Қайднома

Қидирув

«Қайноқ» старт ёхуд Суперлига-2020 1-тури ҳақида...

«Қайноқ» старт ёхуд Суперлига-2020 1-тури ҳақида...

  03.03.2020 01:34
  0
  311
«Қайноқ» старт ёхуд Суперлига-2020 1-тури ҳақида...

Суперлига-2020 кутилганидек, «қайноқ» ва асабий ўйин билан бошланди. «Пахтакор» - «Нав­баҳор» баҳсида деярли ҳаммаси кузатилди  - голлар, сариқ ва қизил карточкалар, жанжал... Якунда амалдаги чемпион ғалабани ўз томонига оғдириш йўлини топди, барибир. Эътиборли факт - тур доирасидаги дастлабки 3та ўйинда 3тадан гол ва 1тадан «дубль» қайд этилди ва фақат мезбонлар ғалаба қозонишди. Охирги икки учрашув аксинча, меҳмонлар фойдасига ҳал бўлди, яна бир хил ҳисобда.

1-2-КУНЛАР: МОЖАРО ОСТИДА...

«Пахтакор» - «Навбаҳор» ўйини осойишта бошланди, лекин асабийлик аста-секин ортиб борди. 15-дақиқадан кейин ташаббусни ўз томонига оғдирган амалдаги чемпион тез орада ҳисобни очишга яқин келди. Фақат бу вазиятда Ўткир Юсупов қаторасига икки бора ўзини кўрсатди - Драган Черан ва Игорь Сергеев зарбаларини бартараф этди. 26-дақиқага келиб, «Навбаҳор»нинг тезкор қарши ҳужуми самарали якунланди - Аббос Ғуломов узатмасидан сўнг россиялик Иван Соловьёв жарима майдони ичига кириб, дарвозанинг яқин бурчагини мўлжалга олди - 0:1. Бўлим якунида «Навбаҳор» вакили Ислом Исоқжоновнинг бош ҳакам Ильгиз Танташев томонидан майдондан четлаштирилиши «қайноқ»ликни юқори даражага кўтариб юборди. Танаффусдан кейин ҳужумкорликни оширган «Пахтакор» 50-дақиқада ҳисобни тенглаштирди - Жалолиддин Машарипов - Драган Черан - Игорь Сергеев комбинацияси Ўткир Юсупов дарвозасини ишғол этилиши билан якунланди. 78-дақиқага келиб, «Пахтакор»дан Егор Кримец майдондан четлатилди. Шунга қарамай, «шерлар» якунда ғалаба голини уриш йўлини топишди - Игорь Сергеевдан «дубль».

«Қўқон-1912» футболчилари «Бухоро»га қаршиучрашувни шиддат билан бошлаб, рақиб дарвозаси олдида бирин-кетин хавфли вазиятлар яратишди ва 17-дақиқада ҳисобни очишди. «Стандарт» устаси Мурод Холмуҳаммедов жарима зарбасини қойилмақом тарзда ижро этиб, Сардор Қобилжоновни ожиз қолдирди. 69-дақиқа, яна жарима зарбаси ва яна Мурод Холмуҳаммедовдан чиройли ижро - 2:0. Ўйин якунида эса Қувондиқ Рўзиев ўзи бошлаган комбинацияга мантиқий нуқта қўйиб, Бахтиёр Ашурматов жамоасининг йирик ҳисобли ғалабасини таъминлади. Дарвоқе, 87-дақиқада Қўқон жамоаси тарихида илк марта африкалик футболчи майдонга тушди - Якуба Бамба.

Энг қизиғи, ҳисоб бўйича учинчи ўйинда ҳам мухлислар 3та гол ва «дубль» кўришди. Яъни Игорь Сергеев ва Мурод Холмуҳаммедов ортидан россиялик Кирилл Погребняк ҳам чемпионатни қўшалоқ гол билан бошлади. Фарқли томони, у бу ишни ўйиннинг дастлабки 30 дақиқасида амалга ошириб, «Локомотив» - «Андижон» учрашувида мезбон жамоа ишини анча енгиллаштирди. Тўғри, Александр Хомяков бошқарувидаги водийликлар охиригача курашишдан тўхташмади, «темирйўлчилар»га маълум даражада қийинчиликлар туғдиришди. Улар 87-дақиқада пенальти воситасида ҳисобни қисқартиришди ҳам (гол муаллифи - Жамшид Ҳасанов), бироқ бошқасига улгуришмади.

 

3-4-КУНЛАР: ДЕБЮТАНТ ЧАККИ ЭМАС

Муборакдаги ўйин қайсидир маънода биринчи сенсацион натижани тақдим этди. Ҳар ҳолда, ўтган мавсум кучли учликка даъво қилган «Сўғдиёна»нинг лига дебю­танти - «Машъал»га 0:3 ҳисобида ютқазишини ҳеч ким кутмаган бўлса керак. Айтиш мумкинки, мезбонларнинг тезкор 2та голлари Улуғбек Бақоев жамоаси ўйинини издан чиқариб юборди. Биринчи учрашувнинг 11-дақиқасигача ҳисобнинг 0:2га айланиши ҳар қандай клубга салбий таъсир этиши тайин. Хуллас, жиззахликлар Мўмин Мелиев ва Никита Павленконинг аниқ зарбаларидан кейин нокаут ҳолатига тушишди, гўё. «Газчилар»нинг  шундан кейин хотиржамликни сақлаган ҳолда, тартибли ўйнашда давом этишганини алоҳида таъкидлаш керак. 90}1-дақиқада Нажмиддин Нормуродов томонидан урилган 3-гол эса «Машъал» учун торт устига қў­йилган безакдек бўлди. 

«Тошкент вилояти дербиси»да янги чемпионат ҳисобидан биринчи дуранг натижа қайд этилди. АГМК мезбон ролига яраша, учрашувни жанговар руҳда бошлади ва 9-дақиқадаёқ ҳисобни очди - грузиялик Элгужа Григалашвили қанотдан тўпни жарима майдонига узатгач, унинг ҳамюрти Мате Ватсадзе барчасини тўғри бажарди - 1:0. Миржалол Қосимов шогирдлари шундан кейин ҳам тажовузкорликни сусайтиришгани йўқ, фақат яна ўша Григалашвили ва Ватсадзенинг кетма-кет зарбалари йўлига Александр Лобанов ғов бўлди. 28-дақиқада эса бекободликлар мувозанатни тиклашди - Шаҳзод Убайдуллаев тўпни ўнг қанотдан оширгач, Аброр Тошқўзиев ҳимоячилардан илдамроқ ҳаракатланиб, уни боши билан дарвозага йўллади. Иккинчи бўлимнинг дастлабки қисмида меҳмонлар нисбатан фаоллик кўрсатишди. Бу орада Суҳроб Султонов 2 бора «сейв» намойиш этиб, АГМКни голдан қутқариб қолди. Кейин олмалиқликлар ташаббусни яна ўз томонларига оғдиришди, аммо уларга якуний паллада аниқлик етишмади. Шу тариқа Тошкент вилояти жамоалари ўзаро 25-учрашувда муроса кўчасида тўхтади.

«Бунёдкор» Термизда «Сурхон»ни ишончли тарзда енгди. Биринчи бўлимда тенг кураш боди, аммо ҳисоб очилмади. Танаффусдан сўнг эса Вадим Абрамов шогирдлари тезда таблодаги ҳисобни ўзгартиришди. Жарима майдони чизиғи олдида Фаррух Икромовдан тўпни қабул қилган Нурилло Тўхтасинов ўз услубида зарба йўллаб, Асилбек Омонов дарвозасини нишонга олди. 80-дақиқада узоқ комбинация воситасида урилган иккинчи голга эса Ҳумоюн Муртазоев муаллифлик қилди. Бу ҳали ҳаммаси эмасди. Орадан кўп ўтмай, захирадан майдонга тушган Фаррух Икромов яна бир бора ташаббусни ўз қўлига олиб, Санжар Қодирқулов узатмасидан сўнг Асилбек Омоновни енгилгина ортда қолдирганча ҳисобни йириклаштирди. Мезбонлар вакили Азиз Ибрагимов эса ҳакам томонидан қўшиб берилган вақтда пенальтидан ҳисобни бироз қисқартирди - 1:3. Бу вазиятда «қалдирғочлар» жарима майдони ичида Сардор Сулаймоновни қоидага зид равишда тўхтатиб қолишганди.

1-турга якун ясаб берган учрашувда ҳисобни мезбон - «Қизилқум»нинг янги легионери Маккартни Навесиб очди. Намибиялик ҳужумчи 23-дақиқада «Насаф»нинг асосий ҳимоячиларидан бирига айланган Ҳусниддин Алиқулов хатосидан унумли фойдаланди. Рўзиқул Бердиев шогирдлари бундан эсанкираб қолишгани йўқ ва орадан ҳеч қанча ўтмай, жарима зарбаси тепиш ҳуқуқини қўлга киритишди. Шароф Муҳиддинов «нуқта»данйўллаган зарбаси чиройли ва аниқ чиқди - 1:1. 30-дақиқада Бобур Абдухолиқов ҳам Руслан Матниёзов дарвозасини ўққа тутди, лекин ҳакам ўйиндан ташқари ҳолатни қайд этди. Чамаси 10 дақиқадан кейин Абдухолиқов рақиб дарвозасини яна нишонга олди - бу сафар боши билан, асосийси, қоида доирасида. Бобур Абдухолиқовнинг ўзи танаффусдан кейинги илк дақиқаларда жарима майдони ташқарисидан кучли зарба бериб, барчасига деярли нуқта қўйди - 1:3. У учрашув якунида суперлига-2020 ҳисобидан 1-«хет-трик»ни расмийлаштириши мумкин эди, аммо дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқиб бориб, мўлжалда адашди.

ПАХТАКОР» - «НАВБАҲОР» - 2:1 (0:1)

«ҚЎҚОН-1912» - «БУХОРО» - 3:0 (1:0)

«ЛОКОМОТИВ» - «АНДИЖОН» - 2:1 (2:0)

«ҚЎҚОН-1912» - «БУХОРО» - 3:0 (1:0)

«МАШЪАЛ» - «СЎҒДИЁНА» - 3:0 (2:0)

«ҚИЗИЛҚУМ» - «НАСАФ» - 1:3

АГМК - «МЕТАЛЛУРГ» - 1:1 (1:1)

«СУРХОН» - «БУНЁДКОР» - 1:3 (0:0)


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz