Қайднома

Қидирув

Янги мавсумга тайёрмисиз?

Янги мавсумга тайёрмисиз?

  01.03.2020 05:23
  0
  159
Янги мавсумга тайёрмисиз?

Хабарингиз бор, ўтган куни Суперлига-2020 баҳслари старт олади. Бу йилги чемпионат аввалгиларига қараганда шиддатлироқ ўтса, ажабмас. Чунки аксарият клубларимиз қишки тайёргарлик йиғинида таркибни анча кучайтиришди. Маҳоратли маҳаллий футболчилар қатори, легионерлар ҳам таклиф этилди. Албатта, уларнинг асл кучи, нималарга қодирлигини маълум вақт ўтгач билиб оламиз. Асосийси, ўйинчиларнинг янги мавсумдан умидлари катта, майдонда борларини беришга тайёрлар. Буни айрим клублардаги футболчилар билан суҳбатлашиш асносида ҳам билиб олдик.

Владимир Бубанья («Сурхон» ҳимоячиси): - Бу йил совринли ўринлар учун курашамиз. Мақсадимиз - ОЧЛ йўлланмасини қўлга киритиш. Ўтган мавсумни ҳам шундай ниятда бошлагандик, аммо омадимиз келмади. Умуман, 6-ўрин ҳам Суперлига дебютанти учун ёмон натижа ҳисобланмайди. Тайёргарлик ва йиғинни пойтахтда олиб бордик, кўплаб назорат учрашувларида майдонга тушдик. Жамоамизда ҳамма профессионал. Футболчилар тажрибали, салоҳияти юқори. Бир-биримизни ўзаро тушуниб тўп суришда муаммога йўлиқмаймиз, деган умиддаман. Ҳар бир учрашувда ғалаба учун майдонга чиқамиз. Бу йил муваффақият қозонишимиз учун барча шароитлар яратиб берилган.

Нодир Камолов («Қизилқум» ярим ҳимоячиси): - Тайёргарлик аъло даражада ўтди. Туркиядаги йиғин давомида бир қатор ўртоқлик учрашувларида майдонга тушдик. Иккитадан ғалаба ва дуранг қайд этдик. Янги мавсумда ҳар бир ўйинда ғалаба қозониб, мухлисларни хурсанд қилмоқчимиз. Исталган рақибга «бош­оғриқ» бўлишимизга ишонаман. Фурсатдан фойдаланиб, навоийлик мухлислардан бизни ҳар доим қўллаб-қувватлашларини сўраб қоламан. Улар учун майдонда боримизни бериб ҳаракат қиламиз. Ахир футбол ишқибозлар учун ўйналади.

Бобур Йўлдошев (АГМК ҳимоячиси): - БААда яхши йиғин ўтказдик. Кўпроқ жисмоний ва тактик ишланмалар устида шуғулландик. Бу йил АГМК совринли ўринлардан бирини эгаллаш ниятида. Хориждаги назорат баҳсларида оптимал формага кириб олишга ҳаракат қилдик. Ўйлайманки, мавсум стартида бу омил ўз самарасини беради, албатта.

Милан Митрович («Сўғдиёна» дарвозабони): - Йиғинларимизнинг биринчи босқичида асосан тикланиш ва енгил югуришга эътибор бердик. Кейингиларида эса тўп билан кўпроқ муомалада бўлдик. Янги футболчилар келди, кимлардир жамоани тарк этишди. Таркибимизга қўшилганлар мақсадга эришишимизда ёрдам беришади, деган умиддаман. Ўтган мавсум ниятимиз амалга ошишига бир қадам қолганда қоқилдик. Бу йил ҳам фақат юқори марраларни кўзлаяпмиз. Асосийси, мухлисларимиз доим биз билан бирга, ғалаба қозонамизми ёки мағлубиятга учраймизми, фарқи йўқ, жамоани асло ёлғизлатиб қўйишмайди.

Селим Нўрмурадов («Бунёдкор» футболчиси): - «Ал-Завра» билан учрашувда шикастлангандим, тикланиш жараёни яхши кетмоқда. Жароҳатдан ҳеч ким кафолатланмаган, унга қачон йўлиқишингизни билмайсиз. Насиб қилса, тез орада умумий гуруҳ машғулотларига қўшиламан. Ҳозирча якка тартибда шуғулланяпман. Суперлигада ўзимни кўрсатишга ҳаракат қиламан. Мен учун ҳаммаси олдинда. «Бун­ёдкор»даги муҳит аъло даражада. Футболчи ва мураббийлар билан дўстона алоқадаман. Бу ерда ҳамма ўз ишига профессионалларча ёндашади. Шундай экан, нолишга асос йўқ. Ўз ўйиним билан мухлислар ишончини қозонишга интиламан. «Бунёдкор»га трансферим агентлар орқали амалга оширилди. Ўзбекистонда даст­лабки мавсумимни ўтказаман. Умид қиламанки, илк турда Термиздан ғалаба билан қайтамиз.

Аббос Шодмонов («Машъал» ярим ҳимоячиси): - Жамоамиз маълум муддатли танаффусдан сўнг яна элитага қайтди. Суперлигада кучли жамоалар билан рақобатлашиш осон бўлмайди. Бунда тайёргарлик муҳим аҳамият касб этади. Мавсумолди тайёргарлигимиз қизғин ва кўтаринки руҳда ўтди. Барча жамоалар қатори ўртоқлик учрашувлари орқали спорт формасига киришга эътибор бердик. Шунингдек, жамоавий ўйинни йўлга қўйиш ҳаракатидамиз. Ҳеч ким Суперлигада «жон» сақлаш ёки сўнгги поғоналарни эгаллаш учун қатнашмайди. Бизда ҳам шундай. Иложи борича юқорироқ поғоналарни мўлжаллаяпмиз. Яхши ниятлар билан мавсумга кириб боряпмиз. Таркибимизда иқтидорли ва кучли иштиёққа эга ёшлар кўп. Қолаверса, легионерлар ва элита ҳавосидан нафас олган футболчилар ҳам йўқ эмас. Аҳил оила бўлиб, ягона мақсад йўлида бирлашсак, мақсадимизга эришамиз. Ҳар бир учрашувда ишқибозларимизни хурсанд қилиш учун боримизни берамиз. Футбол мухлислар учун, уларга завқ улашиш учун ўйналади. Табиийки, биз ҳам стадионга ташриф буюрадиганларга чиройли футбол кўрсатишга интиламиз.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz