Қайднома

Қидирув

«Реал» учун «Янги Кака»

«Реал» учун «Янги Кака»

  17.02.2020 01:21
  0
  439
«Реал» учун «Янги Кака»

«Қироллик клуби» ўзининг 2020 йилдаги дастлабки харидини эълон қилди - балоғат ёшига етганининг эртасига бразилиялик Рейньер «Реал» билан шартномага имзо чекди. Трансфер қоидаларини бузмасликка қарор қилган Флорентино Перес ёш иқтидор соҳибининг 18га тўлишини кутди ва кейин Мадридга таклиф этди. 30 млн. евроли шартнома 2026 йилнинг июнига қадар амал қилади.

Ҳозирча Жанубий америкалик легионер «Кастилья» таркибида тўп суради. Болалик даврида у жиноий гуруҳлар таъсирига тушиб қолмаслик учун кўчага жуда кам чиққан ва уйидаги йўлак деворларини тўп излари билан безаб ташлаганди. 1985 йилда футзал бўйича жаҳон чемпиони унвонига сазовор бўлган Мауро Бразилиа қизлари ва ўғлини қайсидир спорт тўгарагига йўллаш ўрнига, дарс­дан кейинги бўш пайтларида ўзининг техник маҳоратини ўргата бошлади. Бироқ тез орада 9 ёшли Рейньер отасининг кўмагисиз Риога йўл олди ва «Васко да Гама» мини-футбол мактаби тарбияланувчисига айланди.

Кейинчалик ёш иқтидор соҳиби 3 йил «Ботафого» ва «Флуминенсе» клубларида тўп сурди. Унинг онаси ва тоғаси «Фла»да ўйнашарди, «Ботафого»га қизиқиши эса ота авлодларининг таъсири эди. Уйда мухлислик баҳс-мунозаралари тақиқланган бўлсада, амакиси Жозе Луис Карвалью жиянининг «Ботафого» ва «Фламенго»даги голларини диққат билан кузатиб юрарди.

15 учрашувда Рейньер бунақа голлардан 6тасини амалга оширди, ўйинларнинг тенг ярмида захирадан майдонга тушгани боис, ҳар бир гол учун 118 дақиқа сарфлади. Бу Бразилия «А» сериясидаги иккинчи энг яхши кўрсаткич эди. Қўшимчасига, ёш футболчи 2та «ассист»ни ҳам ўз ҳисобига ёздиришга улгурди. Ваҳоланки, Рейньернинг ихтисоси снайперлик эмас, жамоадошларини узатмалар билан таъминлаб, хавфли вазиятларни содир этиш ва ўйинни бош­қариш эди. Болалик чоғида ҳам у дарвозани забт этишдан кўра ўртоқларини қулай вазиятга олиб чиқишни хуш кўрар ва шу туфайли амакисидан танбеҳлар эшитарди: «Санта-Клаус бўлишни бас қил! Акс ҳолда, бошқаларга совға улашишдан ўзга ҳеч нарсани ўргана олмайсан».

Бироқ Рейньер ўз билганидан қолмади, суюкли услубидан воз кечмади. Ўз вақтида Кака айнан шу аснода тўп сурарди. Улардаги ўхшашлик фақат қадрдон шаҳар, бўй баландлиги, майдондаги позиция ва «Реал»да тўп суришгани билан чекланмайди. Рейньернинг тўп билан марказдан ўқ каби отилиши чиндан ҳам Какани эслатади. 17 ёшгача унга устозлик қилган Далла Деа эса шогирдини Какадан ташқари, 1994 йилдаги жаҳон чемпиони Раига ҳам ўхшатганди.

Нафис техника ҳам навқирон Рейньернинг севимли қуроли. Аммо у барчасини атлетик қобилияти, кенг қадамлари ёрдамида амалга оширади. Тезликни ошириш жараёнида футболчи ақл билан тўп суриш хислатини йўқотмайди, бу эса ўйинни бошқаришига имкон беради. Рақиб дарвозасига терс турган пайтидаги ҳаракатлари Каканикидан самаралироқ. «Мени ажаблантирган жиҳати шуки, у 17 ёшидаёқ тўғри қарор қабул қилишни ўзлаштира олди. Узатмани айни вақтида амалга оширади. Бундан ташқари, доимо бошини тик тутган ҳолда тўп суради», - дейди Фелипе Луис. Бу фазилатга эга бўлишида футзал Рейньерга катта ёрдам берди: 9 ёшида у Риодаги футбол мактабида таҳсил олиш учун пойтахт­ни тарк этганди. Чунки футзалда чемпионлик унвонини қўлга киритган отаси уни бир марта бўлсада паркетга олиб бормаганди. У болалик даврини кўпроқ пляжда эмас, пинг-понг столи атрофида ўтказди. Синглиси Бетиннанинг тўпни маълум муддатга унутиш хусусидаги маслаҳати таъсир этмади.

Бошқа бир синглиси Эстефанияни Рейньер бир йил аввалроқ кучли ҳаяжонланишга мажбур этганди. Ўшанда «Фламенго»нинг Ниньо-де-Урубудаги базасида ёнғин юз берган ва қизча акасининг номини ҳалок бўлганлар рўйхатида кўргандек бўлганди. Эстефания қўрқув ҳаяжонида онасига қўнғироқ қилгач, уни тинчлантиришга тўғри келди. Чунки Рейньер уйида ухлаб ётганди.

Фожиа Жезуснинг қора ва қизил рангларга бўлган меҳрини янада оширди - майдонда ва ижтимоий тармоқларда ҳалок бўлган тарбияланувчилар хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Ёнғин 10 кишининг ҳаётдан бевақт кўз юмишига сабаб бўлганди.

Рейньер «Фламенго» билан Бразилия чемпионатида ғолиб чиқди ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида «заявка»дан жой олди. Ҳозирча унинг фаолиятидаги энг йирик турнир - ўсмирлар ўртасидаги Америка кубоги-2019 мусобақаси. Унда Жезус сардор сифатида 3 марта жамоани майдонга олиб тушди ва 4та гол урди.

Мамалакат футбол федерацияси Рейньерга катта умид билан қарамоқда - ёш иқтидор соҳиби 15 ёшидан бери барча ўсмирлар мусобақаларида мунтазам қатнашиб келмоқда.

Мадридда Рейньерга «Атлетико» билан бўлган алоқаларни эслатиб қўйишларига шубҳа йўқ. Шунингдек, унга барча топ-чемпионатлар вакиллари - «ПСЖ», «Манчестер Сити», «Интер», «Челси» ва «Боруссия»дан қизиқиш билдирилган, унинг «Фламенго»си ўсмирлар турнирида «Челси» ва «Боруссия»даги тенгдошларини мағлуб этганди. «Матрасчилар» музокараларни асосли тарзда олиб боришди. Иш шу даражага етдики, футболчи мадридликларга «Инстаграм» орқали миннатдорчилик билдиришга ҳам улгурганди. Лекин ўшанда трансфер қиймати ҳозиргидан 2 бараварга кўпроқ эди. Бундан ташқари, «Фла» тез орада музокарани тўхтатиб, иқтидорли футболчисини Англияга қўйиб юборишга ҳам кўнмади. Аниқроғи, «Эвертон» хавбек ва яқинлари билан келиша олди, аммо 40 млн. евро «Фламенго» учун озлик қилди.

Декабрь охирида «Реал» ҳам Рейньерга қизиқиш билдирди, янги йилдан кейин эса «Фламенго»нинг розилигини олди. Қизиғи, товон пули миқдори ҳам пасайди - Флорентино Перес 30 млн. евро тўлайдиган бўлди. Келишув баҳоси «Фламенго» бош мураббийи Жорже Жезусни қониқтирмади: «Рейньерни 30 млн.га сотиш мумкин эмас. «Бенфика» тизимидан ҳайратдаман, улар доимо ўйин­чиларни анча қимматроққа пуллашади. «Фла» эса ўз футболчиларини тўғри баҳолашни ҳанузгача ўргана олмади».

Боз устига, жамоа ғазнасига бор-йўғи 24 млн. тушади, холос. Қолган 6 млн. Рейньер ва унинг оиласига теппа-тенг тақсимланади. Футболчининг отаси бир томондан ўғлининг маоши бирданига 7 бараварга кўпайганидан, иккинчи томондан Рейньернинг Бразилияни тарк этаётганидан хурсанд. У ердаги тиғиз тақвим ёш иқтидор соҳибини анча чарчатиб қўяётганди.

Футболчи Мадридга бирров келиб-кетди - қисқа экскурсия ва шарт­номага имзо чекиш учун. 9 февралда эса тўла-тўкис кўчиб ўтди. Аввалига у «Кастилья» мураббийи Рауль тасарруфида бўлади.

Зидан марказга Погбани харид қилишни сўраганди, бироқ Рейньер Полнинг рақобатчиси эмас, шунчаки 30-40 млн.га бразилиялик иқтидорларни сотиб олиш «миссия»сининг давомидир.

Азарнинг харидидан кейин Винисиус мураккаб вазиятга тушиб қолди. Лекин Зизу уни ижарага қўйиб юбормаяпти. Родриго эса тур сайин мавсум кашфиёти мақомига яқинлашмоқда.

Филипе Луис бразилиялик янги харид хусусида қуйидагича фикр билдирди: «17-18 ёшида Рейньер кескин сакрашни амалга оширишга тайёр эмас. Бу даврда «Фламенго»дан «Реал»га ўтишни ҳеч ким уддалай олмайди». Аммо «Атлетико»нинг собиқ ўйинчиси сифатида азалий рақиб жамоанинг селекцион маҳоратига муносиб баҳо берди: «Бу чиндан ҳам сифатли харид, уларни самимий табриклайман».

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz