Қайднома

Қидирув

Шаҳзод Убайдуллаев: «Аҳил ва иноқ жамоага айландик»

Шаҳзод Убайдуллаев: «Аҳил ва иноқ жамоага айландик»

  04.03.2020 12:00
  0
  390
Шаҳзод Убайдуллаев: «Аҳил ва иноқ жамоага айландик»

Суперлига-2020 старти табиийки, баъзи жамоалар учун бироз мураккаб келди. Дейлик, «Навбаҳор» илк турдаёқ жиддий рақибга дуч келди ва аламли мағлубиятга учради. Муҳими, Андрей Канчельскис шогирдлари амалдаги чемпионга муносиб қаршилик кўрсатишди. Шу куни майдонга тушган барча футболчилар ижобий таасурот қолдиришди. Шунингдек, «Тошкент вилояти дербиси»да АГМК ва «Металлург» клублари муроса кўчасини танлашди. Кескин курашлар остида кечган баҳсда томонлар дуранг натижага имзо чекишди. Аслида бекободликлар Олмалиқдан ғалаба билан қайтишлари ҳам мумкин эди. Ўйинда Мате Ватсадзе голига иқтидорли Аброр Тошқўзиев жавоб берди. Унинг голига эса ўтган мавсум кашфиётларидан бири Шаҳзод Убайдуллаев ассистентлик қилди. Биз мазкур учрашувдан сўнг косонсойлик ёш ва иқтидорли футболчи фикрлари билан қизиқдик. Мухлислар 2019 йили чамаси 10та гол урган салоҳиятли ҳужумчидан бу мавсум янада кўпроғини кутишлари, шубҳасиз. Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Шаҳзод «Машъал» академияси тарбияланувчиси ҳисобланади.

 

- Шаҳзодбек, даслаб ўйин ҳақидаги умумий фикрингизни билдирсангиз. Кўрдикки жамоангиз меҳмонда жиддий рақибга муносиб кураш тақдим этди. Одатда меҳмон жамоа иккинчи рақам остида тўп суради. Яъни кўпроқ қарши ҳужумга таяниб иш кўради. «Металлург» эса айниқса, иккинчи бўлимда фаолликни оширди, ўйинни ўз қўлига олди...

- Мураккаб учрашув ортда қолди. Тўғриси, анча қийналдик. АГМКнинг оддий жамоа эмаслиги ҳаммага маълум. Менимча, бугун олмалиқликларга ҳам осон бўлгани йўқ. Воқеалар ривожини назарда тутсак, адолатли натижа қайд этилди. Агар яратилган вазиятларни голга айлантирганимизда, балки ғалаба қозонармидик... Муҳими, ўйин стадионга келган мухлисларга ёқди, менимча. Чунончи, ҳар икки жамоа ҳужумкор футбол намо­йиш этишга уринди.

- Рақибни қандай ўргандинглар? Мисол учун, мураббийлар АГМКнинг қайси жиҳатларига эътибор қаратишди...

- Олмалиқликларнинг тўп билан яхши муомала қилишларини билардик. АГМК яхши мураббий ва шаклланган таркибга эга. Эътибор бергандирсиз, биринчи бўлимда асосан орқа чизиқда ҳаракатландик. Яъни дастлабки дақиқаларда қарши ҳужумлардан фойдаланишни режалаштиргандик. Гол қўйиб юборилганидан кейин эса ўйин чизмасини ўзгартирдик. Менимча, айнан тактикага боғлиқ айрим ўзгаришлар самара келтирди. Асосийси, жамоамиз ҳозир яхши ҳолатда эканлигини амалда кўрсата олдик. Ҳар ҳолда, аҳил жамоа сифатида бирлаша олдик.

- Дуранг ўйинга мослиги, адолатли натижа қайд этилганини айтдингиз. Лекин «Металлург» улоқни илиб кетишга яқин келганди...

- Ҳа, бироқ аксарият ҳолларда рақиб посбони Суҳроб Султонов маҳорат кўрсатиб, жамоасини муқаррар голлардан қутқариб қолди. Тўғри, бўлим охирида мезбонларда ҳам вазиятлар туғилди. Шундай экан, ўйин тенг курашлар остида ўтганини таъкидласак бўлади. Аслида ғалабани кўзлагандик. Бу - футбол. Ғалаба, мағлубият ёки дуранг қачон келишини билмайсиз. Насиб этса, кейинги турда 3 очко оламиз. Чемпионатда ҳар бир очконинг қадри баланд. Олдинда бутун бошли мавсум турибди. Демак, энди бор эътибор кейинги баҳсларга қаратилади. Машғулотларда хато ва камчиликлар устида ишлаймиз, албатта. Қаерда қандай хатога йўл қўйилгани ҳам чуқур таҳлил қилинади.

- Жамоа ортидан бекободлик кўплаб мухлислар келишди. Уларга нима дейсиз?

- Фақат ташаккур билдираман. Ўйин давомида бизни фаол тарзда олдинга чорлашди. Барча-барчага катта раҳмат.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz