Қайднома

Қидирув

Мальдив термаси ҳаракати

Мальдив термаси ҳаракати

  09.02.2020 01:56
  0
  411
Мальдив термаси ҳаракати

Мальдивликлар ҳам ЖЧ-2022га чиқишни кўзлашмоқда, мамлакат миллий жамоаси бош­қарувини эса ўша маълуму машҳур Ривалдо қўлга олиши мумкин. Нима, бу тасодифий ҳаракатми? Очиғини айтиш керак, матбуотда Мальдив ҳақида маълумот берилмайди, ҳисоб. Кўпчилик бу мўъжаз мамлакатни таътил учун муносиб жой сифатида билиши ҳам рост. Дейлик, таниқли футболчилар орасида Мальдив оролларида ҳордиқ чиқаришни одатга айлантирганлари кўп. championat.com сайтининг махсус мақоласида таъкидланишича, оролликлар энди футбол тараққиётига ҳам катта эътибор қарата бошлаган кўринадилар.

Бундан 2 ойча муқаддам Мальдив футбол федерациясига янги техник директор таклиф этилди - масъулиятли лавозимга англиялик Жудан Али тайинланди. Диққат қилинг, ушбу мутахассис билан бирданига 10 йиллик шартнома тузилди. Йўқ, бу хатолик эмас, келишув чиндан ҳам, 2029 йил охиригача мўлжалланди. Жудан Али ким? У Лондонда туғилган, лекин аждодлари осиёлик ҳисобланишади. Жудан вақтида «Арсенал» мактабида таҳсил олган ва Рэй Парлор, Поль Мерсон каби машҳур футболчилар билан бирга шуғулланган. Бироқ Алига улар каби юқори даражага чиқиш насиб этгани йўқ. Хуллас, футболчи сифатида ишлари юришмаган Жудан барчасини тушуниб, эрта кунда мураббийлик билимларини ўзлаштиришга киришди. Жумладан, «Барселона» академиясида малака оширди. У шу тариқа 2012 йили ФИФАнинг «А» тоифали мураббийлик лицензиясини қўлга киритди. Орада ҳаттоки, Англия нашрларида Али Жуданнинг «Блэкберн» бош мураббийи сифатида иш бошлаши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Зеро, бу клуб осиёлик бизнесменларга қарашли. Бироқ хабарлар тасдиқланмади. Али кейинчалик Гонконг чемпионатига йўл олди. Умуман, унинг тарихи ҳинд фильми - Dhan Dhana Dhan Goal сюжетларига ўхшаб кетади. Бу картинада Лондонда футбол фаолиятини йўлга қўйишга уринган осиёлик йигит ҳаёти ҳақида ҳикоя қилинган.

Энди Али Жудан янги иш жойи ва ролда ўзини синаб кўради. Унинг зиммасидаги бош вазифа - Мальдив футболини юқорироқ босқичга олиб чиқиш. Сон-саноқсиз ороллардан ташкил топган мамлакатда чамаси 400 минг киши истиқомат қилади. Демак, Алининг олдида мураккаб синов турибди. «Март ойида Мальдив пойтахтида катта футбол марказини очамиз, - деди Жудан SunSport нашрига берган интервьюсида. - Режага мувофиқ, у ерда 100 нафар бола доимий тарзда яшаб, футбол билан шуғулланади. Яқинда Мальдивга махсус таклиф билан ташриф буюрган Яя Туре бажараётган ишларимизни кўриб, шунчаки, ҳайратда қолди. Шундай марказлар сонини 8тага етказсак, 6-7 йилдан кейин нима бўлишини ўзингиз тасаввур қилиб олаверинг...»

Алининг сўзларига мувофиқ, унинг учун бугунги энг катта масала - миллий жамоага муносиб янги бош мураббий топиш. Чунончи, германиялик мутахассис Петар Сегрт билан тузилган шартнома 2019 йил охирида ўз кучини йўқотди. Мальдивликлар айни пайт кўплаб мураббийлар номзодини ўрганиб чиқишмоқда. Хусусан, мамлакат футбол федерацияси техник директори почтасига чамаси 150 нафар мутахассис ҳақидаги маълумотлар келиб тушган. Али эса танлов бўйича жуда эҳтиёткор бўлиш лозимлигини тушанади. Унинг талаби аниқ - Мальдив терма жамоаси бош мураббийи лавозимида ишлайдиган киши ташқи оламдаги гўзал ҳаётни унутиши, ишга ўта масъулият билан ёндашиши шарт. Оддий айтганда, у Мальдивдаги ишга «навбатдан ташқари таътил» сифатида қарамаслиги керак.

Энг эътиборли томони, Али Мальдив миллий жамоасидаги иш юзасидан ҳаттоки, яқиндагина мураббийлик лизенциясини олган бразилиялик Ривалдо билан ҳам гаплашиб кўрибди. Шунингдек, у «Манчестер Сити»нинг собиқ раҳбари Питер Рид билан алоқага чиққан. Умуман, Али рўйхатида Жулио Сезар, Манише ва Нолберто Солано номзоди ҳам бор. Эслатма, Мальдив терма жамоаси ЖЧ-2022 саралаши иккинчи раундида курашни давом эттирмоқда. Тўғри, мальдивликлар ўз гуруҳларида фаворит саналишмайди, албатта, лекин уларда кейинги раундга чиқиш умиди бор, барибир. Алининг айтишича, мальдивлик футболчилар ўйин услуби жиҳатидан испанларга ўхшашади, лекин Англия лигалари мезони бўйича ҳамон яримпрофессионал мақомида қолиб кетишяпти. Яъни футбол улар учун иккинчи даражали машғулот саналади. Ҳаттоки, Мальдив терма жамоаси аъзолари учун ҳам шундай. Дейлик, айримлар кун бўйи балиқчилик билан шуғулланишади ва фақат кечқурун машғулотларда иштирок этишади. «Ҳозирги паллада бизга футболчиларни талаб даражасида шайлантирадиган мутахассис керак. Март ойида миллий жамоа Хитой термасига қарши майдонга тушади - ЖЧ саралашидаги муҳим ўйин. Агар хитойликларни енга олсак, Сурия ва Филиппин жамоалари билан кейинги баҳслар олдидан ўз кучимизга ишонч ҳисси ортиши ва ЖЧ-2022 саралашининг навбатдаги босқичига чиқиш имконияти яхшиланиши аниқ» - бу Али Жуданнинг яқин келажак учун орзуси.

 

Мальдивликлар ЖЧ-2022 саралаши иккинчи босқичи «А» гуруҳида Сурия, Хитой, Филиппин ва Гуам терма жамоалари билан кураш олиб боришмоқда. Оролликлар 6-турдан сўнг 6 очко тўплаган ҳолда, 4-ўринда боришмоқда. Лекин улар 2-ўриндаги Хитой термасидан атиги 1 очкога орқадалар.

 

ЖЧ-2022 саралаши иккинчи босқичи «А» гуруҳидаги ҳолат (6-турдан сўнг)

 

1. Сурия         5   5   0   0   14-4 15

2. Хитой        4   2   1   1   13-2 7

3. Филиппин 5   2   1   2   8-8   7

4. Мальдив ор. 5   2   0   3     6-10      6

5.Гуам            5          0          0          5          2-19      0

7-тур. 26 март (пайшанба)

Хитой - Мальдив ор.

Филиппин – Гуам


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz