Қайднома

Қидирув

Хитойдан АПЛга

Хитойдан АПЛга

  07.02.2020 05:08
  0
  418
Хитойдан АПЛга

Бу сафар қишки трансферлар бозорида суперсенсацион ўтишлар кузатилмади. Ҳаттоки, сенсацияга тортадигани ҳам йўқ. Аммо энг «интрига»сифат трансфер 1 февралга ўтар кечаси расмийлаштирилди - «МЮ» Одион Игало билан шартнома тузди. Бу трансфер нимаси билан ғалати? Гап беваларга ёрдам қўлини чўзган, улар учун алоҳида Меҳрибонлик уйи очган ва ЖЧдан кейин кучли таҳдидларга учраган футболчи ҳақида кетмоқда. Тўғри, Англия клуби бу харидни эълон қилганича йўқ, лекин таниқли инсайдерлар бу борада тарқатиб бўлишди. Мисол учун, Давид Орнштейн (The Athletic). Шунингдек, Sky Sports ҳам трансферни расман «тасдиқлади». Хўш, Игало ҳақида нималарни билиш керак?

* Одион Игало 30 ёшда. У «МЮ» тарихидаги нигерия­лик биринчи футболчидир. Позицияси - марказий ҳужумчи.

* Трансфер шарти - мавсум охиригача мўлжалланган ижара. Унда кейинчалик футболчини тўлиқ сотиб олиш кўзда тутилмаган. Кутилишича, Игало яқин кунлар ичида «қизил иблислар» сафига қўшилади.

* Transfer News маълумотларига кўра, нигериялик ҳужумчи «МЮ» сафида тўп суришни шунчалик хоҳлаганидан «Тоттенхэм» ва «Интер» каби клублар таклифларини ҳаттоки, кўриб ҳам чиқмаган. Чунончи, болалигидан айнан «қизил иблислар»га мухлислик қилган экан. У хусусан, клубнинг даҳшатли ҳужум тандеми - Энди Коул-Дуайт Йорк боғламига кумир сифатида қараган. Бунга ишониш мумкин. Ҳар ҳолда, Одионнинг «МЮ» либосида тушган суратлари кўп.

* Игало еврофутболдаги фаолиятининг бошланғич қисмида «Люн» (Норвегия) сафида тўп сурган. Кейин эса «Удинезе» сафига қўшилган, аммо асосан ижара муддатларини ўтаган. Мисол учун, «Гранада»да нақ 5 мавсум ўйнаган. Якунда «Уотфорд»да ўзини кўрсатган - икки мавсумда 35та гол. Бироқ учинчи мавсумда атиги 1та гол ургач, Хитойга йўл олган. У 3 йилдан буён Чин юртида тўп сураётганди.

* Хитойда «Чанчун Ятай» (Суперлигада аввалига 7-ўринни олган жамоа кейинги мавсум қуйи дивизионга тушиб кетди) ва «Шанхай Шенхуа» (13-ўрин) шарафини ҳимоя қилди. Қисқаси, клублари юқори ўринлар учун курашмаган бўлсада, футболчининг ўзи мунтазам равишда гол урди - 3 йилда маҳаллий лигада 46та аниқ зарба. Ёмон эмас, тўғрими?

* Игало ўтган йили ёзда Нигерия миллий жамоаси сафида Африка кубоги бронза медали совриндори бўлди. 2018 йили эса Калининград, Волгоград ва Санкт-Петербургда «супербургутлар»нинг ЖЧ дои­расидаги ўйинларида майдонга тушганди. Тўғри, у мундиалда фақат захирадан майдонга тушиб,  айтарли каромат кўрсатолмади. Қолаверса, ЖЧдан ке­йин нигериялик мухлисларнинг ҳисобсиз таҳдидлари ичида қолди. Уни миллий жамоага жон куйдирмасликда айблашди.

* Игало хайрия ишларига кўп маблағ ажратади. Бу ҳақда унинг ўзи ҳам бундан 4 йил муқаддам, яъни «Уотфорд»да ўйнаган вақти ҳикоя қилганди. «Оила - мен учун биринчи рақамли масала, - деганди футболчи. - Шунинг баробарида эҳтиёжманд кишиларга имкон даражасида ёрдам қўлини чўзаман. Чунки камбағал оилада улғайганман, ночорлик нима эканлигини жуда яхши биламан. Ҳозирда болалар ва мактабларга пул ажратяпман, эрини йўқотган 45 нафар бевага ғамхўрлик қиляпман. Алоҳида хайрия ташкилоти тузишга ҳам уриняпман. Қайтараман, пулсизлик нечоғли қийинлигини биламан. Ҳозир менда ҳаммаси жойида, бироқ меъёрни унутмаган ҳолда, сарлашга мажбурман. Афсуски, барчага ёрдам беришга қодир эмасман».

Одион Игало 2017 йили ўз шаҳри - Ижегунеда Меҳрибонлик уйи очган. Футболчи бу муассасани барпо этиш йўлида чамаси 1 миллион фунт стерлинг сарфлаган. Меҳрибонлик уйида 30-40 нафар бола учун барча шароитлар муҳайё қилинган. Дейлик, ўғил болалар ва қизлар учун алоҳида яшаш бинолари қурилган. Болалар муассасада 18 ёшга тўлгунларича тарбияланишади. Қисқаси, Одион ажо­йиб инсонпарвар ва алоҳида мухлислик қилишга арзийдиган йигит.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz