Қайднома

Қидирув

«Барса»ча «айтдим-қайтдим» ёки СЕДРИК БАКАМБУ ФАОЛИЯТИДАГИ ЭНГ КАТТА «ДАРЗ»

«Барса»ча «айтдим-қайтдим» ёки СЕДРИК БАКАМБУ ФАОЛИЯТИДАГИ ЭНГ КАТТА «ДАРЗ»

  09.02.2020 10:23
  0
  403
«Барса»ча «айтдим-қайтдим» ёки СЕДРИК БАКАМБУ ФАОЛИЯТИДАГИ ЭНГ КАТТА «ДАРЗ»

Хитойда «Пекин Гуоан» клуби шарафини ҳимоя қилаётган конголик ҳужумчи яқинда ёпилган қишки трансферлар бозорини узоқ вақт афсус ва надоматлар билан эслаб юрса, ажабмас. Бакамбу еврофутболда қишки савдолар муддати тугаши арафасида Испанияга йўл олиш имкониятини ҳосил қилди. Яна қайси жамоага денг? Камида 3 ой муддатга сафдан чиққан Луис Суарес ўрнига марказий ҳужумчи қидираётган «Барселона»га! Каталония клуби таклифи даҳшатли вирус туфайли Хитой миллий чемпионати старти маълум вақтга сурилган паллада футболчи учун айни муддао бўлди. Аммо...

«Барселона» спорт директори вазифасида ишлаётган Эрик Абидаль футболчининг агентлари билан барча масалаларни ҳал этгач ва «Пекин Гуоан» раҳбарияти трансферга розилик билдиргач, Седрик Бакамбу кўч-кўронини йиғиштириб, Испанияга парвоз қилди. Унинг олдида биргина расмиятчилик қолганди - Каталония пойтахтида шартнома остига имзо чекиш. Седрик Сеулдан Гон­конгда тўхтаб, учадиган самолётга шошилинч тарзда чипта сотиб олди (ҳужумчи Ж.Корея пойтахтида жа­моаси билан ОЧЛ ўйинига тайёргарлик кўраётганди). Самол­ёт Гонконг аэропортида тўхтаган паллада эса, конголик футболчи Абидалдан телефон орқали янги хабар олди: «Кечирасан, клуб ўз фикридан қайтди, барчаси бекор қилинади...».

Хуллас, Седрик якунда Барселона томон парвоз қилган самолётга чиққани йўқ, аксинча, Сеулга, ўз жамоаси ихтиёрига қайтди. Кўринишидан, у «Барселона»нинг бундай «айт­дим-қайтдим»идан унча ранжимади ҳам. «Ҳой, transfermarkt портали, илтимос, менинг ўтишим тарихи хусусида «Деярли «Барселона», - деб ёз. Ҳар не бўлса, барчаси яхшиликка. Ўзига шукр. Бошқа сафар кўришармиз, Антуан Гризманн» — бу конголикнинг ҳазилнамо муносабати. Transfermarkt портали ходимлари эса бу ҳазилни муносиб баҳолаб, футболчининг илтимосини алоҳида графада бажарди. Эътиборли томони, Хитойда қолиши аниқ бўлган Бакамбу бунисини ҳам жавобсиз қолдирмади: «Ха-ха-ха! Раҳмат, орзу энди реалликка айланди».

 

 

28 ёшли Седрик Бакамбу бундан 2 йилча олдин Хитой Суперлигасини маҳв этишга киришган эди. Аниқроқ айтсак, «Пекин Гуоан» 2018 йилнинг январида «Вильярреал»нинг энг яхши тўпурари учун унинг шартномасида белгиланган 40 миллион еврога тенг товон пулини тўлиқ тўлаганди. Шу тариқа испанлар ушбу трансфер ортидан 32,5 млн. евро фойда олишди. Зеро, Седрикни «Бураспор»дан атиги 7,5 «лимон»га харид қилишганди. Дарвоқе, трансфер амалга оширилган пайт Бакамбу ҳисобида Ла Лигадаги 21та ўйинда урилган 14та гол бор эди. У Чин юртида янада яхшироқ кўрсаткич қайд этди: 39та ўйинда 29та гол ва 13та самарали узатма. Айтганча, «Барса» Хитой бозорига биринчи марта назар ташлагани йўқ — каталонияликлар 2017 йили «Гуанжоу Эвергранд»дан Паулиньони сотиб олиб, кейинчалик ортга қайтаришганди. Улар шунда ҳам фойда билан чиқишганди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz