Қайднома

Қидирув

Ишонаверинг, "Малага"нинг рамзий дафн маросимини ўтказишди...

Ишонаверинг, "Малага"нинг рамзий дафн маросимини ўтказишди...

  23.02.2020 01:48
  0
  491
Ишонаверинг,

«Малага» фанатлари клубнинг рамзий дафн маросимини ўтказишди. Уларни бундай кескин «чора» кўришга қатарлик шайх - жамоа соҳиби мажбур қилди. Абдулла Бин Носир ал Тани аввалига ёрқин клуб тузди, кейин уни барбод қилди. Кўпчилик, ЧЛ-2012|2013 чорак финали доирасида «Малага» ва «Боруссия» Д. ўртасида кечган ақлга сиғмас ўйинни яхши эсласа керак. Мануэль Пеллегрини бошқарувидаги ҳужумкор ва ёқимтойгина жамоа шовқинли «Сигнал Идуна Парк»нинг кучли босимига парво қилмай, 82-дақиқага қадар 2:1 ҳисобида олдинда борганди. Ўша паллада Юрген Клопп «банда»сидан ярим финалга чиқиш учун яна 2та гол уриш талаб этиларди. Дортмундликлар трибуналарнинг тинимсиз қўллаши ва юксак ирода ҳамда омад туфайли ушбу оғир вазифа уддасидан чиқишганди. Эсласангиз, мезбонлар ҳакам томонидан қўшиб берилган вақтда ҳисобни 3:2га етказиб, «Малага»ни ЧЛ ярим финали чиптасидан мосуво этишганди. Энди шу жамоа ўз мухлислари томонидан рамзий маънода кўмилди...

 

ЁРҚИН ЯҚИН ЎТМИШ

Умуман олганда, Андалусия клуби мавсум-2012|2013да Примеро турнир жадвалида 6-поғонани банд этди. Бир йилча олдин эса, кучли иштиёқи билан ажралиб турган «Малага» Испания чемпионатида «Реал», «Барселона» ва «Валенсия»дан кейин 4-ўринга жойлашиб, чинакам сенсация кўтарганди. Афсуски, «Малага» мухлислари эндиликда бундай натижаларни орзу қилишга ҳам ботинолмаяптилар. Бинобарин, «анчоуслар» жорий мавсум Сегундада атиги «жон» сақлаб қолиш учун курашишмоқда. Жамоага молиявий муаммолар туфайли Испания футбол тизимидаги учинчи даражали дивизионга тушиб кетиш реал хавф солаётгани ҳам бор гап. Бу вақтда «Малага» фанатлари норозилик намойиши сифатида «Ла Росаледа» стадиони ёнида клубни рамзий дафн маросимини ўтказишди. Ёрқин ва ҳужумкор футболи билан назарга тушган ўша «Малага»дан энди асар ҳам йўқ. Мухлислар гуруҳи иддаосига кўра, жамоани бир неча йил олдин оёққа турғазган кишининг ўзи энди уни «ўлдирди».

 

«МАЛАГА» ТАРАҚҚИЁТИ

Шайх Абдулла Бин Носир ал Тани — Қатарнинг ҳукмдорлар сулоласи вакили. У 2010 йилнинг ёзида камтарин «Малага»ни сотиб олиш йўлида 36 млн. евродан воз кечиб, қўшимчасига клуб бўйнидаги қарзни ҳам ўз зиммасига олди. Шайхнинг айнан Андалусия жамоасини танлагани бежиз эмасди. У бунга қадар Малага шаҳрида меҳмонхоналар тармоғи, автосалонлар барпо этишга киришган ва Ла Бахадилья портини кенгайтиришга ҳам қўл урганди. Шундай экан, шаҳар номидаги клуб қатарлик миллиардер учун йирик бизнес-лойиҳанинг бир қисми эди. Алоҳида таъкидлаш керак, ал Тани «Малага»га ҳеч қачон оддий ўйин­чоқ сифатида қарамаган. Ҳар ҳолда, клуб хўжайини одамларни ўз лойиҳасига аста-секин ишонтиришни режалаштирганини қайта-қайта таъкидлади, бирданига қимматбаҳо юлдузларни сотиб олишдан тийилди. Дейлик, ал Тани бошқарувидаги илк мавсумда «Малага» шов-шувли трансферларсиз ҳам Ла Лига турнир жадвалида 11-ўринни эгаллади. Андалусия клуби раҳбарияти бу натижани муваффақият сифатида баҳолади ва 2011 йилнинг ёзида таркибни жиддий кучайтиришга қарор қилди. Рақамларда айтсак, «Малага» янги футболчилар харидига деярли 60 млн. евро ажратди. Ўшанда жамоа сафига Хоакин Санчес, Иско, Начо Монреаль, Жереми Тулалан, Санти Касорла, Диего Буонанотте, Серхио Санчес, Йорис Матейсен ва машҳур Рууд ван Нистелрой (эркин агент мақомида) қўшилишди. Бу вақтда «Малага»ни Мануэль Пеллегрини бошқараётганди. Чилилик мутахассис қисқа муддат ичида таркибда уйғун ҳаракатни йўлга солиб, еврофутболдаги энг қизиқарли жамоалардан бирини шакллаштиришга муваффақ бўлди. Ҳар ҳолда, «анчоуслар» Пеллегрини қўл остида нафақат ички чемпионат, балки бутун «кўҳна қитъа»да яхшигина шов-шув кўтаришди.

 

МОЛИЯВИЙ МУАММОЛАР  ВА...

Ҳа, жамоанинг гўзал даврини молиявий муаммолар бузди. Малагаликлар мавсум-2012|2013да чиндан ҳам, чиройли футбол кўрсатиш асносида ЧЛ ярим финалига шиддат билан интилишганига қарамай, ал Тани клубининг майдон ташқарисидаги ишлари яхши ривожланмади. Жумладан, УЕФА Клубларни молиявий назорат қилиш арбитраж палатаси 2013 йилнинг бошида 9та жамоанинг йирик миқдордаги қарз мажбурияти юзасидан қарор чиқарди. «Қора рўйхат»га тушган қонунбузарлар орасида «Малага» ҳам бор эди. Якунда клуб раҳбариятининг футболчилар маошидан 35-40 фоизини қарз сифатида қолдиргани ҳақидаги гап-сўзлар ўз тасдиғини топди. Оқибатда андалусияликларга кескин жазо қўлланилди - клуб 4 йил давомида Европа миқёсидаги турнирларда иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум бўлди. Қисқаси, «Малага» бюджетини кутилмаганда ва асоссиз равишда қисқартирган қатарлик шайх дарҳол бунинг жабрини чека бошлади. Боз устига, еврокубокларда иштирок этиш ҳуқуқи йўқотилгач, ал Тани ўз лойиҳасига янада камроқ маблағ ажратишга қарор қилди. Охир-оқибат, «Малага» секин-аста муҳим футболчиларидан айрилди - Хоакин Санчес, Вильфредо Кабальеро, Элизеу, Жереми Тулалан, Иско ва Санти Касорла бирин-кетин андалусияликлар билан хайрлашишди. Энг ёмони, клуб раҳбарияти кетганлар ўрнини муносиб ижрочилар билан тўлдиришга асло шошилмади. Бош мураббий масаласида ҳам худди шундай ҳолат кузатилди. Мануэль Пеллегринидан кейин бош мураббийлик лавозимида нисбатан тажрибасиз ва омадсизроқ Бернд Шустер, Хавьер Грасия, Марсело Ромеро ва Мигель Мичел ишлашди. 

Гарчи ҳаммаси чаппасига кетган бўлсада, «Малага» мавсум-2017|2018га қадар турнир жадвалининг ўртамиёна қисмида юришни эплади қанақасигадир. Кейин бирданига 20-ўринга қулади ва Примеродан Сегундага тушди. Малагаликлар ўша мавсум атиги 20 очко тўплашди. Кейин нохуш воқеалар ҳам рўй берди. Дейлик, «Малага» бош мураббийи беҳаё видео туфайли истеъфога чиқарилди.

 

НОШУД ТРАНСФЕР СИЁСАТИ

Аслида Испания иккинчи дивизио­нида клубнинг ишлари анча яхши ривожланди. Андалусияликлар айрим етакчи футболчиларга жавоб бериш эвазига маош тўловини сезиларли тарзда енгиллаштиришди. Муҳими, янги футболчилар савия бобида пастроқ эканликларига қарамай, иштиёқ билан тўп суришди. Натижада 2019 йилнинг июнида «Малага» Примерога қайтишга жуда яқин келди. Бироқ «анчоуслар» Ла Лига йўлланмаси тақдирини ҳал қилган «плей-офф» баҳсида «Депортиво»га ютқазиб қў-йи­шди. Кейин яна молиявий муаммолар қайта бош кўтарди. Энди Андалусия жамоасига ўтган ёзда бошланган шу мушкулот оқибатида Сегундадан ҳам тушиб кетиш хавф солмоқда. Гап шундаки, «Малага» моддий жаримадан қутулиш илинжида охирги 2та трансферлар бозорида харидлардан тийилишга мажбур бўлди. Аниқроғи, клубнинг трансферларга ажратган суммага нисбатан футболчилар сотувидан 5 млн. евро кўпроқ топиши талаб этиларди. Шундай таҳликали вазиятда ҳам жамоа раҳбарияти зиқналик ва узоқни кўролмаслиги билан мухлисларда нафрат уйғотди. Marca нашри маълумотларига кўра, қатарлик шайх Хони, Диего Гонсалес, Луис Эрнандес, Кеиди Баре ва Микель Вильянуэва билан хайрлашишга мутлақо қарши чиқди. Бундан ташқари, «Малага» «Леганес»дан ижара келишуви асосида олинган Юсуф ал Носири трансфери учун 15 млн. евро тўлаб, уни «Брайтон»га 20 «лимон»га сотиш имкониятидан фойдаланмади. Эҳтимол, ал Тани келишув омадли амалга ошишига ишонмагандир. Ҳар ҳолда, «Малага» ал Носирини 15 миллионга сотиб олиш ҳуқуқидан шунчаки, воз кечиб қўя қолди. Шу тариқа «Малага» қўшимча маблағ топиш имкониятидан маҳрум бўлди. Агар клуб трансферлар бозорида чамаси 15 млн. евро ишлаганида, молиявий муаммолардан қутуларди, шунинг баробарида Сегундадан тушиб кетиш хавфидан ҳам.

 

НУФУЗГА ҚАРАТИЛГАН ЗАРБА

Яқинда юз берган нохуш можаро ҳам ал Тани нуфузига ўзига хос зарба бўлди. Гап «Малага»нинг собиқ бош мураббийи Виктор Санчес иштирокидаги беҳаё видеолавҳа ижтимоий тармоқларга чиқиб кетгани хусусида бормоқда. Ўшанда мураббийни нафақат турмуш ўртоғи, балки футболчилар ҳам бир ёқадан бош чиқариб, ҳимоя қилишди. Клуб раҳбарияти эса кескин чора қўллаб, уни ишдан бўшатди. Бунга қадар Санчес ошкора баёнот бериб, Андалусия клуби хўжайини ва спорт директори Ричард Шахинни бош мураббий розилигисиз қарорлар қабул қилишда айблаганди: «Улар бу билан клубни янада кучсизлантиришмоқда. Оддий айтганда, таркиб шакллантириш важи билан ҳаммани алдашмоқда...». Тахмин қилинишича, можароли видео ижтимоий тармоқларга атайин чиқариб юборилган - тилини тийиб юришни истамаган «қайсар» мураббийдан қутулиш воситаси бўлиши учун...

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz