Қайднома

Қидирув

Темур Толипов: «Менга имконият беришмади»

Темур Толипов: «Менга имконият беришмади»

  15.02.2020 01:25
  0
  536
Темур Толипов: «Менга имконият беришмади»

Бугунги суҳбатдошимиз - «Пахтакор»нинг собиқ футболчиси Темур Толипов. 2016 йил унинг учун муваффақиятларга бой бўлди, олий лига кашфиётларидан бирига айланди. Ҳаттоки, ОЧЛда дебют қилиб, рақиблар дарвозасига гол урди. Бироқ жароҳат олиб сафдан чиққач, эътибордан четда қолди. Мавсум-2017нинг иккинчи даврасида Тошкентнинг «Обод» жамоасида тўп сурди, кейинчалик «Навбаҳор»да кўриниш берди. Аммо фаолияти кўнгилдагидек кечмади. 2018 йили қуйи лига вакили - «Нурафшон» сафига қўшилди. Ўзбекистондаги фаолияти қониқарсиз кечгач, қўшни Қирғизистон чемпионатига йўл олди. Яқинда ушбу футболчининг ҳозирги ҳолатини билиш мақсадида боғланиб, интервью олдик.

- «Пахтакор»да ўйнаган пайтларингизда жуда кўплаб ёшлар асосий таркибда ҳаракат қилишарди. Шулар қатори сизга ҳам мураббийлар имконият беришган. Аста-секин ўз иқтидорингизни намоён қилиб келаётган эдингиз. Бироқ кутилмаганда, диққат марказидан йўқолиб қолдингиз. Бу нима билан боғлиқ?

- Ҳеч қаерга йўқолганим йўқ. Шунчаки, ўз иқтидоримни тўлиқ кўрсатишимга имконият кам берилди. Ҳозирда Қирғизистон чемпионатида тўп суряпман.

- Қирғизистон варианти қаердан пайдо бўлди?

- Бирор-бир клубдан аниқ таклиф бўлмагач, ўзимга жамоа қидиришга тушдим. Аввалги спорт формамга қайтишим, ўсишга эришишим учун шу вариантда тўхталдим. Ўзимни яхши ҳис қиляпман. Билсангиз, футбол ҳамма жойда йилдан-йилга ривожланмоқда. Тўғри, Қирғизистон чемпионати даража бўйича пастроқ бўлиши мумкин, лекин бу ерда ҳам кучли клублар ва иқтидорли футболчилар етарлича. Мамлакат термаси ҳам сўнгги йилларда анча юқорилади. Ўтган йилги Осиё кубогида ёмон иштирок этмади.

- Эшитишимизга қараганда, сизга Қозоғистондан ҳам чорлов бўлган, шартнома имзолашингизга оз қолган экан. Мазкур трансфер нима учун амалга ошмаган?

- Ҳа, деярли битимга имзо чеккандим. Лекин «Пахтакор» раҳбарияти шартнома тузганимдан кейингина ҳужжатларимни беришини айтди. Якунда бу трансфер амалга ошмади. Иккинчи даврада «Обод»га ижарага беришди. Олий лигадаги 8 учрашувдан кейин бизни келишилган учрашувда қатнашганликда айблаб, четлатишди. Натижада мавсум якунланишини кутишдан ўзга чора тополмадим. Бундай шароитда мени ҳеч ким жамоасида кўришни истамади.

- «Ал-Жазира» дарвозасига жарима зарбасидан урган супер голингиз ёдингизда бўлса керак?

- Бўлмасамчи! Бу «Пахтакор»даги ягона голим ҳисобланади. Уни асло эсдан чиқармайман. Адашмасам, ўшанда рикошет бўлганди. Кейин жамоадошларим мени табриклашди, қувончимни сўз билан ифодалаш қийин эди. Рақиб бош мураббийи Хенк Тен Кате кейинчалик бошқа араб жамоаларини бошқарди. Биз якунда 3:0 ҳисобида ғалаба қозонганмиз. Гуруҳда ёмон натижа қайд этмаганмиз. Сафардан ҳам худди шундай ҳисобдаги ғалаба билан қайтганмиз. Таркибимиз ёш бўлишига қарамай, «Ал-Ҳилол» билан ўз майдонимизда иродали дуранг қайд этганмиз. «Тракторсози»ни эса кичик ҳисобда енгганмиз.

- Яқинда Таиландда ўтказилган мусобақада қатнашган олимпия термамиз ҳақида нима дея оласиз?

- Тўғриси, ҳеч нарса деёлмайман. Умуман олганда, менга бу мавзу қизиқ эмас.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz