Қайднома

Қидирув

"Сўғдиёна": Кеча, бугун, эртага...

"Сўғдиёна": Кеча, бугун, эртага...

  26.02.2020 08:00
  0
  431

2020 йилги Суперлига баҳслари олдидан жамоаларнинг янги мавсумга тайёргарлиги, таркибдаги ўзгаришлар, режа ва мақсадлари билан таништиришда давом этамиз. Kun.uz сайти мухбирлари бу сафар Жиззах шаҳрида бўлиб, Улуғбек Бақоев бошқарувидаги «Сўғдиёна» жамоасининг мавсум олди тараддуди, стадиони ва таркибдаги ўзгаришлари билан танишдик.

Клуб стадиони

Дастлаб Жиззахдаги «Сўғдиёна» стадионида бўлиб, ўйингоҳнинг янги мавсумга қандай ҳозирланаётгани билан танишдик. Қайд этиш жоиз, ўлкамизда ҳали қиш фасли ҳукмронлигини инобатга олсак, арена майдони тез орада талаб даражасига келишини кутиш мумкин.

11 мингдан ортиқ томошабинни сиғдира оладиган стадионнинг трибуналари, таблоси ва ёритиш тизимида муаммо йўқ, фақат чемпионат бошланишидан аввал шай ҳолатга келтирилади.

Жиззахда янги мавсум очилиш маросими Суперлига 2-тури доирасида 7 март, шанба куни ўтадиган «Сўғдиёна» – ОКМК ўйини билан бошланади.

Таркибда қандай ўзгаришлар қилинди?

Ўтган мавсум кутилмаганда бронза медаллари учун курашиб, якунда 4-ўринни эгаллаган «Сўғдиёна» клуби мавсумлар оралиғида таркибда катта ўзгариш қилиши шарт эмасди. Шу боис, Улуғбек Бақоев асосан жамоани тарк этган футболчилар ўрнига мос ўйинчиларни таклиф этиб, яримҳимояни легионерлар эвазига кучайтиришга эътибор қаратди.

Жамоа учун энг катта йўқотиш Кахи Махарадзе бўлди, дейиш мумкин. Ҳар ҳолда грузиялик легионер 2019 йилги мавсумда жамоа етакчиларидан бирига айланганди. У «Локомотив» сафига қайтди. Шунингдек, Никола Милинкович, Иззат Абдуллаев, Шерзод Файзиев, Сирож Мелиев, Нуриддин Ҳасанов, Муҳаммадали Юлдашев сингари футболчилар ҳам Жиззах клуби билан хайрлашишди.

Жамоани тарк этган 7 нафар футболчи ўрнига Улуғбек Бақоев 7 нафар янги футболчи – Сербиядан Марко Калакович, Бразилиядан Рибейро Дантас, шунингдек «Динамо»дан Баҳодир Насимов, ОКМКдан Санъат Шихов, «Сурхон»дан Аюбхон Нўъмонов, «Металлург»дан Шавкат Муллажонов, «Бунёдкор»дан Жавоҳир Қаҳрамонов каби ўйинчиларни таклиф этди.

«Сўғдиёна» таркиби қандай кўриниш олади?

Таркиб ва жамоа машғулотларини кузатиб айтиш мумкинки, бош мураббий Улуғбек Бақоев деярли ҳар бир чизиқ учун ўзига хос рақобат пайдо қила олган. Клуб аксарият жамоалардек хорижда йиғин ўтказмаган бўлса-да, ўз сафини етарлича кучайтира олган. Буни қуйида келтирган жамоанинг умумий таркибидан кўришингиз мумкин:

Дарвозабонлар: Милан Митрович, Ширинбой Абдуллаев

Ҳимоячилар: Искандар Шойқулов, Шавкат Муллажонов, Сардор Қулматов, Шаҳбоз Жўрабеков, Марко Колакович, Элёр Орифов, Аюбхон Нўъмонов, Диан Талхатов.

Яримҳимоячилар: Санжар Рашидов, Санъат Шихов, Жамшид Болтабоев, Даниел Насриддинов, Ойбек Нурматов, Жасур Ҳасанов, Жавоҳир Қаҳрамонов, Эливенто Рибейро.

Ҳужумчилар: Баҳодир Насимов, Шоҳруз Норхонов, Саҳоб Рашидов, Иван Нагаев.

Улуғбек Бақоев: «Мавсумга 80 фоизга тайёрмиз»

Жиззахдаги стадионнинг ҳолати билан танишганимиздан сўнг, ўйингоҳдан чамаси 5 километр узоқликда, шаҳардан чиқишда жойлашган клубнинг қароргоҳида бўлдик. Клуб базасида кенг кўламдаги қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани боис, футболчилар меҳмонхонада истиқомат қилишмоқда. Машғулотлар эса қароргоҳнинг ўзида олиб борилмоқда.

Жамоа машғулотлари якунига етгач, Улуғбек Бақоев мавсум олди интервью беришга эрталигини ҳар қанча айтмасин, саволларимизни жавобсиз қолдирмади.

«Янги мавсумга тайёргарликни декабрь ойида бошлагандик, бугунга келиб 2020 йилги Суперлига баҳсларига муваффақиятли тараддуд кўра олдик. Таркибида ўзгаришлар қилдик. Бир нечта футболчилар жамоани тарк этган бўлса, уларнинг ўрнини муносиб тўлдира олдик, деб ўйлайман. Чемпионат баҳслари қай даража кучая олганимизни кўрсатиши мумкин», дейди Бақоев.

– Жамоа таркибини ўзингиз истагандек кучайтира олдингизми?

– Ҳозирги таркибимиздан 80-90 фоизга кўнглим тўлди, дейишим мумкин. Имкониятимизга қараб янги футболчиларни таклиф эта олдик. Бу борада клуб раҳбарияти катта ёрдам берди.

– Кахи Махарадзе жамоани тарк этди. Бу унинг қароримида ёки клуб жавоб бердими?

– Кахи ўтган мавсумда клубга фойдаси кўп теккан футболчилардан бири бўлганди. Махарадзе билан унинг кейинги тақдирини ҳали муҳокама қилмагандик, унга ОЧЛ саралашида иштирок этувчи «Локомотив»дан таклиф тушгач, Кахи билан бир-биримизга омад тилаб хайрлашдик.

– Ўтган мавсум «Сўғдиёна» ОЧЛ йўлланмаси учун курашганди. Бу мавсумда жамоа олдига қандай мақсадлар қўйилган?

– Мақсадимиз энг аввало ҳар бир ўйинда ғалаба қозониш. Қолганини чемпионат ўйинлари кўрсатади. Клуб раҳбарияти билан жамоа мақсади борасида гаплашиб олганмиз, аммо буни ошкор қилишни истамайман.

Йиллик бюджетимиз ошганми? Менда бундай саволларга жавоб бериш ваколати йўқ. Буни раҳбариятдан сўраш тўғри бўларди.

Бу йил тўрт нафар легионер таклиф этилганди, улардан уч нафари жамоа сафида қолди. Сербия ва бразилиялик легионерларидан умидимиз катта. Жамоамизнинг энг катта ютуғи – барча футболчилар бир оилага айланишган. Жамоада ўзаро ҳурмат юқори даражада.

– «Сўғдиёна» 1-турда «Машъал»га қарши майдонга тушади. Ўйин ва рақиб жамоа ҳақида қандай фикрдасиз?

– Ҳар бир жамоа Суперлигага жиддий тайёргарлик кўрди. Муборакда осон ўйин бўлмаслиги аниқ.

Умуман олганда, бу йил юқори ўринлар учун жиддий кураш кечади. Сабаби – рақобатчи клублар кўпайди. ОЧЛ йўлланмаси учун ҳам кураш оғир бўлиши аниқ.

– «Сўғдиёна»нинг хорижда йиғин ўтказмагани Тошкентда тайёргарлик афзал кўрилгани билан боғлиқми ёки молиявий имконият бунга йўл қўймадими?

– Дастлабки режаларимиздан хориж йиғини ўрин олганди. Аммо селекция жараёнини якунламаганимиз боис бормадик. Таркиб борасида бир қарорга келиб бўлингач, бироз кеч бўлганди. Раҳбарият билан маслаҳат қилгач, йиғинни ўзимизда якунлашни лозим топдик.

Жамоадан кўнглим тўқми? 80-90 фоизга тўқ, аммо барибир ҳаяжон бор. Сабаби тақвимимиз оғир.

– Сизнингча, қайси клублар юқори ўринлар учун кураш олиб боради? Қайси жамоаларни алоҳида эътироф этасиз?

– Менимча, «Сурхон», «Навбаҳор», ОКМК, «Локомотив», «Бунёдкор», «Пахтакор», «Насаф» клублари медаллар учун кураш олиб боришади.

Санъат Шихов: «ОЧЛ учун кураша оламиз»

Бош мураббий билан суҳбатимиз якунлангунча футболчилар машғулот майдонидан меҳмонхонага қайтиш учун клуб автобусига чиқиб бўлишганди. Улар билан бирга биз ҳам меҳмонхонага бориб, клубга янги келиб қўшилган Санъат Шихов ва жамоа ҳужумчиси Иван Нагаев билан суҳбатлашдик.

«Ўтган мавсум якунидан кейин Улуғбек Истамович алоқага чиқиб, жамоага таклиф қилдилар. Январда ОКМКдан янги жамоам сафига келиб қўшилдим. Таркибдаги аксарият йигитлар билан олдин бирга тўп сурганим боис, мослашиш жараёни қийин кечмади. Жамоа сафида Санжар Рашидов, Элёр Орипов, Сардор Қулматов сингари кўп йиллардан бери тўп суриб келаётган етакчилар бор.

Жамоа мақсади? Ўйлайманки, ўтган мавсумдагидек ОЧЛ учун кураша оламиз. Ўтган йил «Сўғдиёна»дан ҳеч ким кутмаган бўлса-да, Жиззах жамоаси иштиёқ эвазига совринли ўринлар учун курашса бўлишини кўрсатди. Таркибимиз медалларга курашишга муносиб. Жамоа ичида менга энг ёқаётган нарса бу ички муҳитнинг дўстона эканлигидир.

«Машъал» билан ўйин оғир ва жанговар ўтиши аниқ. Биласизми, кўпчилик Муборак жамоасини дебютант дейиши мумкин, лекин битта нарса бор: дастлабки турларда ким майдонда кўпроқ югурса, курашса ўша ютади. Майдонлар идеал ҳолатга келгач, кейинги турларда тактикалар иш бериши мумкин. Ҳозир эса ким кўп югурса ўша ютади», – дейди Санъат Шихов.

Иван Нагаев: «Пахтакор»дан бошқа барча клублар тенгкучли»

Жамоада икки мавсумдан буён тўп суриб келаётган ҳужумчи Иван Нагаевнинг фикрича, «Сўғдиёна» мавсумга тайёр ва ҳозирда «Пахтакор»дан ташқари бошқа клубларнинг кучлари деярли тенг.

«Барчамиз чемпионатга тайёрмиз. Асосий рақиблар сифатида кимнидир кўрсатишни истамайман, чунки «Пахтакор»дан ташқари барча клублар билан ўйнаса бўлади. Ҳаттоки чемпион жамоа билан ҳам курашиш мумкин.

Биринчи турдаги рақибимиз «Машъал» Про-лигадан чиққан клуб. Ўйлайманки, қувноқ ўйин гувоҳига айланамиз. Уларда иштиёқ кучли бўлади, бизни қийин ўйин кутиб турибди» - дейди Жиззах клуби форварди Иван Нагаев.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, «Сўғдиёна» клуби янги мавсумга шай ҳолатда. Улуғбек Бақоев рақобатбардош жамоа ташкил эта олган. Айнан ушбу мавсумда Жиззах клуби Суперлига грандлари қаторига қўшилса ажаб эмас.

Усмон Ибодов


Манба: kun.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz