Қайднома

Қидирув

Бу – ҳақиқий Иммобиле...

Бу – ҳақиқий Иммобиле...

  11.02.2020 03:00
  0
  374
Бу – ҳақиқий Иммобиле...

«Лацио»нинг 29 ёшли ҳужумчиси Чиро Иммобиле жорий мавсум нафақат Италия «А» серияси, балки «кўҳна қитъа»даги тўпурарлар рўйхатида етакчилик қилмоқда. Бунгача Чиро 2013|2014 ва 2017|2018 йиллар мавсумида ғолиб чиққанди. Табиийки, форварднинг сермаҳсуллиги (20 учрашув, 23 гол) жамоани ғолибликка асосий даъвогарга айлантирди - бой берилган очколар бўйича «Лацио» чемпиондан атиги 2 очкога ортда бормоқда. Агар Инзаги шогирдлари мавсум охиригача шу савияни сақлай олсалар, мерган совринлар борасида «дубл»га эришиши мумкин.

«Ювентус» тарбияланувчиси анча вақт футболдаги ўрнини тополмай, 2011 йилда Туриндан камтарин «Пескара»га ижара шартномаси асосида йўл олди. «В» сериянинг 2011|2012 йиллар мавсумида ҳужумчи 35 учрашувда 28та гол уриб, ўз фаолиятида илк бора чемпионатнинг энг яхши тўпурари унвонига сазовор бўлди. Шу билан биргаликда, Чиро ўзига бўлган ишончини мустаҳкамлаб, мерганлик борасида қимматли тажриба тўплади. Натижада, у «Женоа» мутасаддилари эътиборини қозониб, 4 млн. евро эвазига «Ювентус»дан генуяликлар сафига ўтди. Бироқ «Женоа»да Чиро қуйи дивизиондаги сермаҳсулликни кўрсата олмади - «А» сериянинг 2012|2013 йиллар мавсумини қониқарсиз (33 ўйин, 5 гол) якунлади. Шу боис, генуяликлар уни анча-йин арзон баҳода (2,75 млн.) «Торино»га сотиб юборишди.

Таажжубки, айнан шу трансфер Иммобиле парвозида бошланғич босқич вазифасини ўтади. Ҳужумчи 33 учрашувда майдонга тушиб, рақиблари дарвозаларини 22 марта ишғол этди. Энди унинг мерганлик маҳорати Дортмунднинг «Боруссия»сини қизиқтириб қолди. Ўша пайт «қора-сариқ» ранглиларга устозлик қилган Юрген Клоппни Чиро ҳанузгача ҳайрат ва ҳурмат билан тилга олади: «Юрген ҳақида мулоҳаза юритиш менга ёқади. Унинг раҳбарлигида яна майдонга тушишни орзу қиламан. Чунки у «Боруссия»даги ношуд Чирони эмас, ҳозирги чинакам Чирони кўришини истайман».

Италиялик ҳужумчининг Дортмунддаги фаолияти чиндан ҳам ўта қониқарсиз ўтди. Унинг Бундеслигадаги мавсуми 24та ўйин ва 3та гол билан ниҳоясига етди. Шундан ке-йин «Боруссия» ҳужумчини «Севилья»­га ижарага берди. Испанияликлар 6 ойдан кейин Чирони харид қилган бўлсалар, кейин «Торино»га ижара асосида қайтаришди. Якунда футболчи 5,4 млн. евро эвазига «Лацио» таркибидан жой олди.

Иммобиленинг қитъа бўйлаб саргузашти ниҳоясига етиб, ватанига қайтгач, италияликларни 2016|2017 йиллар мавсуми арафасида ҳақли савол ўйлантириб қўйди: асл Чиро Иммобиле қайси - «Торино» билан «А» серияда сермаҳсул ўйин кўрсатган футболчими ёки аввал Германия­да, кейин Испанияда ишончни буткул йўқотган нўноқми?

Ўшанда бу савол шунчаки қуруқ сафсатадек туюлганди. Ҳозирги жавоб эса аниқ ва шубҳасиз: ҳақиқий Иммобиле - ҳеч бўлмаганда «А» серия мезонларига кўра, замонавий топ-тўпурар.

2016 йилдан буёғига ички чемпионатда ҳеч қайси футболчи Чиродан кўпроқ гол уролмаган. Бу жуда кўп нарсани англатсада, нима учун Иммобиле Юрген Клоппдек мураббий жамоасида талаб даражасида тўп суролмади, деган савол жумбоқлигича қолаверди.

Эҳтимол, ўзининг Германия ва Испаниядаги қониқарсиз фаолияти хусусидаги савол Чирони жуда қийнаган бўлиши мумкин. Лекин унинг руҳий ҳолатига заррача бўлсада шубҳа йўқ. Буни ҳужумчининг натижалари кўрсатиб турибди.

1,5 йил муқаддам замонамизнинг икки буюк тўпураридан бири Италия­га ўтганида, кўпчиликда буёғига бош­қа ҳужумчиларга «А» серияда нон қолмади, деган фикр пайдо бўлганди. Бироқ амалда тамоман ўзгача вазиятга гувоҳ бўляпмиз - ўтган мавсумда Италиянинг энг яхши тўпурари соврини Роналдуга эмас, Квальяреллага (26 гол) насиб этди, энди Иммобиле мавсумнинг ярмидаёқ Квальярелла натижасига деярли етиб олди: 21 ўйин, 25 гол. Криштиану Чиродан 8 баллга ортда бормоқда.

«А» серия тўпурарлари баҳсидаги ғолиблик азалдан ардоқли ютуқ бўлиб келган. Криштиану Роналдудек даъвогардан устун келиш шарти эса унинг қийматини янада оширишига шубҳа йўқ. Аслида Иммобиле топ-касбдошини доғда қолдириш учун ажойиб имкониятга эга. Унинг «Лацио»си 21 учрашувдан атиги 2тасини бой берди. Тўғри, шоҳсупани забт этиш осон эмас - «Ювентус» ва «Интер» ҳам жорий мавсумни барқарор ўтказишмоқда. Лекин ЕЧЛ йўлланмасини нақд қилиш ва ўз ҳужумчисини тенгсиз тўпурар мақомига кўтариш - иложсиз вазифа эмас.

Иммобиленинг тўпурарлар баҳсида ғолиб чиқиши учун жамоа барча имкониятларни сафарбар этишига шубҳа йўқ. Чиро ўз жамоадошлари билан ажойиб муносабатларни йўлга қўйган. Жорий мавсумда унинг голлари янада кўпроқ бўлиши мумкин эди. Аммо ҳужумчи 11 метрли жарима зарбаларини шериклари - Луис Альберто, Фелипе Кайседо, Хоакин Корреа ва бошқаларга инъом этмоқда.

«Қандай қилиб жамоадошларимни гол уриш имкониятидан маҳрум этишим мумкин? Кайседо ва Корреа­га навбат бердим, энди Альбертонинг гали. Ўз исм-шарифини таблода кўришни ҳамма орзу қилади. Ўзимга ёқадиган нарсадан бошқалар ҳам баҳраманд бўлишларини истайман», - деганди Чиро жарима зарбаларини жамоадошларига беришидан ҳайрон қолган журналистга.

Тўғри, баъзан футболчилар ва мураббий ўртасида айрим келишмовчиликлар юзага келиши мумкин. «Парма»га қарши учрашувда Инзаги Иммобиле ўрнига Кайседони майдонга туширгач, Чиро бундан норози бўлганди. Лекин тез орада у ўзининг ноҳақ эканлигини тан олиб, устози ва жамоадошларидан узр сўради:

«Баъзан босим ва кескин вазият таъсирида номаъқул ишларга йўл қўямиз... Шунақа хатоликлардан кейин вақтида кечирим сўрашга ҳам куч топа билиш лозим. Албатта, кўпинча қилмишларимизни оқлашга уринамиз. Аммо айбига иқрор бўлишни энг тўғри йўл, деб биламан».

«Парма»га қарши ўша учрашувдан кейин жамоа «Интер»га имкониятни бой берди - 0:1. Лекин шу мағлубиятдан сўнг ўзини тиклаб олди ва ҳавас қилса арзийдиган ғалабали серияни қайд этди. Қаторасига 11 марта рақибларини маҳв этган «бургутлар» парвозини азалий рақиб - «Рома» тўхтатишга муваффақ бўлди. Пойтахт дербиси 1:1 ҳисобидаги жанговар дуранг билан интиҳо топди. Ҳа, эҳтимол, Иммобиле Роналдучалик жозабадор ўйин кўрсата олмаётгандир, аммо тўпурарлар баҳси унинг фойдасига ҳал бўладигандек туюлмоқда. Чунки Чиро жамоадошлари билан ҳамкорликда тўп суради, Кришти эса қарийб барча голларини ўз ҳаракатлари эвазига амалга оширади. Ҳатто декабрдаги «Юве»га қарши беллашувда у пенальтини голга айлантира олмаган, Роналду эса дарвозани забт этган бўлсада, римликлардаги аҳиллик 3:1 ҳисобидаги ишончли ғалабани таъминлаганди.

Шу боис, Чиронинг «нуқта»дан зарба йўллаш чоғидаги навбатдаги омадсизлиги («Наполи»га қарши кубок баҳсида ногаҳон сирпаниб кетганди) ҳам хавотирга сабаб бўла олмади. Аксинча, бундай тасодифий воқеалар уни янада пухтароқ тайёрланишга чорлайди, иродасини тоблайди.

Ҳозир бутун футбол олами ва шахсан Юрген Клопп гувоҳ бўлган «сохта» Чиро даври аллақачон ўтмишга айланди. Энди Иммобиле ундан нима талаб қилинаётгани, вазифани аъло даражада уддалаш йўлларини яхши билади. У жамоага манфаат келтиришни тўхтатмаса, жамоа унинг индивидуал совринларни қўлга киритишида ўз ёрдамини аямайди. Чиро ҳозирда «Олтин бутса» учун курашда Роналду, Месси, Мбаппе ва Неймардек ас мерганлардан анча илгарилаб кетди, фақат «Бавария»нинг польшалик тўпурари Роберт Левандовскида жиддий рақобат имконияти сақланиб турибди. Афтидан, Европанинг нуфузли шахсий соврини учун баҳс шу икки ҳужумчи ўртасида кечадигандек. Борди-ю, якунда ғолиблик иккала ҳужумчига насиб этса, адолат тантанасига гувоҳ бўлардик.

Лекин тан олиш керакки, «Лацио» сафида гол уриш «Бавария»дагига қараганда анча мушкулроқ. Шу жиҳат ҳамда Иммобиленинг шахсий сов­ринлари оз эканлигини инобатга олганда, «Олтин бутса»га у муносиброқдек туюлади. Чунки Чиро футболда нафақат самарали узатмалар, балки голлар ҳам муҳим ўрин тутишини таъкидлаган ҳолда, совринлар хусусида умуман оғиз очмаган...

 

айтганча...

Opta таҳлил гуруҳининг қайд этишича, «А» серия 21-турида голлари сонини 25тага етказган «Лацио» ҳужумчиси Чиро Иммобиле узоқ 1959 йили «Интер» вакили Антонио Анжелилло томонидан ўрнатилган рекордни такрорлади. Яъни деярли 60 йил давомида Италия чемпионатида бирор футболчига 21та турда 25та гол уриш насиб этмаганди. Дарвоқе, Иммобиле жорий мавсум «А» сериянинг тўпурарлик бобидаги рекорди (36та гол)ни янгилаш имкониятига эга. «Лацио» ҳужумчиси бунинг учун мавсумнинг қолган 17та турида 12та гол уриши керак.

 С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz