Қайднома

Қидирув

«Бетис»га хос меҳрибонлик

«Бетис»га хос меҳрибонлик

  16.02.2020 01:55
  0
  300
«Бетис»га хос меҳрибонлик

Испания чемпионатида ҳамон ўз сўзини айтаётган Хоакин Санчес кекса мухлиса илтимосини 1 ой эслаб юрди ва якунда ўз футболкасини унга совға қилди. Аввалги ҳафта «Бетис» клубининг «Твиттер» тармоғидаги саҳифасига атиги 1 дақиқалик ажойиб видеолавҳа жойлаштирилди. Энди кўпчилик шу ҳақда гапирмоқда. Унда клуб сардори Хоакин ёш бўйича ўзидан нақ икки баравар катта мухлисани нақадар хурсанд қилгани кўрсатилган (мақола манбаси - gol.ru сайти).

«Бетис»нинг 80 ёшли мухлисаси Хоакиндан ўз футболкасини совға сифатида беришини илтимос қилган эди. Аниқроқ айтсак, ўтган йили декабрь ойида «Атлетик»ка қарши кечган учрашувдан кейин кекса аёл фахрий футболчидан ўз формасини беришини сўрайди. Испан футболи мухлислари эслашса керак, Хоакин ўша баҳсда 3та гол урганди. Футболчи айни шу сабаб туфайли тушмагур кампир илтимосини бажаролмади. «Минг бор узр, аммо бундай қилолмайман, - дейди «Бетис» сардори 80 ёшли мухлиса олдида хижолат тортиб. - Ахир фаолиятимда яна бирор марта «хет-трик» қайд этишим даргумон...». Хуллас, Хоакин футболкани эсдалик сифатида ўзида қолдиришни хоҳлаганди.

Фахрий футболчи декабрь ойи охирида «Бетис» билан шартномаси муддатини узайтирди. Қарангки, стадионда келишувга имзо чекиш ва ҳамкорлик давом этишини эълон қилиш учун ташкиллаштирилган тадбир чоғи Хоакин стадионда яна ўша кампирни учратди. Улар худди она-бола каби самимий қучоқлашиб кўришдилар, ўзаро чақчақлашдилар ва бирга суратга ҳам тушдилар. Январь ойига келиб, «Бетис» ўз майдонида «Реал Сосьедад»ни 3:0 ҳисобида енг­ди ва Хоакин айни шу ғалабадан кейин қария кампирни топиб, футболкасини унга тортиқ этди (дарвоқе, «Бетис»нинг голларидан бири айнан сардор номига ёзилди).

Хоакин ҳозир 38 ёшда. Муҳими, у ҳамон яхши спорт формасида ва доимий тарзда бошланғич таркибда майдонга тушмоқда, самара келтирмоқда. Мисол учун, жорий мавсум Испания Ла Лигаси 22-турига қадар «Гол } пас» тизими бўйича 9 балл тўплади (7та гол ва 2та самарали узатма). «Атлетик» билан ўйиндаги «хет-трик» учун эса атиги 20 дақиқа сарфлаганди. Хоакин шунингдек, «Валенсия» дарвозасини ҳам нишонга олди. Иккинчи томондан, жамоа сардори яқинда «Алавес»га қарши кечган баҳсда пенальтини кўкка совурди ва клуби ғалабадан қуруқ қолди. Умуман олганда, охирги пайтлар «Бетис»га барқарорлик етишмаяпти - жамоа чемпионатдаги сўнгги 6та ўйин (23-тур баҳси ҳисобга олинмаган)да атиги бир марта ғалаба нашидасини сурди. Бу кетишда «Бетис»нинг еврокубоклар ҳудудига илиниши жуда мушкул...

Декабрь ойи охирида «Бетис»га боғлиқ яна бир чиройли воқеа кузатилган эди. Клуб раҳбарияти илтимосига биноан, мухлислар трибуналардан майдонга юмшоқ ўйинчоқлар «ёғдиришди» - болаларга Рождество совғаси сифатида. Ўша оқшом майдондан бир неча қоп ўйинчоқ териб олинди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz