Қайднома

Қидирув

Европада футбол ҳаёти изига тушяпти ва...

Европада футбол ҳаёти изига тушяпти ва...

  31.05.2020 11:02
  0
  151
Европада футбол ҳаёти изига тушяпти ва...

Германияда Бундеслига 28-турдан давом эттирилгани ва унда қандай натижалар қайд этилганлиги ҳақида ёздик. Германияда, шунингдек, кубок ўйинларига ҳам тайёргарлик бошланди.   Мамлакат футбол иттифоқи Кубокнинг ярим финал баҳсларини 9-10 июнь саналарига белгилади. 9 июнь куни «Саарбрюккен» ўз майдонида «Байер» билан тўқнаш келса, эртасига «Бавария» Мюнхенда «Айнтрахт»ни қабул қилади. Финал учрашуви қачон ўтказилиши эса кейинроқ эълон қилинади. Бир неча кун аввал Данияда чемпионат давом эттирилди.  
Кеча Австрия Кубоги, Польша ва Сербия чемпионати, эртага Хорватия Кубоги, Исроил, Литва, Черногория ва Украина чемпионатлари, 31 май куни эса Индонезия чемпионати ва Тунис Кубоги ўйинларига старт берилади.   ДАНИЯ   Данияда мухлислар ўйинни стадионда томоша қилишмоқда, фақат жонли тарзда эмас, балки онлайн ҳолатда. Майдонда мамлакат чемпионатининг 21-туридан қолдирилган «Орхус» ва «Раннерс» жамоалари ўзаро куч синашишди.   Хабарингиз бор, футболи давом эттирилаётган деярли барча мамлакатларда стадионларга мухлисларнинг кириши ман қилинган. Данияликлар эса бунинг ҳам ўзига хос йўлини топишди. «Орхус» клуби баҳс ўтказилишидан бир ҳафта аввал ўйинни "Zoom" дастури орқали томоша қилиш мумкинлигини эълон қилди. Турган гапки виртуал чипталар текинга берилди. Уларни клуб расмий сайтидан олиш мумкин бўлди. Учрашувнинг телетрансляциядан фарқи шунда бўлдики, ўйин вақтида трибуналарга ўрнатилган экранларда онлайн томоша қилаётган мухлислар ва уларнинг уйлари намойиш этилди. Учрашувни "Zoom" орқали томоша қилмаганлар баҳсни очиқ осмон остидаги автокинотеатрда кузатишди. Қизиқ томони, мағлубиятга учраётган мезбонлар учрашув охирларида ҳисобни тенглаштиришга эришишди.   Чемпионатда 24-тур олдидан «Мидтюлланн» жамоаси катта фарқ билан пешқадамлик қиляпти (62 очко), иккинчи ўринда 50 очко билан «Копенгаген», учинчи ўринда эса 41 очко билан «Орхус» жамоаси бормоқда. 24-тур ўйинларига бугун тунда старт берилади ва 2 июнга қадар давом эттирилади.   ПОЛЬША   Кеча, Польша Кубогининг ярим финал ўйинларига қуръа ташланди. 7 ва 8 июлга белгиланган ярим финал учрашувларида «Краковия» – «Легия» ҳамда «Лех Познан» – «Лехия Гданск» жамоалари ўзаро тўқнашадиган бўлишди. Экстракласса деб номланган чемпионатнинг сўнгги 26-тур ўйинлари 9 март кунида бўлиб ўтганди. Кеча эса мавсум 27-тур ўйинлари билан давом эттирилади. 27-тур олдидан 51 очко жамғарган «Легия» клуби яқин таъқибчиси «Пяст»ни 8 очко ортда қолдирган ҳолда карвонбошилик қиляпти. «Пяст»дан атиги бир очко фарқ қилаётган «Лех Познан» клуби эса учинчи ўриндан жой олган.   ИСПАНИЯ   Ниҳоят, ҳукумат коронавирус пандемияси туфайли жорий қилинган эҳтиёт чораларини енгиллаштириш ҳақида қарор қабул қилди. Унга кўра, Ла Лига баҳслари 11 июнь кунидан бошлаб давом эттириладиган бўлди. Шу куни Севиля дербисида «Бетис» ва «Севилья» жамоалари ўзаро куч синашишади. Ёдингизда бўлса чемпионат доирасидаги сўнгги ўйин 10 март куни ўтказилган эди. 28-тур олдидан «Барселона» турнир жадвалида 58 очко жамғариб 1-ўринда бораётган бўлса, «Реал» 56 очко билан 2-поғонадан жой олган. Учинчи ўринни эса 47 очко билан «Севилья» эгаллаб турибди. Қуйи, 19 ва 20-ўринлар «Леганес» (23 очко) ҳамда «Эспанёль» (20 очко) клубларига тегишли бўлиб турибди. Чемпионат тўпурарлар баҳсида «Барселона» юлдузи Месси 19 та голи билан биринчи поғонада турибди. «Реал» аъзоси Бенземада 14 та, Мессининг жамоадоши Суаресда эса 11 та тўп бор.   АНГЛИЯ   Чемпионат 17 июнь санасида, 28-турнинг қолдирилган икки баҳси - «Манчестер Сити» - «Арсенал» ва «Астон Вилла» - «Шеффильд Юнайтед» жамоаларининг ўзаро тўқнашуви билан бошланади. 30-турга эса 19 июнда старт берилади.   30-тур олдидан «Ливерпуль» жамоаси деярли чемпионлик масаласини ҳал қилиб бўлди – ливерпулликлар 29та ўйиндан атиги биттадан дуранг ва мағлубият қайд этган ҳолда энг яқин таъқибчиси «Манчестер Сити»ни нақд 25 очкога ортда қолдиришмоқда. Тўғри, «Сити»да битта ўйин кам, лекин бу деярли ҳеч нарсани ҳал этолмайди. 53 очко тўплаган «Лестер» учинчи поғонани банд этиб турибди. Энг қуйи ўринлардан «Астон Вилла» (25 очко) ҳамда «Норвич» (21 очко) жой олишган.   Тўпурарлар баҳсида қуйидагича вазият: Варди («Лестер») – 19, Обамеянг («Арсенал») – 17, Агуэро («Манчестер Сити») – 16.   Англия Кубогининг ҳам саналари маълум бўлди. Унга кўра, чорак финал учрашувлари 27-28 июнь кунларига белгиланди:   «Лестер» - «Челси» «Ньюкасл» - «Манчестер Сити» «Шеффильд Юнайтед» - «Арсенал» «Норвич» - «Манчестер Юнайтед»   Ярим финал ўйинлари 11-12 июль, финал эса 1 августга режалаштирилди.   ИТАЛИЯ   Италия Кубоги жавоб ўйинлари 13 июндан, чемпионат баҳслари эса 20 июндан давом этади.   Кубок ўйинларида ярим финалнинг иккита жавоб учрашувлари қолдирилганди. «Наполи» – «Интер» (13 июнь) ҳамда «Ювентус» – «Милан» (14 июнь). Ярим финалнинг дастлабки баҳсларида «Наполи» сафарда рақибини 1:0 ҳисобида мағлуб этиб, ўзига қулай шароитни яратиб олган бўлса, Миландаги учрашувда томонлар дуранг қайд этишган – 1:1.   Давом эттириладиган А Серияда дастлаб 25-турнинг ўйналмаган учрашувлари давом эттирилади: «Аталанта» - «Сассуоло», «Верона» - «Каляри», «Интер» - «Сампдория» ва «Торино» - «Парма». Шундан кейин 26-турдан жамоалар ҳафтасига иккитадан ўйин ўтказишга мажбур бўлишади. Шу тариқа мавсум 1-2 август кунлари ниҳоясига етказилиши кўзда тутилган. Бунда «Ювентус», «Наполи», «Аталанта», «Интер» ва «Рома»нинг еврокубокдаги иштироклари инобатга олинган. Хабарингиз бор, еврокубок ўйинлари 4 августдан давом эттирилади.   Италия А Серияси турнир жадвалида 63 очко тўплаган «Ювентус» пешқадамлик қилмоқда, 2-ўриндан 62 очкога эга «Лацио» жой олган бўлса, 3-поғонада «Интер» (54 очко) бормоқда.   ФРАНЦИЯ   Хабарингиз бор, мамлакат ҳукумати пандемия сабаб шу йилнинг 1 сентябрига қадар барча спорт ўйинлари ўтказилишини тақиқлаганидан кейин футбол бўйича 2019/2020 йилги мавсумга ҳам якун ясалганди. Ҳали олдинда ўнта тур ўйинлари бор бўлсада 20 та клуб иштирок этаётган чемпионат мавсуми келган жойида тўхтатилди ва жамоалар эгаллаб турган ўринлари бўйича мавсумий натижа қайд этишди. Бу вақтга келиб турнир жадвалида 27 та турдан сўнг 68 очко тўплаган ПСЖ жамоаси карвонбошилик қилаётганди. 56 очко тўплаган «Марсел» иккинчи ва 50 очкога эга «Ренн» жамоаси учинчи ўринни банд этиб турганди. 19 ва 20-ўринлардан эса «Амьен» (23 очко) ҳамда «Тулуза» (13 очко) клублари жой олишганди.   Мамлакат футбол ташкилоти келаси мавсум режасини тузиб улгурди. Унга кўра навбатдаги чемпионат – Лига-1 ўйинлари 23 августдан старт оладиган бўлди. Бундан бир кун олдин эса Лига-2 жамоалари майдонга тушиши белгиланди. Бу муддатлар ҳам ўзгариши эҳтимоли бор. Бунга УЕФАнинг режалари, Чемпионлар Лигаси ва Европа Лигаси воқеалари ҳам сабаб бўлиши мумкин. Негаки, бу лигаларда мамлакатнинг ПСЖ ва «Лион» клублари тўп суришади.  

Ҳатто мамлакат Кубоги финалининг қачон ўтказилиши ҳам ҳануз очиқланмаган. Ҳал қилувчи финалда ПСЖ ва «Сент-Этье́н» клублари ўзаро куч синашиши лозим.


Манба: uza.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz