Қайднома

Қидирув

Рафаэль Ван Дер Варт: «Бир омад юришмаса, қийин...»

Рафаэль Ван Дер Варт: «Бир омад юришмаса, қийин...»

  06.03.2020 01:18
  0
  410
Рафаэль Ван Дер Варт: «Бир омад юришмаса, қийин...»

Фахрийлар ўртасидаги «Афсоналар кубоги»-2020 турнирининг можароли финали  Юлдузлар терма жамоаси ғалабаси билан хотима топди (газетамизнинг 20-саҳифасида бу борада алоҳида мақола берилди). Бу мусобақа журналистлар учун айни муддао - улар кечаги юлдузлар ўйинидан завқланиш баробарида уларни суҳбатга чорлашлари мумкин. Хусусан, championat.com сайти финал арафасида собиқ ярим ҳимоячи Рафаэль ван дер Вартни ўз офисига чақирди ва нидерландиялик юлдуз қизиқарли саволларга эринмай, бафуржа жавоб қайтарди.

 - Айтингчи, сизни бундай турнирнинг қайси жиҳати кўпроқ қизиқтиради? Россияга ҳар йили шунча юлдузнинг ташриф буюриши бош омили нима?

- Эски қадрдонлар билан дийдорлашиш - ажойиб воқеа. Барчамиз севимли ўйинни ҳамон яхши кўрамиз. Бу ерда ҳаммаси аъло даражада ташкиллаштирилади: беқиёс турнир, ажойиб шарт-шароитлар. Кўпчиликнинг «Афсоналар кубоги»га талпиниши асосий сабаби шу. Турнир баҳона мириқиб чақчақлашамиз. Меҳмонхонадаги кечки учрашувлар ва тадбирлар зўр ўтди. Ташкилотчиларга гап йўқ - чинакамига роҳатланяпмиз.

- Айтганча, русларга қарши тўп суриш қийинроқми ёки улар билан улфатчилик қилиш?

- Улфатчилик қилиш... Чунки мен умуман ароқ ичмайман, фақат меъёрни унутмаган ҳолда, оқ шароб истеъмол қилишим мумкин.

- Россиялик бирор футболчи билан улфат бўлганмисиз?

- «Тоттенхэм»да , Павлюченко билан бирга тўп сурганман. Қувноқ йигит ва савияли футболчи. Дарвоқе, ҳозир у нима билан машғул?

- Баъзан ТВда кўриниш беради, ҳаваскорлар жамоасида ўйнаяпти.

- У билан ўйнаш мароқли бўлганди, ўзаро муносабатимиз ҳам аъло даражада эди.

- Павлюченко билан илк учрашувингизни эслай оласизми?

- Ёдимда қолгани шуки, у инглиз тилида фақат «Хайрли тонг» иборасини биларди. Ваҳоланки, Англияда бир неча йил тўп суриб улгурганди. Оқ рангли Lamborghini автосида қорли трассада ўқдек учгани ҳам ёдимда. Лондонда бундай шароитда автомобиль бошқариш осон эмас. У эса ўтирдию, бир зумда ғойиб бўлди. Афтидан, қорли йўл ҳавосини олган кўринади.

- Бирор марта бирга сайрга чиққанмисизлар?

- Йўқ-йўқ, ахир Роман телбадек учарди...

- Ўша даврда кимга «Тоттенхэм»нинг етакчи ҳужумчиси сифатида қарардингиз?

- Робби Кин, Питер Крауч, Павлюченконинг ўзи ва Жермейн Дефо. Шахсан мен учун энг зўри - Крауч. Бўйининг баландлигини ҳисобга олиб, тўпни мудом унга оширардик. Қолаверса, «Уайт Харт Лейн»даги дастлабки 6та голимни айнан Питер тўпни боши билан ташлаб берганидан кейин урганман.

- Айтишларича, жамоа бош мураббийи Реднапп негадир Павлюченкони ёқтирмаган. Бу борада нима дея оласиз?

- Аниқ фикр билдириш қийин. Савияли жамоада мунтазам майдонга тушиш мушкул. Назаримда, Роман ҳам анча қийналган. Боз устига, инглиз тилини билмаслиги унга халақит берган - бу аниқ.

- «Тоттенхэм» соҳиби Даниэль Левига Ҳаким Зиешни таклиф этган экансиз. Бироқ у якунда «Челси»ни танлади. Нима, «шпорлар» «Аякс» билан келишолмадиларми?

- Бу масалада ўз бурчимни адо этдим, холос. Зиеш футболчи сифатида менга ёқади - тўп узатишни ҳам, гол уришни ҳам уддалайди. Унинг ўйини  - лаззат манбаи. Бир ҳисобда, «Челси»га ўтиб, тўғри қилди ҳам. Бу клуб ҳозир голландча услубда ўйнамоқда.

- Левини кўпинча ўзига хос табиатга эга инсон сифатида таърифлашади...

- У шунчаки, ўз клубини ҳимоя қилади. Ўртамизда яхшигина ўзаро муносабат шаклланган эди, аммо баъзан тортишиб турардик. Ҳозир эса қучоқ очиб кўришамиз.

- Роман Павлюченко бир сафар ҳимоячи Ассу-Экото ҳақида гапириб берганди. У чиндан ҳам телбамиди?

- Ўзига хос йигит. Ўйинчи сифатида - супер, аммо футбол фидойиси эмас. Ўзи шундай деганди: «Пул учунгина ўйнайман. Аслида ҳамма шундай, фақат мен буни очиқ-ойдин тан оламан».

- Ассу-Экото билан тортишиб қолганингиз сабаби ёдингиздами?

- Ўйинда 1:0 ҳисобида ғалаба қозондик, аммо рақиб номини айтмайман. Учрашувда жарима зарбасини амалга оширгандим. Кийиниш хонасига кирганимиз заҳоти Ассу-Экото ёнимга яқинлашди: «Билиб қўй, бугун охирги марта жарима зарбаси тепдинг». Табиийки, бироз тортишдик. Аммо жанжал сабабсиз юзага келганди. Жамоа ғалабага эришди, ҳамма хурсанд. У эса негадир жарима зарбасига ёпишиб олди. Ваҳоланки, ўзи ҳеч қачон жарима нуқтасига яқинлашмасди. Аслида А­ссу-Экото оқкўнгил йигит эди, ўшанда балки чарчоқ аламини мендан олишни истагандир?

- «Тоттенхэм»да Гарри Кейн билан ҳам ўйнагансиз.

- Ҳа, унинг илк машғулоти ёдимда. Ўшанда 18-19 ёшли йигитча эди. Ҳар иккинчи тўпга тегиниши - бош билан. Буни кўриб, дарвозабонимиз Гомесга шундай дедим: «Анави ношуд қаердан пайдо бўлди?» Энди Кейн - дунёнинг энг яхши ҳужумчиси. Бу воқеа футболни унча тушунмаслигимни англатади.

- Павлюченко сизга Россия ва Нидерландия термаларининг Евро-2008даги учрашувини эслатгани ҳақида ҳам гапирганди...

- Эҳ, ўша ўйин ҳафсаламизни пир қилганди. Эҳтимолки, гуруҳ босқичида энг зўр ўйинимизни намойиш этгандик. Ҳар ҳолда, Италия, Франция ва Руминия термаларини маҳв этдик. Фақат битта учрашув - Россия термасига қарши кечганини ютқаздик. Тан оламан, ўшанда рақиб жасорат кўрсатганди. «Плей-офф» баҳс­ларида кейинги босқичга чиқиш учун баъзан омад керак. Ўша оқшомни яхши эслайман: ҳарорат 30 даражада иссиқ, сўнгги дақиқаларда мувозанатни тикладик, кейин «овер-тайм» бошланди, аммо руслар чақмоқдек  тезкор ҳаракатланишда давом этишди.

- Россия термасининг устун жиҳати айнан нимада кўринганди?

- Рақиб таркибида Аршавин бор эди. Эсимда, у худди Мессидек ўйнаганди, ҳаттоки, қўшимча вақтда ҳам тезликни пасайтирмади. Умуман, айнан Аршавиннинг самарали узатмаси ўйин тақдирини ҳал қилганди.

- Ҳимоячи Булахруз оиласида юз берган фожиа (ҳомиладорликнинг 5-ойида чала туғилган қизалоғи нобуд бўлганди) ҳам терма жамоангиз ўйинига таъсир этганми?

- Унинг оиласи мусибатга дуч келганига шубҳа йўқ. Айнан Булахруз учун ҳам ғалаба қозониш ниятида эдик. Бундай кўнгилсизликни унутиш қийин. Аммо шу сабаб енгилдик, деёлмайман. Футболчилар хаёлидан нималар ўтганини ҳеч ким билмайди. Фожианинг ўйинга таъсирини ҳам. Назаримда, ўша оқшом Россия термаси кучлироқ эди...

- Ўзи Булахрузни майдонга туширилиши тўғри қарормиди? Уни иккинчи бўлимда алмаштирилгани-чи?

-  Футболчи учрашувга тайёрлигини айтгач, мураббий нима қилишни билмай қолганди. Бундай вазиятда қарор чиқариш мушкул.

- Эътиборли томони, жамоангиз ўша мағлубиятдан кейин ажойиб серия қайд этди - ЖЧ-2010 саралашида фақат ғалаба қозонди, мундиалда эса финалга чиқди...

- Ўзи Евро-2008га ҳам дунёнинг энг кучли жамоаларидан бири сифатида боргандик. Шунчаки, Россия термасига омад кулиб боқди, биз учун эса омадсиз кун бўлди.

- Ўта содда изоҳ эмасми?

- Йўқ, деярли барча мусобақаларда бундай воқеалар учрайди. Мисол учун, ЖЧ-2010да Бразилия термасини омад туфайли маҳв этдик. Аслида дастлабки 50 дақиқа рақиб тўлиқ устунликка эришганди. Бу вақтда атиги 1та гол қўйиб юборганимиз - омадимиз келганидан далолат. Кейин Снейдер боши билан самарали зарба йўллади. Боши билан! Бўйи белимдан келадиган йигитча! Янглишмасам, у ҳеч қачон бундай гол урмаганди. 

- ЖЧ-2018 пайти ТВда ишладингиз...

- Ҳа, лекин Россияга келмадим, Нидерландияда студиядан туриб шарҳ­ладим. Россия термаси ёқди, ватан шарафини муносиб ҳимоя қилди. Ҳар қандай жамоа ўз уйида яхшироқ ўйнашга интилади. Лекин 2018 йилги жамоа 10 йил аввалгисига нисбатан заифроқ кўринди, менимча.

- ТВда ва интервьюларда футболчиларга нисбатан жуда талабчансиз. Масалан Магуайрни танқид қилгансиз.

- Кўрганимни гапираман. Магуайр трансфери 90 млн. еврога баҳоланган футболчи. Бу катта маблағ. Аммо шунга арзимайди.

- Магуайрнинг шериги - Линделёф савияси хусусида нима дейишингизни ўйлаш ҳам қўрқинчли.

- Жуда тўғри, дунёнинг энг сара клубларидан бирида ўйнашига қарамай, ҳар иккиси энг яхши ҳимоячилар қаторида эмас.

- Бэйлни «Тоттенхэм» ва «Реал» орқали яхши биласиз ва кўпинча уни ҳимоя қиласиз.

- Гарет - ажойиб ҳужумчи. Тезлик, ноёб чап оёқ, сермаҳсул бош соҳиби. Лекин ўйини сал ўхшамай қолса, ҳамма унинг гольфини эслаб қолади. Испания газеталари йўқ қилишга, трибуналар ҳуштакбозликка шай туради. Буни эътиборга олиш лозим.

- Голландияда Слуцкийни соғинишяптими?

- Албатта, ахир у ғаройиб инсон. Лекин Слуцкийни мураббийлик фаолияти эмас, «Инстаграм»даги саҳифаси учун соғинишади. Охирги пайт­лар «Витесс» футбол ўйнашни тўхтатиб қўйди, тушкунликка тушди ва мураббий истеъфога чиқди.

- Слуцкийнинг услуби Голландия мезонларига кўра, ҳимоявийми?

- Унинг учун энг муҳими - ғалаба. Моуриньо ва Слуцкийга ўхшаш мураббийларни футбол умуман қизиқтирмайди. Натижа таъминланса, бас.

- Моуриньони бир неча марта ҳайрат билан тилга олгансиз. Унинг ўзига хос жиҳати нима?

- Ижобий такаббурлик. «Реал» кийиниш хонасига биринчи марта кирганида, у ерда Роналду, Кака, Бензема ва бошқа футболчилар ўтиришганди. Жозе суҳбатни шундай бошлаганди: «Агар фақат менинг айтганларимни бажарсанглар, биз ҳеч қачон енгилмаймиз».

- Бу сўзларни қандай қабул қилгансиз?

- Кулиб юборгим келдию, ўзимни тийдим. Чунки ҳамма Моудан қўрқиб турганди. Шартни жиддий қабул қилдик. Моу тез орада мендан кетишимни сўради, шунга қарамай, уни ёқтираман. Чунки бор гапни очиқ-ойдин айтди: «Озилни харид қилдик, у сенинг ўрнингда ўйнайди». Шу тариқа «Тоттенхэм»га йўл олдим.

- Сўнгги савол: «Аякс»даги давр­дан буён Ибрагимович билан сира чиқишолмай келасиз...

- Аҳ-ҳа, Ибрагимович. У катта дўстим (кулади).

- Нима сабабдан ўзаро чиқишолмагансизлар?  

- У шов-шувли трансфер асосида «Аякс» сафига қўшилган ва дарҳол қирол бўлиш ниятида эди. Аслида у даражада зўр эмасди. Биласизми, шундай жиҳатлар борки, улар орқали нотаниш кишининг ўзгача тоифадан эканлигини бир кўришда билиб олиш мумкин. Швеция термасига қарши ўйинда у товонимни шикастлади, кейин калака қилди. Ўша лаҳзадаёқ иккимиздан биримиз «Аякс» билан хайрлашишимиз шартлигини тушундим. У тез орада «Ювентус»га йўл олди. Ҳозир Златанни энг яхши ҳужумчиларнинг бири сифатида ҳурмат қиламан. Бунда яқин дўст эмаслигимизнинг аҳамияти йўқ...


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz