Қайднома

Қидирув

Жафокаш "Усмонжон Дембеле"...

Жафокаш "Усмонжон Дембеле"...

  15.02.2020 06:19
  0
  446
Жафокаш

«Барселона» сафига қўшилишига қадар бирор марта жиддий жароҳатга йўлиқмаган Усмон Дембеле Каталония­да даволанишдан бўшаётгани йўқ. Каталонияликлар 2017 йили франциялик бу футболчи трансфери учун 105 миллион евро тўлашганди. Усмон шунча маблағнинг бир қисмини ҳам оқлаганича йўқ.

Дембеле профессионал футболдаги дебютини мавсум-2015|2016да Франциянинг камтарин «Ренн» клуби таркибида нишонлаб, бир уринишда 12та гол ва 6та самарали узатмага муаллифлик қилди. Натижада «Ренн» вундеркинднинг трансфери ортидан дарҳол 15 миллион евро олди, кейин эса яна 26 «лимон»­га эга чиқди. Яъни «Боруссия» Д. клуби шартлашувга биноан, «Барса» тўлаган маблағнинг маълум қисмини Франция жамоасига берди. Дембеленинг ўзи эса Германияда зўр ассис­тент ролида намоён бўлди. Аниқроқ айтсак, Усмон Бундеслигада «Ренн»да қайд этган статистикасини такрорлади, фақат кўрсаткичлар ва рақамлар жой алмашди: 6та гол, 12та самарали узатма. Умуман, Дембеле немислар диёрида атиги бир йил тўп сурди, бу вақтда унинг трансфер баҳоси нақ 8 баравар ошди. Якунда Усмон «Барселона»га ўтиш мақсадида кичик жанжал ҳам кўтарди, ҳаттоки, «Боруссия» машғулотларида иштирок этишдан бош тортди.

Бу вақтда «Барселона» футболчилари Усмонни кутишаётганди. Чунки клуб унга ҳали «Боруссия»га ўтишидан олдиноқ қизиқа бошлаганди. Жумладан, франциялик Самуэль Юмтити мослашув жараёнида ҳамюртига имкон қадар кўмаклашишга ваъда берди. У Дембелени клубдошлари қаторида кўришни хоҳлаши хусусида трансфер амалга оширилишидан 2 ойча олдин гапирганди: «Умид қиламанки, «Барселона» Усмон масаласида расмий таклиф билан чиқади. Унинг иқтидори билан кўп ютуқларга эриша оламиз». Франциялик ҳужумчи профессионал даражада худди тажрибали ўйинчилар савиясида ўйнаганди. Рақамларда айтсак, «Ренн»да ҳам, «Боруссия»да ҳам асосан бошланғич таркибдан жой олган Дембеле ўртача ҳисобда ҳар бир ўйинда 60 дақиқадан кўп ҳаракатланди. Энг асосий факт шуки, у бу оралиқда бирор учрашувни жароҳат туфайли ўтказиб юбормади. Усмоннинг максимал танаффуси бир марта 10 кунни ташкил қилди (терма жамоалар ўйини туфайли юзага келган оралиқда белидаги муаммолар туфайли 1,5 ҳафта четда қолди).

Transfermarkt портали ҳар бир футболчининг жароҳат ортидан қанча вақт майдонга тушолмаслигини ҳам ҳисоблаб боради. Мана, шу сайт маълумотларига кўра, Дембеле «Барселона» сафига қўшилганидан буён 332 (!) кунни жароҳат туфайли майдон четида ўтказди. Қисқаси, унинг боши жароҳатдан чиқмай қолди. Айниқса, 3та ҳолат оғир келди. Биринчиси - Дембеле янги жамоа либосини кийиши билан жароҳатланиб, деярли 4 ойни йўқотди. 2019 йилнинг ноябрида эса 67 кунга сафдан чиқди. 4 февраль куни «Барселона» Дембеле яна жароҳатланганини маълум қилди. Transfermarkt сайтида ёзилишича, у энди чамаси 90 кун майдонга тушолмайди.

Ҳозирда «Барселона» бош мураббийи Кике Сетьенга ҳавас қилиб бўлмайди. У Усмоннинг 1 февраль куни машғулотларга қайтгани ва ниҳоят, майдонга қайтишга тайёр эканлигини айтганди. «Дембеленинг машғулотларга қандай ёндашаётгани, фаоллигини кўриб, кўзимга ёш келмоқда...», - деганди Сетьен. Энди эса...

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz