Қайднома

Қидирув

Иван СОЛОВЬЁВ: «Агар Намангандан кетганимида 1 миллион рубль ойлик олардим...»

Иван СОЛОВЬЁВ: «Агар Намангандан кетганимида 1 миллион рубль ойлик олардим...»

  17.04.2020 11:03
  0
  485
Иван СОЛОВЬЁВ: «Агар Намангандан кетганимида 1 миллион рубль ойлик олардим...»

Наманганнинг «Навбаҳор» клуби яримҳимоячиси Иван Соловьев Россиянинг «Спорт-Экспресс» нашрига катта интервью берди. Суҳбат давомида россиялик футболчи Москванинг «Динамо» ва Санкт-Петербургнинг «Зенит» клубидаги фаолияти ҳақида гапириб, Аршавин билан бирга ўйнаганлиги, Андре Виллаш-Боаш қўл остидаги ўйинларини эслади. Шунингдек, Ўзбекистонга қандай келиб қолгани ҳамда ойлик маошлари ҳақида гапирди.

- Аввалги мавсумда Россия Премьер-лигасида ўйнашингиз мумкин бўлса-да, нега Ўзбекистонга кетиб қолдингиз?

- Ҳаммаси тасодифан юз берди. Таътил пайтида спорт формамни сақлаш учун ҳаваскор турнирга боргандим. У ерда «Навбаҳор» клуби футболчиси Игорь Голбанни учратиб қолдим. У асли Сочидан. Игорь «Ўзбекистонга кетдик, яхши жамоа бор, бош мураббий Андрей Канчельскис» дея таклиф берди. Бошида бўлди кетдик, деб ҳазиллашгандим. У эса дарҳол: бўлди, келишдик, бир ҳафтадан кейин жамоа бошлиғи келади, ҳужжатларни расмийлаштиради. Ҳазил-ҳазил билан барчаси Голбан айтгандек бўлди. «Сочи» бош мураббийи Точилин мени қўйиб юборишни истамаганди, қолаверса ўшанда «Сочи»да Россия Премьер-лигасига чиқиш борасида ҳам аниқ мақсад йўқ эди. Шу боис ўзбек клубига розилик бердим.

Энг кулгули воқеани «Навбаҳор» сафига келиб билдим – мени аслида кўрикда иштирок этишим учун чақиришган экан. Музокара ҳам осон кечмади – мен яна Россияга қайтиб кетмоқчи эдимки, ўртага Канчельскис тушди. У раҳбариятга имкони бўлса, мени олиш шартлигини айтган.

- Россия қуйи лигасидаги сўнгги икки клубингизда 150-200 минг рубл ойлик маош олгансиз. У ерда сал кўпроқмиди?

- Ҳа. Ёмон эмасди.

- «Зенит»даги ойлик маошингиздек 1 миллион рублга яқинми?

- Намангандаги дастлабки шартномам 1 йиллик эди. Қишда анча яхшиланган шартлар асосида яна бир йилга янги шартнома имзоладик. Ўшанда Ўзбекистоннинг энг етакчи клубларидан бирига чақиришди. Ўша клубга ўтсам ойлик маошим «Зенит»дагидек 1 миллион рубл( қарийб 14 минг АҚШ доллари) ни ташкил қилган бўларди. Аммо «Навбаҳор»ни ташлаб кета олмадим. Ишонасизми, мухлисларнинг бундай меҳрини мен ҳеч қайси клубда ҳис қилмагандим. Умуман олганда, Ўзбекистондаги энг зўр ишқибозлар қўллаб-қувватлаши айнан мен ўйнаётган Наманганда кузатилади. Марказий ўйинларга 20 минглаб томошабинлар стадионга келади. Қолаверса, клубда ҳам ўзимни жуда яхши ҳис қиламан. Шу боис бу клубга содиқлигимни кўрсатиб, ҳеч қаерга кетишни истамадим.

- Мухлисларнинг меҳри нималарда акс топади?

- Ҳамма нарсада. Мухлислар доим мен ҳақимда қайғуришади. Шаҳарга чиққанинг билан – ошга, меҳмонга ёки шунчаки бирга чой ичишга чақиришади.

- Борасизми?

- Йўқ. Мен бу борада анча камтарман. Бўш вақтимни клуб қароргоҳида ўтказаман.

- Тил борасида муаммо йўқми?

- Одатий ҳаётга рус тилининг ўзи етарли.

- Оилангизни ҳам Ўзбекистонга олиб келдингизми?

- Йўқ. Ўғлим ҳали жуда кичик, ўзи ўрганган жойдан янги жойга олиб ўтишга таваккал қилмадим. Бу ерда менга етишмаётган ягона нарса – оилам.

- Клуб ўтган мавсумни турнир жадвали ўртасида якунлади. Бу «Навбаҳор»га мос ўринми?

- Йўқ. Биз учинчи ўринда бораётгандик, аммо клубда катта хатога йўл қўйишди – Канчельскисни истеъфога чиқаришди. Жуда ғалати қарор. Қолаверса, биз таркиб борасида катта муаммоларга йўлиққандик, деярли захирасиз ўйнардик. Барчаси ўз таъсирини ўтказмай қолмади – якунда пастроққа тушдик. Яхшиямки Канчельскисни ўз ўрнига қайтаришди. У ажойиб мураббий. Умид қиламанки, бошланган мавсумни анча муваффақиятлироқ ўтказамиз.

- Раҳбариятни очиқ танқид қилишдан қўрқмайсизми?

- Ҳар ҳолда бу ҳақиқатку. Барча менинг қарашимни билади – ёлғон гапиришни истамайман. Мен ўз фикримни айтишга ҳақлиман.

- Ўзбекистон чемпионати савиясини қандай баҳолайсиз?

- Етакчи клублар Россия Премьер-лигасида қатнаша олган бўлишарди. Қолган клублар эса ўзимизнинг қуйи лига - ФНЛ даражасидаги жамоалар.

- Карантин сабабли пауза юзага келди. Уйга нега жўнаб кетмадингиз?

- Рухсат беришмади. Легионерларга мамлакатда қолиш сўралди. Шу боис клуб қароргоҳида яшаб, чемпионат давом этишини кутаяпман. Ўйлайманки, Россиядан кўра Ўзбекистонда олдинроқ рухсат беришса керак. Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ вазият у қадар ёмон эмас. Қўшни Тожикистонда футбол ўйинлари давом эттирилмоқда, фақат мухлисларсиз. Буни тушунмайман – томошабинларсиз ўйинлар худди ўртоқлик учрашувига ўхшаб қолади.

- Фаолиятингиздаги энг яхши уч мураббий деб кимларни айта оласиз?

- Улар аниқ. Руминиялик Дан Петреску, Александр Точилин ва Андрей Канчельскис. Станислав Черчесов билан ҳам озроқ ишлаганман уни ҳам яхши мураббий деб биламан.

Усмон Ибодов таржимаси.


Манба: "СЭ" газетаси, kun.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz