Қайднома

Қидирув

Маркус Тюрам: «Месси берган бутсаларни синфдошимга совға қилганман»

Маркус Тюрам: «Месси берган бутсаларни синфдошимга совға қилганман»

  24.02.2020 08:44
  0
  384
Маркус Тюрам: «Месси берган бутсаларни синфдошимга совға қилганман»

Италиянинг Парма шаҳрида туғилган бўлса-да, аслида франциялик бўлган Маркус Тюрам футболкасида жаҳоннинг энг машҳур футболчиларидан бири, яъни отасининг фамилияси ёзилганлигига унчалик эътибор қаратмайди. Лилиан Тюрам 2006—2008 йилларда Каталониянинг «Барселона» жамоасида тўп сурганида, Маркус ўз кучини мазкур испан клуби футбол академиясида синаб кўрганди. Бироқ бу ерда ўз иқтидорини тўлиқ намойиш этолмади ва она юрти Францияга кетишга мажбур бўлди. Профессионал фаолиятини «Сошо» клубида бошлаган кичик Тюрам кейинчалик «Генгам» сафидан жой олди. Ўтган йилнинг ёзида 9 млн. евро эвазига Менхенгладбахнинг «Боруссия» клубига ўтган маҳоратли ҳужумчи Германия чемпионатидаги дебютини муваффақиятли тарзда амалга ошириб, айни пайт Бундеслиганинг энг яхши футболчиларидан бири саналади. Яқинда Франция­нинг France Football нашри мухбирлари Маркус Тюрамдан интервью олишди. Суҳбат давомида 22 ёшли ҳужумчи Германия чемпионатига мослашиш жараёни ва бошқа мавзуларга тўхталди.

 

- Менхенгладбахдаги саргузаштларингизга битта сўз билан қандай таъриф берасиз?

- Футбол.

- Германия Бундеслигасидаги илк мавсумингиздаёқ шундай яхши ўйин намойиш этишингизни кутганмидингиз?

- Бу ҳақда айни пайт нимадир деёлмайман. Фақат шуни таъкидлашим мумкинки, ҳозирча фаолиятим яхши кеч­япти. Лекин айрим баҳсларда янада яхшироқ ўйнашим ҳам мумкин эди.

- «Боруссия» варианти қандай юзага келди?

- Ушбу клуб вакиллари билан гаплашганимдан сўнг «Боруссия»нинг ўйин услуби борасидаги фикрларимиз ҳамоҳанг эканлигига амин бўлдим. Биз тезда тил топишдик, менга жамоа устози Марко Розенинг ғоялари ёқди. У мени қайси чизиқда кўришни истаётганлигини айтди. Шу боис, қайси клуб таркибига йўл олаётганлигим, қандай ўйнашим лозимлигини жуда яхши билардим.

- Германияликлар сизнинг қандай маҳоратга эга эканлигингизни жуда яхши билишлари ва анчадан буён харид қилиш ниятида эканликларини таъкидлашди...

- «Боруссия» селекционерлари ўйинимни 2015 йилдан буён кузатишди. Аммо тажриба тўплашим ва катталар футболида ўз иқтидоримни намойиш этишимни кутишди. Менхенгладбахга келганимда, ажойиб ускуналар, фантастик стадион ва мухлисларни кўрдим. «Боруссия» чиндан ҳам ўзгача клуб. Бу ерда олдин ҳеч қаерда учратмаган, фақатгина жамоанинг ўзига тегишли бўлган муҳитни ҳис қилдим. Менимча, асосийси шу. Бош мураббийнинг суперғоялари жамоа ўйинига мос келганлиги учун омадим чопди. Аммо мавсум муваффақиятли ўтиши учун айрим жиҳатлар халақит бериши эҳтимоли ҳам бор.

- Мавсум стартини назарда тутяпсизми?

- Албатта. Германия кубоги доирасидаги «Зандхаузен»­га қарши кечган баҳсда тўп киритишга муваффақ бўлдим. Аммо мавсум стартидаги дастлабки 5та ўйинда гол уролмадим. Гарчи ўша баҳсларда бошланғич таркибда майдонга тушган бўлсам-да, юзага келган имкониятлардан фойдаланолмадим. Яхшиямки, бахтимга бош мураббий Марко Розе менга ишонишда давом этди. Ажабланарлиси, захирадан майдонга тушганимдагина гол уришга муваффақ бўлдим. Ўшанда Дюссельдорфнинг «Фортуна» жамоасига қарши кечган ўйиннинг 67-дақиқасида захирадан майдонга тушдим. 74-дақиқада эса Бундеслигадаги илк тўпимни киритдим. 20 дақиқадан кейин эса «дубль» расмийлаштирдим. Майдонга тушгунимча жамоамиз 0:1 ҳисобида мағлубиятга учраётганди. Голларим «Боруссия»нинг ғалаба қозонишига ёрдам берди ва ўша куни хотиржам ҳолда ухладим (кулади). Шуни ҳам алоҳида таъкидламоқчиманки, имкониятим даражасида ўйнай олмаган пайтларим она юртим Францияга қайтиб, ҳаммасини бошидан бошлаш керак, деб ҳам ўйлагандим.

- Яъни «Сошо»га қайтмоқчимидингиз?

- Балки, «Сошо»га қайтишни ўйлагандирман ёки иқтидоримни намойиш этиш имконини берадиган бошқа клуб таркибидан ўрин олмоқчи бўлгандирман. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам «Боруссия»да қолиш насиб этган экан, жамоа ижобий натижа қайд этиши учун бор кучимни ишга соламан.

- Муваффақиятга эришганингиздан сўнг ОАВ ва мухлислар томонидан улкан босимни ҳис қиляпсизми?

- Йўқ. Инсонлар мендан янада кўпроғини кутишаётганини биламан. Буни ўсишга эришаётган ва кучли жамоа таркибига қўшилган ҳар қандай футболчи тушунади. Босим нафақат ўз мухлисларимиз, балки рақиб томонидан ҳам бўлади. Майдонда тўп билан муомала қилаётганда, ишқибозлар бефарқ қарашса, бу футболчидаги интилиш, завқ-шавқни сўндириши мумкин. Атрофдагилар сизга қанчалик кўп ишонч билдиришса, уларни хафа қилмаслик учун шунчалик яхшироқ ўйнашга интилаверасиз.

- Жамоадошингиз Рами Бенсебайни сизнинг болаларга хос характерга эга эканлигингизни таъкидлади...

- Унинг нима учун бундай деганлигини биламан. Нав­батдаги ўйинда майдонга тушиб, мағлубиятга учрасак, жаҳлим чиқади. Нафақат майдон, балки унинг ташқарисида ҳам анча ҳиссиётга берилувчанман (кулади). Ўйин якунлаганидан кейин фикримни жамлаб, нима учун ёмон ўйнаганлигимни муҳокама қиламан. Шундагина ўзимни яхши сезишим мумкин.

- «Ницца» ярим ҳимоячиси Арно Лусамба эса сизни «кичик масхарабоз» деб атади...

- (Кулади) Арно шундай дедими? Шунчаки, ҳазиллашиш, қувноқлик ва кулишни яхши кўраман. Менимча, бунинг ҳеч қандай ёмон томони йўқ. Маш­ғулотлар ва майдонда эса барчадан кўп тер тўкаман.

- Умуман олганда, кўплаб футболчилар сиз ҳақингизда ёқимсиз сўзларни гапиришади. Футбол оламида сизни ёқтирадиганлар ҳам борми?

- Ҳақиқатан ҳам, ғашимни келтирадиган одамлар ҳам бор. Сабабини билмайману, лекин уларни ёқтирмайман. Кўпчилик мени яхши кўради, ўз навбатида, хушламайдиганлар ҳам топилади. Шунингдек, доимо кулиб туришимни маъқулламайдиганлар бор. Шу боис, мени масхарабоз, ёш бола ёки шунга ўхшаш сўзлар билан ҳақоратлайдилар.

- Футболчи сифатида ўсишингизда устунликка эга бўлгансиз. Боиси, отангиз ҳам футболчи бўлган ва у сиздан ёрдамини аямаган. Олдингизда бошқа касбни эгаллаш борасида танлов бўлганми?

- Менимча, отамнинг касби ва унинг кучли клублардаги фаолияти вақтимнинг тежалишига сабаб бўлди. Болалигимдан қандай турмуш тарзини олиб бориш, машғулотларда қандай машқларни бажариш, омадли футболчи бўлиш учун нималардан воз кечиш лозимлигини яхши билардим. Бошқа болалардан фарқли ўлароқ, менда устунлик бор эди ва бу спортда ёрдам берди. Отам ва укам Кефрен (айни пайт «Ницца» ўйнамоқда) билан фақат футбол ҳақида сўзлашаман. Бу бизни бирлаштиради. Балки бу касбни отам ва унинг унутилмас фаолияти сабабли танлагандирмиз. Масалан, шифокорлар оиласидаги болаларда тиббиётга оид кўникма пайдо бўлади ва улар кейинчалик ота-оналарининг касбини танлашга интиладилар. Спортда ҳам худди шундай ҳолат юз беради. Кўплаб нарсалар мен ва Кефрен учун сир бўлмай қолганди. Шу сабабли, бошқаларга нисбатан биз учун бу борада осон бўлганди. Отам футбол ўйнаганлиги ва шу соҳада муваффақиятга эришганлиги туфайли футболчи бўлдим, дея оламан (кулади).

- Отангиз футболчилик фаолияти давомида «Парма», «Ювентус» ва «Барселона» клубларида ўйнаган. Гарчи ўшанда ёш бўлсангизда, унинг ўша пайтдаги ўйинларидан қандайдир тажриба олганмисиз?

- Испания ва Италиядаги ҳаёт тарзи менга нимаси билан фойдали бўлди? Масалан, ўша мамлакатларда маҳаллий тилни ўргандим. Испанча ва итальянчада яхши гапира оламан (кулади). Менда янги мамлакатга бориб, ўша юрт чемпионатида ўйнаш, у ерда ўзимни йўқотиб қўймаслик учун имконият бор. Италия ва Испания давлатларидан кўплаб хотиралар қолган. Ҳаётим бошқачароқ кечганида, балки ҳозир «Барселона»да Месси билан бирга ўйнаётган бўлармидим (кулади). Аммо фаолиятимни қуйи поғонадан бошлашга тўғри келди ва бу ҳам мен учун қизиқарли ва фойдали тажриба вазифасини ўтади.

- Отангиз сизни қўллаб-қувватлаш мақсадида «Боруссия»нинг ўйинларига ташриф буюради. У футболчилик фаолиятингиздан қониқиш ҳосил қиляптими?

- Отам мени болалигимдан қўллаб-қувватлаб келади, муҳим маслаҳатларини аямайди. Акс ҳолда, ҳозирги даражамга етмаган бўлардим. У «Боруссия»га ўтганимдан мамнун. Бу ўз олдига улкан мақсадлар қўйган обрўли клуб. Албатта, қачонлардир «Барселона» ва «Ювентус» клубларида ўйнаб, отамнинг фаолиятини такрорлаш ниятим бор. Шунингдек, худди у сингари Франция термаси таркибида жаҳон ва Европа чемпиони бўлишни истайман. Инсонлар Тюрам фамилиясини тилга олишганида, нафақат Лилиан, балки Маркусни ҳам эслашларига эришиш, футболда катта ютуқларни қўлга киритиш учун ҳали менда вақт бор.

- Месси билан танишмисиз?

- Дўстмиз, деёлмайман. Балки у мени эслай ҳам олмас (кулади). Бир куни Месси менга ўз бутсаларини сов­ға қилган. Отам каталонияликлар таркибида тўп сурганида, жамоанинг бошқа футболчилари сингари Мессини ҳам ҳар куни кўрганман. Ўшанда улар мен учун отамнинг жамоадоши сифатидаги оддий одамлар эди. Лилиан Тюрам қандай буюк футболчилар билан ўйнаганлигини билганимда, уларнинг бутсалари коллекциясини йиғиб, кўзга кўринарли жойда сақлаган бўлардим (кулади). Бир синфдошим Месси менга бутсаларини совға қилганини эшитгач, уларни совға қилишимни сўрайвериб, жонга тегиб кетди ва ахийри, безор бўлиб, унга ўша бутсаларни бердим. Мессининг айни пайт футбол оламида қандай обрўга эга эканлигини жуда яхши биламан ва ҳозир ўша бутсаларни мактабдош дўстимга бермаган бўлардим. Аммо болалигингда буларни тушунишга ақлинг етмас экан.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz