «Челси» бундай футболчилардан айримларини харид суммасидан баландроқ баҳода сотган. Дейлик, Асмир Бегович учун «Сток Сити»га 11 миллион тўланган бўлса, унинг учун «Борнмут»дан 11,5 «лимон» олинган.

Яна бир муҳим ҳолат - «Челси» ижара келишувларидан ҳам бинойидек пул жамғармоқда. Мисол учун, баъзи ёш ва унча кучли саналмаган ўйинчиларнинг ижара шартномаси баҳоси бир неча юз минг еврони ташкил қилади. Нисбатан савияли футболчилар эса «Челси» ғазнасига миллион ҳисобида маблағ келтиришмоқда. Курт Зума - ёрқин мисол. Бу йигит 2014 йилнинг январидан буён «Челси» ихтиёрида. У ортда қолган даврда 3та ижара муддатини ўтади ва Лондон клубига жами 15,7 миллион евро келтирди. «Аристократлар» Зумани «Сент-Этьен»дан 14,6 миллионга сотиб олишганини назарда тутсак, чакки эмас, тўғрими?

Хулоса: трансфер тақиқи «Челси»га жиддий талофат етказгани йўқ. Аксинча, клуб бироз маблағ тежаш баробарида ёш иқтидорларини катта саҳнага олиб чиқди. Эслатма, ФИФА 2019 йилнинг февраль ойида «Челси» томонидан трансферлар регламенти бузилган 29та ҳолатни аниқлаб, клубга янги футболчиларни харид қилиш масаласида тақиқ қўйди (2та трансферлар бозорида). Тўғри, яқинда жазо муддати қисқартирилди ва «Челси» энди қишки бозорда бемалол иштирок этиши мумкин. Аслида Лондон жамоаси ўтган йил ёзда ҳам атиги 1та харидга қўл урганди - Матео Ковачич трансферини тўлиқ сотиб олиш учун «Реал»га 51,3 миллион евро тўланди. Бошқа барча потенциал кучайиш ёшлар жамоаси вакилларининг «асосий»га тортиш ҳисобига таъминланди. Transfermarkt маълумотларига кўра, Рис Жеймс ва Мэйсон Маунт жорий мавсум стартидан олдин ҳам «Челси» U-23 таркибида эдилар. Энди улар асосий жамоанинг тўлақонли аъзоларига айланиб улгуришди. Қисқаси, «Челси» трансфер тақиқи амалда бўлган вақт­да ўзида мавжуд имкониятлардан максимал даражада фойдаланиб, бир қатор тарбияланувчиларини катта йўлга олиб чиқди.

 «Челси» жорий мавсумда: энг, энг, энг...

 (24-турдан кейинги ҳолат)

АПЛдаги ўйинлари сони бўйича етакчилар (алмаштирилмас дарвозабон Кепа Аррисабалагани ҳисобга олмаганда) - Мэйсон Маунт (21 ёш) ва Тэмми Абрахам (22 ёш)

АПЛдаги ўйинларда голлар сони бўйича етакчилар: Тэмми Абрахам (22 ёш, 13та гол), Мэйсон Маунт (21 ёш, 5та гол), Кристиан Пулишич (21 ёш, 5та гол)

АПЛдаги ўйинларда ассистентлик бобида етакчи: Каллум Хадсон-Одои (19 ёш, 5та самарали узатма)

Жорий мавсум АПЛда Фикайо Томори ҳам чакки кўринмаяпти, охирги вақтларда эса Андреас Кристенсен ва Рис Жеймс асосий таркибга кира бошлашди. Демакки, Лэмпард ўз ихтиёридаги ёшлар «блок»идан мамнун. У жамоанинг ички потенциали яна 2-3 мавсумдан кейин бош соврин учун даъвогарлик қилишга етишини тез-тез таъкидламоқда. Лэмпард шунинг баробарида энг муҳим паллада ёшларнинг ўзлари билан натижа қайд этиш қийинлигини ҳам тушунмоқда: «Ёзда оғриқли тарзда жазоландик. Зеро, клуб тарихидаги энг яхши футболчилардан бири Эден Азарни йўқотдик. Футбол ўзи шунақа. Олдимда турган бош вазифа - ҳар куни машғулотларда тинимсиз ишлаб, йигитларни янги савияга олиб чиқиш. Аввалги ёзда ўз позициямизни сақлаб қололмадик ва энди олдинга юриш учун трансферларга эҳтиёжимиз бор. Маблағ менинг муаммом эмас, барчасини рўй-рост айтиш эса - мажбуриятим». Декабрда трансфер тақиқи олиб ташлангач, The Telegraph нашри «Челси» раҳбарияти Лэмпардга харидлар учун 150 миллион фунт ажратиши ҳақида хабар тарқатди. Лекин ҳозирча мега-трансферлардан дарак йўқ. Эҳтимол, «аристократлар» мавсумни ҳозирги ёшлар билан якунлашни маъқул кўришаётгандир...


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz