Қайднома

Қидирув

Бўш келма Сафо ёхуд Россиядаги ироқлик футболчи хусусида

Бўш келма Сафо ёхуд Россиядаги ироқлик футболчи хусусида

  12.03.2020 05:31
  0
  416
Бўш келма Сафо ёхуд Россиядаги ироқлик футболчи хусусида

Ироқ миллий жамоа­си таянч ярим ҳимоячиси Сафо Ходи яқинда «Қрилья Советов» клуби билан шартнома тузиб, Россия Премьер-лигасидаги Осиё футболи вакиллари сафини кенгайтирди. Ўзи рус жамоалари қитъамиз мамлакатлари футбол рейтингига унча ёпишиб олмайди. Мисол учун, ҳозирда ҳамюртимиз Элдор Шомуродов ва эронлик Сардор Азмун каби осиёлик йигитлар РПЛда ўз ўринларига эгалар. Олдинроқ эса япониялик Кейсуке Хонда ҳаттоки, Россия чемпионати бош юлдузи сифатида гавдаланган. Ажабмас, Сафо ҳам ўзини кўрсатиб, Осиё рейтинги ошишига ҳисса қўшса... Демак, ироқлик йигит билан алоҳида танишиб чиқсак бўлади.  

«Зенит» эмас, «Крилья»га

28 январь куни «Ироқ футболи» муҳаррири Али Нури «Твиттер»даги шахсий саҳифасида «Ал-Шорта» клуби ярим ҳимоячиси Сафо Ходининг «Зенит» сафига қўшилиши ҳақида хабар тарқатди. У ҳаттоки, Санкт-Петербург клуби ва Ироқ миллий жамоаси вакили билан келишув деярли расмийлаштирганини маълум қилди: «Билишимча, ҳаммаси деярли ҳал бўлган. 21 ёшли футболчининг «Зенит»га ўтишига жамоанинг эронлик ҳужумчиси Сардор Азмун ижобий таъсир кўрсатган». Кейинроқ Iraqi Pro Players компанияси ҳам Ходининг Россия чемпионатига йўл олишини тасдиқлади, фақат унинг бўлажак жамоаси «Зенит» эмас, «Крилья Советов» бўлишига ҳам ойдинлик киритди. Хуллас, самараликлар билан 2,5 йиллик шартнома тузган Ходи Россия чемпионати тарихида янги саҳифа очди - у Ироқ футболининг РПЛдаги биринчи вакилидир.

 

Сафо Ходи қандай

футболчи?

«Крилья Советов»нинг янги ўйинчиси ҳақида маълумотлар кўп эмас, зеро, Европада Ироқ футболи унча ёритилмайди. Мисол учун, «Википедия»нинг Ироқ миллий жамоасига бағишланган инглизча саҳифасида Сафога алоҳида тўхталмаган. Фақат унинг мамлакат миллий жамоаси сафида 27та ўйин ўтказгани кўрсатилган. Шу ҳам Transfermarkt портали маълумотига тўғри келмайди. Германия сайтида ёзилишича, ярим ҳимоячи Ироқ бош жамоаси сафида 14 марта майдонга тушган. Эҳтимолки, «Википедия» норасмий турнирлар доирасидаги ўйинларни ҳам эътиборга олгандир. Нима бўлишидан қатъий назар, ҳар икки статис­тика 21 ёшли футболчи учун чакки эмас. Тўғри, Ходи мамлакат миллий жамоаси ўйинларида ҳозирча гол урмаган, унда самарали узатма ҳам йўқ.

Ходи 1998 йилнинг 14 октябрь куни Бағдод шаҳрида туғилган. Бўйи - 180 см., вазни - 75 кг. Маҳаллий «Аманат Бағдод» клуби тарбияланувчиси ҳисобланадиган Сафо профессионал даражадаги дебютини 2015 йили айни шу жамоада нишонлади, бироқ қисқа вақтда иш жойини 3 марта ўзгартиришга улгурди. Яъни навбати билан Ироқнинг етакчи клублари - «Ал-Минаа», «Ал-Завра» ва «Ал-Шорта»да ўйнаб чиқди. Истиқболли ярим ҳимоя­чи хусусан, «Ал-Завра» билан нақ 4та соврин ютди - мавсум-2017|2018да мамлакат чемпиони бўлди, 2 бора миллий кубок ва бир бора суперкубок соҳибига айланди. Шунингдек, Осиё Чемпионлар Лигасида 3 марта майдонга тушди. «Ал-Шорта» сафига эса бу клуб чемпионликни тантана қилганидан кейин, яъни 2019 йилнинг августида қўшилди. Эътиборлиси, Ходи яна бир ойдан кейин янги жамоаси таркибида ҳам мамлакат суперкубогини боши узра баланд кўтарди. Қисқаси, йигитча ёшлигидан маълум даражадаги ғалабалар таъмини тотиб кўришга ўрганган. Ироқда кўпчилик Ходини ҳозирдан мамлакатнинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этмоқда.

 

Ироқлик футболчида қандай хусусиятлари бор?

Ходи - таянч ярим ҳимоячиси. Шундай экан, унинг Ироқ миллий жамоасида ҳали гол урмагани ёки ассистентлик ролини бажармаганидан ортиқча ҳайрон бўлмаслик керак. InStat томонидан Сафога берилган тавсифда таъкидланишича, у фақат рақиб ҳужумларини бузиш билан чекланадиган ўйинчи эмас: «Ходи - рақибни тўхтатиб қоладиган ярим ҳимоячи. Узатмалари аниқлиги жуда юқори - 88  фоиз. У яна яхшигина ижодкорлик қобилиятига эга. Ўйинларда асосан майдоннинг охирги учинчи қисмида ҳаракатланади. 1та ўйинда ўртача ҳисобда 0,5та кескинлаштирувчи узатма беради, 0,4та зарба йўллайди». Асосийси, «Крилья Советов»нинг янги футболчиси ўта меҳнаткаш, тўғри позиция танлаши ҳисобига тўпни рақибдан олиб қолишда эффектли ҳаракатланади, ўйинга юқори эътибор билан ёндашади ва етакчилик хусусиятига ҳам эга.

Эрон термаси ўтган йилнинг ноябрь ойида ЖЧ-2022 саралаш босқи­чи доирасидан ўрин олган сафар ўйинида кутилмаганда, ироқликларга 1:2 ҳисобида ютқазиб қўйди. Эҳтимол, Азмун ироқлик йигит билан ўшанда яқинроқ танишгандир. Сафо форсларга қарши кечган баҳсда 47та фойдали ҳаракатни амалга оширган ва InStat таҳлил гуруҳидан 264 балл олганди (жамоасидаги 4-яхши кўрсаткич). Таққослаш учун айтсак, ўша учрашувда Сардор Азмуннинг ҳаракати атиги 189 баллга баҳоланган. Сафо - чапақай футболчи (ўйин йўналишига мувофиқ). Ҳаракат услуби билан эса Вильмар Барриос ва Аксель Витцелни эслатади. Айтганча, айни пайт Ироқ миллий жамоаси ЖЧ-2022|ОК-2023 қўшма саралаши иккинчи босқичида ўз гуруҳида пешқадам бўлиб турибди. Ироқликлар ортда қолган 5та ўйинда 11 очко тўплашди, Эрон термаси эса атиги 6 очкога эга ва 3-ўрин билан чекланиб турибди. Тўғри, форслар захираларида 1та ўйин бор, аммо Азмун жамоасининг умумий ҳолати яхши эмас, барибир.

Ходи ҳақида яна

нималар маълум?

Яна ўтган йилги Ироқ - Эрон ўйини ҳақида. Ироқликлар учрашувда ҳисобни очишгач, Ходи голни юзига ниқоб олган ҳолда нишонлади. Ушбу «маскарад» суратлари ва видеоси бир зумда бутун мамлакатга ёйилди. Сафонинг ўзи эса ўз ҳаракати билан 2019 йилнинг октябрида бошланган оммавий норозилик иштирокчиларини қўллаб-қувватлаганини яширгани йўқ. Зеро, ўшанда Ироқ хавфсизлик хизмати намойишчилар билан тўқнашувларда кўзни ёшлантирувчи газ ва ҳаттоки, ўқотар қуроллардан ҳам фойдаланган эди. Хабар берилишича, намойишлар чоғи 496та киши ҳаётдан кўз юмган, 20 минг фуқаро эса жароҳатланган. «Ўйлайманки, ўша ўйин ғоят чиройли бўлди, чунки муҳим ғалабамиз билан жабрдийда намойишчиларга озгина қувонч ва табассум тортиқ этдик, - деди Ходи кейинчалик. - Умуман, Ироқ халқига бера оладиганимиз шу. Ниқоб таққаним учун жазони қабул қилишга тайёрман».

ОАВда ёритилган яна бир қизиқ ҳолат - бу Сафонинг Қатарга учаётган самолёт рейсидан қолдирилгани. Ўшанда унинг паспорти ҳақиқий эмаслиги айтилган. Тўғрироғи, ёш футболчини ҳужжатларни қалбакилаштиришда айблаб, аэропортда ушлаб қолишган. Кейинчалик муаммо ҳал этилган, аммо футболчи қоғозлардаги кичик хатолик туфайли анча сиқилган. Ҳар ҳолда, Ходи бир неча ўйинни ўтказиб юборишга мажбур бўлганди. Муҳими, у ҳозирда бундай муаммолардан холи.

 

Россия чемпионатида ўйнаган (ўйнаётган) ОФК вакиллари (собиҚ иттифоҚ вакилларидан ташҚари)

 

Австралия

Люк Уилкшир: «Динамо» М., «Терек» - 2008-2014, 2016

Иван Франьич: «Торпедо» — 2014|2015

АфҒонистон

Шариф Муҳаммад: «Анжи» — 2010-2014

Ж.Корея

Ким Донг Хюн: «Рубин» — 2006

Ким Донг Жин: «Зенит» — 2006—2009

Ким Ин Сон: ЦСКА — 2012

Ким Нам Ил: «Томь» — 2010, 2011

Ли Хо: «Зенит» — 2006—2008

О Бом Сок: «Крилья Советов» — 2008, 2009

Хюн Ён Мин: «Зенит» - 2006

Ю Бён Су: «Ростов» — 2013—2016

ИроҚ

Сафо Ходи: «Крилья Советов» - 2020-...

Иордания

Бадран ал Шағран: КАМАЗ-Ч — 1995—1997

Аднан ал Шебат: КАМАЗ-Ч — 1995-1996

КХДР

Цой Мин Хо: «Крилья Советов» — 2006—2008

Хон Ён Чо: «Ростов» — 2009-2010

Сурия

Ассаф ал Халифа: «Жемчужина» — 1994, 1998

Нихад Буши: «Крилья Советов» — 1996, 1997

Анас Махлаф: «Крилья Советов», «Шинник» — 1996—1999

Эрон

Сардор Азмун: «Рубин», «Ростов», «Зенит» — 2013—...

Милад Муҳаммади: «Терек» — 2016—2019

Ризо Шокири: «Рубин» — 2017—2019

Саид Иззатуллоҳи: «Ростов», «Анжи», «Амкар» — 2016—2018

Япония

Такафуми Акахоси: «Уфа» — 2014

Сейитиро Маки: «Амкар» — 2010

Дайсуке Мацуи: «Томь» — 2010

Такума Нишимура: ЦСКА — 2018—2020

Кейсуке Хонда: ЦСКА — 2010—2013


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz