Қайднома

Қидирув

Наҳотки мактуб сеҳрли?

Наҳотки мактуб сеҳрли?

  14.03.2020 10:40
  0
  327
 Наҳотки мактуб сеҳрли?

«Ливервуль» клуби «МЮ»нинг ёш фанати мактубидан кейин уч марта майдонни мағлуб ҳолда тарк этди. У ўз хатида жамоа бош мураббийи Юрген Клоппдан ғалаба қозонишни тўхтатишини илтимос қилганди. Наҳотки, болакайнинг мактуби сеҳрли бўлса...?!

Ҳа, февралдан мартга кўчиш оқшоми «Ливерпул»нинг Англия Премьер-лигасидаги фантастик серияси узилди. Юрген Клоппнинг чемпионатда енгилмасдек кўринган жамоаси меҳмонда келиб-келиб аутсайдерлардан бири «Уотфорд» қошида «бош эгди». Боз устига, йирик ҳисобли мағлубиятни тан олган ҳолда. Тўғри, бу «қизиллар» учун қандайдир қўрқинч­ли воқелик эмас - улар АПЛ турнир жадвалида яқин таъқибчиларидан «осмон» қадар олдинда боришмоқда, барибир. Лекин «Ливерпуль» мухлисларини ўйга толдирадиган бир ҳолат йўқ эмас. Бу охирги 11 кун ичида қайд этилган иккинчи мағлубият бўлди. Қолаверса, «Ливерпуль» орадан 3 кун ўтиб, яна бир учрашувни бой берди. Юрген Клопп дружинаси аввалига 18 февраль куни Европа Чемпионлар Лигаси 1|8 финалидан ўрин олган биринчи ўйинни Мадридда «Атлетико»га қарши ўтказиб, ягона гол туфайли енгилди. «Ливерпуль» бош мураббийи Юрген Клопп айнан Испания сафари олдидан «МЮ»нинг 10 ёшли мухлиси Дара Керлидан мактуб олганди. Унда ёш фанат германиялик мутахассисдан ғалаба қозонишни тўхтатишини илтимос қилганди: «Ҳурматли Юрген Клопп, менинг исмим Дара. 10 ёшдаман. «МЮ»га мухлислик қиламан ва сизга бир эътирозим бор. «Ливерпуль» жуда кўп ўйинларда ғалаба қозонмоқда. Агар сизлар яна 9та ўйинни ўз фойдангларга ҳал қилсанглар, Англия футболидаги мағлубиятсиз серия бўйича рекордни такрорлайсизлар. Бу «Манчестер Юнайтед» фанати учун жуда қайғули. Илтимос, «Ливерпул»нинг кейинги ўйинида шундай қилинг­ки, жамоа ютқазсин. Шунчаки, рақибга гол уриш имкониятини яратиб беринг. Умид қиламанки, сизни чемпионат ва ўйинларда ғалаба қозонмасликка кўндирдим. Самимият билан Дара» — бу болакай юборган мактуб мазмуни.

Қарангки, Клопп ёш футбол ихлосманди томонидан юборилган хатга жавоб беришни пайсалга солмади, аммо унга илтимосини бажаролмаслигини билдирди: «Афсуски, ҳозирги ҳолатда илтимосингни қондиролмайман. Зиммамдаги иш - «Ливерпул»нинг ғалаба қозонишига имкони борича ёрдам бериш. Чунки буни бутун ер юзидаги миллионлаб одамлар хоҳлашади, мен эса уларни уюлтириб қўйишни сира хоҳламайман. Сени ишонтириб айтаманки, ҳар қандай ҳолатда битта нарса ўзгаришсиз қолади — футболга ва севимли клубингга нисбатан муҳаббатинг. Сендек мухлиси борлиги - бу «МЮ»нинг омади чопганидан далолат. Гарчи бизнинг клублар катта рақиблар саналсада, бир-биримизга ҳурмат билан ёндашамиз. Менимча, футболнинг асл моҳияти ҳам шу».

Амалда эса ҳаммаси бошқача тус олди. Мураббий хатни олганидан кейи­н «Ливерпуль» навбатдаги 4та учрашувдан 3тасини бой берди. Боз устига, яна бирида — «Энфилд»да «Вест Хэм»га қарши кечган учрашувда ҳам «қизиллар» иккинчи бўлим давомида 1:2 ҳисобида орқада боришди, фақат якунда ғалабани ўз томонларига оғдириш йўлини топишди. Камига бу орада «Ливерпуль» чемпионлик унвонини ололмаслиги мумкинлиги хусусида хабарлар тарқалди. Ҳа, коронавирус эпидемияси туфайли АПЛ мавсуми якунига етмай қолиши эҳтимоли ҳақида гап-сўз бўлди. Тўғри, бунда қандайдир асос йўқ. Бироқ Даранинг мактуби чиндан ҳам, «Ливерпул»га қандайдир таъсир ўтказгандек гўё...

А.ҲАМИДОВ  тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz