Қайднома

Қидирув

Яна ўша мавзу: Қатар мундиалга тайёрми?

Яна ўша мавзу: Қатар мундиалга тайёрми?

  17.02.2020 03:34
  0
  422
Яна ўша мавзу: Қатар мундиалга тайёрми?

2020 йилги жаҳон чемпионати бошланишига уч йилдан озроқ муддат қолди. Кўринишидан ҳали анча бор, бироқ вақт шиддат билан ўтиб бормоқда. Россиянинг «Советский спорт» нашри вакиллари Дохага бориб, рус жамоаларининг «Париматч Премьер кубоги» доирасидаги ўйинларини кузатиш баҳонасида мамлакатда сайр уюштиришаркан, қизиқарли саволга дуч келишди: Қатар ҳозирнинг ўзида мундиални ўтказа олармиди?

ИҚЛИМ

Қатар жаҳон чемпионати мезбонлигини қўлга киритгани ҳамоноқ, турнирнинг қайси пайтда ўтказилиши асосий масалага айланганди. Ёзда бу ерда ҳаво ҳарорати 50 даражагача иссиқ бўлади, табиийки, бундай шароитда футбол ўйнаш ҳаёт учун хавф­ли. Ҳозир февраль ва Дохада бемалол яшаса бўлади. Икки суткалик сафар давомида осмонда бирорта ҳам булут кўринмади, кундузги пайт ҳаво ҳарорати ўртача 22-24 даражани ташкил этяпти. Соат 17:00дан ке-йин қоронғу тушиб, ҳаво совийди. Албатта, иссиқ кийиниб, шарф тақиб юрадиган даражада совуқ бўлмайди. Нари борса, 14 даражагача тушиши мумкин. Аммо бир жиҳат ҳам бор. Қатарнинг энг «қаҳратон» қишида ҳам иссиқ таъсир кўрсатиши мумкин. Футболчиларда бундай ҳолат кузатилмади, чунки улар машғулотлар ва ўйинлар пайти майдонда кўп ҳаракатланишади, шу боис «куйиб қолиш»дан сақланишади. Қолганларга эса осонмас. Майдон четида бир-икки соат туринг, юзингиз қизғиш тус олиши турган гап. Демак, ёнингизда доимо офтобга қарши кремлар бўлиши шарт.

ТРАНСПОРТ

Бу масала ҳам муаммосиз эмас. Машиналар бисёр, ҳайдаш усули ҳам қизиқ. Йўлларда сизга қўполлик қилишади, деб бўлмайди, аммо йўл бериш ҳолати ҳам йўқ.

«Кимнинг машинаси каттароқ бўлса, қироллик ўшанга тегишли» - Доха аҳолисининг автомобиль ҳайдашини тахминан шундай тасвирлаш мумкин. Умуман, россиялик сайёҳларни бу унчалик ҳайрон қолдирмаслиги аниқ, зеро ўз юртларида айни ҳолатни тез-тез кузатишади. Бошқа жиҳат эътиборни тортади. Одамлар қани? Агар машинангиз бўлмаса, Доха четидаги стадионга етиб бориш масаласи кўпчиликни қийнаши турган гап.

Ҳа, бу ерда метро бор. Станциялар бир хил услубда қурилган - ойнали каркас ва гул барглари кўринишидаги том. Чиройли! Тўғри, саёҳатимиз давомида метро станциясига кимнинг­дир киргани ёки чиққанини кўрмадик. Ер остида поездлар юриши, уларни бошқарувчи машинистлар ҳам борлигидан умидвормиз.

Пиёдалар? Йўқ, бунақасини эшитмадик. Пиёдалар учун белгиланган йўлакчаларнинг ўлчамига қараб шундай хулосага келиш мумкин. Бир қарашда, эни 2 метрдан сал узунроқдек кўринди. Шундай экан, кўпчилик ҳаракатланганда тез юрадиган автомобиллар йўлига чиқиб кетиш хавфи йўқ эмас. Оддий мисол: меҳмонхонадан стадионгача машинада 15 дақиқада етиб борилади. Пиёда юрганда эса деярли уч соат кетади. Ўзингиз хулоса чиқараверинг.

ИНФРАТУЗИЛМА

Мундиалга тайёргарлик кўраётган Дохани қайси шаҳар билан солиштириш мумкин? Дейлик, Олимпиада-2014ни қабул қилган Сочи билан. Албатта, янги иншоотларни таъмирлаш ва янгиларини қуришдан ташқари, кайфият ва таассуротлар ҳам ўхшаш бўлади. Ва албатта, ҳақли савол туғилади: турнир бошлангунча ишларни якунлашга улгуришадими?

Сочида ўтказилган мусобақа пайти кўплаб хорижликлар ҳожатхоналардан сув оққани, электр анжомларида камчиликлар борлиги ва шунга ўхшаш муаммолар борлигини таъкидлашганди. Ҳозир айни ҳолатни Дохада ҳам кўриш мумкин, фақат қурилиш ишларида. Ҳаммаёқ бузиб ташланган, ҳар доим тақир-туқур овози эшитилади, йўллар тўсилган...

БУ ЕРДА ЯШАСА БЎЛАДИ

Дохада меҳмонхона бизнеси яхши ривожланган: тўрт юлдузли отель - ҳақиқий ҳашамат, беш юлдузлиси - мисоли сарой. Нисбатан камтарроқ меҳмонхоналарни кўрмадик, аммо кузатувлардан келиб чиқиб фикр билдирадиган бўлсак, «уч юлдузли»да ҳам мириқиб яшаш мумкин.

Чемпионат пайти алкоголь маҳсулотлари савдоси амалга оширилиши бўйича ҳозирча аниқ маълумот йўқ, уларнинг асосан фан-ҳудудларда сотилиши мумкинлиги айтилмоқда. Чўчқа гўшти ейдиганлар ҳам қийналишлари аниқ. Қатарда фақат мол ва товуқ гўшти сотилади.

Мобил алоқа нархи қиммат. Меҳмонхоналарда WI-FI бор, шаҳарда эса вариантлар бисёр: хоҳлаганлар маҳаллий операторга уланишади, бош­қалар ўз юртидаги компания хизматидан фойдаланишда давом этади, фақат нархи қийнаб қўйиши мумкин.

Хўш, Қатар ҳозирнинг ўзида жаҳон чемпионатини қабул қилишга тайёрми? Пойтахтдаги ҳолатдан келиб чиқсак, бундай эмас. Қиладиган ишлар кўп. Лекин ҳали вақт бор. Улгуришади.

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz