Қайднома

Қидирув

Кейн бўлмаса, Ингз бор...

Кейн бўлмаса, Ингз бор...

  13.02.2020 09:57
  0
  393
Кейн бўлмаса, Ингз бор...

Тобора яқинлашиб келаётган Евро-2020 мусобақаси англиялик иқтидорли ҳужумчи Гарри Кейннинг иштирокисиз ўтади, шекилли. Саралаш босқичида самарали тўп сурган футболчининг турнирдан четда қолиши Англия терма жамоаси учун жиддий йўқотиш бўлишига шубҳа йўқ. Бироқ тақдир тақозоси билан миллионлар ўйини кашфиётчилари юртида Кейннинг йўқлигини билдирмайдиган сермаҳсул ҳужумчи айнан шу мавсумда бўй кўрсатди. Жароҳатлар туфайли 2 йилни майдон ташқарисида ўтказган, кейин «Ливерпуль» захира ўриндиғини «қўриқлаган» Дэнни Ингз «Саутгемптон»дек камтарин жамоада тўп сургани ҳолда, АПЛ тўпурарлари рўйхатида етакчилар сафида бормоқда.

 

Ҳали янги йил кечасидаги уйқусизликдан кўпчилик ўзига келиб улгурмаган 1 январь санасида «Саутгемптон»га (бу ҳам тақдир ҳазили) қарши майдонга тушган «Тоттенхэм» ҳужумчиси Кейн текис жойда белидан жароҳат олиб, ўйинни давом эттира олмади. «Шпорлар» етакчи жарроҳи Крис Уилсоннинг тахмини тасалли берадиган оҳангда эмасди: «Ўйлашимча, Гарри 6 ойгача майдонга тушолмайди. У пайдар-пай ўтиши шарт бўлган муолажа босқичларида даволаниши лозим. Мавсумолди даврида сафга қайтишига умид қилиш мумкин. Биламан, Кейннинг апрель ёки майда қайтишини истаётганлар йўқ эмас. Аммо мураббийлар штаби тикланиш даврини тезлатишга уринса, мен таажжубда қоламан. Чунки жароҳатнинг қайталаниш эҳтимоли ўта юқори».

Ўша учрашувда шогирдларининг зафар қучишлари учун Моуриньо бор имкониятларини ишга солди, ҳатто «авлиёлар» мураббийлари режаларидан хабардор бўлиш мақсадида «жосус»лик қилишдан ҳам қайтмади. Лекин «Тоттенхэм» барибир мағлуб бўлди. Ўйин тақдирини меҳмонлар фойдасига ҳал қилган ягона голни эса қаҳрамонимиз Дэнни Ингз амалга оширди. Ҳа, айнан шу йигит яқин кунларда ўз маҳоратини тўла-тўкис намойиш этиб, Кейн, Варди ва Рэшфорд каби юлдузлар қаторидан жой олса, ажабланмаймиз.

Умуман, англиялик ҳужумчиларга кўз теккандек, гўё: Кейн мавсум охиригача сафдан чиқди, Рэшфорд қандайдир тушунарсиз шикастланиш туфайли 2-3 ой майдонга тушолмайди, Варди «Вест Хэм»га қарши баҳсда жароҳатга йўлиққанига қарамай, тезда сафга қайтди, Абрахам эса «Арсенал» билан беллашувдан кейин майдонни мустақил тарк этишга ярамади. Бу футболчи ҳам сўнгги турда майдонда кўриниш берди. Боз устига, Варди халқаро фаолиятини якунлаганига анча бўлди, қайтишни хаёлига ҳам келтирмаяпти. Кейннинг Еврода иштирок этмаслиги эҳтимоли юқори, Рэшфорд қандай спорт формасида бўлиши ҳам номаълум, Абрахам эса ҳали анча ғўр. Шу боис, Ингзнинг пайдо бўлгани - Гарет Саутгейт учун Яратганнинг инъоми. «Авлиёлар»нинг 27 ёшли мергани ҳозир 14 гол билан АПЛ тўпурарлари жадвалида юқори поғоналарда бормоқда. Олдинда фақат Варди (17) ва Агуэро (16) бор, Салоҳда ҳам голлар сони 14та (25-турдан кейин).

«Дэннининг терма жамоага сезиларли кўмак бера олишига шубҳа йўқ. Юксак спорт формасида бўлган даврида у «Ливерпул»да менга жуда кор келган. Ингз голни ҳис этиш фазилатига эга, керакли пайтда керакли жойда «очилади». У ҳозирги барқарор ўйинини сақлай олса, бас. Лиганинг энг яхши ҳужумчиларидан бирига айланганига гувоҳ бўламиз», - дейди «Лестер» устози Брендан Рожерс.

Дарҳақиқат, 27 ёшли ҳужумчи фақат жорий мавсумда самарали ўйин кўрсатмоқда. У ҳеч қачон ноёб иқтидор соҳиби мақомига лойиқ кўрилмаган. 14 ёшли пайтида уни «Саутгемптон» академиясидан четлатишганди, АПЛда илк бор 22 ёшда майдонга тушди. Кейин «Бёрнли» билан Чемпионшипга тушиб кетди ва «Ливерпул»дан таклиф олди. «Қизиллар» уни захира ҳужумчи сифатида олишгани ўз-ўзидан тушунарли. Ингз Рожерс раҳбарлигидаги охирги голини уриб, 11 кундан кейин, яъни Англия терма жамоасидаги дебютидан 3 кун ўтгач, Клоппнинг дастлабки машғулотида жароҳат олди ва мавсумнинг охирги турида сафга қайтди. Бу паллада Фирмино «қизиллар» таркибидан муқим жой олганди. Дэнни бразилиялик касбдошини ўз устозидек ҳурмат қиларди: «Мен ундан жуда кўп нарсаларни ўргандим. Чунки Бобби тўпни қабул қилишидан аввал нима қилиш кераклигини аниқ биларди. У ўз атрофидаги бўшлиқни ҳис этиб туради».

2016|2017 йиллар мавсумида Клопп Ингзни Фирминонинг ўринбосари сифатида таркибга қўшиш ниятида турганди. Бироқ Дэнни окт­ябрь ойида яна ўта жиддий, бу сафар тиззасидан жароҳат олди ва бир йилга мажбурий «таътил»га чиқди. Шу тариқа тезкор рейдлар соҳибининг фаолияти яна издан чиқди. Аммо футболчи ўз агентига янада кучлироқ бўлиб қайтишга ваъда берди.

Ингз чиндан ҳам ваъдасининг устидан чиқди ва 930 кундан кейинги дастлабки голини урди. Лекин унинг йўқлигида «жокер»лик роли Дивок Оригига топширилганди. Клуб ортиқча ҳужумчини ушлаб туришни истамади ва Ингзни кейинчалик 22 млн.га харид қилиш шарти билан «Саутгемптон»га ижарага юборди. Дастлабки мавсумни у захирадан майдонга тушиш билан ўтказди, баъзан «заявка»дан четда қолган кунлари ҳам бўлди. Жорий мавсум аввалида «авлиёлар» бош мураббийи Ральф Хазенхюттль дебютант Че Адамсга ишонч билдирди, Дэнни эса Лига кубоги доирасидаги «Портсмут»га қарши беллашувда «дубл»га эришиш орқали асосий таркибдан жой олди. Эвазига қаторасига 3та ўйинда голлар билан жавоб қайтарди ва шундан кейин ўрнини ҳеч кимга бермай келмоқда. Натижа эса сизга маълум - Ингз етакчи тўпурарлар сафида.

«Агар нотўғри позицияни эгаллаган бўлсам, ўзимни жазолашга тайёрман. Авваллари тўпни эгаллаш мақсадида жуда кўп ортга қайтардим. Энди бутун эътиборни «тўққизлик» ролида ишлашга қаратяпман». (Дэнни Ингз).

Мураббий шогирдининг тинимсиз ҳаракатда бўлишга интилишини доимо рағбатлантириб туради. 4-4-2 тактик схемасида Дэнни олдинги чизиқда Че Адамс ёки Шейн Лонг билан ҳамкорликда тўп суради: юқоридан узатилган тўплар учун курашади, қайтган тўпларни эгаллайди, прессинг ва контрпрессингда муҳим бўғин вазифасини бажаради. Тўғри, баъзан қулай вазиятлардан фойдалана олмайди. Лекин жамоа голларининг ярмини ўз ҳисобига ёзиб қўйгани ва иложсиз вазиятларда мағлубиятдан асраб қолгани бу камчиликни ювиб юборади.

«Саутгемптон» «Лестер»дан шармандали (0:9) мағлубиятга учраган ўйинда Хазенхюттль Ингзни танаффус пайтида захирага олди. Бироқ ҳужумчи руҳан тушкунликка тушмаганини кейинги 6 учрашувда 5та гол уриш билан исботлади. Унинг кўмагида жамоа 2та ғалаба ва дурангга эришиб, хавфли ҳудуддан анча узоқлашиб олди. Ҳозирда «авлиёлар»ни еврокубоклар гуруҳидан атиги 2 очко ажратиб турибди. Дарвоқе, «тулкилар»дан йирик мағлубият аламини олишда ҳам жамоага Ингзнинг 82-дақиқадаги ғалаба голи сабаб бўлди.

Дэнни 20 учрашувдан 13тасида ўз жамоасидан юқорироқ ўринларда бораётган жамоалар дарвозаларини ишғол этди.

Март ойида терма жамоалар ўртоқлик учрашувларини ўтказадилар. Англияликлар Гарет Саутгейтнинг ана шу баҳсларда ҳозирга қадар атиги бир марта миллий жамоа либосида майдонга тушган ҳужумчини синовдан ўтказишини сабрсизлик билан кутишмоқда. 27 ёшли футболчи ўзини соғлом ва терма жамоада муносиб тўп суришга тайёр, деб ҳис этмоқда. Ўз вақтида Варди ҳам 28 ёшда энг ёрқин мавсумини ўтказганди. Ингз учун навбатдаги ярим йил ҳал қилувчи аҳамиятга эга: у Жейми Варди йўлидан бориб, чинакам топ-ҳужумчи даражасига кўтарилиши ёки Чарли Остин, Трой Дини, Энди Кэролл ва бошқа англиялик тўпурарлар сингари бир неча ойлик сермаҳсул фаолият билан чекланиб қолиши мумкин.

 

Дэнни Ингз ўзи ҳаҚида

 

- Ҳозир шунчаки, майдонга чиқишдан роҳатланяпман. Ўйинга тайёргарлик кўрган бўлсам, дам олиш кунлари майдонга чиқиб, вақтичоғлик қилишимни биламан. Майдонда жилмайиб юрганимни кўрганлар бахтиёр эканлигимни сезаётганларидан хабардорман. Имконият туғилиши ҳамоно, диққатимни жамлашга астойдил уринаман. Ҳар ҳафта гол уришга интилмайман, майдонни голсиз тарк этиш - нормал ҳолат. Аммо қанча кўп ишласам, рақиблар дарвозасини аниқ ишғол қилишимни ҳис қиламан. Импульс - мен учун футболдаги ҳал қилувчи тушунчадир. Жорий мавсум ҳаммаси яхши кетяпти, чунки импульс бор, иштиёқ бор, бу эса ҳужумчига гол уришда асқотади. Келиб чиқишим қаерга бориб тақалишини асло унутмайман. Бу ерга қаердан келганим ёдимда. Шу тариқа ҳозирги даражага етдим. Ўтмишим камтарликни сақлашимга замин яратади. Йўлни қуйи дивизионлардан бошлаганим фаолиятимнинг янада ўзгача бўлишини таъминлайди.

 

Қуйи лигадаги фаолият

 

*** Ингз «Борнмут»га қайтиб (2009), дарҳол асосий таркибдан жой олди. Ўша пайтда ҳам бош мураббий ҳисобланган Эдди Хау Дэннига ишонч билдирди ва ишонч оқланди: ярим йилда 7та гол, жамоа эса АПЛ йўлланмасини берадиган «плей-офф»га чиқди.

*** Ўша мавсумдан кейин Ингзга АПЛ клублари қизиқиш билдиришди - айримлари билан музокаралар ҳам ўтказилди. Аммо ўз навбатида, Эдди Хау «Борнмут»дан «Бернли»га кетди (ҳа, шунақаси бўлган) ва Дэннини ҳам чақирди. Ҳужумчи эса Премьер-лигадан воз кечиб, мураббийининг таклифини қабул қилди.

*** «Бернли»нинг ёзги йиғинларида Ингз жароҳат олиб, февраль ўрталаригача сафдан чиқди ва шу тариқа ярим мавсумни ўтказиб юборди. Кейинчалик аста-секин формасини тиклаб, мавсум охирида таркибга қайтди: 8 ўйинда 3та гол урди.

*** Кейинги мавсум бошида яна жароҳат қийнади. Бу сафар Ингз икки ойни ўтказиб юборди. Сўнгра яна формасини тиклашга киришди (асосий вақти захира ўриндиғида ўтди) ва мавсумни ёмон ўтказди (атиги 3та гол урди). Хау ўшанда вазият бўйича фикр билдирганди: «У фантастик формага кирганди, мавсум бошига тузган режаларимизнинг бир қисми эди. Афсуски, жароҳат унга панд берди».

*** Шунга қарамай, навбатдаги мавсум (2013|2014) ҳақиқий «портлаш» кузатилди: Ингз жароҳатлардан холи бўлди, 45та ўйинда 26та гол уриб, 8та «ассист» муаллифига айланди. У «Бернли»нинг 54 фоиз голида қатнашган ҳолда, Чемпионшипнинг энг яхши футболчиси номига сазовор бўлди, клуб эса АПЛга йўл олди.

*** Кейинги мавсумда Ингз 11та гол уриш орқали АПЛ кашфиётларидан бири бўлди. Бу пайтга келиб унинг «Бернли»даги шартномаси муддати ниҳоясига етаётгани сабабли Англиянинг кучли клубларидан таклифлар туша бошлади. Дэнни «Ливерпул»ни танлади.

А.Аҳмедов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz