Қайднома

Қидирув

Келажак умиди: ЖАҲОН ФУТБОЛИНИНГ ИСТИҚБОЛЛИ ЁШ МУРАББИЙЛАРИ

Келажак умиди: ЖАҲОН ФУТБОЛИНИНГ ИСТИҚБОЛЛИ ЁШ МУРАББИЙЛАРИ

  01.06.2020 03:42
  0
  190
Келажак умиди: ЖАҲОН ФУТБОЛИНИНГ ИСТИҚБОЛЛИ ЁШ МУРАББИЙЛАРИ

Футболчи сифатида ёрқин из қолдирган Коло Туре энди АПЛни мураббий ролида забт этиш орзуси йўлида изланмоқда. Колонинг бу ҳаракати ижодкор-журналистларга алоҳида туртки берди, шекилли, улар жаҳон футболида истиқболи баланд саналаётган навқирон мутахассислар фаолиятига зимдан назар солишди. Хўш, ҳозирда кимларга келажак умиди сифатида қараш мумкин? Аввало айтиш жоиз, қуйи­да ҳали 45 ёшга тўлмаган, лекин нуфузли чемпионатларда муваффақиятли иш бошлашга улгурган мураббийлар ҳақида сўз боради.

Сергей СЕМАК (Россия)

Ёши: 44

Клуби: «Зенит»

Ҳа, Сергей Богданович Европанинг кучли 5та биринчилигида эмас, балки Россия чемпионатида ишламоқда, боз устига, РПЛда ҳам моддий, ҳам таркиб жиҳатидан яққол устун саналган «Зенит»да. Муҳими, жамоа унинг бошқарувида тўғри йўлдан кетмоқда. Демак, мақоланинг айнан Семак ҳақида бошлангани ҳеч кимни ортиқча ажаблантирмаслиги керак. Биринчидан, гап нуфузи жиҳатидан Европада 6-7-ўринларда турувчи чемпионат вакили ҳақида бормоқда. Иккинчидан, Семак рўйхатга тушган деярли барча касбдошларидан фарқли ўлароқ, ўз юртида чемпионлик унвонига эришган мураббийдир. Шунинг учун уни ҳаттоки, хорижда ҳам ҳурмат қилишади - худди яқин ўтмишда донг таратган Виктор Гончаренко каби, албатта, ёш ва истиқболли, шунинг баробарида малакали мураббий сифатида. Битта афсусланадиган томони шуки, Сергей инглиз тилини яхши билмайди, хорижда ишлаш амалиётига ҳам эга эмас. Аммо «Зенит» билан янада юксакроқ чўққиларни забт этса, мухлису мутасаддилардан шунга яраша олқиш-мукофот олишига шубҳа йўқ. Тушунарлики, Семак барча ёш мураббийлар каби баъзи камчиликлардан холи эмас. Лекин икки йилда 2 марта чемпионат шоҳсупага кўтарилиш ҳаммага ҳам насиб этавермаслиги айни ҳақиқат.

 

Женнаро ГАТТУЗО (Италия)

Ёши: 42

Клуби: «Наполи»

Футболчилик пайти майдонда жонкуярлиги билан ажралиб турган Женнаро Гаттузо «Милан»даги қисқа фаолияти давомида янги соҳадаги кучли жиҳатларини унча кўрсатолмаганди. Лекин «Наполи»нинг дастлаб омадсизликка юз тутиб, кейин умумий вазиятни ижобий томонга бурганини назарда тутиб айтсак, муаммо ёш мураббий эмас, балки «россонерлар»нинг ўзида эканлиги ўз-ўзидан ойдинлашиб қолди. Чунончи, Женнаро жамоани кимсан Карло Анчелоттидан қабул қилиб олиши билан барчасини ўзгартирди - ажойиб ғоялар, чиройли ғалабалар. Тўғри, Гаттузони ҳозирдан донишманд мутахассислар қаторига киритиш ноўрин, унинг футболни қайта кашф этиб, Арриго Сакки мақомига даъво қилишига ҳам ишониб бўлмайди. Аммо афсонавий Сакки ҳозир 72 ёшда, Женнаро эса ундан нақ 30 ёш кичик. Хуллас, алоҳида характери билан кўзга ташланадиган Гаттузо «Наполи»ни тўлиқ тартибга солиб, аввалги ҳолатига қайтара олса, унинг иродаси мустаҳкам ва истиқболли мутахассис эканлигига шубҳа қолмайди. Худди «Катанья»­ни бошқаришда ҳеч нарсани уддалолмаган, аммо «Атлетико»ни шакллантирган Диего Симеоне каби...

 

Арне СЛОТ (Нидерландия)

Ёши: 41

Клуби: АЗ

«Аякс» бош мураббийи Эрик тен Хаг ҳам кекса эмас, лекин 50 ёшни уриб қўйишга улгурди. Эредивизионнинг муддатидан олдин якунланган мавсумида «Аякс» устозига айнан 41 ёшли Арне Слот асосий рақобатчи сифатида гавдаланди. АЗ чемпионат-2018|2019да ғолиб жамоадан анча ортда қолган ҳолда, 4-поғона билан чеклангач, бош мураббий ўрнини унинг ёрдамчиси эгалладию, жамоа бирданига тахт учун реал даъвогарга айланди-қўйди. Оддий айтганда, июль ойида Арне Слот бошқарувига ўтган Алкмаар жамоаси 42та учрашувда 88та гол урди, қолаверса, барча турнирлар ҳисобидан атиги 8 марта имкониятни бой берди. Энг асосий факт - АЗ 59,5 фоиз ўйинда ғалаба қозониб, чемпионликка дангал қўл узатди. Бир мавсумда иш  «кўз»ини топиб олган Слотни энди вақтида АЗни шоҳсупага олиб чиққан Луи ван Галга қиёслашмоқда. Фарқи, Луи бобо фаолиятини якунлади, Арне эса энди бошламоқда...

 

Гаиска ГАРИТАНО (Испания)

Ёши: 44

Клуби: «Атлетик»

Испания Примероси-2019|2020нинг ортда қолган қисмида чакки таассурот қолдирмаган «Хетафе» ва «Реал Сосьедад» клубларини бошқараётган мураббийлар ёши бироз каттароқ. Бильбаонинг «Атлетик» жамоасини қўлга олган Гаритано эса анча ёш ва келажаги порлоқ. У футболчилик даврида «Атлетик»нинг ўринбосарлар жамоасида ўйнаган, кейинчалик фаолиятини Испаниянинг бошқа ҳудудларида давом эттирган. Мураббийлик фаолиятини эса анча барвақт бошлаб, «Эйбар», «Вальядолид» ва «Депортиво» клубларида маълум тажриба тўплагач, жонажон шаҳрига қайтди. Қарангки, аввалги иш жойларида омадсизликка учраган Гаиска «Атлетик»ни бир уринишда Испания кубоги финалига олиб чиқди, энди бильбаоликлар ҳал қилувчи баҳсда «Реал Сосьедад» билан куч синашишлари керак. Анъанага кўра, фақат баск миллатига мансуб футболчилардан шакллантирилган жамоанинг Ла Лигадаги мавқеи ҳам қониқарли - Сегундага тушиб кетиш хавфидан холи. Агар Гаритано шогирдлари мамлакат кубогини қўлга киритишса, бу «Атлетик» учун 2015 йилдан кейинги дастлабки соврин бўлади. Маълумот учун, бильбаоликлар бундан 5 йил олдин Эрнесто Вальверде бошқарувида «Барселона»ни 5:1 ҳисобида енгиб, Испания суперкубоги соҳибига айланишганди.

 

Бруно ЛАГЕ (Португалия)

Ёши: 43

Клуби: «Бенфика»

«Бургутлар» «Зенит»ни маҳв этиб, ЕЛ «плей-офф» раундига чиқишганди, бироқ «Шахтёр»га дуч келиб, имкониятни бой беришди. Аммо бу билан Лаге уқувсиз мураббийлар сафига тушиб қолгани йўқ. Ўзи «Бенфика» ҳамиша барқарор футбол кўрсатадиган жамоалар тоифасига кирмайди. Факт шуки, Лиссабон дружинаси ички чемпионатда «Порту»га етарлича рақобат тақдим этиш йўлини топди. Дарвоқе, «аждаҳолар» устози ҳам кекса эмас - Сержиу Консейсау 46 ёшда. «Бенфика» бошқарувини қўлга олишига қадар Португалия ва Англияда бош мураббий ассистенти сифатида ишлаган Лаго эса ундан 3 ёш кичик. Муҳими, «Бенфика»  ҳамон томошабоп ўйинга мойил. Демак, Бруно - Португалия мураббийлик мактабининг янги умидли вакили.

 

Микель АРТЕТА (Испания)

Ёши: 37

Клуби: «Арсенал»

Басклар - дилбар халқ. Улардан чиққан мураббийлардан эса ҳамма хурсанд. Айниқса, Баскониянинг ёш мутахассисларига гап йўқ. Мана, Хаби Алонсо «Реал Сосьедад»  ўринбосарлари билан тинимсиз изланиш олиб бориш асносида буюк кўтарилишга ҳозирланмоқда. Микель Артета эса Хосеп Гвардиоладан фотиҳа олиб, «Арсенал»ни бошқаришдек ўта қалтис ва масъулияти баланд ишни ўз зиммасига олди. Ҳозирча натижалар барқарор эмас. «Тўпчилар» жумладан, ЕЛ чорак финали йўлланмасини «Олимпиакос»га бой беришди. Шунга қарамай, Микель келажаги порлоқ мураббий мақомида қолмоқда. Зеро, унинг алоҳида нуқтаи назар ва асосли ғояларга эгалиги бор гап.

 

Фрэнк ЛЭМПАРД (Англия)

Ёши: 41

Клуби: «Челси»

Англиялик навқирон мураббий дебютини «Дерби Каунти» билан нишонлаб, жамоани элитага олиб чиқишга яқин келди. Кейин қадрдон клубидан таклиф олдию, уни рад этишга ботинолмади. Марина Грановская ва Роман Абрамович бу мураббий номзодини энг мақбули сифатида қўлламагандирлар... Мана,  Лондондаги илк қадамлари Лэмпардни ҳисобдан чиқаришга шошилмаслик кераклигини кўрсатди. Тўғри қарорлар баробарида хатолар ҳам кўзга ташланмоқда, албатта. Ахир «Челси» собиқ ярим ҳимоячисида дейлик, Оле-Гуннар Сульшердаги тажриба йўқ эди. Норвегиялик мураббий 45 ёшда бўлгани учун рўйхатдан четда қолди, Фрэнк эса тез орада ўз йўлини топиш қобилиятига эга. Фақат мутасаддилар унга узоқроқ ишлаш имкониятини беришса, бас.

 

Марсело ГАЛЬЯРДО (Аргентина)

Ёши: 44

Клуби: «Ривер Плейт»

«Ривер Плейт» ва «Монако»даги ёрқин ўйинлари билан донг таратган собиқ ҳужумкор ярим ҳимоячи ҳозир забардаст мураббийга айланиш жараёнида. Футболчилик фаолиятига Уругвайда нуқта қўйган Гальярдо кўп ўтмай, айнан у ерда мураббий сифатида чемпионликка эришди. Шундан кейин Буэнос-Айресга, жонажон клубига қайтди. Мана, «Ривер Плейт» Гальярдо бошқарувида 2 марта Аргентина кубогига сазовор бўлди, Жанубий Америка кубоги (ЕЛ даражасидаги турнир)да ғолиб чиқди ва Либертадорес кубоги финалига чиқди. Ўтган йилги ҳал қилувчи баҳсда тажрибали Жорже Жезуснинг «Фламенго»си «Ривер Плейт»дан устун келганди. Кўринишидан, Гальярдо энди Европадан таклиф кутмоқда. У «Иккинчи Симеоне» мақомини олиш учун барча фазилатларга эга. Фақат ўйин фалсафаси тамоман ўзгача...

 

Андре ВИЛЛАШ-БОАШ (Португалия)

Ёши: 42

Клуби: «Марсель»

Элит рўйхатдаги энг совриндор мураббий. Виллаш-Боаш - «Порту» билан 4та (жумладан, ЕЛда), «Зенит» бошқарувида эса 3та турнирда ғолиб чиққан, «Тоттенхэм»­ни йўлга сололмаган (бу ажабланарли ҳол эмас), «Челси»да эса «ботаник»лик фазилатини ҳаддан ташқари кўп намойиш этган мутахассис. Португалиялик ғайратли мураббий Хитойдаги қисқа фаолиятидан сўнг Европа футбол марказига қайтди. «Марсель» унинг раҳбарлигида Лига 1нинг жорий мавсумида 2-ўринни банд этди. Тан олайлик, АВБнинг жамоаси 46 ёшли Томас Тухель бошқарувидаги «ПСЖ»га муносиб рақиб эмас - Париж гранди ҳар томонлама анча илгарилаб кетган. Умуман олганда, навқирон Андре учун ҳали забт этилмаган чўққилар етарли, ундан фақат янада кўпроқ тер тўкиш талаб этилади, холос.

 

Симоне ИНЗАГИ (Италия)

Ёши: 43

Клуби: «Лацио»

«В» серияда етакчилик қилаётган «Беневенто» бош мураббийи Филиппо Инзагининг укаси ундан ортда қолмаслик учун «Ювентус»ни чемпионлик унвонидан маҳрум қилиши керак. Бунинг учун аввало, Италия чемпионатини охирига етказиб қўйиш чорасини топиш лозим. Асосийси, Симоненинг «Лацио»си «кекса синьора»ни бир неча марта енгиш йўлини топди. Асосийси, Рим клуби «Интер» каби қудратли таркиб ва молиявий имкониятларга эга бўлмасада, ривожланишда давом этмоқда. Мана, Симоне кубок мусобақасида ғолибликни таъминлади, жамоанинг ўзига хос услубини шакллантирди. Қисқаси, кичик Инзаги - Италиядаги энг ёрқин мураббий, дунёда эса энг ёрқинларидан бири. Албатта, ҳозирча ўз ёш тоифасида. У айниқса, шогирдларини руҳлантириш ҳадисини яхши ўзлаштирган.

 

Юлиан НАГЕЛЬСМАНН (Германия)

Ёши: 32

Клуби: «РБ Лейпциг»

Ўта ноёб қобилиятга эга мутахассис. Юлиан германия­лик касбдошлари орасида ўзини жуда тез намоён эта бошлади, аввалига «Хоффенхайм»да самарали фаолият юритди. Энди эса «РБ Лейпциг» билан ЧЛ чорак финалига чиқди. Бундан ташқари, ички чемпионатда охиригача «Кумуш товоқ»ни қўлга киритишга уриниб кўради, чоғи. Албатта, Нагельсманн ҳали юксак савиясини тўлиқ исботламади. Лекин шахсий малакасига ортиқча баҳо бераётгани ҳам, ўзини Жозе Моуриньодан устун қўяётгани ҳам йўқ. Умуман, гап ғайритабиий иқтидорга эга замонавий мураббий ҳақида бормоқда. Юлиан статистик таҳлиллар, тактик ишланмалар ва замонавий технологияларга катта қизиқиш билан ёндашади. Футбол келажаги айнан унга ўхшаган изланувчан, серғайрат ва тиниб-тинчимас ёшлар қўлида. Диққат қилинг, Юлиан энди 32 ёшда, ҳаттоки, Криштиану Роналдудан ҳам кичикроқ...

А.РАҲМОНОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz