Қайднома

Қидирув

Оқкўнгил «қора» йигит ёки КАЛИДУ КУЛИБАЛИНИНГ ҲАЁТ ЙЎЛИГА НАЗАР

Оқкўнгил «қора» йигит ёки КАЛИДУ КУЛИБАЛИНИНГ ҲАЁТ ЙЎЛИГА НАЗАР

  02.06.2020 01:54
  0
  386
Оқкўнгил «қора» йигит ёки КАЛИДУ КУЛИБАЛИНИНГ ҲАЁТ ЙЎЛИГА НАЗАР

«Наполи»даги мазмунли ўйинлари билан грандлар назарига тушган сенегаллик ҳимоячи бир пайтлар «Қашшоқ» иборасини ишлатган француз билан муштлашган, муҳтожларга пул тарқатиш мақсадида онаси ҳамёнини ўғирлашгача борган экан. Бугун Калиду биргина Неаполни Сенегал каби қаттиқ яхши кўради. Футболчининг қуйидаги ҳикояси ўзининг ҳаёт йўли ҳақида...

Калиду Кулибалининг фаолият йўли

- «Мец» (Франция)

- Франция ёшлар терма жамоаси

- «Генк» (Бельгия)

- Сенегал миллий жамоаси

- «Наполи» (Италия)

 

*

Калиду Кулибали Францияда туғилган бўлсада, Сенегални тарихий ватани сифатида кўради, африкаликларга ҳамиша ҳурмат билан қарайди. 

- Отам соф сенегаллик. У ўтган асрнинг 70-йиллари Францияга кўчиб келган ва 5 йил давомида Париждаги ерёнғоқ етиштиришга ихтисослашган фабрикада ишлаган. Шундан сўнг мамлакатнинг шимоли-ғарбида жойлашган Вогезов туманидан қўним топган. Қисқаси, отам ушбу тоғли туманда тахта заводида тер тўкиб, муайян шароитга эга бўлганидан кейингина онамни ёнига чорлаган экан.

Оилада 3 нафар фарзандмиз. Мен ўртанчасиман. Гарчи Францияда туғилган бўлсамда, ўзимни сенегаллик, деб ҳисоблайман. Ёнимизга келадиган тарихий ватандошларимиз француз тили баробарида сенегалчада ҳам бемалол гаплашишимизни билиб, ажабланишади. Бунга ота-онамнинг катта эътибори туфайли эришдик. Ҳаё­тимизнинг асосий қисми Сенегалдан йироқда ўтаётганига қарамай, улар бизга икки халқ  маданиятини тенг даражада сингдиришга уринишди...

*

Калиду сенегалликларнинг қай даражада қашшоқ тарзда кун кечиришларини илк бора кўрганида, ҳайратдан қотиб қолганди. Футболчи ўша лаҳзадан эътиборан уларга ёрдам бериш йўлларини қидира бошлади. Масалан, дўстига бутса совға қилиш учун кунлик харажатидан пул тежашга киришди ва бир ой ичида ниятини амалга оширди. Бўлажак ҳимоячи Франциянинг Сен-Дье-де-Воже шаҳарчасида дунёга келган. Муҳими, асл ватанини ҳеч қачон унутмайди. У болалигида кўп миллатли ўқувчилар (францияликлар ва келгиндилар)  мактабида таҳсил олган. Қолаверса, Калиду ҳаётидаги дастлабки жамоа­сида икки нафар сенегаллик болакай билан ҳимоя чизиғида тўп сурган. Машғулотлар ва дарслардан кейин ҳам вақтни асосан улар билан ўтказган. Умуман, у ҳар доим ўз аждодлари билан фахрланган. Бир куни ҳаттоки, «сенегаллик қашшоқ» сўзини ишлатган француз йигит билан муштлашганди.

- Ота-онам бадавлат эмасдилар. Лекин рисоладагидек кийинишимиз, еб-ичишимиз йўлида тиним билишмаган, зарур шароитларни яратиб қўйиш­ганди. Ҳар ҳолда, ҳеч нарсага зориқмай улғайдик.

*

Калиду шу кунга қадар ҳаёт тақозосига кўра, Сенегалга атиги бир неча марта борди. Хусусан, 6 ёшли чоғи онаси билан илк ташрифи давомида чинакам қашшоқлик қандайлигини кўрганди.

- У ерда кишилар нечоғли оғир шароитда яшашларини кўриб, ҳайратдан донг қотгандим. Мисол учун, Францияда сувга муҳтожлик йўқ, фаровон ҳаёт ҳукмрон. Африкада эса ҳаттоки, оддий ичимлик суви ҳам катта муаммо. Одамлар қандайдир латтага ўраниб олишади. Бир гал маҳаллий болалар билан айланиб юриб, хайр-эҳсон сўраб ўтирган 5-6 нафар тиланчига дуч келдим. Уларга ёрдам қўлини чўзиш ниятида уйга қайтиб, онамнинг ҳамёнини олдим. Бироқ у билиб қолиб, мени тўхтатди. Акс ҳолда, ҳамёндаги бор пулни қашшоқларга тарқатиб юборардим...

*

Калиду Сенегал томон яна бир болалик сафарида бўлажак энг яқин дўсти билан танишди. Ўшанда у футбол мактабида таҳсил олар ва бутсада ўйнашга одатланганди. Сенегаллик болакай эса бутсани орзу ҳам қилолмасди. Кулибали Францияга қайтгач, бир ой давомида ҳар кунлик харажатидан тежаб, унга бозордан арзонроқ бутса олиб беради.

Энг асосий факт: Калиду терма жамоа масаласида ҳеч қачон иккиланган эмас - доимо Сенегал шарафини ҳимоя қилишни орзу қилган. Ваҳоланки, «Мец» сафида тўп сурган пайтда Франциянинг турли тои­фасидаги ёшлар жамоаларида Александр Лаказетт ва Антуан Гризманн билан ёнма-ён ҳаракатланган, ҳаттоки, 2011 йили Колумбияда ташкиллаштирилган U-20 тоифасидаги ЖЧда иштирок этган. Кейин­чалик Кулибалининг ўзи шахсий агенти воситачилигида Сенегал футбол федерациясига мурожаат қилган. Ваҳоланки, ўша паллада Дидье Дешам уни Франция миллий жамоасига чорлаётганди.

- Франция термаси таклифини нега рад этдим? Аслида мамлакатга ҳам, мсье Дешамга ҳам ҳурматим баланд. Лекин қалбим Сенегалга тегишли. Тарихий ватаним шарафини ҳимоя қилиш - азалий орзум. Аждодларим юртидан 2015 йили таклиф келди. Ўша заҳоти жавоб бердим: «Қароримни рафиқам билан муҳокама қилдим ва у танловимни маъқуллади. Кейин ота-онамга қўнғироқ қилиб айтганимда, улар хушхабардан беҳад қувонишди». Мен ҳам француз, ҳам сенегалликман. Бу иборани жуда кўп такрорлаганман. Ҳар икки мамлакатни ватаним сифатида улуғлаш - буюк шараф!

*

Калидунинг иккинчи муҳаббати - «Наполи». Рафаэль Бенитес уни ўз жамоасига чорлаганида, аввалига ишонмади, рафиқаси туғруқхонада ётганида эса, тўп тепиш билан овора эди.

- Барчаси эсимда, 2014 йилнинг январь оқшомларидан бирида франциялик дўстимни кутаётгандим. У тез-тез ёнимга меҳмон бўлиб келиб турарди. Хуллас, ногаҳон телефон қўнғироғи уй сокинлигини бузди. Кейин тахминан шундай мулоқот бўлди:

- Алло, Калиду? Салом, мен Рафа Бенитесман, «Наполи» бош мураббийи. «Генк» сафидаги ўйинларингиз ёқиб қолди. Айтингчи, сиз билан учрашиб, трансфер борасида суҳбатлашиш мумкинми?

- Ҳой, ҳазилингни қўйсангчи, Аҳмад. Майли, яхши қол.

Шу тариқа гўшакни қўйдим. Лекин 2 дақиқадан кейин яна қўнғироқ чалинди:

- Калиду, Бенитесман. Алоқада қандайдир хатолик юз берди, шекилли.

- Аҳмад, сени яхши таниб турибман. Ҳазилни йиғиштирда, тезда етиб кел.

Гўшакни илиб, телевизорни ёқдим ва диванга чўзилдим. Орадан 10 дақиқа ўтгач, телефон яна жиринглади. Қарасам, бу сафар агентим алоқага чиқибди:

- Салом, Калиду, ишларинг қандай?

- Салом, ҳаммаси жойида, бирор гап борми?

- Ҳа, ҳозиргина Рафа Бенитес қўнғироқ қилди. Сен билан гаплашолмаётган экан. Уни қандайдир Аҳмадга ўхшатибсан. Бу қанақаси?

- Жин урсин! У чиндан ҳам, Бенитес эканми? Ҳозироқ унга қўнғироқ қиламан. Раҳмат!

*

Кулибали телефон воситасида  бўлган ўша мулоқотни фаолиятидаги энг муҳим палла сифатида тилга олади. У дарҳақиқат, Бенитесга қайта қўнғироқ қилган ва мураббий саволларига баралла жавоб берганди. Бўлажак устоз ва шогирд икки соатлик мулоқот давомида футбол, «Генк», Калидунинг маъшуқаси, «Наполи» ва унинг ўйинчилари хусусида гаплашишади.

- Бенитесга «Наполи» вакилларидан Гамшик ва Инсиньени билишимни айт­дим. Мураббий шунда мени улар қатори ўз жамоасида кўришни хоҳлашини яширмади ва Италияда ўйнаш вариантини яхшилаб ўйлаб кўришимни тайин­лади. Суҳбатимиз якунлангач, дарҳол ўз агентим билан боғландим:

- Қани, ўз ишингни бажар. «Наполи» сафига қўшилишни истайман.

*

Кулибалининг «Наполи»га трансфери яна ярим йилдан кейин амалга ошди. Мана, у 6 йилдан буён Неаполда ўйнамоқда. Ҳимоячи ортда қолган 6 йил давомида АПЛ ва Ла Лига клубларидан етарлича таклифлар олди. «ПСЖ» эса 2 марта Калидуни Францияга қайтариш ҳаракатини амалга оширди. Бироқ футболчининг ўзи барча уринишларни йўққа чиқарди.

- «Наполи» ва Неаполни севаман. Бу ерга келганимда, шундай дейишганди: «Ҳаётингда икки марта чинакамига йиғлайсан: ҳозир, яъни бу ерга келганингда ва Неаполдан кетишга мажбур бўлганингда». Ўзимга қолса, кетиш ҳақида ўйлашни ҳам истамайман. Олдин ўзимни ҳам француз, ҳам сенегаллик, деб ҳисоблардим. Энди неаполликка айландим. Ушбу азим шаҳар ва унинг аҳолисига меҳрим чексиз.

*

Италия (шунингдек, Неаполь ҳам) қаҳрамонимизни икки бора оғриқли мавзу - ирқчилик юзасидан қаттиқ ранжитди. Биринчиси - футболчи «Наполи» сафига қўшилганидан 2 ой ўтиб, ўз автомобилида ҳақоратли ёзувга дуч келди: «Уйингга жўна, маймун». Иккинчиси - стадионда фанатлар ҳақоратига учради. Калидунинг ўзи яна икки воқеани хотирлайди.

- «Лацио»га қарши баҳс арафасида римлик мухлислар мени кучли увиллаш билан қарши олишди. Муҳими, ўзимни йўқотиб қўймадим ва кийиниш хонасига қайтганим йўқ. Ўйин якунлангач, ўзим билан майдонга тушган 4 ёшли болакайга футболкамни совға қилиш учун трибуна сари йўл олдим. Менга таъсир қилгани, болакай мухлислар учун узр сўради: «Калиду, уларнинг хатти-ҳаракатларидан ранжима, барча мухлислар шундай эмаслар». Шунда болакайга узр сўрашининг ҳожати йўқлиги ва ҳаммасини тушунишимни айтиб, миннатдорчилик билдирдим: «Сенга катта раҳмат, оғайни».

Ирқчилар «Интер»га қарши кечган беллашувда ҳам қолипга сиғмайдиган ҳаракатлар билан жиғимга тегишди. Кейинчалик бунинг учун «Интер»га 2та ўйинни томошабинсиз ўтказиш чораси қўлланилди. «Наполи» фанатлари эса навбатдаги учрашувларда мени алоҳида қўллаб-қувватлашди.

*

Калиду «Наполи»ни шу қадар яхши кўрадики, уни жамоадан ажратиш осон эмас. Сенегаллик|франциялик йигит ҳар қандай вазиятда майдонга тушиб, клуб шарафини ҳимоя қилишга тайёр. Ҳаттоки, жароҳатланган ва тана ҳарорати кўтарилган пайтлар ҳам майдонга тушган. Шунингдек, ўғли туғилиши билан жамоа ихтиёрига йўл олганди.

- Мистер Сарри хоҳламайгина кун бўйи туғруқхонада қолишимга рухсат берди. Лекин ўша оқшом «Сассуо­ло» билан куч синашишимиз боис, эҳтиёж сезса, чақиртиришини айтди. Ўғлим Сени соат 13:30да туғилди. Мураббий эса соат 16:00да қўнғироқ қилди: «Кули, қаердасан? Ҳозир кераксан». Шунда дарҳол стадионга ошиқдим. Аслида рафиқам ва чақалоқ ёнида кўпроқ бўлишим керак эди. Стадионга кириб борганимда, Сарри менга захира ўриндиғини кўрсатди. Табиийки, эътироз билдирдим: «Устоз, ҳазиллашяпсизми? Кераклигим шуми?» Сарри эса вазминлик билан қаради: «Ҳа, Кули, ҳозир айнан захира ўриндиғида кераксан».

*

Эндиликда Неаполда Кулибали учун муаммо қолмади - уни нафақат мухлислар, балки бутун шаҳар фуқаролари ҳурмат қилишади. Football Italia нашри маълумотига кўра, Калиду ҳаттоки, Неаполь мафиясига яқин фанатлар билан ҳам дўстлашиб олган. У яна ирқчиликка қарши курашда ҳам фаол.

- Ирқчиларга нима дейишим мумкин? Нотанишлар мени тушунишмайди. Шу сабаб уларни уйимга таклиф этдим. Қачонки, мени оз-моз билсалар, уйим ва турмуш шароитим, оила аъзоларим билан танишсалар, оддий инсон эканлигимга ишонч ҳосил қиладилар. Трибуналарда чинқирадиган калтафаҳмлар мен билан юзма-юз турган пайт ҳақоратлашга журъат этолмайдилар. «Италия - ирқчилар макони. Хорижликлар шунинг учун бу ерга келишдан чўчишади» қабилидаги гапларни тез-тез эшитамиз. Лекин кафолат бераманки, Неаполь - ажойиб шаҳар. Мени ва оиламни самимий кутиб олгани учун маҳаллий аҳолидан беҳад миннатдорман. Бизни йўқлаб келадиган яқинларимиз ҳам жуда мамнунлар.

*

Кулибали ўз трансфери борасидаги гап-сўзларга ҳамиша қисқа ва лўнда жавоб беради. Ҳар ҳолда, яқин-яқингача шундай эди.

- Неаполни севаман. Шу ерда улға­йиб, камолотга эришдим. «Наполи» ва шаҳар - жонажон уйим.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz