Қайднома

Қидирув

Ўзбекистонлик боксчилар сўнгги 4 йилда нималар билан тақдирланишди: Мошина, уй, пул ва ҳоказолар...

Ўзбекистонлик боксчилар сўнгги 4 йилда нималар билан тақдирланишди: Мошина, уй, пул ва ҳоказолар...

  06.02.2020 00:10
  0
  312

Профессионал бокснинг иккинчи ярим енгил (-55, 34 кг) вазн тоифасида WBA ва IBF камарларини қўлга киритиган Муроджон Аҳмадалиевга Президент совғаси сифатида Chevrolet Tracker ҳамда Тошкент шаҳридан уч хонали уй совға қилинди.

Коллаж: «Дарё»

Сўнгги 4 йилликда боксчиларга машина ёки уй совға қилиниши янгилик эмас. Биз эса 2016 йилдан бери ўзбекистонлик боксчилар эришган ютуқлари учун қандай совға ва мукофотлар билан тақдирланганини бир саҳифага жамлашга ҳаракат қилдик.

Бразилия мезбонлик қилган ХХХI ёзги Олимпиада ўйинларида ўзбекистонлик 7 нафар боксчи совриндорга айланди. Ҳасанбой Дўстматов, Шаҳобиддин Зоиров, Фазлиддин Ғоибназаров олтин медалга эга чиққан бўлса, Шаҳрам Ғиёсов ҳамда Бектемир Мелиқўзиев ўз вазн тоифаларида кумуш медални қўлга киритди. Рустам Тўлаганов ва Муроджон Аҳмадалиев эса Ўзбекистон номига бронза медалларни ёзиб қўйди. Мусобақадан аввал ваъда қилингандек, олтин 200 минг, кумуш 100 минг, бронза медал соҳиблари эса 75 минг АҚШ доллари мукофот пулига эга бўлди. Бундан ташқари ҳар бир совриндор спортчига Chevrolet Malibu автомобили топширилди.

Фото: МОҚ

Риодан қайтган спортчиларни вилоят ҳокимликлари ҳам тақдирлашни канда қилмади. Хусусан, Муроджон Аҳмадалиевга Наманган шаҳридан икки хонали уй совға қилинди. Қайд этиш жоиз, Муроджон 2015 йил Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон Чемпионатида кумуш медал билан тақдирланган ва Олимпиада йўлланмасини қўлга киритгани учун ҳокимлик унга Chevrolet Cobalt ҳадя қилганди.

Орадан бир йил ўтиб, Германиянинг Гамбург шаҳри бокс бўйича навбатдаги Жаҳон Чемпионатига мезбонлик қилди. Унда Ўзбекистон терма жамоаси умумжамоа ҳисобида Кубадан сўнг иккинчи ўринни қўлга киритди. Терма жамоа ҳисобига ягона олтинни эса Шаҳрам Ғиёсов келтирди. Спортчи Бухорога қайтиши билан вилоят ҳокимлиги уни ва мураббийи Равшан Хўжаевни Chevrolet Gentra автомобиллари билан мукофотлади.

Фото: МОҚ

2018 йили Индонезия мезбонлигида ўтган ёзги Осиё ўйинларида ўзбекистонлик боксчилар 7 та медални қўлга киритди. Жасурбек Латипов, Миразизбек Мирзаҳалилов, Иқболжон Холдоров, Бобоусмон Ботуров, Исроил Мадримов олтин медалга эга чиқди. Ҳасанбой Дўстматов ҳамда Шунқор Абдурасулов эса кумуш медални қўлга киритди. Ваъдага кўра, олтин медалчилар 5000 минг доллар, кумуш медаль соҳиблари эса 3000 минг долларли бўлди.

Фото: Мудофаа вазирлиги

2019 йил апрелида Таиландда навбатдаги Осиё чемпионати ўтказилди. Унда олтин медалга эга чиққан Баҳодир Жалоловга Сурхондарё вилояти ҳокимлиги томонидан Термиз шаҳридан 2 хонали уй совға қилинди.

Фото: Сурхондарё вилояти матбуот хизмати

2019 йил сентябрида эса Россиянинг Екатеринбург шаҳри бокс бўйича навбатдаги Жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон терма жамоаси спортчилари умумжамоа ҳисобида 3 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза медали билан мусобақани 1-ўринда якунлади. Олтин медалга эга чиққан Баҳодир Жалолов, Шаҳобиддин Зоиров, Миразизбек Мирзаҳалиловлар Президент совғаси сифатида сиз-у бизга яхши таниш Chevrolet Tracker совға қилинди. Кумушчи Дилшодбек Рўзметовга Gentra, бронзачи Бобоусмон Ботуровга эса Nexia-3 насиб этди.

Фото: Бокс федерацияси

Таъкидлаш жоиз, Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳам тақдирлаш маросимидан олдинроқ олтин медал соҳиби Шаҳобиддин Зоиров ва унинг мураббийига биттадан Chevrolet Tracker’ни тортиқ қилишга улгурганди.

Фото: «Дарё»

Tracker’дан ҳеч қанча ўтмай, мусобақанинг энг яхши боксчиси сифатида эътироф этилган Баҳодир Жалоловга Тошкент шаҳридан уй совға қилинди.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги

Бироз вақт ўтиб эса Фарғона вилояти ҳокимлиги Миразизбек Мирзаҳалиловга шаҳар марказидан уй совға қилди.

Фото: «Дарё»

Маълумот учун, 2020 йил Япониянинг Токио шаҳри навбатдаги ёзги Олимпиада ўйинларига мезбонлик қилади. Унга йўлланмани қўлга киритган ўзбекистонлик спортчиларга 100 миллион сўм мукофот пули ваъда қилинган. Эслатиб ўтиш ўринли, Рио—2016 Олимпиадаси йўлланмаси учун 50 миллион сўм мукофот пули белгиланганди.

Ўзбекистонлик боксчилар 3—11 март кунлари Иорданиянинг Амман шаҳрида Токио Олимпиадаси йўлланамаси учун кураш олиб боради.


Манба: daryo.uz, iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz