Қайднома

Қидирув

Ким кучлироқ: Хосепми ёки Юрген?

Ким кучлироқ: Хосепми ёки Юрген?

  22.02.2020 01:26
  0
  391
Ким кучлироқ: Хосепми ёки Юрген?

Яқинда «Ливерпуль» бош мураббийи «АПЛда ойнинг энг яхши мураббийи» совринлари сони бўйича «Манчестер Сити»даги касбошидан ўзиб кетди. Журналистлар эса шу воқеа баҳонасида бу икки таниқли мутахассиснинг фаолиятидаги натижаларни таҳлил қилиб чиқди.

Фаолият даври: Гвардиола - 13 йил, Клопп - 19 йил

Агар «Барселона-Б»даги 1 йилни қўшиб ҳисобласак, Хосепнинг мустақил фаолияти 2007 йилда бошланган. У Каталония суперклубини қабул қилиши билан ёрқин саҳифаларни битишга киришди. «Барса»дан ташқа­ри, «Бавария» ва «Манчестер Сити» жамоалари ҳам унинг раҳбарлигида ўз чемпионатларининг байроқдорларига айланиб, камида 2 марта шоҳсупага кўтарилишди. Германиялик ҳамкасбидан фарқли равишда, испаниялик мутахассис ўртамиёна жамоалар билан ишламади, мавжуд воситалардан рақобатбардош жамоани шакллантиришга вақт сарфлаб ўтирмади, фақат ноёб иқтидор соҳиблари, юлдуз футболчилар билан ҳамкорлик қилди.

Бир йилдан сўнг фаолиятининг 20 йиллигини нишонлайдиган Юрген Клопп ҳам шу пайтга қадар 3та жамоани бошқарди. Гвардиола фаолияти стартида қулай шароитларга эга эди - Хави, Иньеста ва Мессиларни ўз ичига олган мукаммал таркиб, ҳамжиҳат жамоа. Клопп эса ишни қуйи поғоналардан бошлади, «Майнц»­ни 2-Бундеслигада қабул қилиб, бир неча йилдан кейин элитага олиб чиқди. Бунинг эвазига «Боруссия» Дорт­мунд даражасига кўтарилиб, 7 йил давомида малакали мураббий сифатида танилди. Шу тариқа 2015 йилда «Ливерпул»ни қабул қилди.

Жамоавий совринлар: Гвардиола - Клопп - 28:8

Бу борада яққол устунлик каталониялик мутахассис томонида - у германиялик касбдошига нисбатан 3,5 бараварга кўпроқ зафар завқини сурган. Боиси маълум - Юрген шогирдлари 8та финалнинг атиги 2тасини ўз фойдаларига ҳал қилишган. Ички чемпионатда эса «Боруссия» билан икки марта шоҳсупага кўтарилди. Хосеп «Барселона», «Бавария» ва «Манчестер Сити» клублари билан 8 марта ғолиблик нашидасини сурди. Бундан ташқари, ЕЧЛда 2, УЕФА Суперкубоги ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатларида 3 мартадан ғолиб чиқди. Юрген ҳисобида бундай сов­ринлар бор-йўғи 2та.

«Даромаду-буромад»: Гвардиола - 1,15 млрд. евро, Клопп - 648 млн. евро

Таъкидлаш жоизки, совринларга оид қуруқ статистика етарли маълумот бера олмайди. Унга «ҳар бир совриннинг қиймати» қўшимчасини илова қилиш лозим. Бунинг учун жамоаларнинг футболчилар хариди учун сарфлаган маблағларини ҳисоблаб чиқиб, уни совринлар сонига бўламиз. Шу тариқа Гвардиола ва Клопп давридаги совринлар қиймати маълум бўлади. Демак, Хосеп жамоалари нисбатан қисқа вақт ичида кўпроқ пул сарфлаган бўлсаларда, ҳар қайси кубок учун озроқ - 41 млн.дан ишлатишган. Юргеннинг натижаси деярли 2 бараварга ортиқ - 81 млн. евро.

Лекин тафовут 3,5 баравар эмас. Бундан ташқари, Клопп 7 йил умрини «Майнц»га сарфлагани, «Боруссия»ни ўртамиёна жамоа мақомида қабул қилгани, Гвардиола эса ёрқин фаолият учун шай турган Месси, Хави, Иньеста, Бускетс, Пике, Дани Алвеш, Мюллер, Роббен, Рибери, Нойер, Агуэро, Давид Сильва, де Брюйне, Стерлинг каби юлдузлари бўлган жамоаларни бошқарганини ҳам инобатга олиш лозим. Хуллас, Гвардиолага мерос бўлган футболчиларнинг трансфер қиймати ҳам худди совринлар сони каби Клопп меросидан бир неча бараварга қиммат.

Футболчилар сотувидан олинган даромад хусусида тўхталадиган бўлсак, деярли тенгликка гувоҳ бўламиз: Клопп раҳбарлигидаги жамоалар ўз ўйинчиларини сотиш эвазига 462 млн., Гвардиола клублари эса 450 млн. еврога эга бўлишди. Лекин бош­қа жамоаларга сотиб юборилган футболчилар рўйхатига эътибор берилса, Хосеп таркиб учун ортиқча бўлиб қолган ёки қайсидир жиҳати билан унинг услубига мос тушмаган ўйинчилардан воз кечган. Юрген эса кўпинча Коутиньо, Кагава, Гётце ва Шахин каби етакчи юлдузларидан мажбуран жудо бўлган. Яъни, Гвардиола ўз фаолияти давомида етакчи ўйинчисидан маҳрум бўлиш аламини тотиб кўрмаган.

Ўзаро учрашувлар: 18та учрашув, 9тасида Клопп ғолиб чиққан, 2та дуранг, 7таси Гвардиола фойдасига. Тўплар нисбати: 26-26

Юрген Клопп - Хосеп Гвардиола фаолиятидаги энг ноқулай рақиб. Бошқа бирор-бир мураббий каталониялик мутахассисга нисбатан ижобий натижага эриша олган эмас. Аммо германиялик мураббий ўзаро дуэллар сони 20га яқинлашган паллада олдинда бормоқда. Дарвоқе, қарама-қаршиликнинг ўзига хос юбилейи шу мавсумда нишонланиши ҳам мумкин. «Шаҳарликлар» «қизиллар»га қарши нафақат АПЛнинг 2-даврасида, балки Англия кубоги ва ЕЧЛ «плей-офф» босқичида ҳам майдонга тушишлари мумкин.

Якка тартибдаги мукофотлар

Хосеп Гвардиола ўз фаолиятида 2 марта дунёнинг энг яхши клуб мураббийи унвонлари ва 2011 йилда «ФИФАнинг йил мураббийи» мукофотига сазовор бўлган. Юрген Клопп 2019 йилда барча мавжуд таснифлар бўйи­ча тенгсиз дея эътироф этилди. Хосеп 2 марта (2017|2018, 2018|2019 йиллар мавсуми) АПЛнинг энг яхши мураббийи унвонига лойиқ топилди. Юрген жорий мавсумда бу совринни қўлга киритишга яқин турибди. АПЛнинг «Ой мураббийи» мукофоти бўйича эса каталониялик рақобатчисидан ўзиб кетди. Ҳисоб - 8га 7.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz