Қайднома

Қидирув

«Барса»да глобал қайта қуриш: Иқтисодий инқироз ва ёзги трансферлар ҳақида

«Барса»да глобал қайта қуриш: Иқтисодий инқироз ва ёзги трансферлар ҳақида

  19.04.2020 09:39
  0
  453
«Барса»да глобал қайта қуриш: Иқтисодий инқироз ва ёзги трансферлар ҳақида

Яқин бир неча йил ичида «Барселона» таркибида катта ўзгаришларга қўл урилиши кутилмоқда. Каталония клуби мухлислари истайдими, йўқми бундан кейин буюк Мессининг жамоадаги ўрни аста-секин ва муттасил тарзда тушиб бораверади. Клуб раҳбариятининг устувор вазифаси эса аргентиналик юлдузнинг ўйинига тотал боғлиқликдан халос бўлиш ва унга муносиб ўринбосар топишдир.

Фото: «Goal.com»

«Кўк-анорранглилар» таркибида ротация ишларини олиб бориш вақти келганини пайқаш учун мутахассис бўлиш шарт эмас. Боиси жамоадаги аксарият етакчи ўйинчилар 30 ёшлик довондан ўтган:

Месси — 32 ёш; Суарес — 33 ёш; Бускетс — 31 ёш; Ракитич — 32 ёш; Пике — 33 ёш.

Юқорида номлари келтирилган футболчиларнинг ҳар бири ҳозирданоқ ўзига янги жамоа қидиришни бошлаши лозим, чунки келажак авлоднинг ҳеч бўлмаганда клубга мослашиб олиши учун вақт керак бўлади.

«Барселона»нинг иқтисодий инқирози ва келгуси режалари

Юқори даражали футболчиларни сотиб олиш учун, албатта, яхшигина маблағ керак бўлади. Айни пайтда Европадаги вазият барчага бирдек маълум. Юзага келиши мумкин бўлган иқтисодий инқироз футбол жамоатчилигига ҳам таъсир ўтказмасдан қолмайди. Мисол учун, кўҳна қитъанинг гранд клублари ҳомийлар томонидан маълум муддат молиялаштирилмайди, Чемпионлар Лигасидаги тўловлар сезиларли даражада пасаяди ва энг оғир зарба телетрансляциялар ҳиссасига тўғри келади. Улар эса УЕФАнинг талабларини бажара олмайди. Шунингдек, футболчиларнинг трансфер нархлари пасайиш эҳтимоли ҳам юқори, чунки клублар кеча тўлашга қодир бўлган маблағни эртага бера олмасликлари мумкин.

«Барселона» ҳозирда молиявий қийинчиликлар гирдобига тушиб қолган. Асосий муаммо – футболчиларнинг ойлик маошлар бўлиб қолмоқда. Маошлар умумий харажатларнинг 83 фоизини «еб юбормоқда». Бу Европанинг бошқа клублари билан таққослаганда сезиларли даражада салбий ҳолат. Раҳбариятнинг асосий вазифаси — баъзи бир ўйинчиларни сотиш орқали иш ҳақи миқдорини камайтиришдан иборат. Коронавирус пандемияси пайтида клуб футболчилар олдидаги молиявий мажбуриятларни бажара олмаслиги туфайли уларнинг маошларини 70 фоизга қисқартирди.

Испан нашрларининг ёзишича, «Барселона» ёзги трансфер ойнасида бирйўла 8 нафар футболчисини сотувга қўйишни режалаштирмоқда. Булар — Артуро Видаль, Иван Ракитич, Филиппе Коутиньо, Мартин Брэйтуэйт, Самюуэль Умтити, Нето, Хуниор Фирпо ва Антуан Гризманн.

Фото: Getty Images

Клуб ушбу футболчиларнинг трансфери орқали 300 миллион евродан кўпроқ маблағга эга бўлиши мумкин, бироқ уларнинг барчасини бир вақтда сотиш ҳам тўғри қарор бўлмайди. «Барселона»нинг келгусидаги қадамлари трансфер масалаларига қараб қолмоқда.

Неймар ёки Лаутаро Мартинес?

Ёзда каталонияликлар олдида иккита устувор вазифа турибди. Булар – Неймар ва Лаутаро Мартинесни сотиб олиш.

Фото: Twitter

Неймар ПСЖга ўтгандан бери унинг «Барселона»га қайтмоқчилиги ва Париждаги ҳаётидан мамнун эмаслиги тўғрисидаги миш-мишлар тинмади. Ўтган ёзда бразилиялик форвард учун 200 миллион евро талаб қилинган бўлса, айни пайтда унинг нархини 150 миллион евро этиб белгилаш мантиқсизлик бўларди. 2019 йилнинг ёзидан бошлаб, Неймарнинг трансфер  қиймати 180 миллиондан 128 миллион еврогача тушди. Бу бевосита унинг юқори сифатли ўйин намойиш этмаётганидан далолат беради. Неймар аллақачон шахсий совринлардан узоқлашган ва «Олтин тўп»га номзод футболчилар орасидан чиқиб кетган. Афтидан, Париждаги турмуш тарзи 28 ёшли футболчини ўзгартириб юборди, у дастлабки икки мавсумда жароҳатлари туфайли бир неча ой давомида майдонга тушмади ва вақтини спортга алоқаси бўлмаган ишлар билан ўтказди.

Неймар «Барселона»га нега керак? Икки назария Бу – Мессининг талаби. Аргентиналик ҳужумчи Неймарни ўзининг жамоадаги издоши деб билади. Лео кетганидан сўнг, фақатгина Неймар етакчиликни ўз зиммасига олиши мумкин. Бундан ташқари, Месси дўстининг Каталонияга астойдил қайтишини хоҳламоқда. «Барселона» раҳбарияти мухлислар олдида йўқолиб бораётган обрўйини Неймарни қайтариш орқали тикламоқчи. Бунинг устига клуб президентлиги учун ўтказиладиган сайлов яқин.

Фото: Getty Images

Каталония клуби ёзда Неймарни 120–130 миллион евро эвазига қайтариши мумкин. Иқтисодий инқироз шароитида, бундан ортиғини тўлашга ҳеч ким рози бўлмайди. Неймарни тўғридан-тўғри сотиб олиш учун маблағ топиш мушкуллигини ҳисобга олиб, «Барселона» тўловга қўшимча сифатида шартномага баъзи футболчиларни ҳам қўшишга ҳаракат қилади. Жумладан, Гризманн, Коутиньо ва Дембеле битимда иштирок этиши мумкин. Ўз навбатида, бу таклиф Париж клубига ҳам маъқул келиши мумкин бўлиб, шунда клубнинг янги футболчини харид қилишига ҳожат қолмайди.

Лаутаро Мартинесга келадиган бўлсак, барчаси у даражада оддий эмас. Ушбу ҳужумчининг «Барселона»га ўтиши узоқ ва зерикарли тус олади. Клуб раҳбарияти ва мураббийлар штаби Лаутарони 33 ёшли Суарес учун муносиб ўринбосар сифатида кўрмоқда, аммо «Интер» раҳбарияти футболчи билан хайрлашишга шошилмаяпти.

Бу борада «Барселона» учун асосий муаммо – 22 ёшли аргентиналик ҳужумчининг шартномасида белгиланган трансфер миқдоридир. 111 миллион евро – карантиндан кейин топиш мушкул бўлган жуда катта маблағ ҳисобланади. Милан клуби бош мураббийи Антонио Контенинг ҳам Мартинесни бошқа жамоага қўйиб юбориш нияти йўқ. Италиялик мутахассис Мартинесни имкон қадар узоқроқ ушлаб туришни режалаштирмоқда ва А Серияда «скудетто» учун курашда унинг асқатишига ишонмоқда.

«Интер» «Барселона»нинг қандай таклифлар қилишидан қатъи назар трансферга рози бўлмаслиги мумкин. Неймарнинг трансферидан кейин 111 миллион евро топишнинг ўзи ҳақиқатдан анча йироқ. Мартинеснинг «Интер» билан амалдаги шартномаси 2023 йилда якунланади. «Барселона»да эса Мартинесни кейинги мавсумда сотиб олиш имконияти сақлаб қолинади.

«Барселона» аллақачон Лаутарога йилига 10 миллион евро маошни кафолатлайдиган шартнома таклиф этган. Каталония клубида тобора вақт кам қолмоқда. Шунинг учун клуб ёзда нима бўлишидан қатъи назар юқорида номлари келтирилган икки футболчини сотиб олиш учун бор имкониятини ишга солади.

Бу вазиятда «Барселона» қандай йўл тутади?

Фикримизча, аввалига бир нечта ўйинчи сотиб юборилади. «Барселона» Коутиньонинг хизматларидан воз кечди ва унинг товон пулини 70-90 миллион евро этиб белгилади. Англия матбуоти Коутиньога «Челси» ва «Тоттенҳэм» қизиқиш билдираётгани тўғрисида ёзмоқда. Шунинг учун, ҳозирча Каталония ғазнасининг тўлишига умид сақланиб турибди. Табиийки, бу вазиятда «Бавария» бразилиялик хавбекдан воз кечади.

Шундан сўнг, унча катта бўлмаган трансферлар амалга оширилади. Видаль (15-25 миллион), Ракитич (20-25 миллион), Брэйтуэйт (20-25 миллион) ва Умтити (30-50 миллион) шулар жумласидандир.

Хулоса

«Барселона»нинг янги таркиби бир ёки бир ярим йилда тўлиқ шаклланиб улгурмайди. Пандемиядан кейинги иқтисодий оқибатлар жуда катта қийинчиликларни келтириб чиқариши мумкин. Неймар ва Мартинеснинг трансферлари келажакда Месси ва Суареснинг ўрнини тўлдирса, бир йилдан сўнг «кўк-анорранглилар» катта ютуқларга қодир бўлган янги авлодни босқичма-босқич шакллантиришда давом этади.


Манба: daryo.uz, iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz