Қайднома

Қидирув

Ҳаммаси чизиққа боғлиқми?

Ҳаммаси чизиққа боғлиқми?

  10.02.2020 01:02
  0
  338
Ҳаммаси чизиққа боғлиқми?

«Депортиво» клуби горизонтал чизиқли ўз формасини вертикал туслиси билан алмаштирди ва муваффақиятсиз серияга чек қўйиб, ғалаба қозонишни бошлади. Наҳотки, гап футболкадаги чизиқлар ҳолатига боғлиқ бўлса? Катта ва ўрта ёшли мухлислар яхши эслашса керак, «Депортиво» бундан 10 йилча олдин ҳам «Барселона» билан тенгма-тенг олишган ва еврокубокларда ўйнаганди. Умуман олганда, жамоа ўша вақт ҳозирги «Атлетико» ёки «Валенсия» даражасига яқин келганди, бироқ кейинчалик ҳаммаси чаппасига кетди. Шу тариқа «Депор» бир неча марта Сегундага тушиб кетди, 2 бора элитага қайтди. Мавсум-2017|2018 эса Ла-Корунья клуби учун Испания футболининг юқори дивизионидаги охиргиси бўлиб қолмоқда...

 

Жамоада мураббийлар қўнимсизлиги давом этмоқда, қолаверса, молиявий муаммолар кўлами кенг. Дейлик, «Депортиво» жорий мавсум олдидан трансферларга бир цент ҳам ажратолмади: жамоа эркин агент мақомидаги футболчилар билан шарт-нома тузишдан нарига ўтолмади. Бунинг салбий таъсири натижаларда яққол кўринмоқда. Ла-коруньяликлар 1-турда «Овьедо»ни мағлубиятга учратишганидан кейин декабрь ойи охирига қадар ғалаба юзини бошқа кўришгани йўқ. Барчасининг оқибати - йил якунида Сегунда турнир жадвалининг охирги поғонаси ва клуб тарихидаги энг узун ғалабасиз серия (жамоа қаторасига нақ 18та ўйинда ғалаба нималигини билмади).

Декабрь ойида «Депортиво»да кескин ўзгаришлар кузатилди - клубнинг директорлар кенгаши истеъфога чиқди, бошқарув эса вақтинча маъмурият қўлига ўтди. Яқинда эса сайлов ўтказилди ва унда маҳаллий мухлислар ҳурматини қозонган Фернандо Видаль ғолиб чиқди. Айнан у яна бир ислоҳотга қўл урди. Гап шундаки, «Депор» жорий мавсум олдидан янги либослар дизайнини тақдим этганди. Ваҳоланки, клуб бутун тарихи мобайнида кўк тусдаги вертикал чизиқ тортилган оқ футболкалардан фойдаланиб келган. Аниқроғи, бу Ла-Коронья жамоасининг асосий формаси саналган. Бироқ раҳбарият янги мавсум арафасида тарихий дизайндан воз кечиб, горизонтал чизиқли формани танлади. Эътиборлиси, янги либос тақдимотида ўзгариш Испания - Британия урушига боғлади.

Бироқ мухлислар формаларнинг янги тўпламини яхши қабул қилишмади, ижтимоий тармоқлар орқали кескин эътироз ҳам билдиришди. Клуб бошқарувини қўлга олган Фернандо Видаль эса, аввало, шу ҳолатга эътибор қаратиб, лига раҳбариятидан жамоанинг лоақал 2та ўйинда вертикал  чизиқли формада ўйнашига рухсат олди. Ҳазил ўз йўлига, ирим ҳам... Факт шуки, эски формасига қайтган «Депортиво» 2та ўйинда бирин-кетин ғалаба қозонди ва турнир жадвалининг «қора» қисмини тарк этишга яқин келди.

Ҳа, бир қарашда, қизиқарли тарих, лекин бунда бир неча нюанслари ҳам бор. Биринчидан, «Депор» ғалабасиз серияга сал аввалроқ чек қўйганди. Яъни горизонтал чизиқли либосда ҳам 2та ўйинни ўз фойдасига ҳал этишга улгурганди. Иккинчидан, жамоада жиддий ўзгаришларга қўл урилди. Хусусан, бош мураббий алмашди. Кўринишидан, Ла-коруньяликлар бу сафар муносиб номзодни танлашди - Фернандо Васкес дарҳол футболчиларни «уйғотди» ва «Депор» 3та ўйинда 9 очко олди. Учинчидан, клуб бозорда ҳам фаол иш олиб бориб, Эмре Чолак, Сабин Мерино ва Уче Агбо каби нисбатан савияли эркин агентлар билан шартнома тузди. Улардан дастлабки иккиси 2та ўйинда ғалаба голига муаллифлик қилди...

«Депортиво» ҳозирда турнир жадвалида 19-поғонани банд этиб турибди (22та иштирокчи орасида). Лекин бу ўрин хавфли ҳудуддир. Айтганча, Фернандо Васкес 2013 йили ҳам «Депор»га устозлик қилганди. Мана, у бу сафар жамоани Сегундада олиб қолиш операциясини муваффақиятли бошлади. Эски формага қайтиш эса, шунчаки, клуб учун яхши кунлар келаётгани тимсоли бўлса, ажабмас.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz