Қайднома

Қидирув

Футбол бобида энг омадсиз мамлакатлардан чиққан энг омадли 5 нафар юлдуз ҳақида...

Футбол бобида энг омадсиз мамлакатлардан чиққан энг омадли 5 нафар юлдуз ҳақида...

  21.03.2020 09:34
  0
  251
Футбол бобида энг омадсиз мамлакатлардан чиққан энг омадли 5 нафар юлдуз ҳақида...

Жаҳон футболининг энг илғор ўйинчилари рейтинги юқори миллий терма жамоа­лар сафида ўйнашади - бунда ажабланадиган томони ҳам йўқ. Криштиану Роналду, Лионель Месси, Килиан Мбаппе, Кевин де Брюйне ва Гарри Кейн - Европа Чемпионлар Лигаси ёки жаҳон чемпионати каби энг нуфузли турнирларнинг деярли доимий иштирокчилари. Португалия, Аргентина, Франция, Бельгия ва Англия терма жамоалари - жаҳоннинг энг кучли миллий дружиналари. Бу борада баҳслашиш бефойда. Йўқ, бугунги мақола футбол оламининг етакчи мамлакатлари вакиллари эмас, аксинча, бу борада айтарли ютуқлари билан мақтанолмайдиган камтарроқ давлатлардан «ягона» тамғаси остида чиққан юлдузлар ҳақида. Аниқроқ айтсак, ФИФА рейтингининг дастлабки 100талигидан ташқаридаги 5та миллий жамоанинг бутун миллат фахри даражасига чиққан етакчиларига назар соламиз.

 

Марвелус НАКАМБА - Зимбабве термаси (ФИФА рейтингидаги позицияси: 111-ўрин). «Астон Вилла»нинг универсал ярим ҳимоя­чиси Марвелус Накамба АПЛга ҳеч қандай муаммосиз мослашиб олди. Бирмингемликлар Зимбабве вакилини «Брюгге»дан сотиб олишганди. Накамба «Астон Вилла» таркибида 19 марта майдонга тушди ва асосийси, қисқа вақт ичида клуб фанатларининг ёқимтойлари қаторига қўшилди. Мухлисларга африкалик футболчининг айниқса, меҳнаткашлиги, қатъий курашиши ва узун узатмалари маъқул келмоқда. Бир кам дунё - Марвелус ва унинг миллий жамоаси ҳозирги ҳолатда жаҳон чемпионатида иштирок этишга умид боғлай олмайди. Ҳеч қачон мундиал юзини кўрмаган Зимбабве терма жамоаси айни пайт ФИФА рейтингида атиги 111-қаторни эгаллаб турибди. Боз устига, зимбабвеликлар 2018 йили саралаш босқичидан чиқиб кетишди - мураббийга вақтида маош тўланмагани туфайли. Умуман олганда, Марвелус Накамба кенг доирада энди-энди ўзини кўрсатаётган бўлсада, Зимбабвенинг ўзида миллат қаҳрамони даражасига чиқиб улгурди. Дейлик, футболчи Бирмингем клуби сафидан жой олгач, жонажон шаҳри - Хвангеда унинг шарафига ҳайкал ўрнатилди. Буни тўғри тушуниш керак, ахир Накамба Англия чемпионатида ўйнаган Зимбабве футболининг атиги тўртинчи вакилидир.

Мариано ДИАС - Доминикан Республикаси термаси (ФИФА рейтингидаги позицияси: 158-ўрин). «Реал» ҳужумчиси Мариано Диас яқин орада ушбу рўйхатдан чиқиб кетиши ҳам мумкин. Гап шундаки, Испанияда туғилган доминиканлик йигит ҳамон «қизил фурия» таркибидан жой олиш илинжида ҳаракат қилмоқда. Лекин Мариано Доминикан Республикаси миллий жамоаси сафида кўриниш беришга улгурган, тўғри, фақат Гаити термасига қарши кечган ўртоқлик учрашувида. Не бўлган тақдирда ҳам, Диас 2011 йилдан буён «қаймоқранглилар» либосида тўп сурмоқда. Мисол учун, у барча ёшлар тизимидан муваффақиятли ўтди, хусусан, ўринбосарлар таркибидаги 33та ўйинда 27та гол урди. Диас орада «Лион» мухлисларида ҳам яхши таассурот қолдирди, мадридликлар эса унинг Франциядаги ўйинига қараб, трансферини 23 млн. еврога қайта сотиб олишди. Лекин ҳозирги ҳолатда Марианони олдинда нималар кутаётганини айтиш мушкул. Бинобарин, жароҳатлар уни сира тинч қўймаяпти.

Крис ВУД - Янги Зеландия термаси (ФИФА рейтингидаги позицияси: 122-ўрин). Янги Зеландия миллий жамоасининг охирги марта жаҳон чемпионати саралаш босқичларидан муваффақиятли ўтганига 10 йил бўляпти. Эътиборли томони, оппоқ рангли либосда тўп сурган камтарин жамоа ЖАР-2010 гуруҳ босқичида бирор марта мағлубиятга учрамаган ҳолда мусобақа билан хайрлашган эди (3та дуранг). Янги зеландияликлар кейинги мундиалга чиқа олишадими? Бу қийин масала, лекин эҳтимоли йўқ эмас. Саралашда камтарин жамоага АПЛда бинойидек тўп сураётган ҳужумчи Крис Вуд ёрдам беришга тайёр. Оклендлик 28 ёшли футболчи ўз мамлакати бош жамоаси сафида 2009 йили дебют қилган ва ҳозирга қадар 56та ўйинда 24та гол жамғарди. Клуб миқёсидаги фаолиятига келсак, Вуд ҳамиша фойдали футболчилар қаторида қадрланган, чунки самарадорлиги ҳавас уйғотади. Рақамларда айтсак, Вуд мавсум-2016|2017да «Лидс» шарафини ҳимоя қилиб, 27 гол урди. Шундан сўнг «Бернли» сафига қўшилган зеландиялик яна 34та гол тўплади. Айни пайт, яъни жорий мавсумда Вуд ҳисобида 10та гол бор. Асосийси, у Шон Дайч бошқарувида қизиқарли футбол намойиш этаётган «Бернли»да энг муҳим ижрочилардан биридир.

 

Милот РАШИЦА - Косово термаси (ФИФА рейтингидаги позицияси: 115-ўрин). ФИФАнинг энг «кенжатой» аъзоларидан бири саналган Косово миллий жамоа­си айни пайт жаҳон рейтингида 115-ўринни банд этиб турибди. Энг асосий факт - косоволиклар ҳали Евро-2020 йўлланмасини қўлга киритишдан умид узишмаган. Аслида Косово футболида бу рўйхатга муносиб номдор ўйинчилар кўп. Мисол тариқасида Ведат Мурики ва Мергим Войводани айтиш мумкин. Шундан бўлсада, «Вердер»­да тўп сураётган Милот Рашицанинг Косово миллий жамоасида бош юлдуз эканлиги хусусида баҳслашиш ноўрин. 23 ёшли ярим ҳимоячи|ҳужумчи жорий мавсум Бундеслиганинг 18та ўйинида иштирок этиб, 7та гол ва 3та самарали узатмага муаллифлик қилди. Айни пайт унга «Ливерпуль» томонидан жиддий қизиқиш борлиги хусусида гапиришмоқда. Яна бир факт шуки, Милот халқаро фаолиятини Косово термасида эмас, балки Албания жамоасида бошлаганди. Косоволиклар ФИФА таркибидан жой олишгач, у дарҳол ўз юрти шарафини ҳимоя қилишга ўтди.

 

Мбвана САМАТТА - Танзания термаси (ФИФА рейтингидаги позицияси: 134-ўрин). АПЛда ном қозонган африкалик футболчилар кўп - Муҳаммад Салоҳ (Миср), Нванкво Кану (Нигерия), Дидье Дрогба (Кот-д~Ивуар), Эммануэль Адебайор (Того)... Лекин яқин-яқингача Англия чемпионатида Танзания вакили йўқ эди. Мана, январь ойида «Брюгге»дан «Астон Вилла»га ўтган Мбвана Саматта танзаниялик биринчи футболчи бўлди. Мамлакат пойтахти - Дор-ус-Саломда туғилган Саматта миллий жамоа футболкасида 56 марта майдонга тушиб, 20та гол уришга улгурган. «Вилла» унинг трансфери учун Бельгия клубига 8,5 млн. фунт стерлинг тўлади. Саматта эса АПЛдаги дебютини гол билан безади. Маълумот учун, у «Генк»даги фаолиятида жами 191та ўйинда рақиблар дарвозасини 75 марта нишонга олганди. Айниқса, ўтган мавсум жуда самарали ўйнади - 28та учрашувда 20та гол.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz