Қайднома

Қидирув

Исроил Мадримов: "Илк гонорарим 50 минг доллар бўлганди..."

Исроил Мадримов: "Илк гонорарим 50 минг доллар бўлганди..."

  23.04.2020 15:45
  0
  455
Исроил Мадримов:

Исроил Мадримов — ўзбек боксининг олтин авлоди вакили. У 1995 йил 16 февралда Хоразмда туғилган. Ҳаваскор боксда 2014 йил Жанубий Кореяда ўтказилган ёзги Осиё ўйинларида кумуш медал, 2018 йилги Индонезиядаги Осиё ўйинларида олтин медалга эга чиққан. Узбек Тигерс жамоаси сафида WСБ мусобақасида 5 та жанг ўтказиб, уларнинг барчасида ғалаба қозонган. 2018 йил 24 ноябрида профессионал боксдаги фаолиятини бошлаган. У биринчи жангида мексикалик Владимир Эрнандесни 6-раундда нокаутга учратган. Шундан сўнг Исроил яна 4 та жанг ўтказди ва уларнинг барчасида нокаут эвазига ғалабага эришди. Бу орада спортчи WBA Intercontinental камари соҳибига айланди. Дунёга машҳур промоутер Эдди Ҳирн яқин 10 йилликнинг энг яхши боксчиси бўлишга асосий даъвогар сифатида Мадримовни қайд этиб келмоқда.

«Дарё» мухбири эса карантин вақтида ўзбекистонлик боксчи билан суҳбат қуришга муяссар бўлди.

— Боксга кириб келиши, болалик йиллари ва ундаги орзулари ҳақида

— Бешинчи синфда ўқиётган вақтимда спорт мактабига қабул қилинганман. Боксдаги илк сабоқларимни ўша ерда олганман. Даставвал менда спортчи бўлиш истаги унчалик кучли бўлмаган. Кейинчалик ютуқлар кетидан ютуқлар бўлавергач, янада катта марраларни забт этишни ният қила бошлаганман. Осиё ўйинларида Элшодбек Расулов ва бошқа боксчиларнинг ғалабаларини кўриб, уларга ҳавас қилиб жаҳон ареналарида ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишни ният қилганман.

— Ўзига хос жанг услубингиз айниқса, сакраб бериладиган зарбалари рақибларини довдиратиб қўйиши ва бу маҳоратга қандай эришгани ҳақида

— Албатта, ҳар бир спортчининг ўзига хос услуби бўлгани каби менда ҳам кўпроқ сакраб зарба бериш ва кутилмаганда ҳужум қилиш услуби яхши ривожланган. Шуни ҳисобга олиб, кўпроқ шундай ҳаракатларни бажаришга ва узоқ масофалардан зарба беришга интиламан. Ўйлашимча, бу мухлисларга ҳам ёқади. Табиийки, бундай услубларга кўп йиллик машғулотлар ва тинимсиз меҳнат орқали етилади.

— Ўзбекистонлик боксчиларнинг сўнгги йиллардаги гегемонлиги ҳамда янги авлод ҳақида

— Бугунги кунда бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси дунёда етакчилардан саналади ва биз бу натижани туширмасликка ҳаракат қилишимиз керак. Ҳозирда ёш авлод етишиб келмоқда, биз уларга кўпроқ эътибор қаратишимиз, мотивация бериб туришимиз ва машғулот жараёнларида ўз тажрибаларимиз билан ўртоқлашишимиз лозим. Умид қиламанки, улар ўзидан катта акаларига муносиб ўринбосар бўла олади.

Фото: Instagram/Исроил Мадримов

— Профессионал ва ҳаваскор бокснинг фарқи, ўзига қайси бири қулайлиги ҳақида

— Ҳозиргача иккаласида имкониятимни синаб кўриш бахтига муяссар бўлдим. Уларнинг фарқи ҳақида гапирадиган бўлсам, профессионал бокс 12 раунд давом этади. Сиз унга ўзингизни жисмонан ва руҳан тайёрлай олишингиз керак. Ҳаваскорда эса 3 раундда барчаси тез ҳал бўлади. Ҳозирда менга кўпроқ профессионал бокс ёқяпти ва унга мослашишим тезроқ кечмоқда. Шу пайтгача бешта жанг ўтказиб барчасида ғалаба қозондим. Албатта, ҳаваскор боксни ҳам унутиб қўйганим йўқ, машғулотларни олиб боряпмиз.

— Ҳаваскор боксдаги ҳакамлик, ўзига бўлган нохолис муносабатлар ҳақида

— Тўғри, ҳаваскор боксда ҳакамларнинг хатоликлари учраб туради ва асосан менда кўпроқ такрорланиб, шижоатимнинг сўнишига сабаб бўлган. Профессионалга ўтишимнинг асосий сабабларидан бири ҳам шу. Очиғи, бу муаммони ҳал қилишнинг иложи борми, йўқми деган саволга жавоб бериш қийин. Чунки бу ҳолат олдин ҳам бўлган ва, менимча, бундан кейин ҳам бўлади (кулиб). Бу ҳолатнинг олдини олиш учун баҳсни биринчи раунддаёқ тугатиш керак деб, ўйлайман. Бу эса жуда қийин.

— Профессионал боксдаги илк гонорари 

— Илк ғалабамдан кейинги гонорарим 50 минг АҚШ доллари бўлган.

— АҚШ ва Ўзбекистондаги ҳаёт тарзи ҳақида

— Америка ҳақида гапирадиган бўлсам, жудаям ривожланган давлат ва яшаш учун барча қулайликлар яратилган. Ҳар қандай юмушингизни уйдан чиқмасдан туриб ҳал этишингиз мумкин. Маҳаллий аҳоли ҳам бир-бирига ҳурмат билан муомала қилади. Қўшнингиз ёки бирор бошқа инсонда қандайдир хусуматингиз бўлса ҳам унга яхши муносабатда бўлишингиз керак. Мана шу томонлари мени ҳайрон қолдирди. Бироқ Ғарб давлатларида бўлгани каби, у ерда ҳам фарзанд балоғат ёшига етгач, ота-онасидан алоҳида яшайди. Бу эса бизнинг менталитетимизга ёд бўлган тушунча.

Фото: Instagram/Исроил Мадримов

— Спортнинг аксарият турларида бошқарув бевосита спортга алоқадор бўлмаган шахслар қўлида эканлигига муносабати

— Бу спортнинг ривожланишига катта тўсқинлик қилади. Агар раҳбарият спортни тушунадиган ва қўллаб-қувватлайдиган бўлса, албатта, ўша спортда ўсиш ҳам катта бўлади, ютуқлар ҳам шунга яраша бўлади.

— Профессионал спортчиларда ҳар доим ҳам дарсларга қатнашиш имконияти бўлавермаслиги ҳақида

— Профессионал спортчилар биринчи навбатда машғулот ва мусобақаларга эътибор қаратади. Лекин ёшликда яхши билим олинса ва мунтазам равишда такрорлаб турилса бу ҳеч қачон зиён қилмайди. Қолаверса, ҳар бир спортчи кўпроқ китоб мутолаа қилиши керак. Бу – бевосита уларнинг онг даражасига таъсир кўрсатишдан ташқари, фаолиятида ҳам асқатади.

— Спорт мактабларига кириш имтиҳонларидаги ноҳақликлар тўғрисида ҳар хил гап-сўзлар юриши ва бунга муносабати ҳақида

— Юқорида таъкидлаб ўтганимдек, агар спортда уни тушунмайдиганлар бўлса, ўша соҳада ўсиш бўлмайди. Лекин спорт мактабидаги мураббийлар етарлича тажрибага эга. Улар келажакда яхши натижа кўрсатиши мумкин бўлган болаларни саралаб олади ва иложи борича ноҳақликларга йўл қўймайди.

— Иорданиядаги Токио Олимпиадасига йўлланма берадиган мусобақада иштирок этмаганлигининг сабаби ҳақида

— Иорданиядаги мусобақада қатнашмаганим сабаби март ойининг бошида профессионал боксда навбатдаги жангимни ўтказишим керак эди ва бу олдиндан режалаштирилиб қўйилганди. Шунинг учун унда қатнаша олмадим.

— Рио–2016 Олимпиадасига бора олмагани ҳақида

— Риодан қолиб кетишимга ўзим сабабчиман, чунки Осиё чемпионатида имкониятни бой бериб қўйгандим. Бундан ташқари, ундан кейинги Ўзбекистон чемпионатида ҳам муваффақиятсиз тарзда иштирок этгандим. Менинг ўрнимга чемпионликни қўлга киритган Шахрам Ғиёсов Риога борадиган бўлди. Бу, албатта, тўғри қарор бўлган. Муваффақиятсизлигимга сабаб вазнимнинг ошиб кетиши бўлган. Шундан сўнг, ўзимни 75 килограмм вазн тоифасида синаб кўришга қарор қилдим. Шукурки, катта ютуқларга эришяпман.

— Ҳоббилари ва севимли машғулотлари ҳақида

— Завқли машғулотларим жуда кўп. Кўпроқ футбол, теннис ўйнаб тураман. Дўстларим билан суҳбатлашаман. Оилам билан кам бирга бўламан шу боис, бўш вақтим бўлди дегунча, ота-онам ва яқинларим билан бир даврада ўтиришга интиламан.

— Ҳозир қаердалиги, карантин ва машғулотлар ҳақида

— Ҳозир Хоразмдаги уйимдаман. Барчамизга маълумки, ҳозирда юртимизда карантин жорий этилган, уйдан чиқмаган ҳолда машғулот олиб боряпман. Уйда машғулотлар учун керакли бўлган барча анжомлар бор. Мен уйда бажариш мумкин бўлган жисмоний машқларни бажаряпман.

— Келажакдаги режалари ҳақида

— Келажакдаги режаларим, насиб этса профессионал боксда чемпионлик камарларини қўлга киритиш ва келаси йили бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларида қатнашиб, Ўзбекистон ҳисобига олтин медални қўшиб қўйиш.


Манба: daryo.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz