Қайднома

Қидирув

Қиймат – 0 евро, аммо... ёки «Тянжин Тянхай»ни нега сотишди?

Қиймат – 0 евро, аммо... ёки «Тянжин Тянхай»ни нега сотишди?

  23.05.2020 06:48
  0
  663
Қиймат – 0 евро, аммо... ёки «Тянжин Тянхай»ни нега сотишди?

Инсон бир зумда ўзини нефть магнати ёки футбол клубига эга мулкдор сифатида ҳис қилиши мумкинми? Кечагина Алешандро Пато ва Аксель Витцель даражасидаги юлдуз ўйинчиларни ўз сафига жамлаган ва бош мураббий лавозимига Фабио Каннаварони чорлаган Хитой клуби бугун сотувга қўйилса-я. Боз устига, белгиланган қиймат - 0 евро. Гап энг яхши даврида «Тянжин Куанжин» номи осида ўйнаган «Тянжин Тянхай» жамоаси ҳақида кетмоқда. Яқин ўтмишда Хитойнинг энг бой клублари қаторига кирган ва Осиё Чемпионлар Лигаси чорак финалида қатнашган жамоа-я... Хуллас, Тянжин шаҳри шарафини ҳимоя қилувчи клуб мутасаддилари аввалги ҳафта расмий баёнот билан чиқишди: «Жамоамиз энг оғир нуқтага етиб келди. Унинг Хитой Суперлигасидаги мавқеини сақлаб қолиш керак. Бу борада узоқ ўйлаб, мураккаб қарорга келдик. Жамоага 100 фоиз эгалик ҳуқуқини нолга тенг комиссион қийматда сотишга тайёрмиз».

 

Аслида ҳаммаси шунчалик осон эмас. Яъни сайёрамиздаги хоҳлаган киши «Тянжин»ни сотиб ололмайди. Бу ҳаммага аён ҳақиқат. Гап шундаки, клуб шунчаки, сотувга қўйилмаган, аксинча, чуқур инқироз ҳолатига тушган. Соф қарз миқдори эса чамаси 145 миллион долларни ташкил қилмоқда. Тўғри, «Тянжин» хўжайинлари потенциал харидор билан қарзни ёпиш учун анча кам тўлаш хусусида келишиб олиш мумкинлигини таъкидлашди. Маълум бўлишича, жамоа бўйнидаги қарз асосан Фабио Каннаваро, Пауло Соуза ва Антони Модест (улар клубдан кетишга улгуришган)нинг маоши ҳисобидан йиғилган. Айтиш жоиз, Модест тўланмаган маош борада «Тянжин» билан ҳамон судлашмоқда (шартномага мувофиқ, унинг йиллик иш ҳақи 10 миллион евро эди). Умуман олганда, клуб учун оғир кунлар 2019 йили бошланди. Бунга қадар «Тянжин Куанжин» «Цюанцзян» фармацевтика гигантига тегишли эди. Компания раиси Шу Юйхуэни 4 ёшли болакай ўлимида айблаб, 9 йил муддатга қамашгач, вазият буткул ўзгарди. Айб­ловга кўра, саратон хасталигидан азият чеккан болакайга компания ишлаб чиқарган дори воситалари ножўя таъсир қилган ва у ҳаёт билан видолашган. Шу Юйхуэ шунингдек, ноқонуний маркетинг ва реклама ишларида ёлғон маълумотлардан фойдаланганликда айбланди. Шундан сўнг клуб номи ўзгарди («Тянжин Тянхай») ва маҳаллий регион футбол федерацияси қарамоғига ўтди. Тушунарлики, ташкилот юлдузларга белгиланган миллион-миллион доллар миқдоридаги маошни тўлай олмасди. Айни шу ҳолат якунда кутилган инқирозга олиб келди.

«Тянжин» раҳбарлари март ойидаёқ маҳаллий Суперлигада иштирок этиш ҳуқуқини йўқотишлари мумкинлигини тушунишган эди. Ҳар ҳолда, Хитой футбол ассоциация клубдан қатъий ҳолда кафолат талаб қилди. Аниқроғи, жамоа молиявий қийинчиликлар оқибатида турнир давомида чемпионатдан чиқиб кетмаслигини кафолатлайдиган ҳужжатларни сўради. Бинобарин, жамоа мавсумлар оралиғида нақ 13 нафар футболчиси билан хайрлашганди. Жумладан, бразилиялик Алешандро Пато икки томонлама келишув асосида шартномасини бекор қилишга рози бўлди. Умуман, март ойига қадар Хитойда 9та клубнинг инқироз ҳолатида эканлиги расман тан олинди (3таси Суперлига ва 6таси иккинчи дивизион иштирокчиси). Мамлакат футболи мутасаддилари эса вазиятдан чиқиб кетиш илинжида қуйи лиганинг 6та жамоасига Суперлигани тўлдириш учун керакли ҳужжатларни тайёрлаш борасида мурожаат қилди. Шунингдек, иккинчи дивизион иштирокчилари сонини 16тадан 18тага ошириш режалаштирилди. Бироқ аксига олиб, клублар бирин-кетин четга чиқа бошлади.

Маош миқдорининг мислсиз даражада ошиб кетгани ва солиқ тўловларининг тинмай ўсиши мамлакат футбол пирамидасини бутунлай бузиб ташлади. Охирги йилларда кузтилган молиявий талваса оқибатида ҳар бир жамоа Хитой футболи етакчиларидан ортда қолмасликни ўйлаб, ҳисобсиз маблағ сафрлашга тушди. Бу жараён ҳаттоки, қуйи лигаларни ҳам қамраб олди. Энг ачинарли томони, клубларнинг катта харажати асосан фахрий юлдузларнинг маош бобидаги иштаҳаларини қондиришга йўналтирилди, ваҳоланки, бу орада ҳеч ким тижорат даромади ҳақида жиддий бош қотирмади, ҳисоб. Мамлакатда футбол тузилмаси издан чиқаётганини кўрган ҳукумат эса харажат миқдорини пасайтириш мақсадида турли чекловлар жорий қилди. Хусусан, трансферларга нисбатан қўшимча солиқ тўлови белгиланди, легионерларга лимит ўрнатилди. Бироқ бундай чоралар билан клублар сарф-харажатини камайтиришнинг иложи топилмади. Зеро, хитойликлар футбол тузилмаси назоратини қўлга олиш борасида жуда кеч қолишганди.

Мана, «Тянжин Тянхай» 12 май куни моддий таъминот борасида катта муаммоларга учраганини тан олиб, миллий чемпионатда қатнашмаслигини эълон қилди. Чунки қиймати 0 еврога баҳоланган жамоага харидор топилгани йўқ.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz