Қайднома

Қидирув

Жасур - штатли пенальтичи!

Жасур - штатли пенальтичи!

  26.05.2020 02:22
  0
  279
Жасур - штатли пенальтичи!

Яна пенальтидан гол. Минскнинг «Энергетик-БГУ» жамоаси Беларусь чемпионатида навбатдаги ғалабасини нишонлади. «Талабалар» сафида ўзини кўрсатаётган Жасур Яхшибоев мазкур учрашувда ўз ҳисобидаги голлар сонини яна 1тага оширди. У бу сафар ҳам пенальтидан унумли фойдаланди. Яъни 13-дақиқада 11 мертли жарима зарбасини бехато бажариб, ҳисобни очди. Ҳам­юртимиз шунингдек, 59-дақиқада ҳакам томонидан огоҳлантирилди. Жасур майдонда тўлиқ 90 дақиқа тўп сурди, «Энергетик-БГУ» сафидаги яна бир вакилимиз Шаҳбоз Умаров ҳам ўйинни бошланғич таркибда бошлади, фақат фарқи шуки, у 78-дақиқада ўз ўрнини захира вакилига бўшатиб берди. Натижага келсак, «талабалар» якунда 2:1 ҳисобида устун келишди. Эътиборлиси, жамоа иккинчи голини сўнгги дақиқаларда урди - қийин ғалаба. Алоҳида таъкидлаш керак, «Энергетик» қаторасига 4-ютуқни нишонлади. Яна бир факт - Яхшибоев шу ўйинларда пенальтидан 4та гол урди. Ҳозирда ҳамюртимиз ҳисобида 7та гол бор ва у тўпурарлар пойгаси пешқадами бўлиб турибди. «Талабалар» эса 21 очко билан 2-ўриндалар (етакчи БАТЭ ҳисобида 22 очко бор).

Хилма-хил натижалар. Жанубий Корея «К»-лигаси 3-турида ўзбекистонлик футболчиларнинг клублари хилма-хил натижалар қайд этди. Жумладан, «Сеул» сафарда «Поханг Стилерс» билан куч синашиб, 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Лекин шуниси борки, жамоа сафидаги ҳамюртимиз Икром Алибоев аввалги турда бўлгани каби яна майдон четида қолди. «Сеул» 3та турдан сўнг 6 очкога эга ва 3-ўринда бормоқда. Таркибида Жамшид Искандеров тўп сураётган «Сеонгнам Ильва Чунма» меҳмонда «Канвон» билан муроса кўчасини танлади - 1:1. Ҳамюртимиз мазкур учрашувда тўлиқ 90 дақиқа ҳаракатланди. Шу билан «Сеонгнам»нинг очколари сони 5тага етди (турнир жадвалида 5-поғона). Шунингдек, «Пусан И~Парк» ҳам «Ульсан Хюндай»га қарши сафар ўйинида дурангга эришди, яна 1:1. Меҳмонлар сафидаги Достон Турсунов бу баҳсда дастлабки бўлимни майдонда ўтказди. Шу тариқа «Пусан» илк очкосини қўлга киритди. Турсунов жамоаси ҳозирда 12та жамоа орасида 11-ўринни банд этиб турибди. Рустам Ашурматовнинг клуби - «Кванжу» аксинча, сафарда «Санжу Санму»га 0:1 ҳисобида имкониятни бой берди. Ҳимоячимиз ўйинни охиригача майдонда бўлди. Бу дебютантнинг кетма-кет 3-мағлубияти, жамоа яққол аутсайдер ролида. Жанубий Корея «К» 2-лигаси вакили «Анянг» (Хуршид Ғиёсов жамоаси) ҳам мағлубиятга учради. Ҳамюртимиз майдонда 69-дақиқадан эътиборан тўп сурган баҳс мезбон - «Кённам»нинг 3:2 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz