Қайднома

Қидирув

«Орзу эмас, мақсад керак...»

31.08.2016 21:27
1832

«Мидлсбро» устози Айтор Каранка El Pais нашрига берган интервьюсида премьер-лиганинг янги мавсуми, мураббийлик соҳасига хос алоҳида жиҳатлар ва Жозе Моуриньо билан ҳамкорликдаги иши хусусида тўхталди.

«Мидлсбро»нинг Дарлингтондаги машғулотлар базаси. Об-ҳаво жуда яхши. Айтор Каранка жамоа футболчилари билан асдойлик ишлаяпти: ана, Виктор Вальдесга нимадир дедию, самимий кулди. Уларнинг совринлар коллекциясида Европа ЧЛнинг нақ 6та кубоги бор. Аниқроқ айтсак, «Реал»нинг собиқ ҳимоячиси Каранка ҳам, «Барселона» дарвозасини узоқ вақт қўриқлаган Вальдес ҳам еврофутболнинг клублар ўртасидаги асосий турнирида 3 мартадан ғолиб чиқишган. Каранка Англия премьер-лигаси дебютанти бўлсада, иштиёқи жуда баланд. Ҳаммаси «Мидлсбро»ни чемпионшипда бошқарган вақтидаги каби. Эътиборлиси, Айтор Мидлсброда иш бошлагани ҳамоно жамоани элит дивизионга олиб чиқиш хусусида ваъда берганди. У бу сўзи устидан чиқди. Қаранг, иззатталаб мураббийнинг жамоаси  АПЛда ҳам ёмон старт олмади. 1-турда дуранг ва иккинчи ўйинда ғалаба. Умуман, Жозе Моуриньонинг собиқ ёрдамчиси Мидлсброда ўзини ғоят яхши ҳис қилмоқда. Ахир ишлари жойида. Бунга ўтган мавсум чемпионшипда 3 марта ойнинг энг яхши мураббийи сифатида эътироф этилгани ҳам далил.

- Айтишларича, ишга ақл бовар қилмас даражада шўнғиб кетибсиз. Уйингизда охирги марта қачон борганингизни айта оласизми?

- 2 йил олдин. Аниқ айтсам, 2014 йилнинг  6 июнь куни отамни кўргани боргандим. Санани эслаб қолганим боиси шуки, бу отамнинг туғилган куни. У ҳамон Виториядан унча узоқ бўлмаган Матауко қишлоғида истиқомат қиляпти.

- Отангиз ҳам вақтида мураббийлик қилган. Ҳойнаҳой, у сизнинг биринчи устозингиздир...

- Ҳа, шундай - футболдаги илк сабоқларни уйдан чиқмай олганман. Кейинчалик отам «Сан-Игнасио»ни бошқарди. У яна «Аурреру», «Алавес» ва «Залью» клубларида ишлаган. Ўша вақтлар доимо отам билан бирга юрардим. Мана, энди ўғлим Ибаи менинг ортимдан сира қолмаяпти.

- Эски танишларингиздан кимлар мураббийлик соҳасига бош суқишди?

- Дейлик, «Сан-Игнасио»да Эрнесто Вальверде билан бирга ўйнаганман. Кейинчалик «Атлетик»да ҳам йўлларимиз кесишди. Бироқ ҳозирча мураббий сифатида бир-биримизга тўқнаш келмадик. Бир кун келиб, бу соҳада ҳам учрашсак, зўр бўларди. Умуман, очиқ айтаман, агарда кимдир 5 йилча олдин Англия премьер-лигаси клубини бошқаришимни башорат қилганида, уни соф хаёлпарастга чиқариб қўярдим.

- Вальверде айни пайт сизларни бирлаштирган клуб - «Атлетик»ка устозлик қилмоқда. Қизиқ, қачондир айнан бильбаоликларни бошқаришни орзу қилганмисиз?

- Мураббийларга орзу эмас, аниқ мақсад керак. Орзу тушунчаси эса кўпроқ футболчиларга хос. Яъни олий дивизионда ўйнаш, Чемпионлар Лигасида ғолиб чиқиш ва ҳоказо орзулар... Мураббийнинг ҳаёти эса мутлақо бошқача. Зеро, бунда эртанги кунинг мавҳум бўлади.

- Лекин мураббий футболчиларни олға боришга ундаши ва уларни ишонтира олиши ҳақида орзу қилиши мумкин-ку.

- Йўқ, бу орзу эмас, балки айнан мақсаддир. Табиийки, мураббий ва футболчилар ўртасида аввало, ишонч ҳамда адолатли ёндашув шаклланиши шарт. Ўйлайманки, биз буларсиз премьер-лигага йўл ололмасдик.

- Сир бўлмаса, Моуриньодан нималарни ўрганганингиз хусусида гапириб берсангиз.

- Айнан Жозе туфайли ҳалоллик ва тўғрилик тушунчалари моҳиятини теран англадим. Сен биринчи нав-батда, жамоангга нима яхшию, нима ёмонлигини аниқлашинг зарур. Мураббийлар баъзан футболчиларга айнан уларга ёқадиган сўзларни айтишади. Бироқ вақт ўтиши билан бунинг сохта эътироф эканлиги ойдинлашиб қолади. Жозе эса мудом барчасини рўй-рост гапиришга одатланган. Муҳими, бундай ёндашув жамоага фақат наф келтиради.

- Шахсан сиз ўзларини жамоадан устун кўрувчи футболчиларга ҳам дуч келганмисиз?

- Ўйлайманки, бундайлар доимо топилади. Айниқса, яқин ўтмишда юлдуз футболчилар жамоада алоҳида обрўга эга бўлишган ва ўзларини шунга яраша, баланд тутишган. Ҳозир эса, бундай ёндашув яққол сезилмайди. Тўғри, Криштиану Роналду ва Лионель Мессига ўхшаган юлдузлар салгина катта кетишга ҳақлилар.

- Моуриньо билан 3 йил бирга ишлагансиз. Айтингчи, янги соҳадаги фаолиятингизда бошқа мураббийлар таъсири ҳам борми?

- Албатта. Ҳа, Жозе алоҳида ўрин тутади, аммо мен бошқалардан ҳам кўп нарса ўрганганман. Қайтараман, Моуриньонинг менга таъсири жуда катта эканлигига шубҳа йўқ. Дейлик, айнан у билан ҳамкорлик даврида қачондир мустақил иш юрита олишга ишончим ортди. Умуман, футболда ҳар бир кишидан ниманидир ўзлаштиришинг мумкин. Мен омади чопган инсонман: отам мураббий сифатида илк кўникмаларни эринмай тушинтирган, қолаверса, Хайнкес, дель Боске каби буюклар қўл остида ўйнадим, Мадрид ва Бильбаода энг сара футболчилар билан елкама-елка тўп сурдим. Буларнинг барчаси бебаҳо мактаб ва тажрибадир.

- Ҳозирги жамоангиз сизга айнан нима берди? Ўз салоҳиятингизга ишончми?

- Йўқ, менда ишонч доимо бор эди, «Боро»даги иш эса шу ишончни қувватлантирди. «Мидлсбро» бошқарувини қабул қилиш қарори ҳаётим мобайнидаги энг тўғриси ва яхшисидир. Мана, жамоадаги қисқа даврда кучимга куч, иштиёқимга иштиёқ қўшилди. Ахир чемпионшип синовларини енгиб ўтиб, премьер-лига даражасига кўтарилдим. Эсимда, жамоа менинг бошқарувимда дастлабки 2та ўйинни бой берган, кейин учинчи мағлубият... Шунда «Мидлсбро»даги фаолиятим тузукроқ бошланмай туриб, тугайдигандек кўринганди. Хайриятки, клуб президенти ишонч билдиришда давом этди. Унинг «Айтор, сени узоқ муддатга чақирганмиз ва бир неча мағлубият қароримизни ўзгартирмайди», дея тасалли бергани бурилиш нуқтаси бўлганди. Мана, айни пайт шу ишонч самарасини кўриб турибмиз. Яширмайман, айни ҳолатда Пеп Гвардиола, Юрген Клопп, Жозе Моуриньо, Маурисио Почеттино, Антонио Конте каби мураббийлар билан битта дивизионда рақобатлашиш мен учун катта шараф.

- Мураббийлик касбида энг ёмони нима?

- Моуриньо бир сафар шундай деганди: «Мағлубиятларнинг отаси битта - мураббий». Гоҳида ўзингни мутлақо ёлғиз сезасан. Ҳа, ёнингда мураббийлар штаби бор, бироқ муҳим қарорларни айнан ўзинг қабул қиласан. Хуллас, сен бош менежермисан, унда ўзингни оқлаш учун ҳеч қандай асосинг йўқ. Бошқача айтганда, натижани таъминлашинг шарт, акс ҳолда...

 

Фикр билдиринг

 

Муаллифнинг сўнгги мақолалари

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz