Қайднома

Қидирув

ОФК: Тикланиш учун 14 кун...Бу кам эмасми?

ОФК: Тикланиш учун 14 кун...Бу кам эмасми?

  02.06.2020 05:11
  0
  351
ОФК: Тикланиш учун 14 кун...Бу кам эмасми?

ЎФАнинг мамлакат чемпионати ўйинлари трансляция ҳуқуқини қўлга киритиш бўйича эълон қилган тендери катта воқеа сифатида қабул қилинди. Таниқли футбол мутахассиси Алишер Никимбаев ҳам «Телеграм»даги канали орқали шу ва бошқа мавзуларга муносабат билдириш баробарида Осиё майдонларида рўй бераётган воқеаларга тўхталди.

* * *

- Трансляция ҳуқуқини сотиш бў­йича эълон қилинган тендерга бундай муносабат бўлиши адолатдан. Фақат шунга аниқлик киритиш жоизки, тендерга фақат онлайн, яъни интернетда кўрсатиш ҳуқуқи қўйилган, шундай экан, мамлакат ичида ўйин­ларни трансляция қиладиганлар алмашиши ҳақида гап бормаяпти. Дарвоқе, тендернинг ПФЛ раҳбария­тидаги ўзгаришларга ҳам алоқаси йўқ.

* * *

- Демак, Ўзбекистонда профессио­нал клубларнинг машғулот ўтказишига рухсат берилди. Қарор чиқарилиши шу қадар кўп вақт талаб қилдики, ҳаттоки, чемпионатни давом эттириш санаси (5 июнь) ҳам актуалликни йўқотди. Клубларга тайёргарлик учун атиги бир ҳафта берилиши жароҳатлар сони ортишига замин ҳозирлаши турган гап. Гарчи аксарият клублар машғулотларга киришиб улгурган бўлсада, бундай рухсатни кутганлар ҳам учради. Энди ўша клублар мавсум тикланишига қадар тайёргарлик учун камида 3-4 ҳафта муҳлатга эҳтиёж сезади. Футболчи соғлиғига катта эътибор қаратадиган мамлакатларда худди шунча муддат берилади. Ўз навбатида, икки ойлик танаффусдан сўнг тайёргарлик учун 6 ҳафталик тўлақонли йиғин керак бўлишини таъкидлайдиган мураббийлар ҳам топилади.

* * *

- Махсус комиссия эпидемия тарқалиш даражаси бўйича ҳудудлар рўйхатини мунтазам янгилаб турибди. Унга кўра, Андижон, Бекобод, Наманган ва Самарқанд «қизил ҳудуд»га киритилди. Бу эса вазият ижобий томонга ўзгармагунча ушбу шаҳарларда ўйинлар ўтказилиши шубҳа остида қолишини англатади.

* * *

- Янги маълумот - Ўзбекистон чемпионати 13 июндан, яъни машғулотларга расман рухсат берилганидан 14 кун ўтиб давом этттирилади. Агар инсон бир қолип асосида фикрлашга ўрганиб қолган бўлса, унга ақл ўргатиш бефойда. Умид қиламизки, турнирда қатнашадиган футболчиларнинг жароҳатланиш даражаси катта бўлмайди. Дарвоқе, биринчи лига ва аёллар жамоаларига тааллуқли қандайдир қарорлар чиқарилишини кутиш мантиқан нотўғри. Ўз навбатида, футзал бўйича чемпионатнинг тақдири ҳам мавҳум.

* * *

- Қирғизистон футбол иттифоқи муҳим ютуқни нишонлади: «Инс­таграм»даги обуначилар сони 100 мингдан ошди. Айни пайт кўрсаткич 110 мингга тенг. Бу қанчалик аҳамиятли натижа? Келинг, бошқа футбол федерациялари билан солиштирамиз. Ўзбекистон футбол ассоциациясининг «Инстаграм»да 70 300 нафар обуначиси бор. Тожикистон ФФ 60 минг, Туркманистон ФФ эса 177 обуначига эга. Ҳаттоки, Қозоғистон футбол федерациясида ҳам «Инстаграм»даги обуначилари сони 64 500 нафарга тенг, холос. Мазкур кўрсаткични Осиё футболи миқёсида солиштирсак, қирғизистонлик бу борада Қатар футбол ассоциацияси (82 800 обуначи)дан ўзиб кетишгани ойдинлашади. Ҳозирча Қирғизистон ФИ рақамлар бўйича БАА ФА (185 минг) ҳамда Япония ФА (348 минг)дан ортда қолмоқда.

* * *

- Австралия футбол федерацияси клублар ва футболчилар касаба уюшмаси билан мавсумни давом эттириш бўйича келишувга эришди. Жамоалар машғулотларга июнь ўрталарида киришади, ўйинлар эса июль ўрталарида бошланади ва 35 кун давомида якунланади.

* * *

- Хитойлик журналистларнинг таъкидлашларича, мамлакатда мавсумни июнь ойида бошлаш имконияти бутунлай йўқолди. Чунки легионерлар клублар ихтиёрига қайтишга улгуришмагани етмаганидек, 5та жамоа бош мураббийи ҳамон Хитой ташқарисида. Чемпионатни «уй-сафар» тизимида ўтказиш эҳтимоли жуда паст. Катта эҳтимолки, 16та жамоа 4та гуруҳга бўлинади, гуруҳ босқичи ўйинлари эса марказлаштирилган тизимда уч ёки тўрт шаҳарда ташкил этилади.

Мавсум формати энг кўп зиён кўрган биринчилик ҳам Хитойники. Янги таклиф оддий: 16та жамоа икки гуруҳга бўлиниб, марказлашган тизимли турнирда қатнашади - ўйинлар жануб (Гуанжоу ва Шенжен) ҳамда шарқ (Шанхай ва Жиангсудан бири)да ўтказилади. Бунда турнир старти июлга белгиланади. Таклиф ҳукумат ҳукмига ҳавола этилган.

* * *

- Осиё футбол конфедерацияси шу ҳафта Чемпионлар Лигаси тақвимини муҳокама қилади. Йиғилиш ҳозирги мавжуд вазиятдан келиб чиққан ҳолда, табиийки, онлайн тарзда ўтказилади. Пандемиянинг Ғарб ва Шарқдаги даражаси турличалигидан келиб чиқиб, минтақалар бўйича алоҳида муҳокама бўлади. Ҳар ҳолда, тез орада Чемпионлар Лигасининг янгиланиши бўйича хабарлар қулоққа чалинса, ажабмас.

* * *

- Пандемия бошланишидан олдин атиги 1та тур ўйинларини ўтказишга улгурган Япония J-лигасида мавсум 4 июлдан давом эттирилиши мумкин. Иккинчи лига рестарти ва учинчи дивизион баҳсларининг бошланиши эса 27 июнга белгиланган. Яъни қуйи лига ўйинлари бир ҳафта олдин бошланади. Мана шу факт футбол ривожланиши йўлида комплекс чоралар кўрилаётганининг яққол намунасидир.

* * *

- БААдаги ҳамкасбларимиз тез орада рестарт берилиш кутилаётган маҳаллий чемпионат форматини ўзгартириш вариантларини кўриб чиқишмоқда. Жамоалар яна 7та тур ўйинларини ўтказиши керак, таклиф этилган вариантда эса чемпион ва мавсум омадсизларини аниқлайдиган қисқартирилган турнир режаси бор. Аммо бу вариант ҳомийлик масаласида муаммо туғдиради, зеро, ҳамкорлар шартномаларини қайта кўриб чиқиш бўйича музокара олиб борилмоқда.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz