Қайднома

Қидирув

«Эль-класико»дан гапиринг…

«Эль-класико»дан гапиринг…

  12.03.2020 01:11
  0
  109
«Эль-класико»дан гапиринг…

Навбатдаги «Эль-класико» Зайниддин Зидан ва «Реал»га аталди. «Сантьяго Бернабеу» эгаси айниқса, ўйиннинг иккинчи бўлимида майдонда ким хўжайин эканлигини кўрсатиб қўйди. Бразилиялик Винисиус Жуниор ва Мариано Диас эса Марк-Андре тер Штеген дарвозасини нишонга олиб, бош қаҳрамонлар ролида гавдаланишди.

Мариано Диаснинг ҳар бир чиқиши қ «Реал» ғалабаси - бу қоида «Класико»да ҳам иш берди. Аслида бразилиялик бу йигит Мадридда жуда-жуда эзилаётганди. Қисқача айт­ганда, Мариано бутун мавсум ўйин амалиётисиз қолиши таъсирида «Реал» таркибида ўзини худди чақирилмаган меҳмондек ҳис эта бошлаганди. Диққат қилинг, катта умидлар билан сотиб олинган Диас жорий мавсум «Мадрид» сафида илк марта январь ойига келибгина майдонга тушди. Шунда ҳам Испания суперкубоги учун Саудия Арабистонида ташкиллаштирилган турнирнинг ярим финалида «Валенсия»га қарши кечган учрашув тугашига атиги 8 дақиқа қолганида. Эътиборга молик томони, Мариано гарчи мутлақо ўйин амалиётисиз қолган бўлсада, ижара сафарига чиқишни истамади. Бу ҳақда Зайниддин Зидан ҳам алоҳида тўхталганди: «Марианонинг «Реал»га шу қадар содиқ эканлигини кўриш жуда ёқимли. Шундай экан, Диаснинг нега ижара шартномасига кўнмаётгани хусусидаги саволларни менга эмас, ўзига йўналтириш керак. Одатда ихтиёримдаги барча футболчиларнинг қарорларига ҳурмат билан ёндашаман». Франциялик мутахассиснинг Диас ҳақидаги яна бир фикрига эътибор қаратинг: «Ҳар бир футболчи муайян шахсий позициясига эга. Ўйин­чилар билан вақти-вақтида алоҳида гаплашиб турибман ва улар ўз ҳолатларини жуда яхши билишади. Табиийки, футболчи нима қилишини ўзи белгилайди, ҳар ҳолда, клубга кимнидир қолдириш ёки йўқотиш учун келган эмасман. Тўғри, вазият тақозо этса, футболчиларга умумий ҳолатни ҳам, ўз қарашларимни ҳам рўй-рост айтаман. Улар шу ердами, ҳар бирига умид билан қарайман, албатта».

Энди асосий факт - «Эль-класико» Мариано учун жорий мавсум ҳисобидан «Реал» сафидаги атиги 3-ўйин бўлди:

1. Саудияда «Валенсия»га қарши кечган суперкубок баҳси - 7 дақиқалик ҳаракат ва «Реал» ғалаба қозонди.

2. «Атлетико» билан бўлган Испания суперкубоги финали - «Реал» ғалаба қозонди.

3. «Барселона»га қарши «Эль-класико». Мариано атиги 1 дақиқага майдонга тушди ва «Реал» ғалабасига имзо чекди. Қойил.

 

Винисиус Жуниор - бу «Реал»га нисбатан чексиз муҳаббат. Бразилиялик яна бир ёш футболчи. Буниси голларини нишонлашда кўз ёшини тиёлмайди ва «Қироллик клуби» ҳақида ҳамиша тўлқинланиб гапиради. Мана, Винисиуснинг «Реал» хусусидаги айрим фикрлари:

- «Реал»ни жонимдан ҳам ортиқ кўраман. «Мадрид» сафига қўшилганимга ҳали кўп вақт бўлгани йўқ, лекин ҳозирдан бемалол айтаман - бу ҳаётимдаги энг муҳим ва бош клубдир. Бутун фаолиятимни Мадридда ўтказиш насиб этса, ажойиб иш бўларди.

- «Реал» 3 ой мобайнида менга Бразилияда ўтган 1 йилга нисбатан кўпроқ нарса берди. Бу ерда сайёранинг энг яхши футболчилари қаторида туриб, шу қадар илҳомланасанки, ўйинчи сифатида ўсаётганингни яққол ҳис қиласан.

- Ҳозир атиги 18 ёшдаман ва дунёнинг энг кучли футболчилари билан ўйнамоқдаман. Ўйлайманки, 26 ёшга етгунча барчасини мукаммаллаштираман. Энг яхшилар билан ўйнаб, «Олтин тўп» ютишимга ишонаман. Умид қиламанки, бу борада «Реал» катта ёрдам беради.

Умуман олганда, «Реал» сафидаги ҳар бир ўйин Винисиус учун алоҳида аҳамият касб этади. У ўтган йилнинг сентябрь ойида «Осасуна» билан ўйинда гол уриб, йиғлаб юборди. Чунки февралдан буён голсиз сериясидан қийналаётганди. Мана, Винисиус «Эль-класико»да ўта муҳим гол муаллифига айланди ва дарҳол «Бернабеу» трибуналари томон югуриб, футболкасидаги клуб эмблемасига ишора қилди. Дарвоқе, у шу голи билан  Лионель Месси қайд этган рекордни янгилади: эндиликда янги асрда «Эль-класико»да гол урган энг ёш футболчи айнан Винисиус Жуниордирн (19 ёшу 233 кунлик).


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz