Қайднома

Қидирув

Роналдунинг онаси: «Аборт қилдирмоқчи бўлганман, бироқ Худо Криштианунинг туғилишини хоҳлаган»

Роналдунинг онаси: «Аборт қилдирмоқчи бўлганман, бироқ Худо Криштианунинг туғилишини хоҳлаган»

  21.05.2020 09:03
  0
  301
Роналдунинг онаси: «Аборт қилдирмоқчи бўлганман, бироқ Худо Криштианунинг туғилишини хоҳлаган»

Криштиану Роналду — сўзсиз сўнгги йилларнинг энг яхши футболчиларидан бири. Кетма-кет совринлар, рекордлар ва энг асосийси барқарор ўйинлар унинг ҳақиқий даражасидан ҳар сония дарак бериб туради. Аммо шундай футболчи дунё юзини кўрмаслиги мумкин эди. Қуйида футболчи ва унинг онаси ҳақидаги баъзи ҳақиқатлар ҳикоя қилинади.

Криштиану Роналду бугунги кунга келиб «Ювентус» ва Португалия терма жамоасининг юлдуз футболчиси ҳисобланади. Роналду Европа чемпиони, Чемпионлар Лигасининг беш карра ғолиби, шунингдек, «Олтин тўп» совринини ҳам беш марта қўлга киритган. Уни ҳатто футболдан анча йироқ кишилар яхши билади. Чунки Роналду шунчаки футболчи эмас, балки ундан ҳам ортиқроқдир. Бу замонавий спортнинг ўзига хос белгиси бўлиб, аллақачон футбол ва баскетбол майдонлари ёки теннис кортларидан ташқарига чиқишга улгурган. Ўз замонасининг муваффақиятли спортчиси биринчи навбатда, ёрқин медиа вакили ҳамдир. Роналду фақатгина реклама шартномалари орқали йилига еврода ўн миллионлаб пул топади.

Бироқ кўпчилик Роналдунинг боғбон Жосе Диниш Авейру ва ошпаз Мария Долореш душ Сантуш Авейрулар оиласида унчалик ҳам орзиқиб кутилмаган бола бўлгани ҳақидаги миш-мишларни эшитган бўлса ажаб эмас. Агар бунга ишонилса, кейинчалик АҚШнинг 40-президенти Рональд Рейган шарафига атаб исм қўйилган болани, онаси аборт қилдирмоқчи бўлган деган хулосага келиш мумкин.

Бунга ишониш керакми ёки йўқ? Фақатгина миш-миш ва таъна-маломатларга таянмаслик учун тўғридан-тўғри асл манбага – 2014 йилда нашр этилган юлдуз футболчининг волидаси ҳақида ҳикоя қилувчи «Оналик жасорати» номли автобиографик асарга мурожаат этиш лозим.

Авейру хоним мазкур китобда тўртинчи ҳомиладорлиги ҳақида билгач, болани икки маротаба олдириб ташлашга уринганини айтади. Даставвал, аёл мутахассисга мурожаат қилади, текширувлардан сўнг шифокор унга соғлом болани дунёга келтириш учун ҳеч нарса тўсқинлик қилмаслигини ва абортга ҳожат йўқлигини айтади. Бу эса аёлни бироз ранжитди.

Роналдунинг онаси тўртинчи фарзандни туғишни истамаганини оиланинг молиявий имкониятлари билан боғлайди. Аввалига ҳаммаси кўнгилдагидек бўлган, оила кейинчалик кўплаб муаммоларга дуч келади. Барчаси Роналдунинг отаси армияга чақирилганидан ва Африкага Португалия назоратидаги мамлакатлар, хусусан Мозамбик ва Анголадаги миллатчилик ҳаракатларини бостириш учун жўнатилганидан кейин бошланади. Ўша пайтга келиб, Авейрулар оиласида иккита фарзанд туғилганди, аммо Диниш армиядан бутунлай «бошқа одам» бўлиб қайтади.

Авейру хоним турмуш ўртоғининг урушдан келгач, ичкиликка ружу қўйганини, гарчи, ҳеч қаери тирналмаган бўлса-да, майиб бўлиб қайтганини таъкидлайди.

«Криштиануга ҳомиладорлик вақтимда уни олдириб ташлаш ҳақида ўйлаганман. Ўшанда 30 ёшда эдим ва учта фарзандим бор эди. Оиламиз жуда камбағал яшарди ва ҳар хил муаммоларга дуч келарди. Эрим жуда кам пул топарди. Шифокорлар операция қилишдан бош тортди. Шундай қилиб тўртинчи фарзандимни туғишга мажбур бўлдим. Ҳаётда нимагаки эришган бўлсам, ҳаммаси ўғлим туфайли. Мен аборт қилдирмоқчи бўлганман, бироқ Худо буни хоҳламаган»,– деб ёзади Долореш ўз китобида. 

Шифокорларнинг рад жавоби уни қониқтирмайди, у эса таслим бўлишни истамайди. Ҳомилани тушириш учун қўшни аёлнинг маслаҳатига қулоқ солиб, иссиқ ва қорамтир пиво ичишни, ҳамда турли ножўя ҳаракатлар қилишни бошлаб юборади. Яхшиямки, аёлнинг даҳшатли режаси иш бермайди ва бу чақалоқнинг соғлиғига таъсир қилмайди.

Роналду онасининг автобиографик китоби Португалияда кескин танқидларга учрайди. Бунга сабаб мамлакат келажакдаги футбол даҳосидан маҳрум бўлиши эмас, балки Португалияда Европанинг бошқа давлатларига қараганда, аборт масаласига жиддийроқ ёндашилишидир.

Долореш Авейрунинг ўзи ҳам интервьюларидан бирида бу воқеани биринчи марта ўғлига айтиб берганида хавотирга тушганини яширмаганди. У фарзандининг буни тушунмаслигидан ва оиласидан воз кечиши мумкинлигидан қўрққанди. Аллақачон муваффақиятга эришган ва бадавлат инсонга айланган Роналду шунчаки, жилмайиб: «Кўрдингизми, она бир пайтлар мендан қутулмоқчи бўлгансиз, бироқ бундай бўлмаган, ҳозир эса мен ҳаммамизни боқяпман», – деган экан.

Аслида Криштиану онасининг ҳаёт йўлини яхши биларди. Долореш болалигида ҳақиқий даҳшатни бошдан кечиради – 5 ёшлигида онасидан ажралади, отаси эса бошқа аёлга уйланиб, қизини болалар уйига топшириб юборади. У ерда қиз зўравонлик ва таҳқирларга дучор бўлади. Қизалоқни ўзига хос тарзда «қайта тарбиялаш» иш бермагач, болалар уйи Долорешни отасига қайтаради, аммо у қизига нисбатан ҳеч қандай илиқ ҳисларга эга эмасди, аксинча, қизнинг ҳар қандай айби учун калтаклаш ва жазолашда давом этарди.

Долореш 13 ёшидан бошлаб деярли мустақил ҳаётга қадам қўяди. У ўзига бир бурда нон топиш мақсадида соатлаб сабзавот ва мевалар учун сават тўқирди. Бундай яшаш тарзи унинг ҳаётдан совишига ва изтиробларига сабаб бўлади. Шу боис Долореш ўз жонига қасд қилишга ҳам уринади, хайриятки, бунинг олди олинади.

Долореш кейинчалик Диниш исмли йигитни учратади ва улар оила қуриб, фарзандли бўлади. Ҳамма нарса яхшилана бошлаганди. Бироқ армия барчасини ўзгартириб юборди.

Диниш Авейру ҳаётининг сўнгги кунларигача ичкиликка қарши курашди. У 2005 йилда вафот этади, Роналду ўша пайтда «Манчестер Юнайтед»нинг ёш юлдузи бўлишга улгурганди. 20 ёшли Криштиануга отаси оламдан ўтгани ҳақидаги нохуш хабар 2006 йилги Жаҳон Чемпионати саралашидан ўрин олган Россия ва Португалия учрашуви олдидан етказилади. Роналду ўша ўйинга кўз ёшларини тиёлмай кирганди...

Жаҳон футбол юлдузи отаси билан яқин муносабат ўрната олмаган бўлса ҳам, у ҳар доим отасини яхши кўрган. Роналду яхши пул ишлашни бошлагандан кейин отасининг соғлиғини тиклашга ҳаракат қилади, аммо жуда кеч эди – спиртли ичимликлар жигарни ишдан чиқарганди.

Шундан бери Долореш Авейру Роналдунинг ҳаётидаги энг асосий инсонга айланади. Кимдир уни «онасининг ўғли» деса, яна кимдир бошқача атайди. Лекин португалиялик футболчи кўплаб тўсиқларга қарамай, ўзини ўзи шу даражага етказди, умидсизлик ҳамда дилгирликлардан қутулишга муваффақ бўлди ва дунё аҳолисининг аксариятига яхши маълум бўлган инсонга айланди. Асосийси, Роналду ҳеч қачон ота-онасига нисбатан гина сақламайди, уларни ёдга олган ҳар бир интервьюсида кибр ва димоғдорликдан йироқ, самимий инсон ҳамда меҳрибон ўғилга айланади. Шу билан бирга 35 ёшида унинг тўрт фарзанди бор.
***

Айтганча, «Ювентус» ҳужумчиси Криштиану Роналду Ривейра ҳудудидан (Лиссабон, Португалия) жой сотиб олди.  Португалиялик футболчи Кашкайшдаги Кинта-да-Маринья ҳудудидан 10 минг квадрат метрлик жой учун 8 миллион евро сарфлаган. Мазкур ҳудудда уй қурилиши бошланган. Бироқ Роналду у ерда яшамоқчи эмас.

«Бу инвестиция, уй эмас. Футболчи фаолиятини тугатгач бу ерда яшамоқчи эмас», — дейди вазиятдан хабардор манба.

2019 йилда 35 ёшли ҳужумчи мамлакатдаги энг қиммат жой ҳисобланган Лиссабон марказидаги Авенида да Либердаде кўчасидан 7,5 миллион еврога кошона сотиб олганди.


Манба: daryo.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz