Қайднома

Қидирув

Словениялик рекордчи тўпурар

Словениялик рекордчи тўпурар

  23.04.2020 00:02
  0
  502
Словениялик рекордчи тўпурар

«Аталанта» ҳужумчиси Йосип Иличич «Месталья»да амалга оширган покери эвазига ўз жамоасини ЕЧЛнинг чорак финалига олиб чиқди. Ўзи эса бу натижаси билан нуфузли турнирдаги янги рекорди билан футбол тарихидан жой олди. Шу пайтгача ЕЧЛ плей,офф босқичининг сафар учрашувида рақиб жамоа дарвозасига 4та гол уриш Лионель Месси, Криштиану Роналду ва Роберт Левандовски каби «ас» мерганларга ҳам насиб этган эмасди.
Бундан ташқари, Иличич словениялик футболчилар орасида хет,трик ва покерга эришган дастлабки тўпурар мақомига эга бўлди. Қўшимчасига, у ЕЧЛ тарихидаги энг кекса покер муаллифидир. Эътиборингизга 2 йил муқаддам оғир хасталик чагалидан омон чиққан 32 ёшли ҳужумчига оид ҳикояни ҳавола этамиз.

«21 ёшимда фаолиятимни тугатмоқчи бўлгандим»

Йосип Босния,Герцеговинанинг Приедор шаҳрида ёруғ олам билан юз кўришди. Бироқ 1 ёшга чиққанида отадан етим қолди. Бева қолган онаси у ва акаси Игорь билан Словениянинг Кран шаҳрига кўчиб ўтди. Шу ерда Йосип маҳаллий «Триглава» клубининг ёшлар жамоасига қабул қилинди. 7 йилдан кейин болакай машғулотларни «Бритов»да давом эттирди.

Болалар жамоаларида Йосип ўзининг мазмунли ва сермаҳсул ўйинлари билан тенгдошларидан ажралиб турарди. Шунга қарамасдан, катта футболга ўтиш унга осон бўлмади. У тўп сураётган «Бонифика» инқирозга юз тутиб, ҳужумчи янги жамоа излашга мажбур бўлди. Оқибатда Иличич «Интерблок» сафидан жой олди. Аммо у ерда асосан захирада вақт ўтказди, савияли тўп сура олишини исботлаганида, бошқа жамоага қўйиб юборишни исташмади.

«Ўшанда фаолиятимдаги мураккаб даврни бошдан кечирдим. Клуб кетишимга қаршилик қилди. 21га чиққанимда Молдавиядан таклиф бўлганди. Лекин агентим менга нисбатан дурустроқ муомалада бўлмагани боис, жамоада қолиб кетдим. Ўша паллада ҳаммасига нуқта қўйиш фикри хаёлимдан ўтганди. 2 ҳафта уйда ўтирдим, бошқа бирон,бир касб топишга уриндим.» дея хотирлайди ҳужумчи.

Италия сафари ва «Фиорентина» билан хайрлашув.

«Марибор» спорт директори Златко Заховичнинг қўнғироғидан кейин Иличич фаолиятида кескин бурилиш юз берди. Таклифни мамнуният билан қабул қилган ҳужумчи 2010 йилнинг июлида «Марибор» билан шартномага имзо чекди, 26, августда эса ЕЛнинг саралаши доирасида «Палермо» дарвозасини ишғол этди. Эртасига голдан ҳайратда қолган Италия клуби шафқатсиз мерган билан 5 йиллик шартномани имзолади.

Палермодаги 3 мавсум давомида Иличич 25та гол ва 18та самарали узатмани амалга ошириб, «Фиорентина» эътиборини тортди. 2013 йилнинг июлида «Бинафшалар» 9 млн. евро эвазига словениялик тўпурарни ўз сафларига қўшиб олишди. Йосип Флоренцияда 4 йил тўп сурган бўлсада, ўша даврни эсга олишни ёқтирмайди. Боиси, жамоа бош мураббийлари унга етарли ўйин амалиётини беришмади, мухлислар эса беқарорлик ва лоқайдликда айблашди. Ваҳоланки, ҳужумчи 4 мавсумнинг 2тасини жамоанинг энг яхши тўпурари мақомида якунлаганди. Хуллас, Иличичнинг «Фиорентина» билан хайрлашуви кўнгилдагидек кечмади.

«Мен Астори воқеаси такрорланишидан қўрққандим»

2017 йилнинг ёзида футболчи «Палермо» орқали яхши таниш бўлиб қолган Жан Пьеро Гасперинига умид қилган ҳолда «Аталанта»га йўл олди.

Бергамодаги дастлабки мавсум Иличич учун рисоладагидек ўтди: 41 учрашувда 15та гол ва 10та самарали узатма.

Аммо мавсумлар оралиғидаги таътил даврида ҳужумчи жиддий хасталик чангалига тушиб қолди , нафақат футболчилик фаолияти, балки ҳаёти ҳам хавф остида қолганди. 2018 йилнинг июлида шифокорлар Йосипнинг лимфаларнинг бактериал яллиғланиши оғир формасини аниқлашди. Шу сабабли Иличич 2 ой давомида деярли ҳаракатсиз ётган ҳолда дори,дармонларни қабул қилди.

«Мен Давид Астори билан юз берган воқеани анчагача унута олмадим. Ўша хавотир туфайли ухлай олмасдим. Кечқурун тўшакка ётганимда эрталаб уйғонмасам нима бўлади, наҳотки оила аъзоларимни энди кўрмайман? деган қўрқув уйқу бермасди. Ҳатто жойимга ётишга ҳам қўрқиб қолгандим. Айрим беморлар бу хасталик таъсирида комага тушиб қоладилар. Чунки хасталик бутун организмни эгаллаб олади. Бахтимга, мендаги хасталик лимфалардан ташқарига чиқмади» деганди Йосип.

Шу тариқа футболчи соғ,саломат ҳаётга қайтди. Янги мавсумнинг дастлабки 3 туридан кейин, у ҳам майдонга туша бошлади. Мавсумни аъло даражада ўтказиб, Италия чемпионатининг рамзий термасидан жой олди.

«Умр жуда қисқа, мен энди шахс сифатида анча улғайдим, бўлар,бўлмас нарсаларга жаҳл қилиб, асабимни бузмасликка одатландим. Яқинда ҳаётга қайтишдан бошқасини ўйламаётган, бунинг учун ҳамма нарсага тайёр эдим. Футболни ўйламай қўйгандим. Хайриятки, ҳаммаси ортда қолди» дея тан олди Иличич.

Иличич иқтидорини Гасперини кашф этди.

Жорий мавсум , Йосип Иличичнинг энг ёрқин ўйинлари гувоҳи. Барча турнирларни ҳисобга олганда, ҳозиргача 21 гол ва 9 ассистни маржондек териб қўйди. Мавсум ҳануз ниҳоясига етганича йўқ, токчадаги жойлар эса етарли.

Словениялик футболчи фаолиятидаги космик тараққиёт биринчи навбатда Гасперини ижодининг самараси. Италиялик мутахассис ҳужумкор ярим ҳимоячи позициясида тўп сураётган Иличични олдинги чизиққа ўтказди, унга кўпроқ эркинлик берди ва дарвоза томон олға интилиш, кўпроқ зарбалар йўллаш вазифасини юклади.

«Иличич , рақиб дарвозаси олдидаги асосий нишон. Дарвозани ўққа тутувчи тўпурар ва жамоадошлари амалга оширадиган комбинациялар учун ҳам. Рақиб футболчилари учун Йосипни тўхтатиб қолиш осон эмас. Агар қаршисидаги озгина бўшлиқдан фойдаланиб, тезлашиб олса, унга ҳеч ким ета олмайди» дейди Гасперини.

Бундан ташқари, мураббий ўз шогирдининг марказгача чекинишига ҳам изн берган. Ҳужумчи ўша ерда тўпни эгаллаб, ҳужумлар тезлиги ва самарасига сезиларли ҳисса қўшмоқда. Бу вазифани талаб даражасида адо этишида Иличичга универсаллик фазилати қўл келмоқда. Мураббий эса бу девқомат (190 см., 80 кг.) шогирдининг чаққонлиги ва тезкорлиги сирини ҳанузгача аниқлай олгани йўқ.

Ҳозирда Йосип голлар сони (15) бўйича 5, , ассистлар (5) бўйича 13, , зарбалар сони (3,6) бўйича 8, , муҳим узатмалар (2,5) ва рақибни алдаб ўтиш кўрсаткичи (2,6) бўйича 5, ўринда бормоқда. Ҳужумкорлик савиясини белгилаб берадиган мазкур кўрсаткичлар билан нафақат Италия, умуман футбол оламида ҳам  саноқли футболчиларда бор, холос. Юқорида зикр этилган 5та мезоннинг 3таси бўйича Йосип Иличич Криштиану Роналдудан олдинда бораётгани ҳам эътиборга молик жиҳат.

«Аталанта»нинг муваффақиятлари ҳозирда ҳеч кимни ажаблантирмайдиган воқеликка айланиб улгурди. Биз буюк тарихни яратиш йўлидамиз. Мақсадимиз , эришган натижаларимиз тасодиф эмаслигини исботлашда давом этиш. Бу йўлда янада фаолроқ, ташаббускорроқ ва ғайратлироқ бўлишга ҳаракат қиламиз. Бугунги каби ғалабалар бизга қўшимча илҳом бериб, куч,қувват бағишлайди» деди қаҳрамонимиз «Месталья»даги фантастик ғалабадан кейин.

Умид қиламизки, Иличичдек фидойи ўйинчилар ёрдамида «Аталанта» навбатдаги тўсиқдан ҳам муваффақиятли ўтади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz