Қайднома

Қидирув

Энди Норвегиянинг Холанди бор...

Энди Норвегиянинг Холанди бор...

  11.03.2020 01:44
  0
  326
Энди Норвегиянинг Холанди бор...

Тез орада Европа чемпионати саралашидаги ярим финал ўйинлар ўтказилади. 26 мартга белгиланган 8та учрашувдан кўпроқ Ослода ўтадиган Норвегия - Сербия баҳси кўпчиликда қизиқиш уйғотиши табиий. Шу муносабат билан soccer.ru норвегияликларнинг Евро-2020да қатнашиш имкониятларига баҳо берди.

90-йилларда порлаган Норвегия термаси кейинчалик ўзига ўхшамай қолди. Мазкур жамоа қатнашган сўнг­ги йирик турнир - Евро-2000. Оле-Гуннар Сульшер, Ронни Йонсен ва ака-ука Флулар авлоди кетди, Жон Карьюнинг ишлари юришмади, Норвегия футболи байроқдори «Русенборг» муваффақиятсизликка учради, қисқаси, «арава қовоққа айланди». Чанғи-биатлон державаси ҳисобланган Норвегияга футбол мамлакати бўлиш насиб қилмади.

Норвегиялик футболчилар ҳам «радар»лардан йўқолиб қолишди. Тўғри, уларда Карью сингари иқтидор соҳиблари ҳар доим топилган. Аммо футболчилар даражаси аввалгидек эмасди. Боз устига, Норвегия термасида нордларга хос бўлмаган ташқи кўринишга эга ва фамилияси скандинавларга алоқаси йўқ ўйинчилар кўпайди. Мазкур ҳолатни ирқчиликка йўймангу, Африкада колониясига эга бўлмаган шимол жамоасида қора танли йигитларнинг бисёрлиги бироз ғалати туюлади. Маҳаллий аҳоли футболни ёқтирмай қолган, дейиш нотўғри. Аммо улар орасида Сульшер ва Мини Якобсен кабилар кўринмай қолди. Горизонтда ёш даҳо Мартин Эдегор пайдо бўлди, бироқ навқирон ярим ҳимоячи улғайиш жараёнини бошдан кечиришга маҳкум эди. Уни «Реал»га сотишди, уни кўкларга кўтариб, кейин тинчиб қолишди. Эмишки, футболчига ажратилган пуллар оқланмаган. Ваҳоланки, Эдегор кучли ўйинчи сифатида ўсишга эришди. Бу ҳақда алоҳида гаплашамиз.

2017 йили Норвегия термасини швециялик мутахассис Ларс Лагербек бошқарди. Унинг бошчилигида Исландия миллий жамоаси Европа чемпионатига чиқиб, ҳақиқий шов-шувга сабабчи бўлганди. Аммо норвегияликлар янги мураббий билан саралаш босқичининг «F» гуруҳида ҳаминқадар қатнашишди. Фақат бир марта - старт­да испанларга ютқазишганига қарамай, Швеция ва Испания жамоаларидан кейинги 3-ўринни эгаллашди. Гуруҳдаги ўйинларнинг тенг ярмида қайд этилган бешта дуранг ўз сўзини айтди. Фақатгина турнирнинг янги формуласи Норвегия термасининг имкониятини сақлаб қолди - ҳали Еврога чиқишга умид бор.

Бироқ «шерлар»нинг муваффақиятсизлиги, шимолликларни ҳисобга олмаса, кўпчиликни ранжитмагани турган гап. Деярли сезилмади ҳам. Биринчи марта эмас-ку, ахир. Аммо бир неча ой ичида вазият ўзгарди. Ҳозир турли мамлакатлардаги футбол ихлосмандларининг эътибори Норвегия термасига қаратилган. Хўш, нега?

Бу мамлакатда етук футболчи пайдо бўлди - Эрлинг Холанд. Аниқроғи, бу йигитча ўзини куздаёқ танитишга улгурганди. Австриянинг «Ред Булл»идаги ўйинлари орқали, албатта. Ҳатто термага ҳам чақирилиб, бир-иккита учрашувда майдонга тушди. Лекин у пайтда Холанд умид берувчи ўспирин эди, холос. Дортмунд «Боруссия»сига ўтганидан кейин эса етук маҳорат соҳиби эканлигини намоён этди, гарчи эндигина 19 ёшга тўлган бўлсада. Қандайдир икки ой ичида норвегиялик Европа юлдузига айланди, уни қитъа биринчилигида кутишмоқда. Сербларга қарши кечадиган баҳс, умуман, скандинавларнинг кейинги ўйинларида Холанддан терма етакчилигини қўлга олиш талаб этилади.

Иккинчи рақамли фактор - Мартин Эдегор. Руҳан синиб қолишига бир баҳя қолган вундеркинд россиялик мураббий Леонид Слуцкий бошқарувида фаолиятини қутқариб қолди. Норвегиялик иқтидор соҳиби «Витесс»дан кетди, лекин «Реал Сосьедад»да ҳам йўқолиб қолмади, аксинча, Испания чемпионатида порлади. Энди Эдегор - Холанд жуфтлигини тасаввур қилингда, Норвегия термаси қандай кучга эга эканлигига баҳо беринг. Ушбу футболчилар ўзаро тушуниб ўйнаб кета олишадими? Нега энди шундай бўлмаслиги керак? Ахир улар мутлақо янги шериклар билан тил топишишни уддалашди-ку.

Бу ҳам ҳаммаси эмас. «Трабзон-спор»да мавсумни ажойиб тарзда ўтказаётган, юқорида номи келтирилган футболчилардан ёши бироз улуғроқ бўлган Александр Серлот ҳам бор. «Кристал Пэлас»да танқидларга кўмиб юборилган ўйинчи аслида қандай салоҳиятга эга эканлигини кўрсатди. Эҳтимол, Холанд ва Серлотнинг услуби бир хилдир. Ҳечқиси йўқ. Уларни биргаликда майдонга туширишга нима халал беради? Бир-бирларига халақит қилишадими? Бу масалани ижобий ҳал этиш Норвегия термаси бош мураббийининг зиммасида. Ахир Лагербек ихтиёрида курашлардан қочмайдиган Жошуа Кинг ва Тарик Эльюнусси каби форвардлар ҳам бор.

Ўрта чизиқда ҳам эътиборга молик футболчилар тўпланишган. Мисол сифатида «Ростов» етакчиларидан бири Маттиас Норманни кўрсатиш мумкин. Ёки собиқ баскетболчи, яқинда «Шеффилд Юнайтед» сафига қўшилган Сандер Бергени олайлик. Майдонда унчалик диққатни тортмасада, «шерлар» сардори Стефан Йохансен ҳам жуда фойдали ўйинчи. Мудофаада Руне Братсет ёки Ронни Йонсен даражасидагилар йўқ, аммо Лагербекда бу борада танлаш имконияти бор. Хусусан, Италиянинг «Трапани» клубида ўйнаётган Стефан Страндбергни кўрсатсак бўлади. Асосий дарвозабон Руне Ярстейн «Герта»да кўплаб голлар ўтказиб юборяпти, аммо 1-рақам бошқа киперга топширилишига ишониш қийин. Вақтини «Астон Вилла» захирасида ўтказаётган Эрьян Нюланддан фарқли равишда, Ярстейн ўз клубида мунтазам майдонга тушмоқда.

Норвегия термаси серблар тўсиғидан ўта оладими? Айтиш қийин. Аммо мезбонлик мақоми скандинавлар фойдасига ишлаши, мазкур қарама-қаршиликда муҳим «кўзир» бўлиши эҳтимоли юқори. Айни пайт Ларс Лагербек ихтиёрида сифатли футболчилар бисёр, айниқса, тўрт йил аввал бошқарган Исландия термасига солиштирилса. Ўз навбатида, уни шведлар таркиби билан таққослаш ҳам мумкин. У ерда Ибрагимович бор эди, бу ерда - Златан даражасига чиқиши кутилаётган Холанд.

 

Эрлинг Холанд ҳаҚидаги фактлар

* Беш ёшидан футбол ўйнашни бошлаган. Ўшандаёқ узунликка сакраш бўйича ўз ёш тоифасида рекорд (1 метр63 сантиметр) ўрнатган ва ушбу кўрсаткич ҳалигача янгиланмади.

* Отаси - собиқ футболчи, «Ноттингем», «Лидс» ва «Манчестер Сити»да ўйнаган. Онаси - енгил атлетикачи, еттикураш бўйича Норвегия чемпиони.

* Холанднинг шундай бақувват ва универсал бўлишига 14 ёшигача бош­қа спорт турлари - гандбол, чанғи учиш, мини-гольф, енгил атлетика билан шуғуллангани ҳам сабабдир.

* Ёшлар жамоасидаги собиқ шерикларининг айтишларича, ҳамма қарта ўйнаб, бекорчилик қилаётганда, Холанд диета ва уйқуни яхшилаш мавзусидаги мақолаларни ўқиган.

* 15 ёшигача Холанд жамоада бўйи энг пастлардан бўлган. Аммо ке-йинчалик тез ўсишга эришган - 2015 йили 11-12, 2016 йилда эса яна 5 сантиметрга. 17 ёшга тўлганида, жуссаси катта одамларникидек эди, аммо юз ифодасидан ҳамон болалик уфуриб турарди. Натижада унга Manchild (эркак болакай) тахаллусини беришган.

* Биринчи мураббийи Инге Бернтсен шундай ҳикоя қилади: «Унинг паст бўйли бўлгани яхшиликка. 11-13 ёш орасида жисмоний камчиликни ёпиш учун ундан майдонда ақллироқ бўлиш талаб этилганди. Улғайганида эса интеллект сақланиб қолди. Шу боис, у ҳозир шундай ажойиб ҳаракат қилмоқда, ўйинни яхши тушунмоқда».

* 2017 йили Холанд баланд бўйли, аммо озғин эди. Айнан ўшанда у Сульшер бош мураббийлигидаги «Мольде»га сафига қўшилганди. Норвегиялик мутахассис Холандни кўпроқ овқат еб, мунтазам оғир атлетика билан шуғулланишга ундаган. Кейин эса Сульшер шундай деганди: «Ҳа, унинг вазни ортди, аммо буларнинг бари мушак. Йигитча жисмоний жиҳатдан ўсиши жуда муҳим эди. Шу билан бирга, унинг ўзига ишончи ҳам ортди».

Торд Сальте, Холанднинг собиқ клубдоши: «Ўшанда у дастлабки 6 ой ичида 15 килограмм йиққанди. Эрлинг бир ўтиришда уч ҳисса овқат ейишини айтганди. Шу тариқа у баҳайбат, бақувват маҳлуққа айланди».

* Ўша биринчи мураббийи Бернстен Холанднинг уйқуга жиддий муносабатда бўлганини таъкидлаганди. Эрлингнинг шериги эса унинг оқшом пайти телевизор ва мобил телефондаги кўк рангни фильтрлайдиган махсус кўзойнак таққани ҳақида гапирганди. Бу ҳолат уйқу гормони (мелатонин)га ижобий таъсир кўрсатади, натижада мириқиб ухлаб, организмни тиклаш мумкин.

* Холанднинг отаси ўғлининг парҳезини ошкор этганди. Маълум бўлишича, «Дортмунд» ҳужумчиси тўлиқлигича Роналдунинг овқатланиш тартибидан намуна олар экан: «Патрис Эвра Криштиану билан тушлик қилгани, португалияликнинг дастурхонида балиқдан бўлак ҳеч нарса бўлмаганини айтганди. Эрлинг ҳозир худди шундай қилишга уриняпти, чунки Роналду 34 ёшга тўлганига қарамай, ҳамон яхши формада. Демак, ўғлимнинг қарори тўғри. Криштианунинг парҳези кунига 6 хил таомни ўз ичига олади - одатда, улар орасида макарон ва товуқ гўшти бўлади. Овқатда туз бўлмаслиги керак. Роналду нонуштага апельсин ёки ананас шарбатини ичади. Бундан ташқари - фақат сув. Ўз навбатида, португалиялик юлдуз тўғри ухлашга катта эътибор қаратади - тунда 8 соат, кундузи - тўртинчи таом тановвул қилинганидан кейин эса қисқа уйқу».

Холанднинг ўзи ҳам Кришдан ибрат олаётгани ҳақида гапирганди: «Бирор кун Роналду билан кўришиб, айнан у сабабли футболчи бўлганимни ўзига айтмоқчиман. Ҳамиша Криштиануга тақлид қилганман».

* «ПСЖ»га қарши баҳсда Холанд 60 метрни 6,64 сонияда босиб ўтиб, профессионал енгил атлетикачига тегишли жаҳон рекорди (6,34 сония)ни янгилашига бир баҳя қолганди. Эрлинг бундай тезликни генетика билан изоҳлади: «Онам енгил атлетика билан шуғулланган. Ўйлашимча, мендаги тезлик айнан у ва албатта, отамдан ўтган».

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz